Тарих ва талқин масъулияти – Абдулҳамид Исмоилнинг “Жинлар базми ёхуд катта ўйин” романи таҳлили (I қисм)


Сақлаш
20:03 / 31.03.2022 1729 0

(I қисм)

 

Мақолада ёзувчи Абдулҳамид Исмоил қаламига мансуб “Жинлар базми ёхуд катта ўйин” романидаги Қўқон хонлиги тарихида машъум из қолдирган “Амир Умархон канизи” воқеасининг бадиий талқини ҳақида сўз боради. Унда юртимиз тарихидаги бу ғоят мураккаб ва чигал воқеанинг тарихий манбалардаги турлича талқинлари ёритилган. Муҳаммадҳакимхон тўранинг роман сюжетига асос бўлиб хизмат қилган “Мунтахаб ат-таворих” номли асари тарихий ҳақиқатга содиқлик нуқтаи назаридан муфассал таҳлил қилиниб, унда келтирилган шоҳидликлар, фактларга айни ҳақиқат сифатида қараб бўлмаслиги асосланган. Асар муаллифининг Муҳаммадалихон шахси ва хонлик даврига доир маълумотларни шахсий адоват, сиёсий манфаатлар таъсирида ўта субъектив ёритгани мисоллар ёрдамида далилланган.

 

Абдулла Қодирийнинг ўзи эътироф этган ижодий принципларидан келиб чиққан ҳолда, романда Муҳаммадҳакимхон талқинининг адиб тилидан берилиши унинг хотирасига ҳурматсизлик, ижодий ўзлиги ва иродасига дахл қилиш деб баҳоланган. Шу билан бирга, тарихий воқеанинг ушбу талқини ҳам бошқа талқинлар қатори яшашга ҳақли экани, улардан қайси бирини қабул қилиш ҳар кимнинг ихтиёрида эканлиги ҳам эътироф этилган.

 

***

Аввало, кўп андишаларни енгиб ўтибгина ушбу мақолани ёзишга жазм қила олганимни қайд этишим зарур. Умид қиламанки, бу андишаларни зукко ўқувчиларнинг ўзлари илғаб оларлар. Зеро, камина ишонадики, мақолани ўқиш давомида “Жинлар базми ёхуд катта ўйин” романи билан таниш эсли-ҳушли ўқувчилардан қайси бири кўнглига иниши мумкин зиғирдек андишаки бўлса, ўзининг хотиридан-да кечириб ўтказди. Табиийки, булар ичида энг улуғи “бирон бир асар ҳақида ёзишнинг ўзида реклама қилиш ҳолати ҳам бор”, деган андиша. Яъни каминага “шу номаъқул ҳолат ҳақида ёзилмаса ва гапирилмаса, ими-жимида эсдан ҳам чиқиб кетади, аксинча, бу ҳақда жар солинадиган бўлса – ҳамма қизиқиб ўқийди” дея эътироз қилиш мумкин ва бу, албатта, асослидир. Шунга ҳам қарамай мақолани ёзишим керак деган фикр кун сайин қарорга айланиб бораверди.

 

Ҳеч шубҳасиз, хорижда юрган тақиқдаги адиб асари чоп этилганининг ўзи бир воқеа – бу жамиятимиздаги “илиқлик” меваси. Бас, фикр кишиларига бу мевага тош отиш дуруст эмасдек, куфрони неъматдек кўриниши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас – шу нав айбловлар нафасини ҳис қилганинг сари шаштинг ҳам пасайиб, ёзишга ўйланиброқ қоларкансан киши. Боз устига, юртимизда дурустроқ бир тақризга ҳам лойиқ кўрилмаган романнинг хорижда юксак мукофотга лойиқ топилгани тарихий воқеа эмасми?! Сен эса шу асарни танқид қилмоқчи бўласан – бунақада холис қалам сураётганингга гоҳи ўзи ҳам ишонолмайроқ қоларкан киши, хуллас, андишанинг бир хиллари шуларни ўйлашдан келади.

 

Андишанинг тағин бир томони танқидчилик фаолиятим билан боғлиқ. Эҳтимол биларсиз, Чўлпоннинг илк шеърлари қайта чоп этила бошлаши биланоқ уларни русийзабон китобхонга танитиш пайида бўлган, рус тилига ўгириб замонасининг “марказий нашр”ларида эълон қилган ҳам Абдулҳамид Исмоил бўлади. Айни шу ижодкор ғайрати сабаб бўлиб, русийзабон ўқувчи “Кеча ва кундуз” романини ўзбек ўқувчиларидан бир йил кейиноқ – 1989 йилда “Звезда Востока”да мутолаа қилиш имконига эга бўлди. Ўз даври учун, шубҳасиз, бу жуда катта воқеа эди. Камина эндигина аспирантура таҳсилини бошлаган вақтим, ғайратим ичга сиғмайди, бунинг устига мавзу ҳам “Кеча ва кундуз”дан, тезда шу хайрли ишга танқидий муносабат билдирилган мақола ёздим. Ёшлик шижоатию ғурури баланд келиб айрим ўринларда пардани қаттиқроқ босган бўлсам бордир, лекин ҳозир ҳам ишончим комилки, ўшанда ниятим холис, истагим таржимани мукаммалроқ кўриш эди, холос. Фақат, негадир, бу таржима ҳақида, адашмасам, бошқа биров ёзмадида, каминанинг у ҳақдаги фикри тугал ҳукмга ўхшаб қолгандек ҳануз нохушлик, ноқулайлик пайдо қилади кўнгилда...

