(II қисм)
Манбаларда Муҳаммадалихон тахтга ўтирганида неча ёшда бўлгани ҳақидаги маълумотлар турлича: ўн икки ёшдан ўн олти ёшгача чегарада кўрсатилади. Жумладан, “Мунтахаб ат-таворих” муаллифи Муҳаммадалихон укаси Абдуллоҳхонни Тошкентдан “чақириб олиб, ўн гулидан бир гули очилмаган ул амирзодани ўз қўли билан шаҳид қилди” деб хабар берадида, “Ўшанда Муҳаммадалихон моданинг ҳукуматига икки йил тўлиб, ёши ўн тўрт-ўн беш орасида эди” деб ёзади (Мунтахаб ат-таворих. –Б. 478-479). Аввало, ўн тўрт ёшли ўсмирнинг инисини “ўз қўли билан” қатл қилиши кишида унга нисбатан нафратгина эмас, озгина бўлсин шубҳа, ишончсизлик ҳам уйғотса керак?! Иккинчиси, келтирилган парчадан Муҳаммадалихон тахтга ўтирган вақтида ўн икки-ўн уч ёш орасида бўлган, деган фикр келиб чиқади. Агар шундай бўлса, ўн икки-ўн уч ёшли ўсмир ҳали отасининг “мотам маросимлари тугаб-тугамай марҳум Мансурхожанинг бева қолган хотини Ойбибишга уйланди” (Мунтахаб ат-таворих. –Б. 456) деган маълумотга қай даражада ишончли деб қараш мумкин? Муҳаммадалихон тахтга ўтирибоқ кўнглига келганки, номаъқулни қилаверадиган даражада мустақил бўлмагани, аксинча, онаси ва атрофидаги нуфузли амирлар назоратида бўлгани эътиборга олинса, бу маълумот шубҳа уйғотиши табиий, бизнингча. Муҳаммадҳакимхон наздида эса бу ҳолат нафақат табиий, балки унда ҳикмат ҳам кўрилади: “ўша вақтдаёқ, мисраъ: Соле ки накўст аз баҳораш пайдост (Йилнинг қандай келиши баҳоридан маълум бўлур) деганларидек, унинг барча қилажак ишлари аён бўла бошлади” (Мунтахаб ат-таворих. –Б. 456). Айблаш истаги шунчалар кучлики, муаллиф “Муҳаммадалихон мода ҳукумат ўриндиғига ўтиргач, Фарғона мамлакати юмушларини ҳурмат-эътиборли амирларга тўшириб, ўзини ўйин-кулги, айшу ишрат ишлари учун тайёрлади” (Мунтахаб ат-таворих. –Б. 462) дея ёзғиради. Ҳолбуки, Муҳаммадҳакимхон айтмоқчи эндигина ўн икки ёшдан ошган Муҳаммадалихон учун “хонлик қилиш”нинг ўзи ҳали ўйин эмасми?! Боз устига, ҳали юрт сўрашдан зерикиблар ҳам кетмаган, ҳали ҳокимият жиловини ростмана қўлга олмаган ҳам бўлса?! Ёзувчи қаршисида ҳам шу саволлар кўндаланг бўлган чоғи, хоннинг ёшини бироз каттароқ қилиб олади: “Мадалихон подшоҳликка кўтарилганида, кўп бўлса 15 ёшлар бўлгандир. Фасиҳ Ҳакимхон-тўрага ишонадиган бўлсанг ундан ҳам ёш” (Исмоил А. Жинлар базми ёхуд катта ўйин. –Т.: Академнашр, 2017. –Б. 145).
“Мунтахаб ат-таворих”да Муҳаммадалихон “доимо қайси йўл билан ҳазрат субхона ва таолонинг ғазабини чиқарсам экан ва қай тариқа пайғамбар саллалоҳи алайҳиссалом айтганларига хилоф иш тутсам экан” (Мунтахаб ат-таворих. –Б. 628) деган ўйда юрадиган одам ўлароқ гавдаланади. Яъни, муаллиф Муҳаммадалихонни онгли тарзда, қасддан – Аллоҳ ғазабини келтириш учун гуноҳи кабираларга қўл ураётган қип-қизил кофир сифатида талқин қилади. Мусулмон одамни кофир деб эълон қилиш учун эса, табиийки, жуда кучли – ҳеч бир эътирозга, айбланувчини оқламоқ учун заррача имкон қолдирмайдиган, эшитганки одам “астағфурулло” дея ёқасини ушлайдиган айблов керак. Отасининг никоҳида бўлган аёлга уйланди деган айблов эса шунга ҳар жиҳатдан мос. Шунинг учун ҳам “Мунтахаб ат-таворих”да Муҳаммадалихон шаҳвоний хирсга берилган, хирсини қондириш йўлида ҳеч қандай тақиқу андишани писанд қилмайдиган одам сифатида талқин қилинади. Буни таъкидламоқ учун, жумладан, мана бу маълумот қайд этилади: “… сайидлик паноҳи Маҳмудхоннинг бир чиройли хотини бор эди. Сайидлик паноҳининг вафотидан сўнг амир Умархон унга ошиқ бўлиб, ўз никоҳига киритган <…> тўртта хос хотинидан бири шу аёл эди <…> Амир Умархон вафотидан сўнг Муҳаммадалихон мода ўгай онаси Хонпошшо билан яширинча ўйнашлик қилишдан ташқари гўзалликда мислсиз ўша аёлга ҳам тегажоқлик қилиб, илашгани-илашган ва Умархон ўлгач, ўйнаш хотин ўрнида ҳарамида олиб қолган эди”. Кўряпмизки, “Мунтахаб ат-таворих”га кўра, Муҳаммадалихон бир эмас, иккита ўгай онаси билан ғайри машруъ алоқада бўлган. Ҳарамдаги бузилиш шу даражадаки, иккинчи марта бир-бирига кундош бўлиб қолган “икки она-хотин лаънати эр-фарзанд билан бўза ичиб ўтиришади”, иттифоқо ораларида жанжал чиқиб, Муҳаммадалихон Хонпошшонинг тарафини олади ва иккинчисини аёвсиз чопиб, бошини танасидан жудо қилади (Мунтахаб ат-таворих. –Б. 630-631) Табиий савол туғилади: наҳотки эли мусулмон юртни сўраб турган хон ҳарамида шунчалик тубанликка изн берилса? Ахир, хоннинг онаси Моҳларойим, атрофида диёнатли амирлар ҳам бор эдилар-ку?! Наҳотки улар ҳолатни ислоҳ қилиш тадбирини қилмасалар?! Бунинг устига, Муҳаммадалихон юрт сўрашни амирларига топшириб қўйган бўлса?! Қолаверса, ҳарамда ҳукм сурган бундай бузуқилик ташқарига – элга ошкор бўлиши ва жунбишга келган оломон кучини, юқорида ҳам айтдик, кимларнингдир ўз фойдасига ишлатиши муқаррар эмасмиди?! Чамаси, шу каби андишалар Абдулҳамид Исмоилнинг ҳам кўнглига келган кўринади, Муҳаммадҳакимхон талқинини асарига сиртдан қараганда “жузъий” таҳрир билан киритади. Жумладан, романда тасвирланишича, она-хотинларнинг кичиги Зубайда каттаси Ойхонпошшага дардини тўкаётгани устига келиб қолган Муҳаммадалихон “Сир очадиган ҳали сенми?” дея жаҳл отига минади ва аёлни аёвсиз чопиб ташлайди. Яъни, “Мунтахаб ат-таворих”да айни маълумот ҳарамнинг фаҳшга ботганини таъкидлашга хизмат қилган бўлса, бунда Муҳаммадалихоннинг золимлигию шафқатсизлиги урғуланади.
