Қориндорлик обрў эмас, касалликлар дебочаси – дори билан даволаб бўлмайдиган хасталик ҳақида


Сақлаш
15:38 / 09.03.2022 1498 0

Хонадонлар сони 700 дан кўп бўлган катта қишлоғимизда иккита семизроқ киши бўлиб, лақаблари “меш” эди. Аксарият қишлоқ одамлари баайни Геркулесдек билаклари қавариб чиққан, қадди-қомати тик ва эрталабдан кечгача ишласа ҳам ҳоримайдиган меҳнаткашлар эди. Уларнинг билакларини қайрағочнинг ғадир-будур ва йўғон новдаларига ўхшатардим. Эшматов деган бобо тўқсон ёшигача бир урганда 20 килограмгача тупроқни оладиган Ургутча кетмон билан боғ очиб, боғ ёпарди. Бизнинг гўдак нигоҳимизда қолгани шулар…

 

Йиллар ўтди, хўппасемизлар кўпайгандан кўпайди, катта қоринни савлат ёки обрў деб ҳисоблайдиганлар, уни меҳр билан силаб қўядиганларнинг саноғи кўринмай қолди. Икки-уч ойда қишлоққа бориб қолсам, 20–30 ёшлардаги бақалоқ йигитлар, қизлар қабулимга келиб: “Домла, нафасим қисади, дармоним қурийди, ҳарсиллайман, дори ёзиб беринг”, дейди.  Дори билан бу хасталикларни даволаб бўлмаслигини тушунтиролмай эсим кетади. “Озинг” десам, “Оздирадиган дори ёзиб  беринг”, дейишади.

 

Академик Андрей Адонинг фикрига кўра, инсоннинг меъёрий вазни унинг бўйи ўлчамидан 100 айириб ташланганига тенг бўлиши керак. 5 фоизгача кўп ёки кам бўлиши меъёр чегараси ҳисобланади. Масалан, менинг бўйим 170 см, ундан юзни айириб ташлайман, 70 қолади, унинг 5 фоизи 3,5 кг ни ташкил этади. Демак, менинг меъёрий вазним 67,5 кгдан, 74,5 кг гача бўлиши лозим. Ана шу меъёрни ўттиз йилки ушлаб келаман, бир килограмм ошганини сезсам, дарҳол ўн кунлик очлик курсини ўтказаман, эрталабки югуришлар чақиримини ошираман, саунани кўпайтираман. Вазн пасайиб кетганида эса овқатланиш режимига ўзгартириш киритаман.

 

“Кунда бир марта овқатланиш – сиддиқлар ишидир, кунда икки овқатланиш – мўъминлар ишидир, кунда уч ва ундан кўп овқатланиш эса ҳайвонлар иши бўлиб, улуфи хорлик келтиради”, деган эди буюк аллома Абдуллоҳ Тустарий. Раҳматлик падарим мулла Зоҳид Фахриддинҳожи ўғли бир умр яшаб бақога кўчгунларига қадар бир кунда икки маҳал овқатланишни одат қилган эдилар. Танада ортиқча вазн бўлмаган, қотма ва меҳнаткаш киши бўлиб, тўқсон ёш остонасида ҳам кетмон чопардилар. Вафотларидан бир ҳафта муқаддам Қуйиқишлоғимга борганимда беш-олти метрлик дарахтнинг устига чиқиб, шох кесаётган эканлар. Мен ўшанда ғурурланиб, отам юзларга етади, иншооллоҳ, деган эдим.

 

Дадамнинг “Болам, Раззоқ ризқимизни ўлчаб берган, кимдир уни ўттиз йилда еб тугатса, бошқаси 150 йилгача етказади”, – деб айтганлари тез-тез ёдимга тушади. У кишидан кўпгина яхши хислат ва сифатлар билан бирга кунда икки марта овқатланишни мерос қилиб олганман. Яна ҳар фасл алмашинувида ўн кунлик очиқиш курсларини ўтказаман. Пол Брэггнинг “Очлик мўъжизаси” ва Ойдин Солиҳанинг “Йўқотилган табобат” китобларини стол усти қўлланмамга айлантирганман. Ўзбекистонда кўплаб беморларга энг кўп нафи тегаётган даво маскани деб Каттақўрғондаги Эргаш ота клиникасини биламан, кўплаб бемор юбораман, ҳаммаси ижобий натижалар билан қайтади. Тоқати етганлар бу масканда ўн-ўн беш кунлаб очиқиб, токсинлардан қутулиб келади. Менинг маслаҳатим билан Боғизоғонда клиника очган қадрдон дўстим, собиқ курсдошим, хирургия ва УТТ мутахассиси Исроил Тўхтаев ҳам ана шундай қутлуғ ишга қўл урди. Аллоҳ етказса ўзим ҳам нафақага чиққач, хусусий клиникамда очлик билан тозаланишни йўлга қўймоқчиман. Ҳадемай менга ризқ, илм, устоз ва иш бериб, қадрдон гўшам бўлиб қолган Тошкентга кўчиб келганимга 40 йил тўлади. Бу  қутлуғ масканда мени Аллоҳ кўплаб яхши инсонларга касбдош, маслакдош ва елкадош қилди, ёмонлари ва ҳосидлари эса ўзининг йўлига…

 

Толиби илм бўлиб СамПИга келганимда унинг ётоқхонасидан Олой бозорига қадар 19 автобус йўналиши бўйлаб, Худонинг берган куни югуриб келар ва яна ётоққа қайтардим. Ҳар кунги бу марафоним ўртача 16 чақиримни ташкил қиларди.  Ёмғир, қор, шамол писанд эмас эди менга. Ўша йиллари шаҳарда саҳармардонда югуришга чиққан турли ёшдаги кўплаб одамларни кўрардим. Ёшим олтмишга яқинлашди, ҳозир ҳам югураман, таассуфки югуришга чиққан икки-уч нафар ёш ялангдан бўлак ҳеч кимни кўрмайман. Ё замон ҳаммани рўзғор ташвишлари билан андармон қилиб қўйдими? Ёки шайтоннинг энг яқин ҳаммаслаги – дангасалик кўпайиб кетдими?