 

Даромади чўзилиб кетди, асосий гапни лўнда қилиб айтсак – ёзмаса бўлмайдиган ҳолат, шу боис мазкур андишаларнинг барини бир ён қўйиб туришга тўғри келади.

 

***

Холислик ҳаққи айтиш керакки, “Жинлар базми ёхуд катта ўйин” романининг одамни беихтиёр ўзига тортиб кетадиган жозиб асар бўлгани, ўткир интригалару кескин бурилишларга бой сюжет, ўзига хос композицион қурилиш, ширали тил, хуллас, бугунги ўқувчини ўзига мафтун этадиган кўплаб хусусиятларга эгалигини эътироф этмаслик инсофдан бўлмайди. Асар улуғ адибимиз ҳаётига оид кўпчиликка маълум факт – унинг Амир Умархон канизи тарихига ғоят қизиқиб қолгани, шу воқеага оид материалларни йиғиб-ўрганиб юргани, ҳатто айни мавзуда роман қораламаларини бошлаб қўйгани ҳақидаги маълумот асосига қурилган. Асар воқеалари иккита – романнинг сюжет вақтида ва ретроспектив вақтда кечади: биринчисида ровий (учинчи шахс, муаллиф) тилидан 1937 йил 31 декабрь куни Абдулла Қодирийнинг ҳибсга олинишидан бошлаб то қатл этилгунига қадар маҳбусликда кечган ҳаёти ҳикоя қилинса, иккинчисида персонаж (Абдулла Қодирий)нинг ижодий фантазиясида яралаётган – яъни унинг ҳаёлидагина кечувчи Амир Умархон канизи билан боғлиқ воқеалар жонлантирилади (Абдулла ўйидагиларнинг бир қисминигина маҳбуслар билан ўртоқлашади). Бошқача айтсак, 30-йиллар воқелиги Абдулҳамид Исмоил томонидан талқин қилинса, ундан қарийб бир аср нарида кечмиш воқеалар гўё Абдулла Қодирий талқини сифатида тақдим этилади. Эътирозларимиз кўпроқ кейинги жиҳат билан боғлиқ бўлганидан, асосий эътиборни шунга қаратамиз.

 

***

Яхши маълумки, адабиётшуносликда талқин атамаси “бадиий талқин” маъносида ҳам, “адабий асар талқини” маъносида ҳам бирдек қўлланаверади. Ҳолбуки, бу икки тушунча бир-биридан фарқланади: уларнинг биринчиси ижод жараёни билан, иккинчиси адабий асарни ўқиш (уқиш) жараёни билан боғлиқ (Қуронов Д. Талқин имконлари. –Т., 2015. –Б.12-13). Шундан келиб чиқиб, масалан, битта асарга нисбатан қўлланган “талқин” истилоҳларининг бир хил маънода эмаслиги ҳам, уларнинг бир-биридан фарқли бўлиши ҳам табиий ва қонуният мақомида дейишга етарли асос бор. Негаки, ҳар икки ҳолда ҳам талқин субъектив харакетрга эгадир.

 

Албатта, адабиётшунос ҳам талқинни ўқувчи сифатида бошлайди, яъни у ҳам талқинни талқин қилади – ёзувчи бадиий образлар воситасида акс эттирган воқеликни тасаввурида қайта яратади. Бироқ унинг талқини шу амалнинг ўзи билангина чекланмайди, у тадқиқ ҳам этади. Адабиётшунос, жумладан, асардаги образларни тасаввурида жонлантириш асосида қайта аксланган воқеликни реал воқелик (асарда акс этган ва асар ўқилаётган давр воқеликлари) билан муқояса қилиш, шу асосда муайян хулосалар чиқаришга интилади. Дейлик, ўрганилаётган асар замонавий мавзуда, муаллиф билан адабиётшунос эса бир замону бир муҳит кишилари бўлганида ҳам, уларнинг ҳар бири кўрган воқелик айнан эмас. Худди шунга ўхшаш, ўтмиш ҳақида айнан бир хил манбаларга таяниб ҳосил қилинган тасаввур ҳам бир хил бўлолмайди. Шу маънода интернет тармоғида “Жинлар базми ёхуд катта ўйин” романидаги талқин юзасидан билдирилган эътирозларни ҳам табиий, яъни, худди Абдулҳамид Исмоилнинг талқини каби, мавжуд бўлиши мумкин (мавжуд бўлишга ҳақли) нуқтаи назарлардан бири сифатида қабул қилиш тўғрироқдир. Негаки, бу масалада томонлардан бирининг ҳақлигига тугал ҳукм чиқаришга интилиш самарасиз, ҳар кимнинг ҳам ўзи тўғри деб билган талқин фойдасига шоҳидлик берувчи асосларни келтириш билангина чекланишига тўғри келади – шугина имкон борки, биз ҳам ихтиёримиздаги айни имконни рўёбга чиқариш билан қаноатланишимиз лозим бўлади.