Муҳаммадҳакимхон талқинидаги Муҳаммадалихон, таъбир жоиз бўлса, Фрейдни ҳам лол қилгудек даражада. “Мунтахаб ат-таворих”ни ўқиш асноси гоҳи ҳатто шундай ўй ҳам келадики, “Мабодо Фрейд шу асарни ўқиган бўлса эди, фанда “Эдип комплекси” истилоҳи ўрнида “Мадалихон комплекси” атамаси оммалашган бўлармиди?” Ахир, ундаги талқинга кўра, Мадалихон отасининг никоҳида бўлган бир эмас, иккита аёлга тажовуз қиляпти, Эдип шўрлик билмаслик орқасида содир этган гуноҳга у қасддан қўл уряпти! Нима бало, Фрейд айтмоқчи, у ҳам касалми? Отаси билан мусобақалашяптими? Ундай десак, мана бу маълумотчи: “… амир Умархоннинг Баходирхожа исмли дастурхончиси бўлиб, унинг хотини Муҳаммадалихон модани кўкрагидан сут бериб боққан онаси эди… ўша заифа ҳусну жамолда тенгсиз аёл эди. Муҳаммадалихон мода инсоф диёнат деган нарсани бутунлай йиғиштириб қўйиб, кўкрагидан сут эмган онаси томон шаҳват қўлини чўзди ва яширинча ниятини ҳосил қилиб юрди” (Мунтахаб ат-таворих. –Б. 633-634). Яъни, хоннинг бу ишида ҳам Қуръон тақиқини бузиш, куфр яққол кўзга ташланадики, аввалги маълумотларга қўшилиб у ҳам Муҳаммадалихонни инсонлик қиёфасини буткул йўқотган бир махлуқ ўлароқ тақдим этишга хизмат қилади. Хуллас, ушбу маълумотларни китоб муаллифи аниқ мақсад билан – Муҳаммадалихон кофир бўлган, унга қарши юриш қилиб “тухмини қуритган” Амир Насрулло шаръий нуқтаи назардан тўғри ва адолатли иш қилган деган фикрни ўтказиш учун, шунга ишонтириш учун келтираётгани, бизнингча, ҳақиқатга кўпроқ яқин кўринади.
Тарихларда Муҳаммадалихон исмига аксар “ғозий” сифати қўшиб зикр қилинади. Жумладан, Ибрат “Тарихи Фарғона”да Муҳаммадалихон ҳақида “Жаҳонгирхўжа ғалабасида бул киши ҳам Кошғарға Хитой илан ғазот қилмоқ бўлуб боруб, Гулбоғ деган мавзеъда Хитой илан муҳораба қилиб, ғозийлик лақабига содиқ бўлубдурки, Хўқанд хонларидан мундан бўлак ҳеч киши куффор илан муҳораба қилмай, ғозийлик лақабига ноил ўлмағон экан” (Ибрат. Тарихи Фарғона. –Б. 13) деб ёзади. “Мунтахаб ат-таворих”да эса Муҳаммадалихон “ғозий” унвонига мутлақо нолойиқ, у шунчаки тарихий воқеалар оқимининг қулай келиб қолгани, аниқроғи, Жаҳонгирхўжанинг илтифоти туфайлигина бу унвонга эга бўлди, деган фикрни ўтказишга ҳаракат кузатилади. Аввало, бунинг ҳам ташвиқий мақсадга хизмат қилишини таъкидлаш зарур. Зеро, мақтулнинг “ғозий” унвони берадиган обрў-эътибордан маҳрум этилиши қотилни оқлаш, ҳеч бўлмаса, гуноҳини енгиллатишга хизмат қилади. Муҳаммадҳакимхон талқини бундай: Қошғар мулкининг қонуний вориси бўлмиш Жаҳонгирхўжа хоннинг рухсатисиз – қочиб боргани ҳолда Қошғар тахтини эгаллайди ва ҳукм сура бошлайди. Буни эшитган Муҳамадалихон юрагида “бахиллик туйғуси жўш урди ва кетма-кет саййидлик паноҳи ҳузурига яқинлашиш мақсадида элчилар юборди. Саййидлик паноҳи ҳам сўзамол элчилар орқали “биз Гулбоғ ғозийлигини Сиз учун қолдирдик, агар келсангиз, биргалашиб ул қалъани Худои таолодан тилаб оламиз” деб юборди” (Мунтахаб ат-таворих. –Б. 482). Кўринадики, Жаҳонгирхўжа гўё хонга марҳамат қилаётир, яъни қалъани ўзи ҳам олиб қўярди-ю, унга илинаётган каби. Албатта, бу тафсилот “ғозий” сифатига бироз соя солади, бироқ юқоридаги мақсадга етиш учун бунинг ўзи камлик қилади, шу боис давомида ўқиймиз: “Муҳаммадалихон ғазот сўзини эшитгач, толдек титрай бошлади. Унинг табиатини яхши билган надимлар “эшитишимизча, Гулбоғ қалъасида олтун ёмбуларга тўла бир нечта хазина бор эмиш, агар сиз борсангиз, қалъа сал ҳаракат билан