Тошкентдан Хоразмгача...


Сақлаш
16:18 / 25.08.2021 1082 0

 

    Юртимизда ички туризм йилдан йилга оммалашиб бормоқда. Пандемия даврида ҳам карантин қоидаларига амал қилган ҳолда аксарият юртдошларимиз таътил ва байрам кунларида қўшни вилоятларга сафар уюштиришни канда қилмайдилар. Ҳар бир вилоятнинг ўзига хос иншоотлари, табиати, тарихий ёдгорликлари мавжуд. Агар Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишни дилингизга туккан бўлсангиз, у ҳолда ушбу маълумотлар сизга ас қотади.

 

Қорақалпоғистон

Майдони жиҳатдан анча катта бўлган республикага ташриф буюрганлар энг аввало, Орол денгизини кўришга ошиқишади. Бу ерда Кемалар қабристони ҳам диққатга сазовор жойдир. Саёҳатчилар Элликқалъа, Тупроққалъа, Чилпиқ қалъада тарихий харобаларга гувоҳ бўлишлари мумкин. Қорақалпоқ давлат университети қошидаги Бердақ миллий музейи, Нукус шаҳридаги Қорақалпоғистон Республикаси Давлат санъат музейи айниқса, қимматли нодир буюмлар билан тўладир. Авангард услубидаги расмлари сони бўйича Савиский музейи машҳур Санкт-Петербург музейидан кейинги ўринда туради. Бундан бир неча йил муқаддам «Неw Ёрк Тимес» газетаси «бу жойларни кўрмабсиз, бу дунёга келмабсиз» наздида Савиский музейини — «дунёнинг энг яхши 29 жойлари» рўйхати сафига қўшди. Музей бу қаторда 7 чи ўринни эгаллади. Бу ўлкада Судоче кўли, Султон Увайс бобо мажмуи ҳам оммабоп маскан саналади.

 

Хоразм

Хоразмнинг б ой кўп қиррали тарихи қадим замонлардан буён хорижий ва юртдош олимларнинг диққатини ўзига жалб қилиб келади. Вилоят ҳудудида кўплаб тарихий ёдгорликлар мавжуд. Айниқса, Хива шаҳридаги меъморий обидалар бугун дунё аҳлининг эътиборини тортиб келмоқда. Бу ерда Арк, Калтаминор, Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, Дишанқалъа ёдгорликлари алоҳида ажралиб туради. Хивадаги Ичанқаъла ёдгорлик мажмуи эса ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган. 

 

Бухоро

Бухоро – жаҳоннинг энг қадимий шаҳарларидан бири: 1997 йилда шаҳар ўзининг 2500 йиллик юбилейини нишонлади. Сиз Бухоронинг тор кўчаларида кезишингиз ва кўк гумбазли ҳашаматли бинолар ҳамда кичик лойсувоқ уйлардан завқ олишингиз мумкин. Х асрда қурилган Исмоил Сомоний мақбараси Бухородаги энг қадимий ва чиройли ёдгорликлардан биридир. Арк қалъаси юз йиллар давомида Бухоро ҳукмдорларининг расмий яшаш жойи бўлган. Одамлар уни “шаҳар ичида шаҳар” деб аташган, чунки унда одатдаги шаҳарнинг ҳамма нарсалари: кўчалар, тор кўчалар, сарой, масжидлар, устахоналар бор бўлган. Минораи Калон меъморий мажмуи – барча меҳмонлар эътиборини жалб қиладиган жой. Масжиди Калон – Самарқанд шаҳридаги Бибихоним масжидидан кейин Ўрта Осиёдаги иккинчи энг катта масжид. Лаби Ховуз – Бухоро аҳли ва меҳмонларининг севимли жойи. Шаҳардан тахминан 4 км. ташқарида Бухоро сўнгги амирларининг ёзги саройи жойлашган. Сарой “Ситораи Мохи хоса” – Ой ва юлдузлар ўртасидаги жой деб, шоирона номланган.

 

Самарқанд

Жаҳон сивилизасиясининг қадимий ўчоқларидан бири, ер юзининг сайқали номини олган Самарқанд мустақил Ўзбекистоннинг йирик иқтисодий ва илмий-маданий марказларидан бири ҳисобланади. Шаҳар ичкариси ва ташқарисида Бибихоним Жоме масжиди, Гўри Амир мақбараси, Шохи Зинда мажмуаси, Улуғбек мадрасаси, расадхонаси каби кўплаб машҳур меъморий обидалар яратилган. Имом ал-Бухорий комплекси айниқса мусулмон мамлакатларидан ташриф буюрган сайёҳлар учун бағоят қадрлидир. Қадимий Самарқандга ташриф буюрган сайёҳлар бу муаззам шаҳарнинг юраги бўлмиш Регистон майдони ва унда қад ростлаган уч мадрасанинг кўрки, салобатидан ҳайратга тушадилар.

