
Мутахассислар фикрича, инсоннинг келажакдаги ҳаёти, унинг қандай касб танлаши болалик давридаги ўйинчоқларига ҳам боғлиқ экан. Ўйинчоқларнинг бола руҳиятига, унинг маънавий ва жисмоний саломатлигига фойдали ва зарарли томонлари қандай? Қуйида шу ҳақида фикр юритдик.
Биз аввало, ўйинчоқ дўконларида бўлиб, у ерда сотилаётган маҳсулотлар билан қизиқдик. Дўкон пештахталарида қизалоқлар учун асосан “Barbi”, “Bonny”, “Sammi”, “Beautiful girl”, “Nighty Nite” қўғирчоқлари, “Sweet” номли ойна-тароқ, пардоз-андоз буюмларидан иборат жамланма таклиф этилмоқда. Ўғил болаларга мўлжаллаб эса “Shock trans”, “Combat Мission”, “Fors”, “Twint Liav The tease land”, “Air super gun”, “Super weapon”, “Future Weapon Warior Heroic Fighter”, “Мightiness”, “Комбинация стали и железа” каби жанговар қуроллар, “Лего робот”, “Комбат”, “Трансформер”, “Супер Рoбoт” сингари робот ўйинчоқлар, “Batman”, “Spiderman”, “Shrek”, “Ниндзялар”, “Симпсонлар”, “Винни Пух” каби фильм ва мультфильм қаҳрамонларининг қўғирчоқ ва ўйинчоқ шакллари, қўрқинчли ниқоблар, мусиқий ўйинчоқлар териб қўйилган. Дўконда боланинг интеллектуал салоҳиятини ошириш ҳамда уй-рўзғор юмушларига ўргатишга, касбга йўналтиришга қаратилган ўйинчоқлар, жумладан, электрон доска, ичма-ич қутилар, челак ва белкураклар тўплами, копток, кубиклар, калейдоскоп, мозаика, чўмилиш балони, овозли алифбо ҳам борлигига гувоҳ бўлдик. Афсуски, улар орасида миллий руҳдаги ўйинчоқларимиз саноқли.
Шу ўринда биз ўйинчоқ ишлаб чиқарувчи корхона таъсисчиси Алижон Юсуповдан Ўзбекистон ва дунё ўйинчоқлар бозоридаги талаб ва таклиф ҳақида суриштирдик:
– Яқинда халқаро ўйинчоқлар кўргазмасида бўлиб қайтдик. Йирик ўйинчоқ фабрикалари мутасаддилари билан мулоқот қилганимда кўпгина ривожланган давлатларда болаларга телефон ишлатишга рухсат берилмаётгани, сабаби уларда яратувчанлик қобилияти сустлашаётганини айтиб ўтишди. Телефоннинг ўрнини босиш учун кўпроқ мантиқий, қўл маторикасини ривожлантирувчи ўйинчоқларга талаб кучайибди. Кейинги йилларда пластмасса эмас, экологик тоза, ёғочдан ишланган ўйинчоқлар яхши сотиляпти. Улар ҳали бизнинг бозорга кириб келганича йўқ, Ўзбекистонда асосан Хитойдан келтирилган пластмасса ўйинчоқлар харидоргир. Ҳозир иккита корхонам бор, у ерда ишлаб чиқарган ўйинчоқларимизни 7-8 та давлатга экспорт қиламиз, маҳаллий ўйинчоқ дўконларига тарқатамиз. Қишда асосан уйда ўйналадиган мантиқий ўйинчоқлар, баҳордан бошлаб варраклар, коптоклар, сув пистолетлари яхши сотилади. Биз миллий ўйинчоқлар ишлаб чиқармаймиз, чунки уларга талаб деярли йўқ. Агар ота-оналар ва болаларда талаб бўлса, тадбиркорлар ишлаб чиқаради. Талаб бўлиши учун миллий ўйинчоқлар тарғиботини кучайтириш керак.
Ўйинчоқлар болада қандай хусусиятларни шакллантиради?
*“Кубик-рубик”, “Лего” каби ўйинлар нафақат болалар онгини ўстиради, балки уларда ранг ажратиш қобилияти тўғри шаклланишига ёрдам беради. Бундан ташқари, болада эмоция, мулоқот, интеллект, яратувчанлик хусусиятларини уйғотади.
*болалар лотоси санашни, мева ва жонивор турларини ажратишни ўргатади. Бола табиатни севади ва асрашга ҳаракат қилади. Лотода бола сабзавотларни алоҳида, ҳайвонларни алоҳида турларга бўлиб йиғади. Бундай болалар келажакда метематика ва мантиқни яхши ўзлаштирадилар.
*болалар доминоси ҳам турли суратларга бой бўлади. Болада саноқни эслаб қолиш орқали хотира ривожланади.
*қизлар учун гўдак қўғирчоқ мос келади. Чунки бундай қўғирчоқлар барби каби эмас, жажжиларга мос кийинтирилган бўлиб, дўмбоқ ва пардоздан холилиги билан ажралиб туради. Қизалоқлар қўғирчоқни аравачасида сайр қилдиришлари, “овқатлантиришлари” мумкин. Шу орқали болаларда ўзидан кичикларга нисбатан меҳр-шафқат ҳислари шаклланади.
