Янги Ўзбекистонда Мўйноқ янги ҳаётга қайтди


Сақлаш
23:16 / 15.03.2022 1186 0

Жорий йилнинг 23–24 февраль кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳудудлардаги бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар ва аҳоли ҳаёти билан танишиш мақсадида Қорақалпоғистонга ташриф буюрди. Ушбу ташриф аввалгиларидан фарқли равишда кечди, яъни давлат раҳбари минган биринчи сонли борт илк маротаба Тошкентдан Мўйноқ аэропортига қўнди.

Бу жараён чиндан ҳам аввал кузатилмаган воқеа бўлди, десак ҳеч муболаға бўлмайди. Чунки айни кунда атиги 33 минг аҳоли истиқомат қиладиган Мўйноққа Президентимиз самолётининг қўниши биз билан сизнинг ҳаттоки, ухлаб ҳам тушимизга кирмаган эди.

Ҳақиқатдан ҳам сўнгги йилларда Мўйноқ тумани аҳолисининг ҳаёти давлатимиз раҳбарининг мунтазам эътиборида бўлди. Ҳудудни комплекс ривожлантириш бўйича иккита қарор қабул қилиниб, Президентимиз ушбу ҳудудда икки маротаба сафарда бўлди. Ҳар бир сафар якунлари билан мўйноқликлар ҳаётида катта ўзгаришлар юз бериб, туман гўё эртаклардагидек ўзгача чирой очди. Минглаб аҳоли, айниқса ёшлар бандлиги таъминланди. Бундан бир неча йиллар аввал Мўйноқни ташлаб кетган бир неча минг аҳоли туғилиб ўсган тупроғига қайта кўчиб ўтди.

Шавкат Мирзиёев аэропортдаги бунёдкорлик ишлари билан танишар экан, замонавий имкониятларга эга бўлиб, янги Ўзбекистонда янги ҳаётга қайтган Мўйноқ аэропортининг қайта тикланиши билан Тошкент–Мўйноқ-Нукус авиақатновларининг ҳам йўлга қўйилишини алоҳида таъкидлади. Бу, албатта, туманимизда бошланган йирик бунёдкорлик ишларининг янада давом этишини англатади.

Давлат раҳбари мўйноқлик ёши катталар, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар билан мулоқот қилар экан, ҳудудга илк ташрифида таъкидлаган улуғ сўзини яна бир бор такрорлади: “Маданият Мўйноқдан бошланади”. Чиндан ҳам бугун Мўйноқ обод ва кўркам масканга айланди. Одамларнинг турмуш даражаси, фаровонлиги, кайфияти буткул ўзгарди. Ҳозирги кунда юртдошларимиз эртанги кунга катта ишонч ва умид билан қараган ҳолда шижоат ва шукроналик билан меҳнат қилмоқда.

Ўтган йилларга назар соладиган бўлсак, туман ҳудудида нафақат  қурилиш-ободонлаштириш ишлари, балки маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича ҳам кўламли ишлар олиб борилганига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Жадал суръатларда қад ростлаган “Оқ кема” болалар соғломлаштириш маркази, “Экология музейи”, “Амфитеатр”, “Шоирлар ва ҳунармандлар аллеяси”, “Орол денгизи тарихи музейи”, “Fiture muynak” кутубхона ва  IT маркази, мактабгача ва умумтаълим масканлари, спорт иншоотлари, маданият уйлари каби ижтимоий объектлар аҳоли маънавиятини юксалтиришда самарали фаолият олиб бормоқда.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Мўйноқ дунё нигоҳида. Кейинги йилларда ҳудудда аҳоли кайфиятини кўтариб, маънавиятини юксалтиришга қаратилган “Денгиз балиқларидан 99 хил таом”, “Стихия”, “Ралли Мўйноқ” каби қатор Республика ва халқаро миқёсдаги фестивалллар ташкил этилди ва ушбу жарёнлар яна давом этмоқда.

Ҳудуддаги маънавий-маърифий йўналишдаги ижодий-бунёдкорлик ишлари ҳақида сўз кетганда, афсонавий Сулаймон Боқирғоний хотирасини абадийлаштириш бўйича олиб борилган эзгу ишларга тўхтаб ўтиш жуда ўринли.