 

***

Аввало, Амир Умархон канизи воқеасининг “Жинлар базми ёхуд катта ўйин” романидаги Абдулла Қодирий тилидан берилган талқинга, аниқроғи, ушбу талқиннинг улуғ адабимиз тилидан берилаётганига мутлақо қўшилиб бўлмаслигини таъкидлаш зарур. Сабаби, Солиҳ маҳдум баҳона “Меҳробдан чаён”да Амир Умархон канизи масаласига бирозгина тўхталиб ўтган адиб уни “Жинлар базми ёхуд катта ўйин”дагидан тамоман ўзгача талқин қилган. Унга кўра, “Амир Умархон охир умрида ўз саройидаги ёш канизлардан бирига муҳаббат қўядир. Каниз ёш бўлғанлиғи ва балоғатка етмаганлиги учун уни никоҳига ололмай вақт кутадир. Шу кутиб юриш йилларида Умархон муродига еталмай вафот қиладир, бояғи каниз қиз балоғатка эришадир ва бир ҳуснига ўн ҳусн қўшулиб отанинг боласи бўлған Мадалихонни ҳам ўзига ошиқ қиладир” (Қодирий А. Меҳробдан чаён. –Т.: Шарқ, 2007. –С. 6-7). Кўриб турганимиздек, “Меҳробдан чаён”даги талқинга кўра, Умархон канизни кўз остига олиб қўйганда, балоғатга етса уйланмоқни ният қилган. Яъни, гарчи романда заҳарли киноя билан айтилган эса-да, аъзоларидан бири Солиҳ маҳдумнинг отаси бўлган уламолар ҳайъати ўзи чиқарган фатвога “отангиз марҳум никоҳланаман деб айткан бўлсалар ҳам никоҳландим, деб айтмаганлар” дея далил келтиргани бежиз эмас.

 

“Жинлар базми ёхуд катта ўйин” романида Абдулла Қодирий тилидан берилган талқинига кўра эса, “1235-нчи ҳижрия, Сунбула ойининг ўрталари каллаи саҳардан карнаю сурнай овози” Умархон “Ғозихўжанинг гўзалликда тенги йўқ қизи Пошшахонни ўз никоҳи шарийяларига олишларини шаҳар фуқарою фузалосига эълон” (Исмоил А. Жинлар базми ёхуд катта ўйин. –Т.: Академнашр, 2017. –С. 10) қилади. Яъни, агар бу талқинга кўнадиган бўлсак, у ҳолда Мадалихон чиндан-да ўз отасининг шаръий никоҳида бўлган аёлга – ўгай онасига уйланган ва бу ҳаракати билан Қуръони Каримда махсус оят (!) билан таъкидлаб қўйилган тақиқни бузган бўлиб чиқади. Зеро, Нисо сурасининг 22-оятида “Оталарингиз уйланган хотинларни никоҳингизга олманг! Магар илгари ўтган бўлса (Ислом динига киришдан аввал уйланган бўлсангиз, Аллоҳ афв этар). Албатта, бу хунук ва жирканч бўлган ёмон қилиқдир” деб айтилади. Бас, агар Умархон чиндан-да Хонпошшани карнай-сурнай билан тўй қилиб хотинликка олган бўлса, ҳар қанча иймонини ютган уламолардан ташкил топган ҳайъат ҳам Мадалихоннинг унга уйланишига изн берувчи фатво қилиб бермас, қилиб беролмас эди. Абдулла Қодирий илк романини ёзган вақтларидан бошлабоқ ўзига яқин тарихга оид манбалар билан қизиққани шубҳасиз. Хусусан, “Меҳробдан чаён”ни ёзиш олдидан тарихий манбаларни ўрганиш билан бирга тасвирланажак воқеалар кечган жойларда бўлиб, уларнинг жонли гувоҳлари билан суҳбатлар қургани ҳам маълум. Ўғлининг гувоҳлик беришича, адиб “…тарихий асар ёзганда бирор шахснинг хоҳ оғзакидир, хоҳ ёзмадир берган шоҳидлигига дарҳол ишонавериш бўлмайди, уни обдан текшириб, мантиқ андозасига солиб, сўнг асарга киритиш керакким, китобхонда эътироз, шубҳа туғилмасин…” (Қодирий Х. Отам ҳақида. –Т., 1983. –С. 205) деб билган. Ҳеч шубҳа йўқки, бу гапларни ёзма манбалар ва оғзаки ҳикояларда битта воқеа ҳақида турли-туман, бир-бирига ва ҳатто соғлом мантиққа мутлақо тўғри келмайдиган маълумотларга кўп бора дуч келган одам айтган. Бас, бундай одам Амир Умархон канизи воқеасининг “Меҳробдан чаён”даги талқинини асословчи оғзаки ва ёзма маълумотларни мантиқ тарозисининг бир палласига, “Жинлар базми ёхуд катта ўйин” романидаги талқинни асослайдиганларини иккинчи палласига қўйгач, посангига заргарона нигоҳ билан қараши табиий, албатта. Шундай экан, лоақал кўзга яққол ташланиб турган юқоридаги мазкур ҳолатни “мантиқ андозасига солиб” кўргач, улардан биринчисини танлаши ҳақиқатга яқинроқ кўринади. Нега? Иккинчи талқин қай жиҳатлари билан “мантиқ андозаси”га мувофиқ келмайди?