фатҳ бўлғусидир. Шунда хазинанинг бари Сизнинг қўлингизга тушади” дейишди. Муҳаммадалихон ёмбу сўзини эшитгач, номуборак маймун каби ишшайиб кулди. Вақтни ўтказмай, Фарғона лашкарини олиб, ўша тараф сари йўлга тушди” (Мунтахаб ат-таворих. –Б. 482). Яъни, Муҳаммадалихон асло Қошғарни кофирлардан озод қилиш – ғазот мақсадида эмас, қўлга киритилажак “олтин ёмбулар” илинжида юриш қилган бўлиб чиқади. Қизиғи, тарихнавис бу ҳолатни ўзи бевосита гувоҳи бўлган, ўз кўзи билан кўрган каби тақдим этаётир (“толдек титрай бошлади”, “маймун каби ишшайиб кулди”), ҳолбуки бу вақтда у ўзга юртларда дарбадар кезиб юрган эди. Бу ҳол ўзига ҳам маъқул эмас кўринган чоғи, Жаҳонгирхўжанинг ҳукуматдорлик шавкати ва давлати ҳақидаги маълумотларни Султонхонхўжа эшон тилидан беради. Фикримизча, Жаҳонгирхўжанинг Қошғарга етиб борган Муҳаммадалихонга илтифотсиз қарагани, фақат Султонхўжа хўжаи калон ва Баҳодирхўжалар элчи қилиб юборилгач, саййидлар “ҳурматидан от устида туриб кўришиш”га рози бўлгани ҳақидаги маълумотнинг маншаи ҳам шу киши бўлса, эҳтимол. Ҳолбуки, “Жаҳонгирхўжа даргоҳининг Мовароуннаҳрнинг барча ҳокимларини бир ерга тўплаганда ҳам унинг бор-йўғи битта хизматчиси ўрнига ўта олмайдиган даражадаги ҳашамат ва шавкатли эканини кўрганман” дейишидан Султонхонхўжа эшоннинг муболағага мойиллиги яққол кўзга ташланади. Сираси, у зот келтирган бошқа маълумотлар ҳам шунга ўхшаш – иштибоҳни қувватлайди. Бас, уларни, Абдулла Қодирий айтмоқчи, “мантиқ андозаси”га солиб кўрмасданоқ айни ҳақиқат санаш тўғри бўлармикан?! Бўлиб ҳам, бундан тамом ўзгача талқинлар ҳам мавжуд бўлса?!
Хусусан, “Анжум ат-таворих”даги талқинга кўра, Жаҳонгирхўжа Қошғарни қўлга олгач, хитойликлар “жуда метин, мудофааси учун керакли заҳира ва асбоблар билан яхши таъминланган” Гулбоғ қалъасига кириб яширинадилар. Бу қалъани эгаллай олмагач, Жаҳонгирхўжа Мадалихондан ёрдам сўраб, Қошғарнинг бир неча улуғларини “қимматбаҳо ҳадя ва тансуқотлар” билан элчи қилиб юборади. Хонга ёзилган хатида Жаҳонгирхўжа “аъло ҳазрат Чин ҳукуматдорлари билан бўлган аҳднома”га риоя қилиб Қошғар мусулмонлари мурожаатига жавоб беролмагани сабабли “ижозатсиз бу томонларга ҳаракат қилгани” учун узрхоҳлик қилади ва лашкар юбориб бу вилоятни хитойлардан тозалаб, “Фарғона мулкига қўшиб оласиз” дея умид билдиради. Эътибор берилса, Жаҳонгирхўжанинг хонга муносабатида менсимасликдан асар ҳам йўқлиги, аксинча, унинг қуллуқ изҳор қилиб турганини кўриш қийин эмас (Худоёрхонзода. Анжум ат-таворих. –Т.: Фан ва технология, 2015. –Б. 247).
Маълум бўляптики, битта воқеанинг иккита манбадаги талқини бир-бирига тамоман зид келаётир. Табиийки, бу ўринда улардан бирини ҳаққоний деб ҳукм чиқариш ғоят мушкул. Шунга қарамай, “Мунтахаб ат-таворих”даги талқинда субъективлик таъсири кўпроқлигини ҳисобга олиш зарур. Зеро, унда, бир томондан муаллифнинг Муҳаммадалихонга нисбатан шахсий адовати, иккинчи ёқдан унинг хожагон тоифасига мансублиги ва шу гуруҳ манфаатига ён босгани бўртиқ кўринади. Жумладан, Жаҳонгирхўжанинг Қошғарни хитойлардан озод қилишдаги хизматларини бўрттириб кўрсатгани ҳолда Муҳаммадалихоннинг “ғозий”лигини инкор қилишга интилишида бу нарса яққол кўзга ташланадиган даражада. Албатта, “Анжум ат-таворих” муаллифи Худоёрхонзода ҳам ўзи мансуб минглар сулоласи шаънини ҳимоя қилиши табиий эмасми, дея эътироз қилиши мумкин. Шундай, бироқ унинг лоақал ифодада холис бўлиб қолаётганини ҳам инкор қилиб бўлмайди.
