Ўғил ёки қиз деб эмас, унинг салоҳиятига қараб баҳо беринг


Сақлаш
15:30 / 30.03.2022 952 0

Ҳар қандай жамиятда демократия ва инсон ҳуқуқлари таъминлангани унинг хотин-қизларга бўлган муносабатида кўринади. Шу боис ҳам давлат раҳбарлари бу борада қилинган ишлар ҳақида катта минбарларда туриб ҳисобот берадилар. Хўш, гендер тенглиги нима ва уни таъминлаш учун мамлакатимизда нималар қилинмоқда? Урф-одатларнинг хотин-қизлар ҳаётидаги ўрни, аёлларнинг сиёсат, тадбиркорликдаги иштироки қандай бўлиши керак, уларга нисбатан маиший зўравонликка қарши чоралар нималардан иборат? Ўзбекистонда Президент фармони билан яқинда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташкил қилинди. Бунгача ҳам хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган юздан ортиқ қонунлар қабул қилинган. Янги қўмита кўплаб масалаларга ечим топиш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида фаолиятини бошлади.

 

Билим олиш, касб танлаш, лавозимга кўтарилишда аёллар ва эркакларга бир хил имкониятлар яратилиши – гендер тенглиги дейилади. Албатта, гендер нотенглик барча давлатларда мавжуд. Бироқ, даражаси унинг соҳаси, ижтимоий мавқеи, менталитет ва стереотипига қараб турлича. Мамлакатимизда ҳам яқин йилларга қадар сиёсий-иқтисодий, тадбиркорлик соҳаларида хотин-қизларнинг ҳиссаси деярли бўлмаган. Кейинги йилларда гендер тенгликни таъминлаш мақсадида юртимизда аёлларга ўқиш ва ишлашлари, жамиятда фаол иштирок этишлари учун етарли шарт-шароитлар яратишга киришилди. Юқори лавозимларда фаолият юритувчи аёллар улуши ошиб боришига эътибор қаратилмоқда.

 

Масалан, тадбиркорлик соҳасида аёллар улушини ҳозирги 25 фоиздан 40 фоизга етказиш бўйича 2022—2024 йиллар учун «Бизнес аёллар» дастури қабул қилинди. Дастур ижросига жами 8 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Шунингдек, сиёсий жараёнларда ҳам аёллар улуши ошиб бормоқда. Энг аввало, Олий Мажлис Сенати раиси биринчи марта аёл киши сайланганини эътироф этиш мумкин. Ўзбекистонда фақат 2020 йилдан эътиборан ҳокимликка аёлларни тайинлаш бошланди. Айни вақтда эса Ўзбекистоннинг 200га яқин туман ва шаҳарларнинг 4 тасига аёллар раҳбарлик қилмоқда.

 

Шунга қарамай, баъзида хотин-қизларга нисбатан муносабат асосан патриархал бўлиб қолаётганини кўрамиз. Билимли, соҳасини яхши биладиган аёлларнинг турмуш ўртоғи ёки оила аъзоларида ҳам баъзан аёлнинг ўрни фақат уйда деган қарашларни учратамиз. Бундан ташқари, фертиллик(фарзанд туғиш, уларни тарбиялаш) хусусияти ва рўзғор ташвишлари уларнинг меҳнат фаолиятида ўз потенциалидан тўлиқ фойдалана олмаслигига сабаб бўлади.

 

Шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали оилада аёлга нисбатан зўравонлик, доимий ҳақорат ва руҳий босим ҳақида турли хабарлар тарқалади. Калтак ва таҳқирлашларга қарамай, оиладаги зўравонлик қурбонлари бўлган аёллар қўрқув, жамиятдаги қарашлар ёки қандай йўл билан бўлмасин ўз оилаларини сақлаб қолиш истаги туфайли кўпинча ҳеч кимдан ёрдам сўрамайди. Энг ёмони, аёлнинг ўз ҳақ-ҳуқуқини билмаслиги баъзан фожиа билан тугайди. Масалан, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Самарқандда эрнинг аёлига фарзандининг ахлатини ейишга мажбурлаш воқеаси юқоридаги стереотиплар туфайли, жамиятда нотўғри қабул қилинишдан қўрқиш, аёлнинг иқтисодий эркинликка эга эмаслиги, қарамлиги сабабли юз берган. Натижада кўп хотин-қизларда ўзига ишонч паст бўлиб, муваффақиятга эришишда муҳим бўлган қатъият, ирода, ўзига ишонч, етакчилик қобилиятлари етишмайди. Аслида, тадқиқотларга кўра, аёлга қайси соҳада имконият берилса, етакчилик қобилияти орқали, албатта, катта натижаларга эриша олади. Бунга ўзбек аёлларининг салоҳияти етади.