 

Бу саволларга жавобни ҳам бошлаб “Меҳробдан чаён”дан изласак, бизнингча, тўғри бўлади. Романдаги талқинга кўра, отасининг канизагига кўнгил қўйган Муҳаммадалихон маҳбубасига етишиш учун уламолар “фатво”сига муҳтож. Негаки, хон бўлгани билан у ҳам атрофидагилар билан ҳисоблашиш, элнинг андишасини қилишга мажбур – кўнглига нимаики келса қилаверади эмас. Эл деганимиз эса Қўқон хонлигида, гарчи деярли тўласича мусулмон бўлса ҳам, ғоят турфа – қурама эди. Жумладан, Муҳаммадалихон тахтга чиққан вақтда: а) минтақадаги сиёсий ҳокимиятни Қўқон хонлиги асосчиси Шоҳрухбийга олдириб қўйган хўжагон жамоасининг мавқеи ҳамон кучли; б) дин пешвоси ўлароқ “амир ал-муслимин” унвонини олган Умархон даврида сиёсий мавқеи кучайган руҳонийлар ўз таъсирларини сақлаб қолиш ҳаракатида; 3) хонлик ҳудуди ўтроқ ва кўчманчи аҳоли, шунингдек, турли этник гуруҳлар: хўжалар, қипчоқ, қирғиз қорақалпоқ каби қабила ва уруғлар манфаатлари муттасил ўзаро тўқнашиб турадиган макон эди. Табиийки, бундай вазиятда хоннинг ҳокими мутлақ бўлиши амри маҳол – у ҳукумат юритишда турли гуруҳий манфаатлар билан ҳам ҳисоблашишга мажбур. Қолаверса, мазкур гуруҳларнинг ҳар бири қулай имкон туғилиши биланоқ ўзига кўпроқ манфаат етказадиган даъвогарни тахтга ўтқазишга чоғланиб туради. Шуни эътиборга олсак, айни вазиятда хоннинг Қуръон тақиқини бузиши ўзига гўр қазиш билан баробар экани аён бўлади. Зеро, бу унинг орадан кўтарилишидан манфаатдор кучлар учун тайёр баҳона, бирлашиш ва ҳаракатга келишлари учун туртки бўлиши муқаррар. Негаки, ўзининг ўгай онасига уйланган хонга қарши – яъни куфрга қарши! – халқни оёқлантириш  қийин бўлмай, бундай қулай имкониятдан мухолиф кучларнинг фойдаланиб қолишга интилмаслиги асло мумкин эмас эди. Ҳолбуки, Муҳаммадалихон даврида, агар охирги йиллари содир бўлган исёнлар айтилмаса, нисбатан осойишталик ҳукм сурди, у қарийб йигирма йил тахтда собит ўтирди, хон сифатида муайян муваффақиятларга эришди ҳам. Бу эса, ўйлашимизча, Муҳаммадалихон отасининг никоҳида бўлган аёлга – ўгай онасига уйланган деган даъвога қўшилмаслик, унинг асоси бўшроқ деб ҳисоблашимиз учун илк мантиқий дастак бўла олади.

 

***

Маълумки, ўтмиш ҳақида сўз борганда тарихий манбалар гувоҳлигини кўпроқ эътиборга оламиз. Бироқ буни ҳам қатъий қоидага айлантириб олиш унчалик тўғри бўлмайди. Негаки, ўтмишимизда айрим ўта мураккаб ва чигал даврлар, воқеалар борки, уларнинг тарихий манбалардаги талқинларининг ўзи турлича, бир-биридан кескин фарқланади. Жумладан, биз сўз юритаётган давр ва воқеа ҳақидаги манбалар. Исъҳоқхон тўра Ибрат “Тарихи Фарғона”да Насруллохоннинг Қўқонга юришдан асл муддаосини “Умархон оламан деган Подшоҳхон ойимни(нг) ҳуснини эшитуб, ғойибона мафтуни” бўлгани билан боғлайди (Исҳоқхон тўра Ибрат. Тарихи Фарғона. –Т.: Маънавият, 2005. –Б. 15). Кўряпмизки, Исъҳоқхон тўранинг қараши “Меҳробдан чаён”даги талқин каби, яъни иккала ҳолда ҳам гап “Умархон оламан деган” қиз ҳақида бормоқда. Умархоннинг жияни, Муҳаммадалихон билан бирга катта бўлган Муҳаммадҳакимхон тўра “Мунтахаб ат-таворих” асарида буларга тамом зид маълумотлар келтиради. Аввало, ривоятларга қараганда бемалол “ўзбек Клеопатраси” деса бўлгулик – хонлар ва хонликлар тақдирида сезиларли роль ўйнаган бу аёлнинг кимлиги, наслу насаби ҳақида манбаларда мавжуд маълумотлар зиддиятли: бирида уни канизак, бошқасида хўжазодалардан, яна бирида саидалардан дейилади. Муҳаммадҳакимхон аниқ қилиб айтадики, унинг исми Хонпошшо, ўзи эса сайидалардан – Сайид Ғози Ўратепагийнинг қизи бўлиб, Умархон уни 1235 йилда тўй қилиб никоҳига олган. Тўйнинг ҳашамат ва дабдабаси шунча бўлган эканки, “иқбол ноғораси овози оламнинг зумрад гумбазини тутди ва хурсандчилик овозаси олам аҳли қулоғига етди” (Муҳаммадҳакимхон Тўра. Мунтахаб ат-таворих. –Т.: Янги аср авлоди, 2010. –Б. 393). Яъни Муҳамммадалихон отасининг канизагига эмас, балки шаръий никоҳида бўлган беваси – ўзининг ўгай онасига уйланган, деган маълумот илк бор “Мунтахаб ат-таворих”да қайд этилган ва айни шу манбага асосланиб тарқалган.