“Ҳоким ота” овул фуқаролар йиғини ҳудудида XI асрда Туркистон диёрида яшаб ўтган буюк тасаввуфий тариқатнинг асосчиси Хўжа Аҳмад Яссавийнинг шогирди, ватандошимиз – Сулаймон Боқирғоний (Ҳоким ота) дафн қилинган. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан Сулаймон Боқирғонийнинг маданиятимиз ва адабиётимизга қўшган ҳиссаси ҳамда улуғ зотнинг келажак авлодларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда катта аҳамият касб этаётган бой маънавий меъроси инобатга олиниб, 2020 йилда ҳудудда “Ҳоким ота” жомъе масжиди ва мақбараси қуриб битказилди.

Эътиборлиси шундаки, бу жой айни пайтда бутун Ўзбекистон миқёсидаги, шунингдек, хорижий сайёҳларнинг зиёрат қилиш масканига айланиб бормоқда. Унинг келуси авлодларимизга берадиган маънавий озуқаси эса, албатта, бебаҳодир.

Денгиз чекинса ҳам инсон чекинмайди

Доно халқимиз тилидаги бу сўз айни пайтда ўз тасдиғини топмоқда. Ҳозирги кунда аҳоли қайта макон тутаётган Мўйноқ туманига туташ Орол денгизининг суви қуриган туби ҳам йил сайин табора яшилланиб бораётгани қувонарли.

Давлатимиз раҳбари Мўйноққа бу галги сафари давомида Орол денгизининг суви қуриган тубида амалга оширилаётган кўкаламзорлаштириш ишлари билан танишди. Маълумки, муҳтарам Президентимиз Орол инқирозини юмшатиш бўйича дунёнинг юксак минбарларида туриб бир неча ташаббусларни ўртага ташлади. Ўтган йилларда денгизнинг қуриган тубида ободонлаштириш ишларини олиб боришга бутун Ўзбекистон республикасидаги вилоятлар холисона ёрдам берди.

Мазкур саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ денгизда 1 миллион 524 минг гектар ўрмонзор яратилди. Аҳамиятлиси, ҳар қандай қийинчиликларга қарамай юртдошларимиз асло ортга чекинмаяпти. Жумладан, жорий йилда яна 100 минг гектар майдонда “яшил қоплама” яратиш режа қилинган.

Ҳудудда сўнгги 2–3 йилда ер ости қудуқ кўзларининг очилиши флора ва фауна муҳити яхшиланишига, яъни ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсини сақлаб қолишга ҳамда ҳудудда чорвачиликни ривожлантиришга асос яратмоқда.

Таъкидлаш жоизки, айни пайтда Мўйноқ туманига Тошкент вилояти ҳокимлиги бириктирилган. Вилоят тадбиркорларининг маълум қилишича, келгусида бу жойда ҳар бир соҳа кесимида аҳоли фаровонлиги учун  қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга ошириши билан бирга маънавий-маърифий йўналишда ҳам қатор лойиҳалар тақдим этилади. Жумладан, маданият ва дам олиш боғи, санаторийлар, болалар учун дам олиш масканлари қурилади.

Айни пайтда туман ҳокимлиги томонидан Маънавият маскани биносини қуриш ишлари бошланиш арафасида. Маълумот тариқасида таъкидлаш жоизки, 2023 йил якунига бориб шундай масканлар Нукус шаҳри ва барча туманларда барпо этилади.

Тахтакўпирнинг ҳам аввалги обрўсини тиклашимиз зарур

Президентимиз “Белтаў” овул фуқаролар йиғинидаги бунёдкорлик ишлари билан танишиш чоғида шундай деган эди. Ҳудудда қисқа вақт ичида капитал таъмирланиб аҳолига фойдаланишга топширилган фуқаролар йиғини маскани, шифокорлик пункти, болалар боғчаси ва маданият марказлари чиндан ҳам Тахтакўпирнинг обрўси қайта тикланаётганидан дарак бермоқда.

