Арслан Байир. Бу ном бугун ўзбек ижодкорларига бир қадар таниш. Икки халқ адабиётини яқинлаштиришга, мавжуд ришталарни мустаҳкамлашга астойдил ҳаракат қилаётган ёзувчи, таржимон, муҳаррир.
Анталянинг Аланя шаҳри Байир кўйида 1958 йили туғилган. Ҳикоя ва эртаклари, ўзига хос услубдаги шеърлари Туркияда ўз ўқувчиларини топиб улгурган. Бир қанча халқаро адабий мукофотлар билан тақдирланган.
Асарлари ўзбек, қирғиз, қозоқ, уйғур, туркман, озарбойжон, араб, форс, тожик, украин, молдаван, рус, немис, литва, бошқирд, болгар, поляк, ҳинд, татар, ёқут, болқор, корейс, юнон, гагауз, мўғул, инглиз, чуваш, немис тилларида нашр этилган.
– Ассалому алайкум, Арсланбей. Бизга ижодий ишларингиз ҳамда муҳаррирлик фаолиятингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.
– Ва алайкум ассалом. Мактабда ўқиб юрган пайтларимдан ёзишга қизиққанман. Мактабимизда деворий газетани тайёрлардим. Университетга кирганимдан сўнг газета ва журналларга мақолалар ёзишга киришдим. Ўша пайтлардан ўзимнинг газетам ва журналим бўлишини орзу қилардим.
Мана шундай қилиб адабиёт ва ноширликнинг қизиқарли йўлига кириб бордим. Кўп ўтмай Аданадаги дўстларим билан “Aykırısanat” (“Қарама-қарши санъат”) журналини чиқара бошладик. Журналда 13 йил ишлаш жараёнида ўқишли мақолалар, шеър ва ҳикояларни басма-бас нашр этдик. Биринчи китобим “Tohum” (“Уруғ”) номида ўша пайтларда чоп этилди. Сўнгра ҳикоя ва шеърларим, болаларга оид асарларим, тадқиқотларим, жами 34 та китобим дунёга келди.
То нафақага чиққунимча ўзимни ёзиш ва ўқишга бағишладим. Турк тилига оид ҳамда турк дунёси пешволаридан, буюк Отатуркнинг фаолиятига тегишли илмий тадқиқот ишлари олиб бордим.
Биласизми, ҳаётимда шеърият алоҳида ўрин тутади. Айни пайтда янги асарлар устида ишлаяпман. Хорижда чоп этилган китобларим орасида ўзбекистонлик таржимон Бобохон Муҳаммад Шариф таржимасида чоп этилган “Баҳор муждаси” мен учун қадрли. Шоир Омон Матжон таржималаридаги шеърларим киритилган китоблар ҳам шулар жумласидандир.
Хабарингиз бор, “Güncel Sanat” (“Замонавий санъат”) журнали асосчисиман. Ҳозирда таҳририятга келадиган барча ҳикоя, шеър ва бошқа мақолаларни ўқиш ва кейин журналда чоп этиш ишлари билан машғулман. Шунингдек, “Baygenç Yayıncılığı” нашриётимда ўн бир йилдан буён нафақат туркиялик, балки бутун дунё адибларининг китобларини нашр этамиз. Нашриётга келадиган ҳар бир асарни аввал муҳаррир сифатида синчликлаб ўқиб, сўнгра китоб ҳолида оммага тақдим қиламиз. Шу кунгача Ўзбекистондан, Россиядан, Болгариядан, Франция, Озарбойжондан кўплаб асарлар турк тилига таржима этилиб, дунё юзини кўрди.
Алоҳида айтишни истардимки, мазкур нашриётда ҳар йили болалар адабиёти бўйича ҳикоялар танловини ўтказамиз ва энг яхши асарларни журналда чоп этамиз. Қилаётган ижодий ишларим, фото ва рассомлик санъатида ўтказган 32 та кўргазмам, дунёнинг кўплаб тилларга таржима этилган асарларим туфайли ҳозирда 27 та халқаро мукофотга лойиқ топилдим.
– Журнал қачондан бери фаолият юритади? Унда турли халқларнинг ижодкорларига катта ўрин берилишининг сабаби нима?