 

Таъкидлаш керакки, воқеанинг бу тарздаги талқинини инкор қилувчи тарихий манбалар ҳам талайгина. Жумладан, юқорида эслатилган “Тарихи Фарғона” асарида Ибрат “Муҳаммад Алихон аносини олди деган сўз афвоҳи носда жорий бўлса ҳам, бул сўз рост бўлмай, бухорийлар қатлларини айбини сатри учун қилган қабиҳаларини тавжиҳига чиқарилмиш сўзлари экан” деган фикрни билдиради. Англашиладики, Ибратнинг фикрича, “Муҳаммадалихон ўзининг ўгай онасига уйланди” деган гапнинг тарқатилиши Бухоро амири Насруллоҳнинг Фарғонага юриши ва бу жараёндаги хунрезликларини оқлаш учун керак бўлган, яъни ҳозирчасига олсак, пропаганда маҳсулидир. Худди шунга ўхшаш фикр ХIХ асрнинг 80-йилларида Мулло Холбек томонидан ёзилган “Ғурбатнома” номли тарихий асарда ҳам келтирилади:

 

Амирнинг кўнглига тушмиш бу даъво,

Хўқанднинг қасдида қилғоли ғавғо.

 

Оносин олди деб ул келди босиб,

У сўз бўҳтон, маломат номуносиб.

 

(Мулло Холбек ибн Мусо Андижоний. Ғурбатнома..// Андижон вилоят тарихи ва маданияти музейи,  Инв №5064. 24-варақ)

 

Кўряпмизки, Мулло Холбекка кўра бу воқеа – “Мадалихоннинг ўгай онасига уйланиши” ҳақиқатда бўлган эмас, шунинг учун ҳам уни “номуносиб бўҳтон” деб атамоқда. Худоёрхонзоданинг “Анжум ат-таворих”, Мирзо Олим Махдум ҳожининг “Туркистон тарихи”, Фозилбекнинг “Мукаммал Фарғона тарихи” каби асарларида эса на “канизак воқеаси”, на “ўгай она воқеаси” тилга олинган. Демак, мазкур асарлар муаллифларининг бу воқеани ўз вақтида муайян сиёсий мақсадлар билан тўқилган ривоятдан бошқа нарса эмас, бугуннинг ибораси билан айтсак, “ахборот уруши” ҳосиласи деб тушунган билганлари ва шу сабабли зикр қилишга ҳам лойиқ кўрмаганлари эҳтимолдан йироқ эмас. Эътиборли жиҳати шуки, бундай ёндашув ХIХ асрнинг охирги ўн йиллиги – жадидчилик даврида яратилган асарларга хосдир. Бу табиий ҳам, негаки, энди “Мадалихоннинг ўгай онасига уйлангани” ҳақидаги ривоят актуал эмас, у ўзининг тарихий мисссиясини бажариб бўлган эди. Аксинча, миллатни уйғотиш, унга ўзлигини танитиш каби эзгу мақсадларга хилоф эди. Таъкидлаш зарур нуқта шуки, мазкур муаллифлар билан Абдулла Қодирийни она Туркистон тақдири – унинг ўтмиши, бугуни ва эртаси ҳақидаги айни давр умумкайфияти таъсирида шаклланган ҚАРАШЛАР бирлаштиргани ҳам ақлга тайиндир. Шу боис адибнинг ўтмишдаги сиёсий мақсадлар йўлида тўқилган ривоятни, шахсий адоват ва сиёсий манфаатлар зиддиятининг излари яққол сезилиб турган асарни ёзилажак романи учун бирламчи асос қилиб олиши эътимолдан йироқ кўринади.

