Салом лезгинка, салом кавказча рақс – унутилаётган ўзбек қадриятлари


Сақлаш
15:29 / 29.03.2022 1644 0

Барчамиз Наврўзни катта иштиёқ ва тўйу томоша билан ўтказдик. Байрам баҳона бўлди-ю, анчадан бери айтишни ният қилган бир мавзуда фикр билдиришнинг айни мавриди эканини тушундик. Гап – рақс санъати, хусусан, ўзбекча рақс ҳақида.

 

Билмадик, қачон ва қай тарзда бу одат пайдо бўлди, аммо ёшлар ўртасида грузинча, чеченча рақс оммалашди. Ким шу рақс элементларини яхшироқ эпласа, ҳаракатлари ўхшаса, ўша йигитча бундан ғурурланадиган аҳволга келдик. Ёмонми? Албатта, бир қарашда безиён. Нақд гап шуки, биз, аслида, бошқачароқ одамлар эдик, юрак ҳовурини акс эттирадиган жуда гўзал ва ноёб рақс санъатимиз бор эди. Қизиқ, қаёққа ғойиб бўлди у?

 

“YouTube”ни кўринг. “Лазги” деб қидирувга берсангиз, йигитлар, улфатлар шайтон рақсига ўхшаган, умуман тушунарсиз ҳаракатлар билан, шаҳвоний қилиқлар қўшиб эшилаётганини кўрасиз. Ҳолбуки, Хоразм санъатининг гултожи бўлган “Лазги” оҳангларида ҳақиқий йигитлардек, чапани, ғурурли, беқиёс усулларга эга рақс йўли бор эди. Бугун у давра, тўй-ҳашамлардан йўқолиб кетган...

 

“Дилхирож”ни олинг, аслида, бу ҳақиқий улфатлар даврасидаги вазиятни намоён қиладиган рақс тури. Лаганда ош кўтариб кирадиган йигит дўстларини рақсга чорлайди, таомдан аввал беш дақиқа давра қуриб ўйин кўрсатади, аммо таомга гард юқмайди, бир дона гуруч тўкилмайди, бунинг завқига бошқалар ҳам қўшилиб рақсга берилади... Аммо бугун “Дилхирож” ўзбек йигитларининг рақс услуби сифатида деярли йўқолиб кетган. Расмий тадбирларда дипломли раққослар ўйнайди, қарсак чаламиз ва шу билан тугади: салом “Лезгинка”, салом кафказча рақс.

 

“Андижон полкаси” эсингиздами? Ориф Тошматов куй яратди, Абдуғаффор Қодиров рақс йўлини топди ва бу куй, рақс мисли кўрилмаган даражада оммалашди. Йигитман деганнинг етмиш икки суягини ўйнатиб, вужудини яйратадиган, ўзига ярашадиган, усуллари ҳам жуда ярашиқли бир рақс бу. Аммо нимагадир йигитлар орасида бу рақс турига бўлган қизиқиш, ўрганиш иштиёқи йўқолиб қолган.

 

Бу кичкина масала эмаслигига бир мисол айтай. Ёшлар, айниқса, ўсмирлар доимо ўзига идеал қидиради. Бугунги Ўзбекистон ўсмирларининг бу жабҳадаги идеали ким? Чеченлар, доғистонликлар, грузинлар ва ҳоказо. Қисқаси, биз болаларимизнинг дид ва идеалларини миллий ўзанларимизга қаратишни эплолмаяпмиз.

 

Энг хавотирлиси нима, биласизми? Вақт ўтгани сари мусиқий тобелик, орзумандалик ҳаётга кўчади, боланинг идеал жамият ва идеал шахс ҳақида тасаввурлари ўша чечен раққос йигитлари атрофида қолиб кетади. Йўқ, мен миллий маҳдудлик тарафдори эмасман, лекин ҳар ишда меъёр бўлиши керак, дейман.

 

Эслайсизми, 90-йилларда “Брейк” йўналишидаги рақс постсовет ҳудудида шитоб билан оммалашган эди. Жамият қандай бўлса, унинг кун тартиби ҳам шундай бўлади, дейдилар. Шу маънода, ўша тартибсиз, тушунарсиз, бачкана кунларга мос, ўхшаш бу рақс ўсмирлар орасида кенг оммалашиб, гўё ўша кунларнинг ёшлар ҳаётидаги акси бўлганди.

 

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Охир-оқибат 90-йиллар авлоди чуқур депрессияни бошидан кечирди, қанча ёш-ёш йигитлар террорристлар қармоғига осон илинди, яна қанчаси сал қийинчилик кўргандаёқ, хорижга ишлаш ва яшаш учун кетиб қолди... Бу мафкура жабҳасидаги аламли мағлубият эди!

 

Бу воқеалар ўртасида нозик бир боғлиқлик борлигини тушунган тушунади. Зотан, улар илдизидан беихтиёр узилиб қолган, ота-боболарининг ўзанидан бошқа ёқларга назар ташлаган авлод эдилар. Бугун ҳам шу тенденсия изчил давом этяпти, ишонинг. Мусиқада, рақсда янги трендлар пайдо қилиш, кейин уни муайян ҳудудларга реализация қилиш – ўйланган пропаганда кампаниясининг бир қисми.

 

Хўш, биз бу курашнинг қаеридамиз? Биз қайси булоқлардан сув ичяпмиз? Илдизлардан узоқлашманг, майда нарсалар катта кўнгилсизликларнинг дебочасидир.

 

Саид БОБОЕВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//