Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати рўза билан боғлиқ халқ орасида кенг тарқалган турли тушунчалар юзасидан берилган саволларга жавоб берди.
Олов теккан нарса билан оғиз очиш мумкинмас дейишади шу тўғрими?
Олов теккан нарса билан оғиз очиш мумкинмас деган қатъий далиллар йўқ. Имкон бўлса, хурмо билан, агар хурмо бўлмаса сув билан оғиз очиш суннатга мувофиқ бўлади. Лекин, бу нарсалар бўлмаганда бирор мева ёки олов теккан нарса билан очса ҳам зарари йўқ.
Рўза тутган одам кун бўйи дам олиб ёки вақтни ухлаб ўтказса бу одамнинг рўзаси қай даражада қабул бўлади?
Рўзадор инсон рўзани охиригача етказиш ва кечки ибодатга қувват ҳосил қилиш учун кундузи дам олиши жоиз. Агар қурби етса, кундузлари ҳам ибодат ва Қуръон ўқиш билан машғул бўлса, нур устига нур. Аммо кундузлари кўпроқ ухлаган инсоннинг рўзаси қабул бўлмайди, деган гап йўқ.
Рамазондаги саҳарлик ёки ифторликларда тухум ейиш мумкинми?
Албатта, саҳарлик ва ифторликда тухум ейиш жоиз. Чунки ифтордан кейин рўзадор ҳалол таомлардан хоҳлаганини ейиши мумкин, жумладан, тухумни ҳам. Бу борада бирорта таъқиқ йўқ. “Тухум еб бўлмайди”, дейиш учун камида битта қатъий далил керак. Бундай далил эса йўқ.
Рамазон ойида туғилган фарзандларга хослаб исм қўйиш шартми? Масалан, Рўзивой ёки Рамазон сингари исмларни.
Шариатимизда Рамазонда туғилган болага рўзага мослаб исм қўйиш шартлиги ҳақида кўрсатма йўқ. Баъзиларнинг: “Бола Рамазон ойида туғилса, Рамазон, Рўзи ва Ҳайит исмини қўйиш керак” деган ва яна шунга ўхшаш гаплари асоссиз ва динимизга алоқаси йўқдир. Мусулмончилик анъаналарига кўра Аллоҳ таолога бандалик маъносини ифодаловчи, пайғамбарлар, саҳобалар, алломалар, солиҳ кишилар ва тақволи оналаримизнинг исмларни қўйиш мақсадга мувофиқдир.
Рўзадор таҳоратда оғиз-бурнини чайиши мумкинми?
Рўзадор ҳам таҳорат қилганда оғиз ва бурнини чайиши жоиз, лекин муболаға қилиб, ғарғара қилмайди, бурнига қаттиқ сув тортмайди. Таҳорат пайтида рўзадорнинг оғзидан ва димоғидан ичига сув ўтиб кетса, рўзаси бузилади. Рамазондан кейин бир кун қазо рўзасини тутиб беради.
Мен билмасдан ўн минут аввал рўзамни очиб қўйибман, бунинг ҳукми қандай бўлади?
Агар киши рўзадор эканини унутган ҳолда бирор нарса еса ёки ичса рўзаси очилмайди. Агар сиз ҳам рўза эканингизни унутиб нарса еган бўлсангиз, буни зарари йўқ. Лекин, оғиз очадиган вақт бўлди деб, оғиз очиш пайтидан олдин еб-ичган бўлсангиз, Рамазондан кейин бир кун қазо рўза тутиб берасиз.
Рўзадор одам чанқаган вақтида оғзига сув олиб ютмасдан ғарғара қилса бўладими?
Зарурат бўлса, рўзадор одам оғизини оҳиста чайиши мумкин. Лекин ғарғара қилиб, оғиз чайиш макруҳ бўлади. Чунки бунда сув ютилиб кетиб, рўзани очиб юбориш хавфи бор. Агар қаттиқ чайиш оқибатида ичга сув кетиб қолса, рўзаси бузилади ва Рамазондан кейин қазосини тутиши шарт бўлиб қолади.
Рўзадор одам қон анализи топширса бўладими?
Ҳа, рўзадор одам турли мақсадларда қон топшириши мумкин, бу иш билан унинг рўзаси очилмайди. Чунки рўза ичга кирувчи нарсалар сабабли бузилади. Лекин рўзадор қон топширса, заифлашиб қоладиган бўлса, макруҳ бўлади. Бу ҳолатда қон топширишни ифтордан кейинга қолдириш мақсадга мувофиқ бўлади.
Саҳарликни тақвимда кўрсатилган вақтдан 10-15 минут ўтказиб қилса бўладими?
Йўқ, бўлмайди. Тақвимда кўрсатилган вақтдан ўтказмаслик керак, иложи бўлса эҳтиётини олиб, кўрсатилган вақтдан 5-10 дақиқа олдин еб-ичишни тўхтатиш зарур. Чунки тонг отгандан кейин саҳарлик қилган киши рўзани бузган бўлади ва Рамазондан кейин бир кун қазо тутиб беради. Агар киши уйғонганда саҳарлик қилишга вақт қолмаган бўлса, ҳеч нарса емай-ичмай, рўза тутишни ният қилади. Саҳарликдан қуруқ қолган бўлса ҳам, рўзаси дуруст бўлади. Баъзилар саҳарликдан кеч қолган бўлса ҳам, нимадир еб ёки ичиб оғиз ёпиш керак, деб хато қилишади. Чунки саҳарлик қилиш фарз эмас, бунинг устига саҳарлик вақти ўтгандан кейин бирор нарса еб ё ичиб оғиз ёпса, ўша кунги рўзасини бузиб қўйган бўлади. Натижада Рамазондаги бир кунлик рўзанинг савобидан маҳрум бўлади. Бу савобни бошқа ойларда қанча рўза тутса ҳам топа олмайди.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