 

***

“Жинлар базми ёхуд катта ўйин” романида Абдулла Қодирий тилидан берилган талқин кўпроқ “Мунтахаб ат-таворих”даги талқинга таянади, яна ҳам аниқроқ айтсак, асардаги Муҳаммадалихон – Хонпошша сюжет чизиғи Муҳаммадҳакимхон тўра баён қилган фактларнинг бадиий қайта ишланган кўриниши, дейиш мумкин. Абдулла Қодирийнинг ушбу асар билан таниш бўлганига далолат қилувчи ишончли шоҳидликлар мавжуд (Қаранг: Қодирий Х. Отам ҳақида.Т., 1983.Б. 197205; Хуршут Э. Абдулла Қодирий ва тарихчи Ҳакимхон // Шарқ юлдузи. 1987. №4. Б. 198200; Вохидов Ш. Ҳакимхон тўра ва унинг “Мунтахаб ат-таворих” асари / Муҳаммадҳакимхон тўра. Мунтахаб ат-таворих. Т., 2010. Б. 318). Албатта, бу ўринда адибнинг асар билан қачон танишгани ҳам жуда муҳим аҳамият касб этади. Мавжуд гувоҳликлар Абдулла Қодирий “Мунтахаб ат-таворих” билан 30-йилларнинг ўрталарида – “Амир Умархоннинг канизи” романига материал излаш жараёнида танишган, деган хулосага етаклайди. Мабодо шундай бўлса, илгарироқ – “Меҳробдан чаён” ёзилган вақтда адиб воқеанинг бу тарздаги, яъни “Амир Умархон Хонпошшани тўй қилиб шаръий никоҳига олган” қабилидаги талқини ҳам мавжудлигидан бехабар бўлган, деб ўйлашимизга асос борми?

 

Саволни бу тарзда қўйишимиз бежиз эмас. Зеро, 1) агар А.Қодирий бу талқиндан хабардор-у, уни қабул қилмаган бўлса, масала ўз-ўзидан ечилади; 2) агар хабардор бўлмаган ва 30-йиллардагина “Мунтахаб ат-таворих” орқали танишган бўлса, “Жинлар базми”даги талқиндан англашилаётгани каби, адиб “Амир Умархоннинг канизи” романини яратишда шу асар таъсирига тушиб қолган бўлиши эҳтимоли юзага келади.

 

Фикримизча, иккинчи эҳтимол ўта заиф. Сабаби, модомики ўз вақтида бундай талқин ёзма манбаларга кирган экан, унинг оғиздан-оғизга кўчиб эл ичида турли вариантларда яшаган бўлиши ҳеч шубҳасиз. Демоқчимизки, “Меҳробдан чаён” ёзилган вақтда адиб “Мунтахаб ат-таворих”ни ўқимаган бўлиши мумкин, лекин воқеанинг ундаги каби талқинидан ҳам хабардор бўлган. Агар шу эҳтимолни қабул қилсак, у ҳолда ўз-ўзидан нега бундай талқин “Меҳробдан чаён”га кирмай қолди, деган савол кўндаланг келади ва унинг энг ишончли жавоби, бизнингча, ёзувчининг юқорида келтирилган фикридан келиб чиқади: адиб уни онгли равишда, “мантиқ андозаси”га рост келмайди деб билгани учун киритмаган! Бироқ фанда бунга мутлақо зид қараш ҳам бор. Жумладан, тарихчи Э.Хуршутнинг фикрича, Абдулла Қодирий янги романига тайёргарлик жараёнида танишган ёзма манбалар орасида “энг нодири ва мукаммали бўлмиш “Мунтахаб ат-таворих” китоби, шубҳасиз, ёзувчининг алоҳида диққатини ўзига жалб қилган”. Негаки, унинг муаллифи адиб “ўз романида акс эттирмоқчи бўлган даврга замондош бўлибгина қолмай, балки унда кечган жами воқеаларнинг фаол қатнашчиси ҳам эди. Бунинг устига у Абдулла Қодирийнинг бўлғуси романи қаҳрамонлари билан шахсан таниш эди. Шу айтилганларга кўра, адиб роман учун материал тўплар экан, тарихий манбалар орасида “Мунтахаб ат-таворих”ни алоҳида ажратиб, унга суяниб иш кўрган бўлиши табиий. Бу китоб ёзувчига энг қимматли ҳужжатли материаллар манбаи бўлиб хизмат қилган” (Хуршут Э. Абдулла Қолирий ва тарихчи Ҳакимхон // Шарқ юлдузи. 1987. №4. С. 199). Э.Хуршут “Мунтахаб ат-таворих” муаллифини “тараққийпарвар сиёсий қарашлари”, “демократик эътиқоди учун Қўқон хонлигидан ҳайдаб чиқарилган” дея тақдим қиладики, бу билан ҳам у берган маълумотларнинг қимматини таъкидлагандек бўлади. Ўйлашимизча, Э.Хуршутнинг мазкур фикрида “ошкоралик” даврининг руҳи яққол сезилиб туради: нимаики аввал оммага маълум бўлмаган эса – у айни ҳақиқатдан сўйлайди, нимаики онгимизда ўринлашган ва кўникиб бўлинган тасаввурларга зид эса – у атайин эълон қилинмай, халқдан яшириб келинган. Зеро, агар шу руҳ таъсирини демасак, муаллифининг субъектив назари яққол кўзга ташланиб турадиган бу асарни “мукаммал”, “ҳужжатли материаллар манбаи” деб баҳолашга бошқа сабаб кўрилмайди. Аксинча, асарда тарихий воқеаларнинг холис ва ҳаққоний ёритилганига шубҳа уйғотадиган ҳолатлар кўпроқ кўзга ташланади. Аввал шу ҳолатга тўхталамиз, негаки, “Жинлар базми ёхуд катта ўйин” романидаги бадиий воқеликка шу асар асос бўлган: иморат қанча маҳобатли бўлмасин, унинг пухталигини пойдевор белгилайди.

