Oyina.uz'нинг навбатдаги меҳмони – Францияда яшаб, ўз брендига асос солган – Навбаҳор Боудот. Хоразмда туғилиб ўсган қаҳрамонимиз бугунги кунда Лион шаҳрида ўз брендини яратиш билан бирга, ишсиз аёлларга тил ўрганиш ва иш масалаларида ёрдам бериб келмоқда. Жаҳон мода оламига кириб бораётган Навбаҳор Боудот билан Ўзбекистондаги хотиралари, Францияга кетиш сабаблари, “Баҳор” бренди муваффақиятлари ҳақида суҳбатлашамиз.
– Ассалому алайкум, Навбаҳор опа, суҳбатга рози бўлганингиз учун катта раҳмат! Аввало, Францияга кетиш ҳикоянгиз ҳақида айтиб берсангиз. Нима учун айнан фаранг юртини танладингиз?
– Авваллари қайси ҳудуддаги мактаб қайси чет тилини ўрганиши кераклиги юқоридан белгилаб қўйиларди. Бизнинг мактабдаги ўқувчиларга ўшанда француз тили дарслари ўтила бошлаган. Шундай қилиб, кейинчалик ҳаётим Франция билан боғланди. Бу давлатга келишимнинг тарихи жуда узун. Кетма-кет икки марта университетга шартнома асосида кирганимда молиявий муаммолар сабаб ўқий олмаганман. Учинчи йил ҳам шу ҳол такрорлангач, онам сабаб ўқишни, мустақил ҳаракат қилишни мақсад қилдим. Аммо Тошкентда ўз ўрнимни топиб кетишим жуда қийин бўлди. Оддий оиладан бўлганим учунми ёки таниш-билиш бўлмагани сабабми, билмадим. 2007 йили маданият алмашув дастури орқали Францияга кетишга қарор қилдим. Менга талабалик мақоми берилди ва француз оиласи билан яшай бошладим.
Францияга илк марта келганимда мода оламига кириш режамда йўқ эди. Онам тикувчи бўлгани боис яхшигина тажрибам бор эди. Тошкентда тикувчилик бўйича ишлаганман, бу ҳунар менга бегона бўлмаган. Францияда эса ҳунари бор одам оч қолмаслигига яна бир карра амин бўлдим. Илк марта кичкинагина тикув машинаси олиб, болалар кийимларини тика бошладим, парда тикишда ҳам ўзимни синаб кўрдим. Энг асосий мақсадим – онамнинг ҳунари билан бир ришта боғлаш, уни сақлаб қолиш эди. Францияга келганимдан тўрт-беш ой ўтиб тикувчилик, мода соҳасида ишлаш иштиёқи ортиб борди. Минг афсуски, ўша пайтлар жаҳонда иқтисодий таназзул бошланган даврлар эди (2007–2008 йиллар). Шу сабабли кичикроқ ҳамкорлар билан иш бошладим. Бу орада турмуш ўртоғимни учратиб қолдим ва оила қурдик. Энди французлар каби кўплаб ҳуқуқларни қўлга киритдим. Кичик корхонам шу билан ишга тушди. Тажрибам бўлгани билан қийинчиликларга ҳам учрадим. Секин-секин бренд яратиш истаги ҳам пайдо бўлди.
– Жамиятда ўрнимни тополмагандек бўлдим дедингиз, Францияда мақсадларингизга қанчалик эришдингиз? Лион жамиятидаги мақомингиз сизни қониқтиряптими?
– Биласизми, Францияда эришилган муваффақиятлар ҳаммаси нолдан бошланган эди. Ўзбекистондан кетаётганимда уйдаги охирги сигирни сотиб, билет олгандик. Аэропортдан тушганимда қўлимда атиги 200 доллар маблағ бор эди.
Сиз кўриб турганингиз – ҳаммаси катта меҳнат эвазига амалга ошди. Бу ерда ҳам мақсадларимга ортиғи билан эришдим деёлмайман. Чунки тадбиркорлик билан шуғулланишни бошласангиз, яна янги мақсадлар туғилаверади, жамиятга кўпроқ фойдангиз тегишини хоҳлайсиз. Менимча, ҳеч бир тадбиркор “Ҳамма нарсага эришдим”, деёлмайди. Бу тадбиркорнинг моддий жиҳатдан тўкислигига боғлиқ эмас. Иштиёқига, янги марраларни кўзлашига бориб тақалади.
– Мода оламига кириб келишингиз қандай бўлди? Ўзингиз асос солган “Баҳор” брендининг яратилиши, қийинчиликлар, муваффақиятлар, Франциядаги бошқа брендлардан фарқли жиҳатлари ҳақида гапириб ўтсангиз.
– Тошкентда ўқиб юрган пайтларим уйғур оиласи билан яшаганман. Эсимда, улар билан лағмон чўзиб, Аския бозорига олиб чиқиб сотардик. Ўшанда ижарачимиз сени Баҳор деб атайман деганди… Бу ном кейинчалик брендимга айланди. Маркетинг билан ҳам боғлиқ жиҳати ҳам йўқ эмас. Чунки французларни унли товуши бор сўзлар ўзига тортади.
“Баҳор”нинг француз брендларидан фарқига келсак. Турмуш қургандан сўнг бошқа бир ҳудудга кўчиб ўтдик. 42 миллат вакили яшайди бу туманда. Мураккаб шароитда кун кечираётган мигрант аёлларни учратдим, уларнинг тил билмасдан, иш тополмай қийналаётганига гувоҳ бўлдим. Шунда турмуш ўртоғимнинг тавсияси билан уларга иш топиш бўйича лойиҳа бошладим. Бу брендимизнинг бошқалардан ажралиб турадиган жиҳатларидан бири деб айтоламан.
