“Доктор Живаго” романи қаҳрамони Ларанинг прототипи – Лариса Рейснернинг сирли орзуси нима эди?


Сақлаш
17:20 / 30.03.2022 956 0

Лариса Рейснер инсон тийнатида кам учрайдиган ноёб феъл-атворга эга аёллардан эди. Катта истеъдоддан ташқари яна бир фазилати бор эдики, бу ҳол унга нисбатан кўпчиликнинг бепарво бўлишига йўл қўймасди. У яралишдан жуда гўзал эди. Лариса шахсиятида мужассамлашган бундай фазилат ва нуқсонлар (ҳа, у ҳам бир банда сифатида нуқсонлардан холи эмасди!) умр йўлларида чуқур из қолдирди, ҳаётининг онгли лаҳзалари саргузаштларга, кескин воқеаларга бой бўлди. Унинг номини журналистика тарихида қайноқ нуқталардан кескин репортажлар ёзган муаллиф сифатида эслашади.

 

Лариса 1895 йил 2 майда Польша қироллигига қарашли Люблин шаҳрида дунёга келади. Ўн ёшга тўлганда оиласи Петербургга кўчиб ўтади.  Отаси Михаилнинг касби юрист бўлса-да, невропсихолог сифатида яхши мутахассис эди, олий ўқув юртида дарс берарди. Унинг мулоҳазалари социал-демократик тафаккур тарзига ҳамоҳанг ва шу туфайли Август Бебель, Карл Либкнехт, Владимир Ленин билан жуда яқин эди.

 

Табиатан ижодкор қиз 18 ёшида сирли тараққиёт олами ҳисобланувчи Атлантида ҳақида эссе ёзди. Унинг феъли бошқаларга ўхшамаганидан севимли машғулотлари ҳам, қизиқишлари-ю танлаган мавзулари ҳам ўзгача эди. Отаси билан ҳамкорликда “Рудин” журналини чиқарди. Ўша пайтларда Иван Тургеневнинг қаҳрамони номи янгиликка интилувчи қатламнинг умумий шиорига айланганди. Журналда шеърлар билан бирга ўткир фелъетонлар ҳам эълон қилинди.

 

 Ўз иқтидори билан мавқе қозониб борган Лариса мамлакат маориф халқ комиссари Анатолий Луначарскийнинг котибаси мақомига ҳам эришди. Аммо унинг қалбида шеърга ошуфталик туғён урарди. “Лариса шеъриятнинг муқаддас руҳига сиғиниб, ўзини буюк шоирага айлантирадиган мўъжизага қалбан ишонарди, – деб ёзади адабиётшунос Л. Васильева. – Бу унинг азалий ва сирли орзуси эди. Аммо ўз истеъдоди билан назмий майдонни аллақачон фатҳ этган Ахматова унга халақит берди. Лариса унинг соясида қолиб кетишни хоҳламасди. Шу боис шеърият қанчалар сеҳрли бўлмасин, уни тарк этди, аста-секин назмдан насрга, насрдан очеркка ўтди”. Лариса Рейснернинг умумий ҳаёт йўли шундан иборат, аммо бунгача, яъни “азалий ва сирли орзу”ни тарк этиб, насрга ўтишгача анчагина саргузаштлар борки, ўтган лаҳзалар ҳам беҳуда кетмаган, балки ёруғ излари билан бу таржимаи ҳолни безаган.

 

Ўз келажагига соя солган (ўзи шундай тан олган) Анна Ахматова билан ҳисоб-китобни чўзиб ўтирмади, унинг эри Николай Гумилёв билан яқинлашди (балки буюклик иксирини юқтирмоқчи бўлгандир). Ҳиссиётли шоир ҳар қандай эркак каби бетимсол гўзаллик қаршисида ожиз эди. Бу икковининг муносабатини хотиржам кузатган улуғ шоира эрининг феълини яхши билганидан, ечимни аниқ тасаввур қиларди. Шундай бўлиб чиқди ҳам. Тез орада Николай Гумилёв адиб ва шоир Николой Энгельгардтнинг қизи Анна билан севишиб қолди ва унга уйланди.

 

Ўша йиллардаги ижтимоий кайфият, инқилобий руҳ Лариса Рейснер қаламида суратлана борди, кичик лавҳалардан жонли репортажларгача, тезкор ахборотлардан кўламли очеркларгача иншо этиб, ўша давр қиёфасининг ёрқин тимсоли бўлган газета-журналларда эълон қилиб борди. Натижада “Фронт” номи билан салмоқли тўплам юзага келди. Унинг битиклари ижодий жамоатчиликни янги бир муаллиф билан таништирди. Шу йиллардаги ҳаёт солномасида Лариса Рейснер бутун Россия жамоатчилиги диққат марказида бўлган Борис Пастернак, Александр Блок, Осип Мандельштам, Михаил Кольцов, Всеволод Рождественский сингари  машҳур ижодкорлар билан яқин муносабатда бўлгани қайд қилинган.

 

Лариса доим йўлда, ҳаракатда эди. Бир неча марта разведкага чиқиб келгани, ҳатто қўлга тушиб қолганда бундай нозик ва латофатли аёлдан қалтис иш чиқишини кутмаган терговчини чалғитиб, деразадан ташлаб қочгани, луғатда эса “ҳарбий сиёсатчи” атамаси унга нисбатан ишлатилгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Ниҳоят, суронли фронт йиллари ва йўллари орқали ўтган тақдир “олов оғушидаги ғунча”ни Волга флотилияси командири Фёдор Раскольниковга дуч қилди. Улар 1921 йил апрелида турмуш қуришди.

