Томчи эффекти – икки дўстни ўзгартирган саёҳат


Сақлаш
13:14 / 11.07.2025 125 0

Тун ярмидан ошганда уйқу элита бошлади. Дўстимнинг мароқ билан сўзлаши, неча йиллик дийдор соғинчи ҳам қаршилик қила олмаяпти. Бир-икки мулгиб кетгандим, дўстим қўлимдан тутиб ташқарига етаклади. 

 

Ёз оқшоми. Қур-қур, ҳур-ҳурлар... қулоққа чалинади. Осмонда тилла тариқдай сочилиб ётган чароғон юлдузлар кўнгилдаги умид учқунларига ўхшайди.

– Эсингдами, йигирма йиллар аввал шу маҳаллар бизни роса калтаклагандинг, – деди у тўсатдан.

Хижолатдан ўзимни унутганга соламан.

– Ўшанда абитуриент эдик, сен аълочисан. Бизнинг китобга тобимиз йўқ. Имтиҳонларга тайёрланишга келгандик. Ухлаб қолган маҳалимиз ташқаридан катта, тиканакли таёқ олиб келиб, роса савалагансан. Ҳеч эсимдан чиқмайди. Ғафлат босса гўё устимга бостириб келаётгандек туюласан, – ўйчан сўзлаётган дўстимга нима дейишни билмай каловланаман.

– Қўйсанг-чи, уялтирма, болалик қилганман-да, – юзим қизий бошлайди.

– Хижолат бўлма, жуда тўғри иш бўлган. Мақсаддан чалғисам, калаванинг учини йўқота бошласам баданимда ўша оғриқлар симиллай бошлайди. Сендан бир умр миннатдорман.

Самимият билан қўлимни сиқиб қўйди.

Тонготарга яқин дўстим сафархалтасини ҳозирлай бошлади.

– Нима қилаяпсан? Энди мириқиб ухлайлик, қишлоқнинг ҳавоси бошқача. Тиниқиб уйғонасан, – яна ниманидир бошлаб қолишидан чўчиётгандим.

– Одам доим ёнидаги гўзалликнинг қадрига етмайди. Китоб ўқимай қўйсак, «дунёдаги энг сулув, энг ҳусндор, энг кўркли қизга уйланган йигит унга оддий хотинга қарагандек қарайди» деб кўп айтардинг. Китоб шунчаки қораланган қоғоздек кўринмасин дердинг. Яхши кўрган ёзувчингнинг гапи эди бу. Энди ўзинг бу тоғларнинг маҳобатини, хосиятини ҳис қилмай қўйибсан.

– Э, шуларни ҳали унутмадингми?

– Истайсанми, сенга бутун болалигимизнинг расимини чизиб бераман. Эсингда бўлса севимли мултигимиз бўларди. «Ғаройиб саёҳат» эди номи. Тепаликка чиқишни орзу қилган икки дўст – Тюти ва Топ ҳақида. «Бир умрлик орзу... Кечир мени, дўстим... Эҳ менинг севимли самоварим» – мултфилмдаги бу ибораларни такрорлаб юрардик. Хорижда ўша «тепалик»ка чиқдим, жўра.

Ҳа, бу жумлалар кундалик ҳаётимизга қоришиб кетган, энг севимли ўрол гапларимизга айланганди. Дўстимнинг фавқулодда хотирасига тан бераман. Унинг «бир умрлик орзу»сини амалга ошириш учун егуликни захиралаб йўлга тушдик.

 

 

Аввал Булоқбошига бориб, муздек чашма сувида юз-қўлимизни ювдик, қониб-қониб ичдик. Сўлим манзара, Бешчинор орасида суратларга тушдик. Кейин юқорилаб, қир бағрида офтоб чиқишини томоша қилдик. Дўстим ҳар бир ҳолатни камерага муҳрлади.

Қадам ташлаш малол келаётганди, заррин нурлар атрофга ёйилар экан, уйқу арий бошлади.

– Атрофнинг гўзаллигини наҳот кўрмаяпсан? – кулади дўстим яна ўша мултик қаҳрамонининг гапини эслаб.

– Кўраяпман, кўраяпман, – қишлоғим кўзимга ўзгача туюла бошлади.