2018 йили “Эcо Cоутуре” ассоциациясини ташкил этдим ва ишсиз мигрант аёлларга тил ва тикувчиликни ўргатишга киришдим. Бизга бу масалада ёрдам сўраб кўплаб аёллар мурожаат қилади.
“Баҳор” бренди ҳам жамиятдаги инсонларга ёрдам беради, ҳам табиатни асрашга ўз ҳиссасини қўшади. Кузатсангиз, биз ишлаб чиқараётган маҳсулотлар шунчаки кийим эмас. Либосларда инновация йўқ. Яъни бизда ошиқча материаллар сарфланмайди. Одатда завод-фабрикаларда ортиб қолган матоларни сотиб оламиз, кейин уларни қайта ишлаймиз, ўз либосларимизни яратамиз. Бунинг бошқа фабрикалар ишига қараганда меҳнати кўпроқ. Лекин асосий мақсадим иқтисодий қониқиш эмас, инсон сифатидаги вазифамни бажариш. Франция ҳукумати лойиҳамни яхши қабул қилди. 2018-йили мамлакатнинг энг яхши олти лойиҳасидан бири сифатида эътироф этилди.
– Бугунги кундаги ўзбек брендларини ҳам кузатиб турасизми? Сизнингча, ўзбек дизайнерлари йилдан йилга ривожланиб бораётган дунё модаси билан рақобатга тайёрми?
– Кузатиб тураман, лекин бирор бренд билан яқиндан таниш эмасман, тўғриси. Менимча, ўзбек брендлари ҳам ўзига хос қадриятлари ҳақида озгина ўйлаб кўриши керак. Шунда дунё билан рақобатлашишга тайёр бўлади. Асосий мақсад устида ишланса, дунё бозорлари ўзбек брендлари учун очилаверади. Чунки Европа бирор брендни тан олишдан аввал унинг тарихига ва мақсадига, жамиятга берадиган фойдасига албатта қарайди. Яна, буларнинг барчаси табиий бўлиши керак, ясама эмас. Ҳеч ким бирданига “Диор” ёки “Чанел” бўлиб қолмайди.
– Тушунишимиз бўйича дизайнерлик бу фақат ташқи кўриниш ва безаклардан иборат эмас демоқчисиз?
– Ҳа, айнан шундай, либос яратиш – кийимни яхши тикиш ва унга икки-уч кило тош осиш эмас. Ҳар бир бренд тарихи ва мақсади орқали ўзини кўрсатиб, тушунтириб бериши керак. Шунда одамлар сизни чин маънода таний бошлайди. Бирор мамлакат бозорига кириш арафасида турибсизми, ўша халқнинг маданиятини ўрганишингиз керак. Масалан, Шарқ алоҳида, Ғарб алоҳида олам, дизайнер ўз коллекциясини шунга мослаб яратиши керак. Айтмоқчиманки, бир хилликни ҳамма маданият ҳам қабул қилолмайди.
– Сизнингча, аёл ким, ўзбек аёли бўлиш нимани англатади? Францияда унинг ўрни қандай? Бугун аёл сифатида қандай овоз билан яшаяпсиз? Европада муваффақиятга эришиб келаётган ўзбек аёлининг кечинмаларига қулоқ тутсак…
– Аввало, аёллигимдан фахрланаман! Лекин хотин-қизларга ҳеч қачон ҳеч қаерда осон бўлмаган. Унинг кучи эса ички руҳий қувватига боғлиқ, хоҳ Ўзбекистонда бўлсин, хоҳ Францияда. Ҳозирда мен яшаётган давлатда ҳам аёлларга кўплаб имтиёзлар яратилмоқда, айниқса, хотин-қизлар тадбиркорлигига эътибор катта. Молиявий ёрдам бериш, қўллаб-қувватлаш таклифлари тез-тез учраб туради ва, албатта, бирин-кетин амалга оширилади.
Биласизми, биз аёл бўлиб яратилганмиз ва шундай қоламиз. Бу дегани паст даражадамиз дегани эмас. Агар ҳар бир жинсдошимиз жамиятда ўз ўрнини топса, гендер тенглигига ўхшаш гаплар, бу мавзу теграсида тортишувлар камаяди. Аксарият дизайнерлар аёллар билан бежиз ишламайди. Атрофга қарасангиз, яратилаётган либосларнинг қаҳрамонлари асосан аёллар. Улар дунёда гўзаллик тимсоли ҳисобланади.
Хуллас, қийинчиликлар олдида ўзимни ожиз сезиб аёллигимдан афсусланмайман, эркак бўлсам иш осонроқ кўчарди, демайман. Бугун аёл сифатида шахсан менинг ўз овозим бор деб ҳисоблайман.
– Келгусидаги режаларингизни қандай, “Баҳор” брендининг келажагини Ўзбекистон билан боғлайсизми?
– Насиб бўлса, “Баҳор” бренди яқин йилларда Ўзбекистонда ҳам фаолиятини бошлайди.
Зулхумор ОРИФЖОНОВА
суҳбатлашди.
Мафкура
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Мафкура
Маънавият
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
1 Изоҳ
Charosxon
12:01 / 01.01.1970
Zulxumorim, samimiy suhbatlashibsan. O'zbek ayolining chet eldagi hayoti men uchun juda qiziq. Rahmat!