***
“Мунтахаб ат-таворих”да мантиқан бир-бирига ёпишмайдиган, баъзан зид келадиган талайгина ҳолатлар кузатиладики, Муҳаммадалихонга бўлган нафрати муаллифнинг буларни ўтказиб юборишига сабаб бўлган кўринади. Бунга амин бўлмоқ учун қуйидаги нуқталарга диққат қилиш кифоя:
Биринчи. Муҳаммадалихоннинг “онасини ўйнаш қилиб олгани” хабарини Муҳаммадҳакимхон Мисрда эканида фарғоналик мусофирлардан эшитади (Мунтахаб ат-таворих. –Б. 565), бу тахминан Муҳаммадалихон хонлигининг иккинчи-учинчи йилларига тўғри келади. Юқорида келтирилган Хонпошшанинг кундошини чопиб ташлаши, “икки фоҳиша қўлига Фарғона мамлакати устидан инон-ихтиёрни тўла топшириб қўйиши”, эмизган онасига уйлангани каби маълумотлар эса Султон Маҳмудхоннинг ихрож қилингани ҳақида ёза туриб баён қилинади, яъни бу воқеалар Муҳаммадалихон даврининг еттинчи-саккизинчи йилларига қадар содир бўлиб ўтган. Ушбу маълумотлар зикридан сўнг Муҳаммадалихоннинг “бу каби ҳаёт тарзи (ҳақидаги гаплар – Д.Қ.) олам ўлкалари бўйлаб ёйилгани” таъкидланади (Мунтахаб ат-таворих. –Б. 634).
Иккинчи. Муҳаммадалихоннинг Хонпошшани расман никоҳига олиш қарорига келгани ва бу йўлдаги ҳаракатлари баён қилинадида, мана бундай хулосаланади: “шу гаплар билан ўзининг ўгай онасини хотин қилиб олди ва бу хабар фақат Фарғона вилоятлари бўйлаб эмас, балки ер юзига ёйилди. <…> Ул икки малъун <…> бир неча муддат бирга яшаб, ул икки нопокдан <…> уч нафар “мақто” фарзанд дунёга келди” (Мунтахаб ат-таворих. –Б. 644).
Учинчи. Китобда ёзилишича, “Бу хабардан (яъни, Муҳаммадалихон Хонпошшага уйланганидан – Д.Қ.) фақир ва кўзлар нури Султон Маҳмудхон хабар топгач, манқалга тушган исириқ каби чирсиллаб ёна бошладик”. Булар икковлашиб эшон Шофеъи ҳузурига борадилар, у зот воқеа тафсилотини эшитиб, “қалбида аҳмадий дини ғайрати жўш уриб” ғоят дарғазаб бўладилар ва уларни “қараб кўриб индамай турганлар қаторида кофир бўлиш” хавфидан огоҳлантирадилар. “Султон Маҳмудхон ҳазрат эшондан бу сўзни эшитиб, дарҳол Муҳаммадалихонга қарши худо йўлида курашиш учун белини маҳкам боғлайди” ва у зотнинг маслаҳати билан Амир Насруллоҳга хат ёзади (Мунтахаб ат-таворих. –Б. 645). Кўриб турганимиздек, бу ўринда гап Амир Насруллонинг Қўқонга юриши учун замин ҳозирлаган хат ҳақида бораётир, бу воқеа 1839 йилга тааллуқли. Китобда мазкур воқеа тафсилотлари илгарироқ – Амир Насрулло тарихи баён қилинган бобларда ҳам берилган бўлиб, бироз фарқланади: хабарни зиёфат устида Қўқондан келган меҳмондан эшитадилар, эшитгувчилар бирданига ёнмайдилар, эшон ҳузурига ҳам эртаси куни, бафуржа борадилар. Меҳмон Муҳаммадалихон “ўгай онасидан бир ўғилли бўлибди, ул мақто боланинг отини Баҳромхон қўйди” деб, ҳозирда хон катта тўй бераётгани хабарини келтиради (Мунтахаб ат-таворих. –Б. 154).
Юқоридаги учта бандда келтирган тафсилотлар билан танишган зийрак ўқувчида айрим саволлар туғилиши табиий, шуларни қайд этамиз:
1. Агар Муҳаммадалихон қилган ифлосликлар ҳақидаги гап-сўзлар хат ёзилганидан ўн-ўн икки йиллар аввал “олам ўлкалари бўйлаб ёйилган” бўлса, нега ўшандаёқ буларнинг “қалбида аҳмадий дини ғайрати жўш урмади?” Ё улар хон ўгай онаси билан ғайримашруҳ алоқада бўлавериши мумкин, фақат буни қонунийлаштириши мумкин эмас, деб ҳисоблашадими? Агар шундай бўлса, улар иймонлари сустлигига ўзлари гувоҳлик берган бўлмайдиларми? Агар мақсадлари ислом дини ва шариат ҳимояси бўлса, нега шунча вақт жим турдилар? Демак, мақсад бошқа эканда?!
2. Султон Маҳмудхон эшоннинг сўзларидан сўнг “Муҳаммадалихонга қарши худо йўлида курашиш учун белини маҳкам боғлаган” экан, орадан бир йил ўтмасданоқ нега у акаси билан ярашди, у билан иттифоқ қилиб кечаги ҳомийсига қарши урушга кирди? Муҳаммадҳакимхоннинг хабар беришича, у акасининг “Тошканд ва бутун Дашти қипчоқ ҳамда Қурама, Хўжанд, Ғурумсарой Султон Маҳмудхонники”, қолгани менга тааллуқли бўлади, иккаламиз “биргаликда Фарғона вилоятида ҳукмронлик қилаверамиз” (Мунтахаб ат-таворих. –Б. 653) деган таклифга алданди. Демак, нима бўлганда ҳам, уларнинг орасидаги зиддият асло ғоявий асосда, яъни худо йўлида эмас, балки ҳамма гап яна одатдаги ҳокимият талашишга бориб тақалар экан.
3. Агар Муҳаммадалихон ўгай онасини хотин қилиб маълум муддат бирга яшаган ва учта фарзанд кўрган бўлса, орада ҳеч бўлмаса тўрт-беш йил ўтиши керак. Ҳолбуки, муаллиф Муҳаммадалихон Хонпошшани хотин қилиб олганини эшитибоқ “ёна бошладик” деб ёзади. Наҳотки шунча вақт давомида Қўқонда уларга бунинг хабарини етказувчи одам топилмаган бўлса? Ахир, ҳозирчасига айтсак, улар – мухолифатдаги куч, бир қулоғи Қўқон хонлигида бўлиши керак эмасми?! Мабодо чиндан эшитмаган бўлсалар, унда бу гапнинг “фақат Фарғона вилоятлари бўйлаб эмас, балки ер юзига ёйилди” дейилгани ғирт ёлғон бўлиб чиқади. Демак, Амир Насруллога йўлланган хат Қўқондан мазкур хабарни эшитибоқ эмас, балки сиёсий мақсадлар учун керак бўлган вақтда битилган, дейилса тўғрироқ бўлади.
