Вақ-вақа тўрам ким?


Сақлаш
13:03 / 14.03.2022 1528 3

Болалик чоғларим, ёз пайтлари, оқшом маҳал эди. Ён атрофдаги радио карнайдан бир ажиб оҳанг таралар ва жуда ёқимли овозда қўшиқ ижро этиларди.

 

Вақ-вақа тўрам, босманг жамалагимни,

Бекорга босасиз зар кокилимни...

 

Шу сатрлар билан бошланадиган қўшиқ сизнинг ҳам ёдингизга тушган бўлса, кўпчилигингиз шу тарзда эшитган бўлсангиз ажаб эмас. Йиллар ўтди, бу қўшиқни кўп давраларда, телевидение ва радио орқали тингладим.

 

Ёшим улғайиб, сўзларнинг маъносини англаб бошлаганимдан сўнг,

 

Вақ-вақа тўрам, босманг жамалагимни,

Бекорга босасиз зар кокилимни

 

мисраларида нима маъно акс этгани ҳақида ўйлаб қолдим. Назаримда, бу мисралар бузиб айтилгандай туюлди. 2001 йил, “Ёшлар” радиоканалида  ишлаб юрган вақтим. Фольклор намуналари, халқ қўшиқлари, бахшилар ижроларини ёзиб олиш мақсадида  Сурхондарё вилояти Бойсун туманига йўл олдим. Адиб ва фольклоршунос Холиқ Хурсандов ёрдамида  кўпгина фольклор намуналарини ёзиб олишга муваффақ бўлдим.

 

 

Ёзиб олганларим орасида айнан шу қўшиқ ҳам бўлиб, фақат  у “Воҳ-воҳ, тўрам, босманг жамалагимни” деб бошланар ва Бойсун фольклор-этнографик халқ ансамбли хонандаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сайёра Қосимова томонидан ижро этилганди.

 

Йиллар ўтди. Шу пайтгача излаб юрган саволимга жавоб топгандай эдим. 2003 йили, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳосила Раҳимова билан ижодий ҳамкорликни бошлаган кезларим, хонандага “Воҳ-воҳ, тўрам”ни замонавий мусиқий сайқаллар билан айтишни тавсия қилдим.

 

 

Қўшиққа янги мисралар қўшмоқчи бўлдик. Бу борада Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимга мурожаат қилдик ва сўраганимиз кўнглимиздагидек амалга ошди. Тўлдирилган вариантдаги қўшиқ тайёр бўлган кунлари катта бир байрам тадбирига таклиф этишди. Янги ижод маҳсулини ҳайъат аъзоларига тақдим этдик. Тадбир режиссёрларидан бири бу қўшиқни бузиб айтибсизлар, деб дашном берди. Мен режиссёрдан бузилиш мусиқадами, сўзидами, деб сўраганимда у сўзини бузгансизлар, бу халқ қўшиғи, деган жавобни берди. Яъни, унинг айтишича, вақ-вақа тўрам, деб айтилиши керак экан. Эътирозини яна изоҳлай кетди: “Вақ-вақа тўрам – қари чол бўлади, қариб эзма бўлиб қолади, қурбақадай вақиллаб қолади, шунга мана шунақа айтилган”. Ён атрофдагилар маъқуллашди. Узр, битта савол берсам бўладими, дедим. У киши эшитаман, деди. Агар сизнинг сочингиздан тортса, яъни қаттиқроқ тортса нима дейсиз, қай ҳолатга тушасиз, оғриқдан “воҳ-воҳ” дейсизми ёки қурбақага ўхшаб “вақ-вақа” деб овоз чиқарасизми, дедим.

 

У киши жаҳл билан китоб ўқиш керак, ана, қўшиқлар жамланган ноталари билан берилган китобларни кўринглар, қандай ёзилган, деди. Шундай қилиб бу қўшиқ саралашдан ўтмади. Биз эса қайсарлик қилиб қўшиқ матнини ўзгартирмадик ва тадбирда қатнашмадик. Менинг ҳаловатим йўқолди, режиссёр айтган қўшиқлар тўплами китобини топдим ва кўрдим, қўшиқ айнан у киши айтгандай – вақ-вақа тўрам, деб бошланган эди. Кўпгина манбаларда шу тарзда келтирилган ва ижрочиларнинг кўпчилиги шундай ижро этиб келарди.