*болаларда машинача ўйнашга қизиқиш асосан уч ёшдан сўнг уйғонади. Техникага қизиқиш ўғил болалар учун табиий хусусият. Машина турларидан КаМаз, енгил автомобил, қурувчи машиналар мос келади. Жанговар танклар ва ўт очар машиналарда тўхталмаган маъқул.
*сувда ўйналадиган ўйинчоқлар бола чиниқишига ёрдам беради. Тоғора ёки сув ҳавзасида чўмилиш жараёнида бола қайиқча, тўп, сув жониворларини ўйнаб, энергия сарфлайди. Мушаклари чиниқиб, сув ҳароратига кўникма ҳосил қилади.
*қурилиш, ҳамширалик анжомлари, боғдорчилик қуроллари ҳам болаларда келгуси касбларини танлашга кўмаклашади. Бола атроф-теварак ободлигига ўз ҳиссасини қўшгандек бўлиб қувонади. Қуриш, ясаш, яратиш орқали уларда меҳнатдан завқланиш ҳисси уйғонади.
*мусиқий ўйинчоқлар: пианино, барабан ва бошқа асбоблар болаларда тинглаш қобилиятини ривожлантиради. Мусиқага қизиқувчи бола шундай ўйинчоқлар воситасида мусиқани саралашни, фарқлашни ўрганади.
*конструкциялар орқали қуриш, қўшиш, яратиш мумкин. Битта тўпламдан турли ўйинчоқларни ясаш болада ижодий ва яратувчанлик қобилиятини шакллантиради.
Зарарли ўйинчоқлар ҳам йўқ эмас!
*«Барби», «Синди», «Семми» каби ярим яланғоч кўринишдаги қўғирчоқлар «оммавий маданият»ни тарғиб этади. Уларни ўйнаётган қизалоқда унга ўхшаб кийиниш ва пардоз қилиш хоҳиши пайдо бўлади, шунга тақлид қилади.
*юмшоқ ўйинчоқлар аксарияти сунъий материаллардан тайёрланган ва чангни кўп ютади. Бундай ўйинчоқлар тўқимаси нафас йўлларига ёки оғизга тушса, нохуш оқибатларга олиб келиши мумкин.
*монстр ва махлуқ қиёфасидаги ниқоблар болада фақат қўрқув ҳиссини шакллантиради. Уни ўйнаётган болакай ўзини атрофдагилардан кучли ҳисоблаб, бошқа болалар устидан ҳукмронлик ўрнатишга ҳаракат қилади.
Ўйинчоқлар болалар саломатлигига қандай таъсир ўтказиши хусусида болалар шифокори Муаззам Иброҳимова шундай дейди:
– Турли ёшдаги болалар учун хавфсизлик талаблари фарқланади. Бола қанча кичкина бўлса, ўйинчоқ чидамли бўлиши керак: чақалоқ қўлига тушган нарсани оғзига солади, ялайди ва истаган пайтда отиб юбориши мумкин. Уч ёшгача бўлган болаларга мўлжалланган ўйинчоқда барча қисмлар етарлича катта бўлиши керак, чунки бола уларни ютвориши мумкин. Мўрт пластик, шиша ёки ўта қаттиқ темир ўйинчоқларни ҳам болажонлар қўлига тутқизиб бўлмайди.
Барча ишлаб чиқарувчилар ҳам виждонли эмас. Масалан, ўйинчоқ қутисига "табиий" ва "экологик маҳсулот" тамғаси урилгани билан ҳар доим ҳам талабга жавоб беравермайди. Табиий тери ва мўйна ишлатилган ўйинчоқлар уч ёшгача бўлган болалар учун тақиқланади, чунки улар нафас йўллари аллергиясини чақириши ёки терида тошмалар пайдо қилиши мумкин. Чиқинди қоғоз, пластмасса ёки эски кийимлардан умуман ўйинчоқ ясаш мумкин эмас.
Бизнинг уйда қизим Бекзода турли конструкторларни йиғишни яхши кўради, бу машғулотга барча оила аъзоларини жалб этади. Ҳозирда электрон машина ясашга киришган.
Катталар фарзандига қандай ўйинчоқлар олиб бермоқда? Шу саволга жавоб топиш мақсадида ижтимоий тармоқдаги оналар гуруҳига юзландик.
Лобар Хайруллаева: Психологларнинг таъкидлашича, агар болангиз кўп касал бўлаётган бўлса унга дори-дармон, витаминлар эмас, янги ўйинчоқлар олиб беринг. У бола руҳиятига таъсир қилиб, саломатлиги ижобий бўлишига ҳисса қўшади. Менинг беш ёшли қизим бор. Унга ўйинчоқ танлаётганимизда танловни аввал ўзига қўйиб бераман. Лекин кўпгина ҳолларда қизим ранг-баранг кийинган, ғарб тарбияси уфуриб турган барби қўғирчоғини танлайди. Кейин унга секин тушинтираман. Дўконда унга айтиб берган "Зумрад ва Қиммат" эртак қаҳрамони Зумрад ҳам борлигини эслатаман. У эса кўпроқ Барбини хоҳлаётган бўлади.