***
Дарвоқе, “Мунтахаб ат-таворих”ни синчиклаб мутолаа қилган зийрак ўқувчининг “Муҳаммадҳакимхонда озроқ лофга, қўшиб-чатишга мойиллик борга ўхшайдими?!” деган андишага бориб қолиш эҳтимоли катта. Муаллиф худпарастлик касалига йўлиққан, гарчи гапни доим “фақир” деб бошласа-да, мудом ўзини жуда катта нуфузга молик шахс қилиб кўрсатиш пайида: қаерга бормасин, ўша ернинг улуғлари – ҳокимлар, губернаторлар, вазирлар унинг суҳбатига мунтазир гўё, улар Муҳаммадҳакимхонга чексиз ҳурмат-эҳтиром билан муносабатда бўладилар. Масалан, муаллифнинг идораси Омскда – тўрт кунлик масофада жойлашган губернатор “Шамайга келганимни эшитиб, ғойибона тарзда танишлик алоқасини йўлга қўйди ва каминанинг бошидан кечирганларини қаламга олдириб, давлат пойтахтига, Ўрус подшоҳи ҳузурига ёзиб юборди” деганига ишониш мумкин, албатта. Зеро, Қўқон хонлигида катта нуфузга эга бўлган оила вакилининг келиши фотихлик режаларини тузаётган Русия маъмурлари учун совға экани ақлга тайин, чунки улар меҳмонда ўз оёғи билан келган “тил”ни кўрадилар. Яъни бу – рост гап, бироқ шу биргина ростга ўнлаб ёлғонни қўшиб едирмоқчи бўлинганки, шуларни бир-бир қайд этиб ўтамиз.
Кейинроқ “сайру сафар йўсини билан Шамайга” келган губернатор Муҳаммадҳакимхон ҳузурига ўзининг “хос маҳрами” – адъютантини юборди, ҳолбуки, бу вазифанинг маҳаллий маъмурлардан бирига юкланиши ҳақиқатга яқинроқ. Йўқ, Муҳаммадҳакимхон хабарчининг ўз мавқеига яраша бўлишини истайди, адъютант ҳам рисоладагидек – “эгнида тиллодўзи либос, кўкрагига нозик тилла занжирлар ялтир-юлтур тарзда осилган, ёқасига олтин туморлар тикилган, белига тилло қилич тақилган, бош кийимини эса қўлида ушлаган” ҳолда кириб келади ва унинг “қўлини ўпади” (Мунтахаб ат-таворих. –Б. 493). Хўп, боринг ана, адъютант шу тарз тантанавор кириб келганига ҳам ишонайлик, лекин қўлини ўпгани нимаси? Русларда эркак кишининг қўлини ўпиш расм эмас, руҳонийлар қўли ўпилади, холос. Яъни, бу ҳам ўз мавқеининг руслар наздида ҳам ғоят юксак эканини таъкидлаш мақсадидаги қўшиб-чатишдан бошқа нарса эмас. Эртаси уни олиб кетиш учун адъютантнинг “заррин либослар кийган тўртта ой юзли ғулом ҳамроҳлигида <…> саккизта тоғ сағрили бир хил рангдаги тулпор қўшилган аравада” келиши – чўпчакнинг давоми. Зеро, Русияда ўрнатилган тартибга кўра, ўз гербига эга аслзодалар тантана ва расмий маросимларга олти (баъзан саккиз)та от қўшилган арава (карета)да борганлар, бошқа вақти улар ҳам, араваларига тўртта ё иккита от қўштириш билан кифояланганлар. Кейинги тафсилотлар ҳам аравага яраша: катта ҳарбий кўрик ўтказилмоқда, губернатор аъёнлари билан жуда катта айвонда туриб майдондаги ҳарбий машқларни томоша қилмоқда… “Фақир майдонга етгач, губернатор бошини яланғочлаб, айвон зинасидан тушди ва каминанинг қўлидан олди. Ўзи билан бирга каминани ҳам ўша зиналар бўйлаб айвонга олиб чиқаркан, жуда меҳрибонлик билан ҳол-аҳволимни сўради…” Ҳатто губернатор истиқболига пешвоз чиқадиган одам, шубҳасиз, улуғ мартабали одам-да! Мазкур ғирт тўқима тафсилотни бергач, халқнинг беҳад ҳайратини таъкидлайди-да, “Худо азиз қилган киши бандасига хор бўлмайди” дея айтганларининг айни ҳақиқат эканлигига ҳужжат келтиради гўё. Ва шу билан хотиржам бўлади: бир кун келиб “Ҳарбий кўрик ўтказаётган губернаторнинг айвон (трибуна)дан истиқболига тушиб келиши учун, балки, подшоҳ аъло ҳазратларининг ўзлари келиши керакдир?” деган савол туғилиб қолиши мумкинлигини ўйлаб ҳам ўтирмайди. Шу тариқа губернаторни ўзиники қилиб олгач, эртаси куни унинг ўзи “мурувват ва шафқат белгисини кўрсатиб, шунча улуғ киши бўлишига қарамай, фақирнинг уйига келгани”ни айтади, камига “губернатор мазкур шаҳарда турган етти куни мобайнида ҳар кун бирга суҳбатлар қурдик” дейди. Қизиқда, губернаторнинг Шамайга қилган сафаридан бош мақсади гўё Муҳаммадҳакимхон билан суҳбатлашиш, қолгани йўл-йўлакай қилинадиган ишлар каби. Яна губернатор подшоҳларидан хат келганию унда “Ҳакимхон бизни кўришни истаса” тарзида кўришиш истаги билдирилганини айтиб, зиёратга боришини “қаттиқ туриб ўтинади”, бунинг узрини эшитгач, “ноилож умидини узишга мажбур бўлади”. Қаранг-а, подшо ҳазратлари кўришишни истасалар, губернатори зиёратга боришини ўтинса-да, бу кишим рад этсалар. Чакана одам эмас эканми?!..