 

Аслида, бу қўшиқ Бойсун туманида яшовчи аҳолининг лапар жанридаги халқ қўшиқларидан бири бўлиб, унда қизнинг йигитга, ёрига тўрам деб ҳазиломуз айтишуви, қиз боланинг нозиклиги, унга меҳр-муҳаббат билан қараши акс этган. Ёрнинг гўзаллигига зеб бериб турувчи кокилларига тақилган жамалаги таърифланади ва енгил, шўх ўйноқи оҳангларда куйланади.

 

Воҳ-воҳ, тўрам, босманг жамалагимни,

Бекорга босасиз зар кокилимни.

 

Йигит ҳазил билан қизнинг жамалагидан тортади, қиз эса оғриқдан “воҳ-воҳ” деб эътироз билдиради. Кейинги мисра:

 

Зар кокилим заранчага илинди,

Севмаслигинг ана шунда билинди.

 

Қиз учрашувга чиқиши олдидан йўлда унинг сочи заранча, яъни тикан новдасига илиниб қолади, шунда қиз ирим қилиб учрашувга чиқайинми ёки йўқми, деб иккиланиб қолади. Йигит сочини тортиб, озор берганида қиз кокилим заранчага илиниб қолганда бир белги берганди, балким у мени севмасмикан, деб ўйлайди. Йигит шунда қалтис ҳазил қилиб, кўнглини оғритиб  қўйганини, қиз бола кўнгли нозиклигини англайди. Ва қизга қараб шундай дейди:

 

Қиз дегани шунча нозик бўлурми,

Орқа сочи доим ёзиқ бўлурми,

Орқа сочи доим ёзиқ бўлганда,

Бир боқиши олти ой озиқ бўлурми?

 

Қиз билан йигитнинг айтишуви шу билан давом этади.

 

Бу ерда қизнинг жамалак тақиши балоғатга етганини англатади. Орқа сочи доим ёзиқ (очиқ) бўлурми, деган жумла эса қизнинг боши очиқ, турмушга чиқмаганини билдиради.

 

Нақорат:

Воҳ-воҳ, тўрам, босманг жамалагимни,

Бекорга босасиз зар кокилимни.

Зар кокилим заранчага илинди,

Севмаслигинг ана шунда билинди.

 

Қиз:

Ёрим, кийган чопонингиз банотдир,

Сўзларингиз тилга олсам новвотдур.

Ёрим, ёзган хатингизни ўқисам,

Худо берган беш кун умрим ободдир.

 

Йигит:

Қиз дегани мунча нозик бўлурму?

Орқа сочи доим ёзиқ бўлурму?

Орқа сочи доим ёзиқ бўлганда,

Бир боқиши олти ой озиқ бўлурми?

 

Қиз:

Боботоғдан ўтиб Сурхон оқади,

Йўлларига Жайхун дарё боқади.

Ёлғиз-ёлғиз дарёлар ҳам бир бўлди,

Биз бир бўлсак, Худога ҳам ёқади.

 

Нақорат:

Воҳ-воҳ-а, тўрам, босманг жамлагимни,

Бекорга босасиз зар кокилимни.

 

                                                                                        Ўктам  ҲАКИМОВ,

фольклоршунос

3 Изоҳлар

Nasrullo Xolmurodov

06:01 / 01.01.1970

Охирги вақтларда фолклорга оид мақолалар камайгандай, демакким фолклорга эътибор камайгандай эди назаримда. Аммо, ушбу ихчам мақолада ҳали бу жанрда янги авлод вакиллари жуда қимматли маълумотларни фолклор ихлосмандларига еткизиши мумкинлигини англадим. Бардавом бўлсин!!!

Олимжон Хужаназаров

06:01 / 01.01.1970

Эринмасдан укиб чикдим. Ёшлик пайтларимни эслатиб юборди.Бу кушикни жуда куп тинглардик.

Ширин

06:01 / 01.01.1970

Албатта. Биз биламизки фольклор кушиклари бу халк огзаки ижоди. Унинг эгаси хам айнан худудий жихатдан узига тегишлидир. Йиллар давомида хар кандай жараён хох у маданият хох у саньат ёйинки иктисод булсин даврлар алмашинувида уз тасирини утказмай колмайди. Шундай экан ноаниклик сезилган хар кандай ижод наьмунасига имкон кадар илмий ёндошиб, унинг асл мохиятини, теранлигини саклаб колиб, соф холда келажак авлодга етказиш соха мутахассисларининг вазифаси деб биламиз.

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси