
Сўнгги йилларда саёҳат маданияти ва иш модели кескин ўзгарди. Эндиликда кўпчилик профессионал мутахассислар доимий офисга бориб ишлаш ўрнига масофадан туриб ишлашни афзал кўрмоқда. Бу жараён, айниқса, пандемиядан сўнг кучайиб, «digital nomad» деб аталувчи янги ижтимоий қатламни шакллантирди. Улар учун саёҳат турмуш тарзи, интернет эса янги офисдир.
Бугунги кунда бу қатлам жаҳон миқёсида 35-40 миллион кишини ташкил этади. Уларнинг ўртача даромадлари эса йилига 50 мингдан 250 минг АҚШ долларигача етади. Улар асосан технология, дизайн, маркетинг, муҳандислик ва бошқа билимга асосланган соҳаларда фаолият юритади. Рақамли кўчманчилар фақат турист эмас – улар яшайдиган мамлакатига хизмат харажатлари, ижара, озиқ-овқат, транспорт ва бошқа соҳалар орқали бевосита иқтисодий таъсир кўрсатади.
Рақамли кўчманчилар илдизи қаердан бошланган?
Digital nomad ғояси илк бор 1980 йилларда пайдо бўлган. IBM каби технологик гигантлар ўша даврдаёқ масофадан ишлаш имкониятини ўргана бошлаган, бу эса ходимларни офисдан озод этиш фикрини туғдирган эди.
1997 йилда япон технологи Цугио Макимото ва британиялик журналист Девид Маннерс томонидан ёзилган «Digital nomad» китоби эса ушбу ғояни кенг жамоатчиликка танитди. Китоб рақамли номадликнинг келажагини олдиндан кўра билган, аммо бир жиҳатни эътибордан четда қолдирган: жамият ва маданият бу ўзгаришни дарров қабул қилишга тайёр эмас эди.
Аввалига рақамли кўчманчилик Жануби-Шарқий Осиё каби ҳудудларда илдиз ота бошлади. Бу ерда иммиграция сиёсати анча юмшоқ бўлиб, мустақил ишлайдиган мутахассислар учун қулай шароитлар яратилганди. Айнан шу пандемиягача бўлган давр рақамли номадлар учун «олтин давр» сифатида эътироф этилади. Ўша пайтда тартибга солувчи органлар бу ҳаракатга деярли эътибор қаратмас, визалар ва иммиграция масалалари осон ҳал этиларди.
Аммо COVID-19 пандемияси барчасини тубдан ўзгартирди. Дунё бўйлаб компаниялар мажбурий карантинлар билан юзма-юз келиб, масофавий ишлашни зудлик билан жорий этишга мажбур бўлди. Шундай қилиб, илгари нисбатан чекка қатлам бўлган рақамли номадлар ҳаракати асосий тенденциялардан бирига айланди.
Бу ҳаракат тобора кенгайиб бормоқда: 2024 йил ҳолатига кўра, АҚШда рақамли кўчманчилар сони 18,1 миллион кишига етган – бу илгари кузатилган кўрсаткичлардан сезиларли даражада кўп. Бу ҳақда MBO Partners томонидан эълон қилинган «2024 State of Independence in America Report» ҳисоботида қайд этилган.
FlexJobs томонидан 2021 йилда ўтказилган сўровда иштирок этганларнинг 97 фоизи масофадан ишлаш имкониятини хоҳлаши, 61 фоизи эса пандемиядан кейин ҳам доимий масофавий ишлаш тарафдори эканини билдирган.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, рақамли номадлар одатда 25–44 ёшдаги, олий маълумотли ва мустақил иш олиб борадиган мутахассислар бўлади. Улар кўпинча фрилансер ёки шахсий бизнес эгалари сифатида фаолият юритади.
Шу тариқа, глобал меҳнат бозори тубдан ўзгармоқда. Энди компаниялар ўз тузилмаларига географик жиҳатдан ҳаракатда бўлган, доимий офис талаб қилмайдиган ишчиларни қандай қўшишни ўрганишга мажбур бўлмоқда.
Рақамли кўчманчиларнинг иқтисодиётга таъсири
Рақамли кўчманчилар қисқа муддатли меҳмонлар эмас – улар кетган жойида иқтисодий экотизимга реал ва барқарор фойда олиб келади. Уларнинг ойига ўртача сарф қиладиган маблағи 1,800 доллардан 3,000 долларгача деб баҳоланади. Бу эса уларни кўплаб давлатлар учун туризм ва хизматлар секторида юқори даромад манбаига айлантиради.
Дунё бўйлаб рақамли кўчманчилар глобал миқёсда йилига 787 миллиард АҚШ доллари миқдорида иқтисодий қиймат яратмоқда. Агар бу ҳаракат мустақил давлат сифатида мавжуд бўлса, аҳолиси жиҳатидан дунёда 41-ўринда турарди.
Бали (Индонезия) 2022 йил охиридан бошлаб рақамли кўчманчилар учун мўлжалланган визалар орқали сезиларли даражада янги демографик қатламни жалб қила олди. Шу кунгача тахминан 47 мингга яқин рақамли номад оролга кўчиб ўтган. Бу эса Бали иқтисодиёти учун янги доимий даромад манбасига айланган.