 

Навоий 

Навоий вилоятида ҳам сўлим масканлар ва тарихий мажмуаларни учратиш мумкин. Бу ерда айниқса, Нурота зиёратгоҳи машҳур. Бу зиёратгоҳ йилнинг тўрт фаслида ҳам одамлар билан гавжум бўлади. Мазкур нурли масканда юртимизнинг шаҳар-у қишлоқларидан, балки дунёнинг турли бурчакларидан келган саёҳатчиларни учратиш мумкин. Тиниқ ва мусаффо сувда сузиб юрган балиқлар ҳақида тўхталмасдан илож йўқ. Сабаби бу балиқларни маҳаллий халқ ва зиёратчилар муқаддас деб билишади. Денгиз сатҳидан 524 метр баландликда жойлашган муқаддас чашма бутун Ўзбекистон халқининг ардоқли гўшасидир. Чашма сувининг рангсиз, ҳидсиз, юмшоқ ва ширинлиги, ҳароратининг муттасил қишин-ёзин +19,5 С даражада бир хиллиги, ҳар лаҳзада 360-400 литр сиғимда қайнаб чиқиб туриши, серсувлиги, таркибида турли шифобахш микроелементларининг мавжудлиги бир қатор хасталикларга шифодир.

 

Жиззах

Жиззах деганда кўз олдимизга Зомин тумани келади. Бу ерлар ўзининг ноёб табиати, игнабаргли ўрмонлари, шифобахш ҳавоси билан алоҳида ажралиб туради. Халқ боғи ҳудуди эса табиий шифохона саналиб, мазкур ўлка аҳолисининг севимли дам олиш масканига айланган. Қўриқхонанинг диққатга сазовор жойларидан бири Қизил ўтоқсой даласидаги сфинксларни эслатувчи ғалати шаклдаги катта қизил харсангтошлардир. Маҳаллий аҳоли бу жойни “Қирқ қиз” деб атайди. Дам олиш ва туризмнинг соғломлаштириш ҳудуди “Зомин” сиҳатгоҳи ва ўнлаб пансионатлар, дам олиш уйлари ва болалар оромгоҳларини ўз ичига олади. "Ўрикли" дам олиш маскани жуда барҳаво тоғ ёнбағрида жойлашган. Шароф Рашидов номидаги Жиззах вилоят универсал илмий кутубхонаси ёшларнинг севимли маскани. Жиззахда ўрнатилган Шароф Рашидов ҳайкали ҳам гавжум масканга айланмоқда.

 

Сирдарё

Вилоят тарихи ҳақида гувоҳлик берувчи ёдгорликлардан бири Сардоба ёдгорлигидир. Шунингдек, Сирдарёда шу давргача Мустақиллик бош майдонининг реконструксияси, Хотира майдони, Марказий ва тижорат банклари бинолари, “Маънавият ва маърифат” маркази, “Кемпинг” типидаги мажмуа, замонавий вокзал, кўп қаватли турар-жой бинолари, “Алпомиш” спорт саройи, Бокс саройи, Марказий ўйингоҳ, Сузиш ҳавзаси ва бошқа спорт комплекслари бунёд етилди. Вилоят ҳудудида битта муҳофаза этиладиган ҳудуд мавжуд. У ҳам бўлса, Сирдарё бўйидаги тўқайзорларда ташкил этилган ва ноёб ёввойи қушларни кўпайтиришга ихтисослашган “Сайхун” хўжалигидир.

 

Тошкент

Ўзбекистоннинг пойтахтида замонавий руҳда қад ростлаган кўплаб баланд биноларни учратиш мумкин. Амир Темур ҳайкали, Мустақиллик майдони, Хотира майдони, Телеминора сайёҳларнинг асосий масканлари саналади. Бу ерда шунингдек, турли истироҳат боғлари, музейлар, театрлар, концерт заллари, фавворалар, хиёбонлар ҳамиша одамлар билан гавжум. Тошкентдаги Кўкалдош, Ҳазрати имом масжидлари, Занги ота зиёратгоҳи ҳам зиёратчилар билан тўла бўлади. Марказдаги турли галерея ва кўргазмалар ҳамиша томошабинлар учун хизмат кўрсатади. Тошкент вилоятидаги Чорвоқ, Белдирсой, Хумсон каби сўлим масканлар табиатни севувчи саёҳатчиларни қишин ёзин қабул қилади.