Муҳаммадҳакимхоннинг Русия подшоси билан учрашуви ҳақидаги ҳикоясини ҳам кўпроқ хаёлот маҳсули деб тушунилса тўғрироқ бўлади. Зеро, у Қўқон хонлиги ҳақида нечоғли муҳим маълумот бериши мумкин бўлмасин, буни подшонинг шахсан ўзи олиши шарт эмас, шунга мутасадди кишилари етарли. Яъни, подшо учун Муҳаммадҳакимхон шунчаки қизиқиш объекти, холос. Шу маънода “Мунтахаб ат-таворих”даги подшоҳ билан учрашув тафсилотлари аксар ўз аҳамиятини орттириш истагидаги муаллиф хаёлоти маҳсули ўлароқ юзага келгандир. Иккинчи томони, рус подшоси Александр I нинг шарқдаги вилоятларга сафари Муҳаммадҳакимхон Оренбургда бўлган вақтга тўғри келиши тарихий факт: 1824 йилнинг 11–15 сентябрь кунлари – тўрт кун давомида император айни шу шаҳарда бўлган. Подшоҳнинг ташриф кунлари нималар билан машғул бўлгани, кимлар билан учрашгани батафсил ёритилган манбалар мавжуд (О пребывании Его Величества Государя Императора в Оренбурге // Отечественные записки. –1825. –№ 59. –С. 403–427; Тарасов Д.К. Император Александр И. Последние годы царствования, болезнь, кончина и погребение. –Пг., 1915. –С. 125–127). Жумладан, “Отечественные записки” журнали бу ҳақда берган маълумотлар “Мунтахаб ат-таворих”да баён қилинганларга қисман мувофиқ келади. Бироқ Муҳаммадҳакимхон, негадир, подшоҳнинг чегарада жойлашган карвонсарой (Меновый двор)га борганию у ерда Бухоро ва Хива савдогарлари, маҳаллий қозоқ (қирғиз)лар томонидан шодон кутиб олинганини айтмайди. Буниси-ку, майли, подшоҳ қирғиз (қозоқ) хонлари ва нуфузли кишиларини махсус қабул қилгани, хонларга олмос кўзли узук, бошқаларига ҳам қимматбаҳо совғалар ҳадя қилгани; Шерғозихоннинг хотини билан қилган мулоқоти ҳақида бир сўз демайди. Ҳолбуки, мавжуд манбаларда подшоҳ қабул қилган қозоқ хонлари номма-ном саналган, қабул вақти эса аниқ кўрсатилган: 12 сентябрь туш пайти. Қизиқда, манбаларда Муҳаммадҳакимхон бироз менсимайроқ тилга олган қозоқ хонлари номма-ном саналса-ю, шахсига катта эътибор кўрсатилганини даъво қилаётган унинг ўзини лоақал тилга олиб қўйишмаса?! Бу ҳол унинг подшоҳ билан учрашгани ҳақидаги гаплари рост эканлигига шубҳа уйғотади. Зеро, агар подшо эътибори ҳақиқатан ҳам Муҳаммадҳакимхон айтганича бўлганида, хотираю ҳисоботларда унинг тилга олинмай қолиши асло мумкин эмас эди. Ривоя услубига хос хусусият деб қараш мумкин бўлган қўшиб-чатишлар бу шубҳани янада кучайтиради. Хусусан, подшо уни оқшом пайти йўқлатади: уйида ўтирса, “губернаторнинг ўша маҳрами ёнида подшоҳнинг хос маҳрами билан кириб келди”. Табиийки, бу ўринда подшоҳ адъютантининг келиши мутлақо ортиқча, губернаторнинг “хос маҳрами” келса кифоя – бу билан муаллиф яна ўз шахсиятига эътибору ҳурматни бўрттирмоқчи бўлмоқда. Ҳолбуки, Оренбург сафарида подшоҳга генерал-адъютант граф Ожаровский ҳамроҳ бўлган, унинг бир хабарчи мақомида Муҳаммадҳакимхонни чақириб бориши амри маҳол. Чамаси, муаллиф ривояга берилиб кетганидан императорнинг “хос маҳрами” ҳам ўзига яраша бўлишини фаромуш қилган кўринади. Хўп, буниси ҳам майли, давомида ўқиймиз: “аравадан тушиб, кўшк ичи сари юрдим ва бир неча хоналардан ўтиб, подшоҳ ўтирган хонага кирдим. Хона эшигидан кирганим заҳоти подшоҳнинг назари менга тушди ва дарров ўрнидан туриб мен томон бир неча қадам юрди. Ёнимга келиб, қўлимдан тутганча етаклаб бориб, ўз ёнидан жой берди” (Мунтахаб ат-таворих. –Б. 514). Аввало, император ҳузурига бу қадар бемалол кириб борилишиёқ ишончсизлик уйғотади: одатда, подшоҳ дегани қўриқланарди, бунда “кимсан? қайга боряпсан?” дегувчи кас йўқ; яна биз ўқиган китоблару кўрган киноларда биров ҳузури олийга келса, аввал “фалоний келдилар!” дея маълум қилинар, рухсати олий берилсагина кирилармиди?! Бунда эса агар подшонинг дарров ўрнидан туриб пешвоз келишию келувчининг қўлидан тутганча обориб ёнига ўтирғизишига қарасак, қабул қилган эмас, ташриф буюрган марҳамат қилаётгандек туюладики, бу ровийнинг ўз шахсиятига қиммат беришда ғулувга йўл қўйганидан далолатдир. Муболағанинг бу каби ҳаддан ошиши эртаси кун, томошачи оломон орасида турганимда ногаҳон кўзи тушиб қолган подшоҳ “Дарҳол олдига чорлаб, қўлимдан ушлаганча қамоқхона томон йўналди <…> подшоҳ ва унинг тўрт вазири ҳамда ўн нафар маҳрам – ҳаммамиз биргалашиб, қамоқхона ичига кирдик” (Мунтахаб ат-таворих. –Б. 516) деганида, янада яққол намоён бўлади.