– Ақл ўргатаяпти демагину, сени доимий мажбурият остида яшаш юки қийнаб қўйибди. Бир кунгина ҳаммасини унут. Бугун ўша машҳур Томчиқоққа чиқишимиз керак. Шу ҳақида яна бир оз гапириб бер.

– У Ойқор тоғининг энг чўққисида. Қоя орасидаги ўнгирда катта харсанг тошда ҳовузча пайдо бўлган. Унга ҳар лаҳзада сув томчилаб туради. Томчилар зарби йиллар давомида ана шу манзарани ҳосил қилган. Кўрсанг баҳри дилинг очилиб, чарчоқларинг унут бўлади, – таъриф берарканман ўзим ҳам завқланишни бошладим.

– Бир умр орзу қилганман у ерга чиқишни...

– Бир умр... кечир мени, дўстим, Тюти, билмаган эканман!

Хандон отиб кулиб, йўлимизда давом этамиз. Қолиб кетаётган ишим, мени кимдир кутиб турган бўлиши мумкинлиги, яна аллақандай кундалик мажбуриятлар унутилади.

 

Томчиқоқни қидириб

Томчиқоқни қидириб кетарканмиз, хаёлан болаликка, ўқувчилик йилларимизга қайтдик. Лицейда таҳсилни бошлагач, бор-йўғи икки ҳафтага бардошимиз етди. Кейин турли нағмалар топа бошладик: «Муаллимимиз дарс пайтида ухлаб ўтиради. Мактабимизнинг ўқитувчилари улардан яхшироқ...».

Кўч-кўронимизни кўтариб қишлоққа қайтиб борганимизда педагоглик қон-қонига сингиб кетган отам бу каби баҳоналаримизни қабул қилмади. Ўқишни давом эттиришга мажбурлади.

 

 

Ўшанда янги келинчак бўлган, уйқусираб ўтирадиган устозимиз дарсимизга бошқа кирмади. Болаларча рўкачларимиз қурбони бўлдимикан?! Виждон азобланади. Туман марказида яшайдиган холамникида яшаймиз. Танқислик замонида икки синфдош битта хонани банд қилганмиз. Уч маҳал овқат, текин ётоқ. Холамнинг тўрт боласи олтита бўлди. Яна тўкис шароит ярата олмаётганидан ўзларини ноқулай ҳис қилишади.

 

Бир сафар ишим борлигини рўкач қилиб, энг қаттиққўл – химия ўқитувчимиздан рухсат олиб, туман марказига чиқиб келганман. Нима қилгансан денг? Битта нон сотиб олиб, қорнимни тўқлаганман. Хавотирга тушиб қолгандим, дўстим ошқозон касалига чалинганди.

 

Кечаси билан чироқни ёқиб дарс қилиб чиқишимиз қўшниларга сезилмаслиги, гап-сўз кўпаймаслиги учун тунги ўндан кейин ташқарига нур ёйилмайдиган қилиб деразага зич парда қоплардик. Ўзимизни ухлаганга солардик. Тунлар тонгга ана шундай уланарди.

Қоронғидан чўчийдиган одатим бор. Синфдошим масжиднинг имоми бўлган акасидан дуо ёзилган қоғоз олиб келиб берди.

 

– Шуни ёдлаб, айтиб юрсанг, бало-қазони даф қилади.

Арабчасини ўқий олмасам ҳам тагида ёзилган кириллчасидан ёдлай бошладим. Ўртада ҳафта-ўн кун ўтди.

Не тонгки, бир куни жисмоний тарбия дарсида бизни чақириб қолишди.

– Мана бу нима? – араб ёзувидаги варақни кўрсатишди важоҳат билан. – Қаердан олдинг, кимларга тарғиб қилаяпсан?

– Ҳеч кимга... ёдлаётган эдим.

Муаллимлар бир-бирларига маъноли қарашди.

Ҳеч нарсага тушунмай эсанкираб қолдим.

– Буни кимдан олдинг?

Дўстим акасидан олиб келиб берганини, ёдлаб ўқиб юрса фойдали эканини айтдим.

