Гўзал Ибройимова болалигидан адабиётга қизиқарди. У 2015 йили Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти қорақалпоқ тили ва адабиёти факультетини тамомлаб, шу йилнинг ўзида Бердақ номидаги ҚДУ магистратура бўлимининг адабиётшунослик мутахассислигига ўқишга қабул қилинди. У бугунги кунда “Мактабларда 5–9-синфларда қорақалпақ поэзиясини ўқитиш методикаси” мавзусида докторлик диссертацияси устида иш олиб бормоқда. Гўзалнинг илмий мақолалари Греция, Россия давлатларидаги журналларда чоп этилган, Тошкент, Жиззах, Нукусда бўлиб ўтган илмий конференцияларда ёритилмоқда.
Гўзал “Айдин жол” (“Қарақалпақстан” нашриёти, 2009 йил), “Ўмир пасıлларı” (“Билим” нашриёти, 2013 йил) шеърий тўпламларининг муаллифи ва республика миқёсида ўтказилган бир неча танловлар ғолиби ҳисобланади. У 2021 йили апрель ойида танлов асосида Нукус туманидаги 19-умумтаълим мактабига ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимига ишга қабул қилинди. Ёш тарғиботчи ишни изланувчан ўқувчиларнинг рўйхатини тузишдан бошлади. “Ёш китобхонлар” ва “Ёш ижодкорлар” тўгаракларини ташкил этди. Май ойига келиб, атиги бир ойлик фаолияти давомида тўгараклар сони 7 тага етди. Жумладан, “Кўркем оқıw”, “Саҳна жулдıзларı”, “Хош ҳаwаз”, “Миллий аяқ ойıн”, “Сıрлı қáлем” тўгаракларига 200 дан зиёд ўқувчилар жалб этилди. Мактабда жами 517 нафар ўқувчи борлигини инобатга олсак, бу жуда ижобий натижадир.
Гўзал Ибройимова тўгарак аъзолари билан туман, республика миқёсидаги танловларда қатнашиб, ҳар гал совринли ўринларни эгаллаб келмоқда. Масалан, “Камалак юлдузлари” танловининг туман босқичида назм йўналишида 6-синф ўқувчиси Айдана Навризбаева 2-ўринни, 7-синф ўқувчиси Жайҳун Турдибаев 3-ўринни; наср йўналишида 8-синф ўқувчиси Гулнур Жаńабаева 2-ўринни, рассомчиликда 7-синф ўқувчиси Тумарис Каниязова 2-ўринни, жамаовий рақс йўналишида “Қуёш” ансамбли фахрли биринчи ўринни, республикада эса совринли учинчи ўринни забт эгаллади.
“Ватаним ривожига менинг ҳиссам” республика танловининг туман босқичида наср йўналишида 10-синф ўқувчиси Фарида Аманиязова 2-ўринни, Гўзал Ибройимованинг ўзи назм йўналишида 2-ўринни, республикада ҳам 2-ўринни эгаллаб, планшет билан тақдирланди.
Ноябрь ойида эса “Намунавий тарғиботчи” танловининг туман босқичида у совринли 2-ўринга лойиқ топилди.
Гўзалнинг ташаббуси билан “Миллий рақс” тўгараги ва “Қуёш” ҳамда қўшиқ айтишга қизиқувчан ўқувчилар учун “Хош ҳаwаз” тўгараклари тузилди. Тарғиботчи республика Маданият уйи мутасаддиларига мурожаат қилиб, мактабда мусиқа тўгаракларини очди. Бу ерга маданият уйи ходимлари ҳафтасига 2 кун келиб, дарс беришмоқда.
Гўзал Ибройимованинг ютуқларидан яна бири – ойига бир марта чоп этиладиган мактаб журналини ташкиллаштирди. Унда тарғиботчининг бир ой мобайнида олиб борган ишлари, ижодкор ўқувчиларнинг ижод намуналари батафсил ёритиб борилаяпти. Бундан ташқари, ижодкор ўқувчиларнинг ижодий ишлари “Ақмаńғıт таńı”, “Жеткиншек”, “Қарақалпақстан жасларı” газеталарида чоп этилиб келинмоқда. Шу кунларда ижодкор ўқувчи ва ўқитувчиларнинг шеърий тўпламлари нашр этилиш арафасида.
Шунингдек, мактабда Гўзал Ибройимова ташаббуси билан очилган “Dўrетиwshi оқıwshıлар” деворий газетасида энг намунали ишлар ёритиб борилмоқда.
Буларнинг ҳаммаси мактаб директорининг ҳам қўллаб-қувватлаши, ўқувчиларнинг талабчанлиги ва тиришқоқлиги ҳамда ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчининг муштарак меҳнатлари сабабли муваффақиятли тарзда амалга оширилмоқда. Асосий ютуғимиз, Нукус туманидаги тарғиботчилардан ташкил топган жамоамиз энг кучли ижодкорларни ўзида жамлаган. Чунки тарғиботчилар ўзаро тажриба алмашиб, яхши ижодий кайфият билан баҳамжиҳат иш олиб боришади ва бир-бирларига намуна бўладилар.
Кези келганда, мактабларда ушбу лавозимни ташкил этган Президентимизга катта раҳмат айтамиз. Келажакда олдимизга бундан-да катта мақсад ва вазифалар қўйиб, ўқувчиларимиз орасидан истеъдодли шоир ва ижодкорларни етиштиришга ҳаракат қиламиз. Ўқувчиларимизнинг ижодий ишларини кенг тарғиб қилишдан, уларнинг эзгу интилишларини тўла-тўкис қўллаб-қувватлашдан сира чарчамаймиз. Зеро, донишманд халқимиз тили билан айтганда, интилганга – толе ёр.
Чаржовбой ЭЛМУРОДОВ,
Нукус тумани
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