 

Бунда ташқи омиллар ҳам катта роль ўйнайди. Аёллар нафақат давлат томонидан, балки оилада ҳам қўллаб-қувватланиши керак. Ўзбек аёлларини бир вақтда ҳам ўқимишли, ҳам уй бекаси, ҳам итоаткор бўлишини истаймиз. Биз болаларга ёшлигидан урф-одатга кўра ёки ўғил ва қиз деб эмас, унинг билими ва салоҳияти орқали баҳо беришга ўргатишимиз лозим. Шарқ аёллари оилада фарзанд улғайтиришда асосий ўринда туради. Индира Гандининг: «Битта қизни ўқитсангиз, бутун оилани ўқитган бўласиз» деган гапида айнан шу ҳақиқат ётади. Ҳақиқатан ҳам, таълим ҳар қандай жамиятда энг катта нажоткордир. Турли зўравонликларга дучор бўлмаслиги учун, энг аввало, аёлларни таълимга жалб қилиш лозим, – дейди Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети психологи Индира Раҳимова.

 

Турли зўравонликларнинг олдини олиш ва гендер тенгликни таъминлаш борасида айни пайтда Ўзбекистонда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2020 йилдан бошлаб, «Аёллар дафтари» тизими йўлга қўйилиб, унга киритилган 900 мингга яқин хотин-қизларга ижтимоий-иқтисодий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик кўмак берилган. Ҳозирги кунда «Аёллар дафтари»ида 630 мингдан зиёд хотин-қиз рўйхатда турибди, улардан 200 минг нафари ишсиз. Аёллар ўртасида жиноятчилик, оилада зўравонлик ва тазйиқ ҳолатлари, афсуски, ҳали ҳам йўқ эмас.

 

Шуни қувонч билан айтиш керакки, кейинги ўқув йилидан бошлаб, магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилади. Раҳбарлик лавозимига танловда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг иштироки таъминланади. Албатта, лавозимда ишлаётган аёллар ва эркаклар сонининг нисбати тўғрисидаги маълумотлар тақдим этиш мажбурияти ҳам белгиланган. Ўйлаймизки, гендер тенглик бўйича қилинаётган ва қилиниши кутилаётган ишлар амалда ўз натижасини кўрсатади.

 

БМТ ҳисоботига кўра, Шимолий Африка ва Яқин Шарқдаги мусулмон мамлакатларида аёллар ўртасида ишсизлик даражаси кучли. Ўзбекистондан ҳам хорижга ишлашга кетаётган аёллар талайгина. Улар кўпинча ҳеч қандай расмий шартномасиз ишлайди. Масалан, бола қарайди, фаррошлик қилади. Бу эса аёлнинг ҳуқуқлари бузилган ҳолатларда ҳам ўзини ҳимоя қила олмаслиги, ижтимоий ҳимоя ва бошқа имтиёзларга даъво қила олмаслигига олиб келади. Қолаверса, баъзида турли зўравонликларга ҳам дучор бўлади. Ҳозирда бу борада ҳам тегишли чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Ўзбекистон ҳукумати томонидан меҳнат мигрантларига ёрдам бериш, ижтимоий ҳимоя қилиш, қулликка сотилиб кетганларни қайтариб олиб келиш, реабилитация, профилактика ишлари олиб бориб, иш билан таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

 

Гендер нотенгликка аёлларнинг фертиллик хусусияти ёки эскича, анъанавий дунёқараш, иқтисодий омиллар сабаб бўлмаслиги керак. Давлатнинг қўллаб-қувватлаши, аёллар таълим олиши учун университетлардаги қўшимча квоталар, бизнес юритишда жорий йилда ипотека кредитлари бўйича бериладиган субсидияларнинг 40 фоизи хотин-қизлар учун ажратилгани каби имкониятлардан унумли фойдаланиш фурсати келди.

 

Оилада аёлларни камситмаслик, таълим олиш, ишлашда ўғил ва қиз фарзандларга тенг имкониятлар яратилишига ота-оналар ҳам масъул бўлиши лозим. Бу шубҳасиз, қизларимизнинг муваффақиятини таъминлайди. Ўз ўрнида, аёллар ҳам қонунлардан хабардор бўлиб, ўз келажаги учун курашса, ишонса, ўз устида ишласа жамиятда ўрнини топади. Зеро, биз ўзимизга ишонсакгина, бошқаларни ишонтира оламиз.

 

 

Назокат ИБРАГИМОВА

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 46
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10434
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//