Эртаси куни ота-оналарни суҳбатга чақиришди. Анча меҳримиз тушиб қолган лицейдан бадарға бўлиб кетишимизга бир бахя қолди. Туман марказидан чақиртирилган мутасаддилар бу варақнинг қайси китобдан олингани, ҳеч қандай шубҳага асос йўқлигини исботлаб беришди.

 

Шу воқеа сабаб дўстим билан анча қадрдонлашдик. Аммо шундай тўс-тўполон маҳалда мен билан яшаётган қишлоқдошим «бирга туришимизни ҳеч ким билмасин, битта қишлоқдан бўлсак ҳам сени яхши танимайман» дея ўзига ўргатилган гапларни қулоғимга шипшиди. Кўп ўтмай у холамнинг уйини тарк этди. Ҳамма ишлар ўрнига тушди, аммо менинг кўнглим жойига тушмади.

Барча битирув имтиҳонларида ўтирмасдан жавоб беришга аҳд қилдим. Деярли барчасидан «беш» баҳо. Ў-ў, ўша лаҳзалар берган сурурни, лаззатни сизга ҳис қилдира олсайдим. Бир умр имтиҳон топшириб юришга рози бўлиб кетардингиз.

Лекин бу лаззат менга жуда катта изтироб олиб келди. Ўша йили талабалик бахти насиб қилмади. Қишлоқда, окопда ётиб душманни пойлаган аскардай келгуси йилги имтиҳонга тайёргарлик кўрдим.

 

Эссиз шундай «самовар»...

Мана шу «окоп»да ўтган йил мен тепаликка чиқиш учун ортмоқлаган «самовар» нима эканини ҳал қилиб берди. Бунда ёши саксондан ошиб, ўрнидан туришга мажоли қолмаган момомнинг ҳиссаси катта. Биз соатлаб эмас, кунлаб суҳбатлашардик. Ўшанда етти уруғимиз, қариндош-уруғларнинг шажарасини тузиб чиққанман.

 

Бошидан ўтган воқеаларнинг ўзи бир романга татийди. Қирқ кунлик келинчак эрини армияга кузатиши, ўртада қорахат келиши. Акалари урушга кетиб, дараксиз бўлгач, онасини қарамоғига олиши...

Норқул бобонинг етти йил деганда бир оёқсиз уйга қайтиши...

Улар умр бўйи шукур қилиб яшади. Момом танасида турган санчиқнинг зўридан инграб юборарди, кейин ўзини тутиб олиб «берган дардингга ҳам шукур» дерди пичирлаб.

 Умрининг сўнгги кунлари шифокор тоза спирт ичишни буюрди.

– Болам, неча кунлик умрим бор, тоза кетай, – дея унамади.

Табиат билан тиллашишига ҳалигача ақлим етмайди. Деворда осиғлиқ соатимиз бўларди. Тўшакка михланган момомга у сира ҳам кўринмайди. Лекин эрталаб нечидадир уйғотишни тайинласангиз соат миллари айни вақтни кўрсатаётган паллада чақиради: «Тур, болам, вақт бўлди».

Жойидан жила олмаслигини билмаган одам қайта-қайта кўриб, вақтида уйғотяпти деб ўйлаши тайин. Вақтнинг ичидан вақт ҳосил қилишни, пулнинг баракасини момомдан ўрганганман.

Бир туни сандиқнинг устидаги юкларни туширишга ишора қилди. Кейин унинг тагидаги бир тугунчадан пул олиб менга узатди.

– Ол, ўғлим, ўзимдан ўзим ўғирладим. Яхши кунларингга ишлатасан, қўша олсанг қўш.

Кўзимга жиққа ёш қалқди.

– Йўқ, менга керак эмас. Ўзингиз ишлатинг.

– Олмасанг хафа бўламан.

Пулларни олдиму ичимда нимадир узилгандек бўлди. Хаёлимда тез орада ўлиб қоладигандек.

Момом сувга нон ботириб еб ўтираркан, баъзида шашлик, сомса тусаб қоларди кўнгли.

– Кун кўрган пайтим ҳозир, қорнимиз нонга тўймасди, – дея хижолат бўлади айтган гапларидан.