Рус ҳукумат кишилари ва аслзодалари ҳаётидаги ҳашамат ва дабдаба Қўқон хонлигидан чиқиб борган Муҳаммадҳакимхон ақлини шошириб қўйганигами, ҳартугул, ҳамма нарса кўзига камида қўшалоқ кўринади. Масалан, подшоҳнинг Оренбургга кириб келиши: “Ногоҳ учтаси олтиндан, учтаси эса кумушдан ясалган ва ҳар бирига ўн олтита от қўшилган олтита арава неча бир дабдаба билан келиб қолди”. Қизиқувчилар интернетдан кўришлари мумкин: Александр I ни тож кийиш маросимига олиб борган экипаж ҳозирда Санкт-Петербургда сақланади, унга 4 та, гоҳ-гоҳ 8 та от қўшилган экан; инглиз қироличаси экипажи ҳам худди шундай: одатда 4 та, гоҳида саккизта от қўшилар экан. Яъни, ҳикояга берилиб кетган ровийнинг кўзига камида қўшалоқ кўринаётгани бор гап эканми?! Гоҳида берилиб кетганидан аввал айтганлари билан кейингилари мантиқий зидлик ҳосил қилади. Масалан, Қубонда вазирнинг қасридаги ҳашаматни батафсил қаламга олади: “Икки томонида аскарлардан қўшин аҳли саф тортган <…> Бир неча текширув жойи ва хоналардан ўтиб вазир ўтирган хонага яқинлашдим” (Мунтахаб ат-таворих. –Б. 524). Агар ровий ўзи айтаётган гапларни дурустроқ мулоҳаза қилганида, “Боягина ярим кечаси подшоҳ ҳузурига бемалол кириб бордим, дегандим, энди бундай десам, сал ошиб кетмасмикан?” деган андишага бормоғи керак эмасмиди?! Йўқ, буни ўйлаб ўтирмайдида, давомида “Вазирнинг ўнг томонида йигирма нафар ой юзли, анбар сочли канизлар тилло тақинчоқларга ғарқ бўлиб, саф тортишган. Чап томонда эса йигирма нафар хушсурат, пари пайкар йигитлар саф тортганча эгниларига тилло дўзи либослар кийган, белларига тилло қинли қиличлар таққан кўйи хизматга шай туришарди” (Мунтахаб ат-таворих. –Б. 524-525) деб ёзаверади. Ҳолбуки, хонадонида бунча канизу ғулом тутиш рус зодагонлари турмуш тарзига хос эмас. Бироқ буни сизу биз – ХIХ аср рус ҳаёти ҳақида ёзилган Толстой, Тургенев, Достоевскийларнинг ўлмас асарларини мутолаа қилган, юзлаб фильмларни томоша қилганлар биламиз. ХIХ асрнинг биринчи ярми ўзбек ўқувчисига эса бу тўқималарни “едириб юбориш”, албатта, муаммо эмас эди. Шундан бўлса керак, Муҳаммадҳакимхон қўшиб-чатишда ўзини тамом эркин қўяди. Эмишки, Омскга келса, губернатор подшоҳ ҳузурига кетган, хотини – малика хабар топиб меҳмонга чақирибди. Таклифга мувофиқ қасрига борса, девонхонасига олиб боришибди: “Хонада барча амирлар саф тортган ва хона ўртасида олтин курсида губернатурнинг ниҳоятда соҳибжамол хотини ўтурар эди” (Мунтахаб ат-таворих. –Б. 500) деб ёзади. Муаллифнинг хонимни гўё тахтда ўтиргандек, бошқа амалдорлар – амирларни унинг қаршисида саф тортган тарзда тасвирлаётгани бежиз эмас, у “Буларнинг расми бўйича эри йўқ пайти мамлакат ишларини хотини сўрайверади” (Мунтахаб ат-таворих. –Б. 499) деб билади, малика деб атаётгани ҳам шундан. Равшанки, бу ғирт тўқима: хотин эрининг ишига таъсир қилиши мумкин, бироқ расман юрт сўрашга ҳақли эмас. Ёки, эмишки, қаршисида амирлар саф тортган ўша малика хонага кириб келган ровийни “кўргач, ўрнидан турди. Бир неча қадам олдинга босиб, пешонасидан ўпди ва қўлидан тутиб, ўтирган жойига олиб бориб, ёнидаги олтин курсига ўтқазди”. Ахир, ўша давр рус этикети маликанинг бундай хатти-ҳаракатини мутлақо ўзига сиғдира олмайди, аксинча, курсидаги аёлнинг ўтирганича қолиши, меҳмоннинг эса яқин бориб, таъзим қилганча унинг қўлини ўпишини тақозо қилади. Хуллас, Муҳаммадҳакимхоннинг рус турмуш тарзи ҳақидаги сафар давомида ҳосил қилган тасаввурлари анча юзаки бўлиб, бу ҳол тасвирда ҳаққонийликдан чекиниш, талқинда тўқиманинг устуворлик касб этишига сабаб бўлган.