 

Японияда бўлганимда 60–80 ёшли одамларнинг ҳам югуриб юрганини кўргандим. Бу давлатда эркакларнинг ўртача ёши 82–84, аёлларники эса 86-87 йилни ташкил этади. Дарвоқе, интернет маълумотларига кўра, улар қоринбойларни ёмон кўришар, давлат хизматига олишда ҳам чекловлар бор экан.

 

Кам овқатланиш ва очиқиш инсонни Раббига яқинлаштиради, валийлар бежиз чиллага кирмаганлар. Нажмиддин Кубро ҳазратлари ҳар гал чилладан Аллоҳ нурига ва илмига тўлиб чиққанларида кимга кўзи тушса авлиё бўлиб кетган экан. Радий Фиш  ўз асарида ҳазрат Жалолиддин Румийнинг қирқ кунлик чилласида устози Салоҳиддин қолдирган тўрт дона патирдан биттаси ҳам ейилмаганини, фақат қумғондаги сув тугаганини тасвирлаган.  

 

Муҳтарам устозим, профессор-терапевт, Ўзбекистон республикаси тиббий деонтология ва касб этикаси асосчиларидан бири Эркин Қосимов бир суҳбатида: “Алижон, биласанми, одамнинг энг хунуги ким? Сочи тўкилган, юзи буришиқ, баданида чандиқ ёки доғи бор одам эмас. Қорни катта, семиз кимса одамларнинг энг хунуги ва жирканчидир. Семизлик қўй ёки молга ярашади, одамни эса ҳайвонга яқинлаштиради. Олти юз минг ҳадисни йиғиб, ўн мингини санадигача, ровийсигача ёд олган ҳазрат Имом Бухорий жуда озғин одам бўлганлар, бир кунда бир дона хурмо ёки бир нечта жийдага қаноат қилганлар, Расулуллоҳнинг муборак қоринлари муборак кўкраклари билан бир текис бўлган”, деган эдилар. Устознинг ўзлари ҳам нур юзли, қотма ва озғин инсон эдилар. Умуман олганда, мен суйган одамларнинг аксарияти қотма ва озғин одамлардир. Институтда ўқитган устозларим: доцент-анатом Василий Шарлевич Паволоцкий, доцент-рентгенолог Ботир Асомов, ТошМИда орттирган қадрдонларим Эркин Қосимов, Шуҳрат Ғуломов, Сарвар Атаков, пийри муршидим, соҳибкаромат Тўхтабой ота Болтабоев…Уларнинг қотмалиги ва озғинлиги юзидаги нур билан уйғунлашиб кетган.

 

Ҳозир эса эшикдан аввал бесунақай қорни, орадан бир неча сония ўтиб эса танасининг қолган қисми кириб келадиган кимсалар кўпайди. Республика соғлиқни Сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистонда ортиқча вазн соҳиблари 50 фоиздан ошган ва ошишда давом этмоқда. Бу нималарга олиб келади? Инфарктлар, инсультлар, гипертониялар, аъзо ва тизимларни ёғ босиши ҳисобига бўладиган фаолият бузилишлари… Бир килограмм паразит ёғни боқиш учун вужуд 5 чақиримга яқин капилляр синтез қилишга мажбур бўлади. Ваҳоланки, қабулимга меъёрдан 20–40, ҳатто 40 кг ортиқча вазнга эга бўлган одамлар кўплаб келмоқда. Мен уларга оздирадиган дори йўқлигини, турли-туман Гербалайф, Гано, Вижн, Станаларга ишонмасликларини уқтиргунимча эсим кетай дейди. Озишга баднафсликдан воз кечиш, кам овқатланиш, кўп ҳаракатланиш, салқин ойларда ҳар ҳафта саунага бориш, саратонда қумга тушиш, бир неча кунлик очиқиш курсларини, спортни одат қилиш орқали эришилади. Бошқа барчаси бекор…

 

Тибби Набавияда луқмани камида йигирма мартагача чайнаш лозимлиги  бежиз келтирилмаган. Кўп чайналганда сўлак таркибидаги ферментлар таъсирида луқма глюкозага айланиб, тил остидаги томирлардан сўрилиб, тўқлик ҳиссини эртароқ келтириб чиқаради ва нафсни тийдиради. Луқмани шоқолдек чайнамасдан ютадиган одамларни кўп кўрдим, уларда тўйиш ҳисси бўлмайди ва тўрт-беш кишига кифоя қиладиган овқатни еб қўяди.

 

Қиссадан ҳисса шуки, семизлик – қориндорлик обрў эмас, у вужуд ва руҳиятнинг ифлосланиши, барча касалликлар дебочаси, пиёнисталик, шаҳватпарастлик, ҳасадгўйликка уйғун келувчи ва инсонни хунуклаштирувчи жирканч иллатдир. Хулқимиз билан бирга турмуш тарзимизни ҳам ислоҳ қилайлик, зеро, жаноби Расулимиз (с.а.в) Умматимнинг яхшиси баданида эти озроғидир”, деб  бежизга марҳамат қилмаганлар.

                                                                    

             Алижон ЗОҲИДИЙ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//