Биз Барбини ҳам, Зумрадни ҳам сотиб оламиз. Уйга келгач, уларни солиштиришни бошлайди. Мен Зумраднинг ижобий томонларини айтиб бераман. Ҳозир қизим кўпроқ Зумрад қўғирчоғини ўйнаябди. Болага ҳеч қачон мана шу ўйинчоқни ўйнайсан деб босим қилмаслик керак. Фарзандимга шу билан бирга ақлий қобилиятини ривожлантирувчи ўйинчоқлар: мозаика, кубик-рубик, сочма ўйинчоқлар, раскраска (ўзимиз бўяймиз) ҳам олиб бераман. Агар болаларимиз ватанпарвар, юртини севувчи бўлиб ўсишини ҳохласак, ўзимизнинг миллий қаҳрамонларимиз Алпомиш, Барчиной, Жалолиддин Мангуберди, Тўмарис каби қўғирчоқлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш керак.
Умида Комилова: Ўйинчоқ ўйнашдан олдин уни болага Ютубда кўрсатиш керак, деган фикрга келганман. Чунки ўзим болам уч ёшлигида легони яхши кўриб олиб бергандим. Ўзим ясардим, ўғлим эса қизиқмаган. Секин идишига солиб қўярди. Дўконларда машиналарга тикилиб қараб турарди. “Қўлингга обкўр” десам дарров тагини ўгириб қарарди. Машинанинг усти эмас, қандай қилиб юриши, нимага ғилдираги айланиши қизиқтирарди. Дадаси машина мурватларини сотади. Сўраб ёдлаб юрарди. Автолар ҳақида китоблар кўриб қолса оберинг дегандек мўлтираб турарди. Кейинчалик Ютубдан кўрсатиб шашка, домино, женга, монополия, пазллар ўйнашга қизиқтириб, кейин олиб берадиган бўлдим. Легони эса саккиз ёшидан ясай бошлади.
Ойдин Йўлдашева: Ривожланган мамлакатларда ота-оналарга кичкинтойлар учун мусиқали, сўзловчи, функциялари тайёр ўйинчоқлардан кўра, кўпроқ йиғиладиган, қўллар учун фойдали, ўйлаб, фикрлаб ўйналадиган ўйинчоқларни сотиб олишни тавсия қилишади. Шунга амал қиламан. Албатта, бола ёшини ҳисобга ҳам олиш керак.
Вазира Ўрозова: Менинг қизларим саккиз ва олти ёшда. Фақат “Барби” ўйнашади. 8 март куни қўғирчоқ олгани бордик. Хилма хилини тавсия қилдим, ширин чақалоқ, робот, каттароқ қўғирчоқ, йўқ, фақат “Барби” танлашди. Уйдаги “Барби”лари эскириб кетганига ташлаб юборгандим. Бир неча ой юмшоқ қўғирчоқ ва бошқа турдаги ўйинчоқларни ўйнаб туришди. Лекин кичкинам шунақа “Барби”ни соғинибдики, уйга келганимизда кийимини ҳам алмаштиришга сабри чидамасдан очиб ўйинни бошлаворди. Уларга уйчалар ясаб қўйишади, овқатлантиради, мактабга, ишга, балга олиб боришади. Кечқурун ўзлари ухлашидан олдин қўғирчоққа пижама кийғизиб ухлатиб, кейин ўзлари ухлайди. Уларга кийим тикишниям боплашади. Куни кеча ўзим бир дунё кийимчалар тикиб бердим “Барби”ларига, қизларим хурсанд бўлишди.
Дилшода Ғойипова: Ўғлим ўзи томоша қилган мултфильмларнинг ўйинчоқларини йиғишга қизиқади. Ўргимчак одам, Бетмен, Супермен каби қаҳрамонларни тўплаган. Уларни ўзаро уриштириб, қўшни болаларга саҳна кўриниши ҳам қўйиб берарди. Афсуски, дўконларда шулардан бошқа ўйинчоқлар йўқ, миллий қаҳрамонларимиз гавдалантирилган маҳсулотларни тополмайсиз. Кейин эса ўғлимни спортга бердим, чунки Супермен каби кучли бўлишни истарди. Ҳозир мусобақаларда юқори ўринлар оляпти. Бола бошидан маълум бўларкан. У ўйнаётган ўйинчоқларга қараб йўналиш бериш мумкин. Қизим эса кўпинча “доктор-доктор” ўйинчоқларини танлайди. Балки келажакда шифокор бўлса ажабмас.
Дўкон ва бозорларда ўйинчоқ танлар экансиз, хушёрликни қўлдан берманг. Болакай унинг ижобий ва салбий таъсирини англамаган ҳолда ўйнайвериши мумкин. Аммо сиз – ота-оналар ўйинчоқ тўғри тарбиянинг асоси эканини унутманг.
Нодира ИБРОҲИМОВА,
Oyina.uz
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