 

Фарғона

“Ўзбекистон швейсарияси” деб ном олган водий гавҳари гўзал табиати билан ажралиб туради. Бугунги кунда Аҳмад Фарғоний номидаги Фарғона вилоят ахборот- кутубхона маркази – Республикадаги энг йирик кутубхоналардан биридир. Риштондаги Бурҳониддин ал-Марғиноний мақбараси йил давомида зиёратчилар билан тўла бўлади, сайёҳлар ҳам бу ерни қизиқиш билан томоша қиладилар. Шаҳардаги  Аҳмад ал-Фарғоний мажмуаси ҳам ёшлар билан тўла, бу ерда истироҳат боғи, йирик дўконлар, бозор жойлашган. Қўқоннинг Ўрда майдони туристларни жалб этадиган энг етакчи маскан ҳисобланади. У Қўқон хонлиги тарихидан қолган асосий ёдгорликдир. Бу ерда ташкил этилган музей йил бўйи одамларни қабул қилади.

 

Наманган

Гуллар шаҳрида зиёратгоҳлар ва хиёбонлар бисёрдир. «Ахтам Сахоба» зиёратгоҳи, Биби Наима (сутли булоқ) зиёратгоҳи ва масжиди, "Зиркмозор" зиёратгоҳи ҳамиша маҳаллий аҳоли билан гавжум бўлади. З.М.Бобур номли маданият ва истироҳат боғига 1884 йил асос солинган.  "Камолот" ёшлар маданият ва истироҳат боғи ва “Кичкинтой” болалар боғидаги гуллар ва дарахтлар манзараси саёҳатчиларнинг ёдида қолади. “Косонсой” сихатгоҳи ва “Чортоқ” санаторийсида юртимиздан келган меҳмонлар дам олиб қайтишади.

 

Андижон

Водийнинг энг катта вилояти ўн бешга яқин истироҳат боғлари борлиги билан ажралиб туради. Жумладан, Алишер Навоий, Бобур, Нодирабегим, Чўлпон каби боғлар Андижон ёшларининг севимли маскани. Бу ердаги Чўнтак чойхонаси республикага донғи таралган тамаддихона саналади. Тарихга қизиқувчилар учун Мингтепа ёдгорлиги, Қалъа мажмуаси, Қутайба ибн Муслим мақбараси мунтазир. Биби Сешанба зиёратгоҳида шифобахш булоқлар мавжуд.

 

Сурхондарё

Воҳада меъморий ёдгорликлар, замонавий бинолар, хиёбонлар ва зиёратгоҳлар етарлича топилади. Масалан, Хаким ат-Термизий мақбарасини турли даврлар меъморчилик санъатининг гулдастаси деб аташ мумкин. Темурий шахзодалар томонидан ўрнатилган бу сағона бениҳоя юксак сангтарошлик асари ҳисобланади. Бутун ислом дунёсида унга тенг келадиган, у билан беллашадиган мармар ёдгорлик йўқ. Унинг деворига ўйиб битилган жимжимадор Қуръоний суралар, ёзувлар кишини ҳайратга солади. Қирқ қиз ёдгорлиги ҳам сурхон аҳлининг тез-тез ташриф буюрадиган масканларидан биридир.  

 

Қашқадарё

Қашқадарё вилоятида бугунги кунда жами 1022 та моддий-маданий мерос обекти бор. Ана шундай зиёратгоҳлардан бири Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида хушманзара тоғ бағридаги Ҳазрати Башир қишлоғида жойлашган. Зиёратгоҳ қишлоқнинг ўртасида Ниёзтепа номи билан аталган тепаликда қад ростлаган. Ниёзтепадан қайнаб чиқаётган булоқ  дунёнинг турли чеккаларидан ташриф буюрадиган минглаб зиёратчиларга куч бағишлаб, бу ерда ўсган улкан чинорлар, ёнғоқ, бодом дарахтлари кишининг баҳри-дилини очади. Лангар ота меъморий мажмуаси Қамаши туманидаги Лангар қишлоғининг қадимий қабристонида жойлашган. Хўжа Жарроҳ ёдгорлик мажмуи Қарши шаҳрининг Худойзод маҳалласида жойлашган. Мустақиллик йилларида бу мақбара тўлиқ таъмирланиб катта зиёратгоҳга айлантирилди.

 

 

Нодирабегим Иброҳимова.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10346
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//