Қўлим пул кўргандан кейин ботирсиниб, икки сих шашлик билан битта Жиззах сомса кўтариб келдим. Ярмидан кўпини ўзим еган бўлсам ҳам момомнинг кўзда ёш билан шашлик егани кўз олдимдан кетмайди.

Ўшандан буён чорасизликдан чора топилгунича, имконсизликдан имкон ҳосил бўлгунича сабр қилишга ўргандим. Бунинг учун умримнинг бир қисмини бой берганим рост. Ўтган йилларим худди мултфилмда тепаликдан думалаб кетган самоварга ўхшайди.

 

 

«Тирикмисан, ур-ра-а-а...»

Дўстим билан ўтган кунларни эслаб, тоғ йўлининг машаққатларини унутаётгандик. Бизни ёшликдаги жуда кўп воқеалар боғлаб туради. Йигирма йилдан буён битта ватанга сиғмаётган бўлсак-да, бир вақтлар битта партада ўтирганмиз.

 

Катта йўлнинг бошида ниятлар эзгу эди: бир оз пул топиш, шаҳардан уй-жой қилиш, қариндош-уруғларнинг иқтисодини кўтариш, дунё кўриш...

Мақсадига бир қадар етишди. Бунинг учун унга Жанубий Кореяда ўтган беш йил кифоя қилди. Иқтисодий муаммолари ариди, шаҳардан қўша-қўша уй, машина олди. Аммо кўнгил қурғур тўлмади, Кореядан сўнг Америка орзусига тушди. «Сеҳрли диёр»нинг меҳригиёси кучлилик қилгандир. Мана ўн йилдан ошди – океан ортида.

 

У менга ўзи учун тутумга айланган гапларини уқтира олмайди, мен ҳам юрагимни зирапчадек тирнаётган фикрларимни англатолмай овораман. Ўн бир йил ҳарбий хизматда бўлдим. Ишдан бўшашим керак. Мен ҳам ижод кишиси санайман ўзимни. Ижодга қайтишим керак. Шу хусусда улар билан баҳслашдик.

– Сени у ерда нима ушлаб турибди? Ойлик десак бўлмас, ҳарбий либос десак ҳамманинг ҳавасини келтирадиган қорувли йигит эмассан.

Сидқидилдан ватанга холис хизмат қилиш ниятида эканимни ҳеч бир сўз билан изоҳлаб бера олмадим. Наҳотки, у бундай кечинмадан бегоналашиб кетган ё мен тушунтира олмаяпманми?

 Ўша маҳаллар расмана жанжаллашиб кетишимизга бир бахя қоларди.

Унинг яшаш тарзи бутунлай ўзгариб кетган, менинг ҳаёт формулаларим бошқача. Гоҳида гапида жон бордек туюлади.

– Ўзбекистонда одамлар аслида унчалик ҳам пулга муҳтож эмас. Шунчаки қаерга ишлатишни билмайди. Ёзувчи бўлсанг шуни тушунтир одамларга. Бошқаларнинг кўзи учун яшашни бас қилишсин, – дейди гоҳида зарда билан.

– Нимани масалан?

– Акамга ўн минг доллар берсам, юз доллар қолганида энди нима қилиш ҳақида ўйлай бошлайди. Бир қўшнимиз ёрдам сўраганди, минг доллар эҳсон қилдим. Икки кундан кейин қарасам ҳовли тўла одам. Карнай-сурнай, ўйин-кулги. Кейин билсам, яқинда турмушга узатган қизини чақирди қилаётган экан. Нега керак бундай ортиқча дабдаба? Ўзи даволанишга бориши керак эди. Яна нимани тушунтирай сенга?..

– Ўзинг нима қилмоқчисан, дўстим? Ўзингдан гапир.

– Очиғини айтсам, менинг бошим қотган. Болаларим катта бўлиб қолди. Уларни Америка муҳитига ишонолмаяпман. Тошкенти азимдан ҳовли қилдим, кўрдинг-ку, яшай олмадим. Истанбулдан уй олдим. Ҳозир учта давлат орасида ҳалакман.

Мен учун у, у учун мен қалбан ўлгандекмиз. Бир-биримизни мутлақо ҳис қилмай қўйгандик.