 

***

Аввало, “Мунтахаб ат-таворих” муаллифи – Муҳаммадалихондан жабр кўрган, у туфайли юртидан чиқиб кетишга мажбур бўлган одам. У ёзадики, “амир Олимхон ва амир Умархон замонида давлат ишлари бўйича кўп маслаҳатлар қиблагоҳ отам” томонидан берилгани “бошқа давлат устунлари” ҳасадини қўзғаб, туҳмату иғволар уюштиришларига сабаб бўлиб келган. Олимхону Умархонлар қулоқ солмаган бу гаплар “ул Шамрмашраб” – Муҳаммадалихон “табъига мос тушди” (Мунтахаб ат-таворих. –Б. 463), хуллас, Муҳаммадҳакимхонинг аввал отаси, кейин ўзи ҳукумат ишларидан четлаштирилиб, ихрож қилинадилар. Табиий савол туғилади: китоб муаллифи Муҳаммадалихондан жабр кўрган одам сифатида оиласининг жон душмани ҳақида холис фикр юрита оладими? Ш.Воҳидов фикрича, “Мунтахаб ат-таворих” муаллифи “Муҳаммадалихонни ўз шахсий душмани сифатида билишдан юқори даражадаги инсон эди” (Мунтахаб ат-таворих. –Б. 15), яъни у – воқеалар талқинида холис. Олим ўзининг бу фикрини китобда Муҳаммадҳакимхоннинг ўрни билан амир Насруллоҳни ҳам танқид қилгани билан асослайди. Тўғри, айрим ўринларда шундай. Бироқ бу муаллифнинг адолатпешаю ҳақгўйлиги билангина эмас, айтайлик, насл-насаби билан – пайғамбарзода ўлароқ барчага бирдек насиҳат қилишу танбеҳ беришга ҳақли экани билан ҳам изоҳланавериши мумкин. Ҳолбуки, масалан, Муҳаммадалихон ҳақида сўз борганида, Муҳаммадҳакимхон унинг биронта ҳам ижобий чизгисини тилга олмайдики, бу ҳол холислик ҳақидаги гапларга нисбатан ҳақли шубҳа уйғотади.

 

Иккинчи муҳим нуқта шуки, асар Бухоро амири қўл остидаги ҳудудда – Китоб ва Шаҳрисабз шаҳарларида, Қўқон хони Муҳаммадалихон иниси ва икки ўғли билан бирга қатл қилинганидан бир йил ўтиб-ўтмасиданоқ ёзиб тугатилган. Асарга ёзилган сўзбошида Ш.Воҳидов “Мунтахаб ат-таворих” 1843 йил ёз ойларида ёзиб тугатилгани, унинг муаллиф нусхасидан шу йилнинг ўзида яна ўн нусха кўчирилганини айтади. Олимнинг таъкидлашича, “Муҳаммадҳакимхон асари хонлик ҳудудида кенг тарқалишидан ўзи ҳам манфаатдор бўлгани учун ундан нусхалар кўчиришга анча сайъ-ҳаракат қилган” (Мунтахаб ат-таворих. –Б. 4). Қизиқда, “Мунтахаб ат-таворих”нинг кенг тарқалишидан нима манфаат ҳосил бўлади? Бухоро ҳукмдорини Қўқонга юриш қилмоққа даъват этган “оқсуяк”лардан бири, Муҳаммадалихондан жабр, амир Насруллоҳдан эса ҳиммату ҳимоят кўрган Муҳаммадҳакимхон тўра воқеалар талқинида холис бўла олармикан? Бунинг устига ҳамон амир Насрулло қўл остида бўлса? Яна “еган оғиз уялар” қабилидан амирнинг юришини нафақат оқлаш, балки ислом ҳимояси учун бўлган дея улуғлаши ҳам керак бўлса?! Йўқ, холис бўлолмайди, асло. Негаки, муаллиф қаршисида кўндаланг турган сиёсий мақсад Муҳаммадалихонни шундай тасвирлашни тақозо этадики, токи ўқиган одам унинг “тухмини қуритган” амир Насруллога таҳсинлар айтсин – бу мақсад олдида икки хонлик орасидаги урушнинг туб сабаблари ҳам, тарихий ҳақиқат деганлари ҳам ўтаверсин. Хуллас, бу ўринда “тарихни ғолиблар ёзади” деган тамойил тўла амал қилган кўринади. Тамсил керак бўлса, ана, яқин тарихимизни эсланг: ҳали ўтганига қирқ йил ҳам тўлмаган Шароф Рашидов ҳақида нималар дейилмади?! Ёки Биринчи президентимиз ҳақида нималар дейилмаяпти? Не-не ривоятлар тўқилмаяпти?!..