Глобал тенденцияларга асосланадиган ҳисоб-китобларга кўра, бу номадларнинг умумий йиллик иқтисодий таъсир кўлами бу каби давлатлар учун юз миллионлаб долларга етмоқда. Бу сарф-ҳаражатлар асосан уй-жой ижараси, овқатланиш, транспорт ва соғлиқни сақлаш хизматларига тўғри келади.
Хулоса қилиб айтганда, рақамли кўчманчилар биргина туризм эмас, балки барқарор хизмат кўрсатиш, яшаш ва технологик истеъмол бозорига таъсир қилувчи кучли иқтисодий фактор сифатида қаралмоқда.
Визалар ва енгилликлар: Рақобат кучаймоқда
Ушбу гуруҳнинг иқтисодий салоҳиятини англаган кўплаб давлатлар улар учун махсус миграция стратегияларини ишлаб чиқмоқда. Бугунги кунда 50 дан ортиқ давлат рақамли кўчманчилар учун махсус визалар ишлаб чиққан. Бу глобал миграция соҳасида янги рақобат майдонини яратди.
Эстония 2020 йилда дунёда биринчи бўлиб рақамли кўчманчилар учун махсус визани тақдим этди. Бу виза бир йил муддатгача Эстонияда ишлаш ва яшаш ҳуқуқини беради. Шу билан бирга, Эстония фуқаролиги бўлмаган шахсларга «э-Ресиденcй» дастури орқали масофадан компания очиш ва юритиш имконини яратди.
Португалия эса «Д8» визаси орқали ойига тахминан 3,280 евро даромадга эга шахсларга 5 йилгача яшаш ва ишлаш ҳуқуқини беради. Виза нафақат ишлаш, балки доимий яшаш ҳуқуқи ва келажакда фуқаролик олиш имкониятини ҳам очади.
Грузия «Ремотелй фром Георгиа» дастурини жорий этган бўлиб, у орқали 95 дан ортиқ давлат фуқаролари 360 кунгача визасиз кириб, ишлаши мумкин. Бу Грузия учун нафақат туризм, балки инновацион иқтисодиёт ривожида муҳим роль ўйнайди.
Индонезия (Бали) ўзининг машҳур «Сеcонд Ҳоме Виса» дастури орқали рақамли кўчманчиларга 10 йилгача яшаш ҳуқуқини берувчи махсус виза таклиф қилмоқда. Бу дастур орқали Бали узоқ муддатли масофавий ишчиларни жалб қилишда муваффақият қозонди.
Мексика эса 6 ойдан 4 йилгача бўлган вақт давомида ишлаш имконини берувчи «Темпорарй Ресидент Виса» дастурини йўлга қўйган. Бу виза рақамли мутахассисларга барқарорлик ва ҳуқуқий ҳимоя тақдим этади.
Кўчманчи нима излайди?
Рақамли кўчманчилар ўз вақтини ва маблағини қаерда сарфлаш борасида жуда эҳтиёткор қарор қабул қилади. Улар танлаётган мамлакатлар бир нечта асосий мезонларга жавоб бериши керак:
● Интернет тезлиги: Иш фаолияти интернетга тўлиқ боғлиқ бўлгани учун, юқори тезликдаги, ишончли ва барқарор интернет тармоғи биринчи даражадаги талабдир.
● Коворкинг ва умумий офис инфратузилмаси: Кафе, иш марказлари ва очиқ маконларда самарали ишлаш имконияти.
● Ҳаёт сифати: Арзон, лекин хавфсиз ва қулай яшаш муҳити. Кўчманчилар узоқ муддатли яшашни режалаштирганлиги сабабли, соғлиқни сақлаш, овқатланиш, иқлим ва ижтимоий барқарорлик муҳим ўринда туради.
● Ижтимоий тармоқ ва жамоалар мавжудлиги: Масалан, Бали, Чианг Маи ёки Меделлíн каби шаҳарларда аллақачон шаклланган рақамли кўчманчилар жамоалари мавжуд бўлиб, улар янги келувчилар учун ҳамкорлик ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш муҳити яратади.
● Маданий хилма-хиллик ва очиқлик: Кўчманчилар одатда глобал маданиятга очиқ, илғор жамиятларни афзал кўришади.
Хулоса
Рақамли кўчманчилар замонавий дунёнинг янги меҳмонлари эмас – улар янги иқтисодий тўлқиндир. Улар келган жойида туризм, хизмат кўрсатиш, инфратузилма ва технологик ривожланишни жадаллаштиради. Кўплаб давлатлар бу имкониятни тўғри англаб, миграция сиёсатини мослаштирмоқда. Визалар, солиқ енгилликлари ва қулай яшаш шароитлари орқали улар бу глобал тўлқинни жалб этишга ҳаракат қилмоқда. Бу эса бир нарсани англатади: рақамли туризм ёки масофавий ишчилар учун яратилган экотизим – бу нафақат замонавий тенденция, балки давлатлар ўртасидаги янги рақобат майдони ҳамдир.
Мафкура
Жараён
Маънавият
Ватандош
Жараён
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