 

Томчиқоққа етишимиз билан харсанг устига чиқиб, кўзларимни юмиб, ётиб олдим. Хаёлимдан қирқ йиллик умрим кино тасмасидек ўта бошлади. Талабалик йилларим, Малайзия хотиралари, Москов сафарлари, Сибир совуқларидаги дайдишлар, Волга бўйида Бахмал хаёли, Қозоғистон чўлларини вертолётда кезганимиз...

 

 

Кўзларимни очсам оппоқ булут шундоқ манглайимнинг устида сузиб юрибди. Табиатга сингиб кетгиси келади одамнинг.

Баъзи неъматларнинг қадрига етмай қўйганмиз. Совуқда хизмат сафарида – тоғда юрибмиз. Бемор танишим қўнғироқ қилиб, ҳол сўради, қаердалигимга қизиқди.

– Мана юрибман-да тоғда, совуқда.

Бир пас жим қолди.

– Менинг ўрнимга ҳам тўйиб-тўйиб нафас олиб келинг, – деди кейин ҳиқиллаб. – Кеча операциядан чиқиб, ўзимни тоғда тасаввур қилиб, кайфиятимни кўтаргандим.

 

У яна уч ҳафтадан сўнг нафас олишдан тўхтади. «Автобусда тик туриб, тиқилиб кетсам ҳам майли. Мен ҳам қаергадир шошсам...» – унинг ушалмаган орзулари мусаффо тоғ ҳавосидек димоғимга кириб яшашимни енгиллаштиради.

Бир замон дўстим хаёлимни бўлиб яна тилга кирди:

– Атрофнинг гўзаллигини қарагин, яхшилаб қарагин, нақадар чиройли а... Тирикмисан?..

 

Беминнат ватан

Икки дўст машҳур асардаги «мағиявий театр»га тушаётгандек жамики сипо либосларимизни Томчиқоқда қолдирдик.

– Чак, чик, чак, чик...

«Томчи тошни тешади» деганлари ҳақиқат. Йиллаб тинчимаган томчилар харсангтош бағрини ўйиб, шу ҳовузчани пайдо қилган.

«Капалак эффекти» ҳақида ўйладим. Ойқор тоғининг чўққисидаги томчининг адоқсиз уммонлар билан алоқаси бор. Биз бепарво қарайдиган калаванинг учи катта-катта ҳодисаларда эмас, лаҳзаларда, томчиларда яширингандек.

Кўнглим бўшаб момомни эсладим, ҳув катта қирда мозорда ётганини, «дуодан қисманглар» дея кўп-кўп тайинлаганини дўстимга айтдим. Ватанда туриб жанозасига етиб кела олмаганимни, шунгами ҳалиям кўз ўнгимда тирикдай гавдаланишини айтиб бердим. Дўстим отасини, онасини эслади, охир манзилга кузата олмаганидан надомат чекди.

 

 

Неча йиллар айтилмаган гаплар юрагимиздан ҳайқириб чиқарди. Мусаффо табиат бизни поклаётгандек эди. Харсангтош устида курраи замин ҳам, ўтгану қолган умримиз ҳам кифтимизда тургандек тафаккур қилардик.

Дўстим фарзандларини олиб она юртга қайтадиган бўлди. Беминнат, бегидир, бағри ҳам одамларининг кўнгли ҳам кенг ватан турганда бу қадар оворагарчилик не даркор!?

Хорижга фақат хизмат сафарларига, илм йўлида боришга келишдик.

Пастга инарканмиз биз гўё ёш болага айланиб қолгандик. Бир-биримизга гап бермасдик, ўз-ўзимиздан мамнун эдик. Болалигимизнинг қадрдон мултигидаги сўнгги гап гўё дара бўйлаб жарангларди:

– Яхшиям мен сени ўша тепаликка чиқишга мажбур қилдим...

 

Азиз НОРҚУЛОВ

"Маънавий ҳаёт" журнали, 2-сон.

"Томчи эффекти" мақоласи

 Фото: Собир МУҲАММАД

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Мафкура

18:10 / 02.10.2025 0 58
Аламим бор,,,





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 21842
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//