 

Аксарият манбаларда Муҳаммадалихон даври, сўнгги йилларини истисно этган ҳолда, Қўқон хонлигининг иқтисодий ва сиёсий барқарорлик ҳукм сурган юксалиш даври деб баҳоланади. Дарҳақиқат, бу даврда Қўқон ҳукуматини Кўлоб, Хисор, Бадахшон, Дарвоз, Масчоҳ каби вилоятлар тан олди, қирғиз ва қозоқ қабилалари яшайдиган ҳудудлар хонликка қўшиб олинди, чегараларни мустаҳкамлаш учун бу ерларда Пишпек, Тўқмоқ, Қора болта, Кетмонтепа каби қатор қалъалар, кўплаб ҳарбий истеҳкомлар барпо этилди (Бабаджанов Б.М. Кокандское ханство: власть, политика, религия. Токио-Ташкент, 2010. Б.163183; Турсунов Б.Р. Кокандское ханство в годы правления Мухаммада Алихана (1822-1842) // Вестник ТГУПБП. Серия гуманитарных наук, 2015, № 1(62). С.2230;  Атаджанов Ш. ва бошқ. Ўзбек хонликлари тарихшунослиги. Т.: ТДПУ, 2010. С.19; Воҳидов Ш. Сўзбоши // Мирзо Олим Маҳмуд ҳожи. Тарихи Туркистон. Т.: Янги аср авлоди, 2009. Б. 10 ва бошқалар). Яна хонлик ҳудудида яшовчи хўжаларнинг саъй-ҳаракатларини қўллаган ҳолда Муҳаммадалихон Қошғар учун Хитой билан уруш қилди, “ғозий” унвонига сазовор бўлди. Албатта, булар Қўқон хонлиги катта қудрат касб этиб бораётганидан далолат бўлиб, қўшниларни хавотирга солиши табиий эди. Хусусан, Қўқон хонлигининг жануб томон кенгайиши Бухоро амирлиги таъсиридаги ҳудудларга тажовуз бўлиб, эртами-кеч иккала хонлик орасида келишмовчиликлар, урушлар келтириб чиқариши муқаррар эди. Кўп тарихчилар Қўқон-Бухоро тўқнашувининг асл сабабларини шуларда кўради, канизак (“ўгай она”) воқеасини аксарият баҳона деб тушунади. Жумладан, Ҳ.Вамберига кўра, “Ҳўқанд амири Муҳаммадалихоннинг Шарқий Туркистонда хитойликларни мағлуб этиб, бутун Ислом оламида шуҳрати ошгани, бошқарув идорасининг яхшилиги билан мамлакатини фаровон этгани ва халқининг меҳр-муҳаббатини қозонгани бузуқи Насруллони хавф ва қўрқувга солди” деб ёзади (Арминий Вамбери. Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи. Икикнчи жилд. Т., 2019. Б. 183). Маълумки, Вамберининг Бухорога сафари Амир Насруллоҳ вафотидан уч йил ўтган – унинг “замонаси” фозилу авом томонидан қайта таҳлил қилиб баҳоланаётган бир вақтга тўғри келадики, бу жиҳатдан у келтирган маълумотларнинг ўша даврда энг тўғри, ҳаққоний деб ҳисобланган бўлиши эҳтимоли катта. Насруллоҳнинг хунрезлиги – Қўқон хони ва яқинларини қатл эттиргани хабарини бераркан, Вамбери уни саҳифа остида шундай изоҳлайди: “… ушбу жиноятини ҳаққоний кўрсатиш учун Муҳаммадалини гўё ўз онаси (билан) ғайри машруъ муносабатда бўлган деган ёлғон хабар тарқатишга буйруқ берди”. Вамберига кўра, “ёлғон хабар” қатлни қонуний асосга эга, шаръий қилиб кўрсатиш учун тўқилган бўлиб чиқадики, ундан ахборот қуроли сифатида фойдаланилган. Бу эса, бизнингча, “Мунтахаб ат-таворих”нинг шошилинч суратда ёзиб тугатилгани, ундан тезликда нусхалар кўчириб тарқатилганининг сабабини ойдинлаштиради. Яъни, “Мунтахаб ат-таворих”ни амир Насруллоҳ буйруғини бажариш, уни оқлаш йўлидаги тадбирларнинг бири, эҳтимол, энг муваффақиятлиси деб тушуниш мумкин. Сабаби, Муҳаммадалихоннинг чиндан-да нафақат қатл қилиш, “тухмини қуритиш”га лойиқ эканлигига, биринчидан, уни яқиндан билган қариндоши, иккинчидан, насабда жаноб пайғамбаримизга бориб тақалувчи зот гувоҳлик бераётир. Хуллас, муаллиф тутган қалам шахсий адоват ва сиёсий манфаат измида бўлганки, шу боис ҳам “Мунтахаб ат-таворих”да ҳақиқатлигига шубҳа уйғотувчи ўринлар бир талай. Шулардан айримларини кўриб ўтамиз.

 

Дилмурод ҚУРОНОВ,

филология фанлари доктори, профессор

 

 

(Мақоланинг давоми II қисмда)

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10344
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//