 

1925 йили Фёдор Раскольников СССРнинг Афғонистондаги ишончли вакили (элчиси) этиб тайинланади. Эру хотин Ўрта Осиё орқали Афғонистонга ўтишди. Лариса йўл таассуротларини бирма-бир қоғозга тушириб борарди. Бу эсдаликлар кейинчалик яратилган ва нашр этилган “Афғонистон” китобида акс этди. Муаллиф танишларидан бирига шундай деб ёзганди: “Пойгада ортда қолаётган бедовдек тўлиқиб ишлаяпман. Тезроқ ўз Афғонистонимни муқовага тиқсам, дейман”.

 

Муаллифнинг ўша асаридаги “Туркистон” бўлими шундай бошланади: “Кўз илғамас тубсиз осмон ва сип-силлиқ ер ўртасида йўқ бўлиб кетадиган сароб. Жонсиз далалар, лоқайд кўллар, мангу қор билан қопланган тоғлар ва юзлаб километрга чўзилган сукунат узра ойнинг оппоқ нурлари. Темур отларининг туёқлари остида мажақланган, иссиқда куйган, қаҳратонда музлаган йўллар, асло кўз юммайдиган ва туш ҳам кўрмайдиган тақирлар ҳаракатсиз ётибди.

 

Англаб бўлмайди: Гейненинг қайноқ кўз ёшлари пўрсилдоқ қора ерга сингиб кетади. Ҳатто Елезавета Петровнанинг дабдабали улуғворлиги, унинг салтанати ҳақидаги суюқ ва беҳаё латифалар, Бестужевнинг совуққонлиги, Разумовскийнинг мардона бағрикенглиги, ҳатто Шуваловнинг жимжималарию Ломоносовнинг қасидалари ҳам ой нури ва булутлар салтанатидан тошга айланган бўшлиқлар бағрида ўз тароватини йўқотади...”

 

Лариса Рейснер Афғонистон амири Омонуллохон саройигача кириб бориш ваколатига эга эди. Унинг ҳукмдор оиласи билан яқинлиги кўп марта қайд этилган. Европа андозаларига интилган ҳукмдорнинг бу соҳибжамол хилқат билан бир неча марта стол теннисида маҳоратини кўрикдан ўтказгани ҳам айтилади. Маълумки, Фёдор Раскольников катта бир мамлакатнинг ишончли вакили эди, “империалистлар қуршовида эзилаётган” Афғонистон эса унинг кўмагига кўз тикарди. Бу яқинликда ана шундай омиллар ҳам иш бажарарди.

 

Нима бўлганда ҳам, Лариса “ишончли элчи”дан зерикди, барча саъй-ҳаракатлар беҳуда кетди. У эри билан ажрашиб, Россияга қайтди. 1923 йили чех журналисти ва инқилобчиси Карл Радек билан танишди. Улар “Красная звезда”  ва “Известия” газеталари мухбири сифатида Германияга йўл олишди. Шу йилларда Рур ҳавзасидаги ишчилар қўзғолони, Гамбург исёни ва бошқа “дунёни ларзага соладиган” мавзуларда репортажлар ёзди. Германиядан кейин Донга йўл олди, оғир саноатнинг муҳим иншоотларидан бири ҳақида очерклар ёзди.

 

Кейинги йилларда Лариса Рейснернинг бир неча китоблари ёруғлик юзини кўрди. Унинг ҳаётий идеалларига декабристлар фаолияти ҳамоҳанглик бахш этган, ёруғ из қолдирганди. “Декабристлар сурати” асари ана шу муносабатнинг ифодаси эди. “Кўмир, темир ва тирик одамлар” китобида ўша йиллар манзараси бутун зиддияти ва ихтилофлари билан акс этган.

 

1926 йилнинг бошида Лариса қорин тифи (ичбуруқ)қа чалинади. Кремль касалхонасидаги барча муолажалар беҳуда кетади. 9 февраль куни вафот этади. Унинг ўлими шунчалик кутилмаган эдики, сўнгги нафасида бошида турган  онаси ҳам ўз жонига қасд қилади. “Ларисага, инсон қавмининг  нодир, сара намунасига ўлиш нима учун керак бўлиб қолди?” деб ёзганди бу ҳақда Михаил Кольцов.

 

Рус ижодкорлари ҳам бу такрорланмас аёл тимсолини унута олмадилар, ижодда унинг ёрқин хотирасига қайта-қайта мурожаат қилдилар. Всеволод Вишневский “Оптимистик трагедия” асарини (экранлаштирилган ҳам) унга бағишлади. Борис Пастернак “Доктор Живаго” романи бош қаҳрамонини унинг исми билан атади. У хотираларда кўп бора тилга олинди, шеърлар ёзилди. Латвия флотидаги битта кемага ҳам номи қўйилди. Қалам тутган кўплаб ижодкорлар эса Лариса Рейснернинг ҳаёт йўлини бир дарс сифатида ўрганадилар, ижодий мактабидан баҳраманд бўладилар.

 

Олимшон БУРҲОН

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10347
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//