– “Güncel Sanat” журнали 2008 йили ташкил этилган бўлиб, ҳозирда 44 та давлатда ўқилади. Журналимизга турли ўлкалардан шеър, ҳикоялар, турли мавзудаги мақолалар оқиб келади. Уларни чоп этиш билан биз ўша юртларнинг географиясини, адабиётини, маданиятини бошқаларга ҳам таништирамиз.
– Ўзбек шоир ва ёзувчиларини яқиндан танийсиз. Ўзбек адабиёти ҳақидаги фикрларингиз биз учун қизиқ.
– Албатта, ўзбек ижодкорларини анча яхши биламан, деб ўйлайман. Чунки “Güncel Sanat” журнали ҳамда “Baygenç Yayıncılığı” нашриёти орқали ҳозиргача жами 415 нафар ўзбек шоир, ёзувчи, рассом ва олимларининг ижодий ишларини тарғиб қилдик. Ўзбекистонлик машҳур тўрт рассомнинг асарларини журнал муқовасида чоп этдик.
Ўзбек адабиёти мисоли бир уммондир. Бу уммонга шўнғиган сари унинг тубсизлигини англаб бораверасан. Буюк Алишер Навоийнинг бутун турк дунёсини оламга танитиб турганининг ўзи бу адабиётнинг бирор бир ўлчовга сиғмаслигини англатади. Ҳамид Олимжон, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Гулчеҳра Нуруллаева, Омон Матжон, Азим Суюн, Шавкат Раҳмон, Эркин Аъзам, Хуршид Даврон, Тоҳир Қаҳҳор, Дадахон Ҳасан, шоир Мискин... бу номларнинг бари адабиётингиз нақадар бой ва ранг-баранглигини билдиради. Бугунги ёш умидли ижодкорларни ҳам кузатиб бораман. Шу маънода ўзбек адабиётини Осиёдаги энг муҳташам адабиёт дея айта оламан.
–Ўзбек ва турк халқлари азим бир дарахтнинг икки шохига менгзалади. Муштарак илдизларнинг мустаҳкам бўлишида адабиётнинг ўрни қай даражада?
– Таъкидлаганингиздек, ўзбек, озар, қозоқ, қирғиз, турк, туркман бир дарахтнинг шохларидир. Айниқса, ўзбек ва турк адабиёти бир-бирига жуда яқин. Чунончи, улуғ Навоий бизнинг дарсликларда қанчалик аниқ ўргатилса, турк шоири Нозим Ҳикматни ўзбек ижодкорлари ҳам шунчалик севиб ўқишига шубҳа йўқ. Миллатларнинг адабий дўстлиги жуда муҳим. Халқлар ўзаро бир-бирини яқиндан билиши учун биз шоир ва ёзувчилар янада яқин бўлишимиз, борди-келди қилишимиз зарур. Адабий кўприкларни мустаҳкамлашимиз учун ижодкорлар кўпроқ мулоқот қилиши, газета ва журналларда ижодий ишларимизни бериб боришимиз зарур.
Шоир ва ёзувчиларни тўплаб адабий саёҳатларни мунтазам ўтказиш самарали ҳисобланади. Айтиш лозимки, шу пайтгача ўтказган халқаро симпозумларимизга ўзбекистонлик олимлар ва ижодкорларни кўпроқ чорладик. Пандемия оқибатида орада бироз танаффус бўлди. Яқинда Қозоғистон биздан олти ижодкорни халқаро тадбирга чақирди. Журналимиз йил кашфиёти сифатида эъзоз топди. Биз ҳам шоирларни чорлаб, тадбирлар ташкил этдик.
Айни вақтга қадар “Güncel Sanat” журналида ўзбек, уйғур, бошқирд, Шимолий Кипр каби махсус сонлар тайёрлаб, ўша мамлакат ижодкорлари ҳақида батафсил маълумотлар бердик. Бу туркий халқлар адабиётини боғлашдаги биз ташлаётган қадамлардир. Зеро, шоирлар дунёнинг тинчлик элчиларидир. Бу йўлда биз ҳар қанча ҳамкорликка тайёрмиз.
Наргиза АСАДОВА
суҳбатлашди.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