Айниқса, туман ҳудудида қайта таъмирлашдан чиққан замонавий, кенг ва муҳташам маданият маркази бутун Ўзбекистондан ташриф буюраётган меҳмонларни ўзига жалб қилмоқда. Бу Президентимиз билан бўлган мулоқотда маҳаллий аҳоли ва Тошкент шаҳридан ташриф буюрган оммавий ахборот воситалари вакиллариниг ҳаяжонли нутқларида ўз ифодасини топди.

Бундан ташқари, Юртбошимиз Шуманой ва Беруний туманларига ташриф буюриб, “Шоманай экотекс” корхонаси фаолияти ва туманга бириктирилган Хоразм вилояти тадбиркорларининг инвестицион лойиҳаларини кўздан кечирди.

Очиғини айтиш керак, бир пайтлари “тупик” туман аталиб, эътибордан четда қолиб кетган Шуманой туманида ҳам сўнги йилларда кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилди. “Шоманай экотекс” корхонаси фаолияти йўлга қўйилиши самарасида ҳудуддаги ишсизлик масаласи бартараф қилиниб, айни пайтда 500 нафар хотин-қизлар бандлиги таъминланди. Туман маркази ободонлаштирилиб, бир нечта тадбиркорлик объектлари ташкил этилди, аҳолига хизмат кўрсатиш жойлари қайтадан қад ростлади. Ҳунармандчилик, кутубхоналар ва йирик аттракционларга эга болалар дам олиш боғи қурилди.

...Қорақалпоғистоннинг шамоллари ҳам иқтисодиётга фойда келтиради

Президентимиз Беруний туманидаги шамол электр станцияси тамал тошини қўйиш маросимида таъкидлаган ушбу сўзлар ҳалиям қулоғимиз остида жаранглаб турибди. Саудия Арабистонининг “AKWA Power” компанияси билан ҳамкорликда қурилаётган мазкур лойиҳа амалга ошгач, 110 минг оила қўшимча электр энергияси билан таъминланади ва йилига 106 миллион куб метр табиий газимиз тежалади.

Ўз ўрнида савол туғилади. Қачон Қорақалпоғистонга хорижий давлатлар корхоналари инвестиция билан келган? Албатта, бу жараён яқин тарихда кузатилмаган. Географик жиҳатдан Қорақалпоғистон Ўзбекистоннинг учдан бир қисмини эгаллаши инобатга олинса, ҳақиқатда ҳам бизнинг шамолларимиз билан заррин қуёш нурларимиз келгуси вақтда ҳам маҳаллий иқтисодиётимизга яна кўп фойда келтириши, сўзсиз.

Бу ҳали бошланиши албатта. Президентимиз яна таъкидлаганидек, инсон қадри учун, деган бош тамойил асосида Қорақалпоғистонни янада ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича катта мақсадлар илгари сурилган.

Таълим-тарбия ва маънавият маҳалладан бошланади. Маҳаллалар фаровонлиги эса ўсиб келаётган ёш авлод вакилларининг ҳар томонлама камолга етишида муҳим ўрин тутади.

Президентимиз Қорақалпоғистонга ташрифининг иккинчи кунида яқинда “Обод маҳалла” дастури доирасида ободонлаштирилган Нукус шаҳридаги “Шимбай гузари” маҳалласига ташриф буюриб, ҳудудда аҳоли фаровонлиги учун барпо этилган объектлар билан танишди.

Қўлида ҳунари бор аёлнинг кайфияти яхши, оиласи ҳам барқарор бўлади”, деди Президентимиз 300 нафардан ортиқ хотин-қизлар бандлиги таъминланган тўқимачилик корхонасига ташрифи давомида.

Давлатимиз раҳбари, шунингдек, Нукус шаҳридаги қатор корхона ва қурилиш объектлари фаолияти билан танишиш баробарида “Шимбай гузари” маҳалласи ҳудудида “Маҳалла маркази”ни қуриш юзасидан мутасаддиларга кўрсатма берди.