“Мунтахаб ат-таворих”даги ривояда, айниқса, муаллифнинг бегона юртларда кўрган-кечирганлари баёнида шарқ саргузашт қиссачилиги, ўзбек халқ эртакларининг оҳанглари, сюжетида уларга хос мотивлар кузатилади. Дейлик, вазирнинг “фаранги қизи” Муҳаммадҳакимхонга ошиқ бўлганию покдомон ва содиқ одам ўлароқ унинг рад этгани; қизнинг қатъиятию қўлга тушиб қолгач маҳбубига туҳмат қилгани ва оқибат унинг қамоққа тушиб қолгани – булар ҳикоя қилинганида беихтиёр Юсуф алайҳиссалом қиссаси ёдга келади. Шунга ўхшаш, Моҳир афанди билан Миср маликаси базмига бориши – хизматкор кампирнинг уларни сандиққа солиб базмгоҳга олиб ўтиши, Эрон маликаси базми тасвирлари “Минг бир кеча” эртакларига менгзайди. Муҳим бир шарти, Муҳаммадҳакимхоннинг бу ҳикояларини эртакдек – “шунақаси ҳам бўларканми?” деган ўйни хаёлга асло келтирмай тинглаш, тафсилотларга ёпишиб олмасдан бутунича қабул қилиш керак, акс ҳолда, қумдан қураётган қўрғони сочилиб кетади. Масалан, қамоқда эканида Муҳаммадҳакимхон тиллолари билан бир амаллаб соқчининг кўнглини олгач, ундан қоғоз-қалам келтириб беришни сўрайди. Қамоқхона эмасми, соқчи қоғоз-қалам келтириб беролмас экан, лекин хат ёзса керак, жойига элтиб беришга тайёр эмиш?! Хўп, боринг ана, қамоқхонага киришда обдон текширишади, чиқишда текширишмайди ҳам дейлик, шунга ишониб турайлик. Энди иложсиз қолган маҳбусимизнинг ёнидаги кичкина пичоқча билан бармоғини тилиб, тиллолари ўралган қоғозга қони билан хат битганига нима дейсиз?! Ҳибсга олинган кишининг ёнидаги нарсалар, одатда, рўйхат қилиб омонат олиб қўйилмасмиди?! Бўлиб ҳам пичоқчани, нима бўлганда ҳам тиғку…
***
Юқорида “Мунтахаб ат-таворих”даги бизда эътироз қўзғаган айрим нуқталар ҳақида мухтасар тўхталиш билан чекландик, ҳолбуки, бунақа ўринлар асарда тиқилиб ётибди. Муаллиф ҳақиқатга зид, соддачасига айтсак, ёлғон маълумотлар бераётган ўринлар аксар салгина фикр-мушоҳада қилганки, одамга яққол кўринадиган даражада. Шунақа экан, йигит ёшидаёқ “Ўткан кунлар” романини ёзолган мутафаккир адиб, Э.Хуршут айтмоқчи, “Мунтахаб ат-таворих”ни манбалар орасида “алоҳида ажратиб, унга суяниб иш кўрган бўлиши”, уни “энг қимматли ҳужжатли материаллар манбаи” деб билиши мумкинми? Бизнингча, йўқ. Ишонч билан айтиш мумкинки, асар мутолааси давомида бизда уйғонган эътирозларнинг Абдулла Қодирийда ҳам уйғониши муқаррар эди. Негаки, Муҳаммадҳакимхон берган кўплаб маълумотлар адиб айтган “мантиқ андозаси”га мутлақо тўғри келмайди. Тўғри, Абдулла Қодирий ёзувчи сифатида ҳам, муштумчи-журналист сифатида ҳам миллий турмушимиздаги иллатларни беаёв танқид қилган, хонликлар даврини “тарихимизнинг энг чиркин, энг қора” даврлари бўлганини, халқ таърифида “у замонлар “мусулмонобод” бўлса-да” ғайримашруъ ишларнинг ҳам ғоят кўплигини эътироф этган. Шунга қарамай, адиб “Жинлар базми ёхуд катта ўйин” романидаги каби интернетда “ўзбекча тахт ўйинлари” дея баҳоланаётган талқинларга, аминмизки, мутлақо қўшилмаган бўлур эди. Ахир, ҳамиша эл наздида турган хон тап тортмай отасининг манкуҳасига уйланса, иккинчисини зўрласа, кўкрагидан сут берган аёлни никоҳига олса; ҳарамдаги ўнлаб кўзлар нишонида турган саида Хонпошшо эса гоҳ Муҳаммад Шариф билан, гоҳ инглиз Конолли билан дон олишса, шунчаларки, гумондор бўлган хон “… ккимдан ттуққансан буларингни?!” дея дағдаға қилишгача борса… – буларни адиб айтган “мантиқ андозасига” асло солиб бўлмайди.
Юқорида билдирилган фикрларни умумлаштирган ҳолда қуйидаги асосий хулосаларни таъкидлаб айтиш мумкин:
• “Амир Умархон канизи” воқеасини қандай тушуниши, ўзининг ўтмишдаги бу ҳодисага қандай ёндашишини Абдулла Қодирий “Меҳробдан чаён”да ифодалаб берган. Адиб бу талқинни эл ичида турли вариантларда оғиздан-оғизга кўчиб келаётган, тарихий манбаларда ҳам турлича берилган талқинларни обдон ўйлаб, “айнан мен ёзғанчадир” дея оладиган комил ишончга келгачгина ўқувчисига тақдим қилган. Шундай экан, адиб номидан, аниқроғи, унинг адабий сиймоси тилидан бунга тамоман зид талқинни илгари суриш, бизнингча, унинг хотирасига ҳурматсизлик, ижодий ўзлигига дахл қилиш бўлиб қолади.
• Таъкидлаш жоизки, бизнинг эътирозимиз фақатгина шунга – “Жинлар базми ёхуд катта ўйин” романида Муҳаммадҳакимхоннинг талқини Абдулла Қодирий талқини ўлароқ тақдим этилганига қаратилган. Табиийки, ушбу эътирозимиз “Мунтахаб ат-таворих”даги талқинни айни ҳақиқат деб тушунишга тақиқ қўёлмайди, истаган одам шундай тушунишга ва буни ўзининг нуқтаи назари сифатида бадиий акс эттиришга ҳақли. Ижод ва сўз эркинлиги тамойили шуни тақозо этади. Бироқ уни ўзганинг тилидан акс эттиришда эркинлик йўқ – бу ҳолда бадиий талқин ўзганинг қарашларига мувофиқ бўлиши шартдир.
• Ниҳоят, ижодкорларимиз тарихий манбалардаги фактларни истифода этишда тарихнависларнинг ҳам одам экани, бас, уларни ҳам турфа (шахсий, моддий, маънавий, сиёсий каби) манфаатлар ҳаракатга келтирганини ҳамиша ёдда тутишлари лозим. Яъники, ҳақ гапни такрорлашнинг айби йўқ, Қодирий бобомизнинг “тарихий асар ёзганда бирор шахснинг хоҳ оғзакидир, хоҳ ёзмадир берган шоҳидлигига дарҳол ишонавериш бўлмайди, уни обдан текшириб, мантиқ андозасига солиб, сўнг асарга киритиш керак” деган ўгитига ҳамиша амал қилмоқлари зарурдир.
Дилмурод ҚУРОНОВ,
филология фанлари доктори, профессор
(Мақоланинг боши I қисмда)
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