Албатта, Қорақалпоғистон миқёсидаги янгиланишлар шамоли биз маҳаллаларда олиб борадиган маънавий-маърифий ишларга ижобий таъсирини кўрсатади. Барчамизга маълумки, муҳтарам Президентимиз томонидан Қорақалпоғистонни комплекс ривожлантириш мақсадида Нукус шаҳри ва барча туманларга Ўзбекистон республикасидаги вилоятлар маъсул ва ҳомий қилиб бириктирилди.

Дунёда ҳеч қачон тонг бирдек отган эмас

Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китоби шундай  теран маъноли сўзлар билан бошланади. Бу бутун борлиқ, табиат ва инсоният ҳамиша ўзгариш ва янгиланишда бўлади, дегани. Ҳақиқатдан ҳам мана, неча минг йиллар давомида дунёдаги халқлар ўз мақсади, интилишлари, нияти ва характерига кўра ҳар кун тонгни турли ҳолатда қарши олади. Дунёнинг бир чеккасида кимдир хавотир, тазйиқ ва қўрқувда, ўқ ёмғирлари остида оч-яланғоч яшаётган бўлса, яна кимдир фаровонликда умр кечирмоқда.

Минг шукур бўлсинким, бизнинг халқ ҳар бир тонгни яхши ният, тинчлик ва фаравонликда кутиб олади. Президентимиз бошлаб берган Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси асосида биз ҳар бир кунни улуғ орзу-ният, янгиланишлар нафаси билан бошламоқдамиз.

Сўнгги йилларда Қорақалпоғистондаги аввал кўрилмаган ўзгаришлар сабаб ҳар бир инсон қалбида янги қуёш порлаб чиққандек бўлди. Чунки аҳоли қалбида эртанги кунга умид ва ишонч уйғонди, катта бунёдкорлик ҳаракати бошланди. 

Мана, бу гал ҳам Президентимиз яна бирдамлик кучи қанчалар қудратли куч эканини кўрсатиб берди. Қорақалпоғистонга катта режалар, мақсадлар, улкан молиявий манбалар билан бирга Ўзбекистондаги 13 та ҳудуд ҳокимлари ва тадбиркорларини бошлаб келди. Бунда ҳар бир вилоятнинг камида 50 миллиард сўм маблағ киритишни режалаштираётгани муҳим аҳамият касб этади. Умумий киритилаётган маблағ 1 триллион сўмдан ошар экан, бу чиндан фаровонлик дегани. Ушбу маблағ қанчадан-қанча мактаб, боғча, шифохона ҳам дегани. Бу қанча йўл, қишлоқларни кўркамлаштириш ва қанча иш ўринлари демакдир...

Умуман олганда бу халқимизнинг барча эзгу ниятларининг рўёбга чиқиши дегани. Бунақа ғамхўрлик кимга бўлмоқда, албатта халқимизга, унинг розилигига эришиш, бахтли, фаровон ҳаёт кечириши учун қилинмоқда.

Қачон Қорақалпоғистонга Ўзбекистондаги барча ҳокимлар келган? Биз аввал бундай ижобий ҳолатнинг, ҳайратланарли ҳамкорликнинг гувоҳи бўлмаганмиз. Ҳудудлардаги энг зўр тадбиркорлар бугун элимизга келди. Агар уларнинг ҳар бири  Қорақалпоғистондаги 17 та шаҳар ва туманлардан ҳар биридаги битта маҳаллага ҳомийлик қилса, биттадан корхона ташкил этса, мактаб қурса бу ҳудуд ҳар томонлама равнақ топади.

Умуман олганда, муҳтарам Президентимизнинг Қорақалпоғистонга навбатдаги ташрифи ҳам бутун аҳоли билан бирга биз маънавиятчиларни ҳам ниҳоятда руҳлантирди. Эътибор ва рағбатдан  кўнглимиз тоғдек кўтарилиб, янги-янги ижодий лойиҳалар сари ундади.

Татлимурат АТАМУРАТОВ,

                                        Республика Маънавият ва маърифат маркази

                                  Қорақалпоғистон бўлими раҳбари,

тарих фанлари номзоди

 

“Янги Ўзбекистон” газетаси,

 

2022 йил 15 март 53 (575)-сон.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 25
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//