“Бир куни онам...” Юртдошларимиздан таъсирли беш ҳикоя


Сақлаш
23:52 / 08.03.2022 2000 0

 

Ўтмишга назар солсак, кўплаб буюк инсонларнинг камолотида уларнинг оналарининг ҳиссаси катта эканини кўрамиз. Бугун ҳам волидасининг меҳру эътибори ва далдаси билан эл назарига тушган юртдошларимиз кўплаб топилади. Oyina.uz улардан айримларини саволга тутиб, оналари ҳақидаги хотираларини ёзиб олди.  

 

Комилжон ШАМСИДДИНОВ, журналист, сиёсий шарҳловчи:

 

        

–Ота-онамга бош фарзандман. Болаликдан, нима десам экан, айтганимиз – айтган, деганимиз – деган, эркароқ, ўжарроқ бўлиб ўсганмиз. Бошқа томондан, каминани “папалаб” ўстирган, тоғдек суянч бўлиб турган – бувимиз борлар: мен тантиқ бўлмай, ким бўлсин. Аям ўқитувчи эдилар, эрталаб кетиб, тушликда биз болаларга бирор егулик қилиб, кейин яна ишга кетардилар. Болалар ташвиши, бу ёғда қайнона-қайнота хизмати, улфатсевар эр, икки ставкалик иш. Онам шўрликнинг жони темирдан экан, дейман.

 

Саксонинчи йиллар ўрталари, “импортний” кийим-бош – анқога шафе бўлган кезлар экан, шекилли, дўконга бирор тақчил матоҳ келиб қолса, ҳамма сидирғасига ўшандоқ кийимга ўтиб оларди. Қиш ойлари бўлса керак, иттифоқо мактабнинг ярим боласи ҳиндча свитер кийиб кела бошлади. Ранги ҳалиям эсимда – оч сариқ аралаш чипорроқ тусда эди. “Ўшанақасидан олиб берасиз”, деб бизам аямизга ариллаб ёпишдик. Бу борада биз билан олиб борилган “музокаралар”ни-ю, улар наф бермагач, қилган тўполонларимизни ёзиб ўтирмай: масала бизнинг фойдамизга ҳал бўлди барибир. Аниқроғи, онам бир ҳамкасбидан насияга, боз устига “подприлавка”, нархидан қимматроқ қилиб ўша матоҳни опкелиб бердилар.

 

Уч-тўрт кун ўтиб, кечқурун аям уйга келиб, этикларини ечаётганларида кўзим бир нарсага тушиб қолди: ечилган пойабзалнинг ҳар биридан бир ҳовучдек сув тўкилди. Кейин эса кўзим онамнинг – менинг инжиқликларимни кўтариб, саксонта кийим устига яна бир кераксиз матоҳни насияга олиб келган онажонимнинг оёқларига тушди. Улар гўштдек қип-қизариб кетган, ҳовур чиқиб турарди. Ўзига янги этикни раво кўрмай, талтайган боласининг кўнгли деб, сув тўла оёқ кийимда куну тун югурган онажоним-а!.. Ўша куни росманасига, аямни деб, унинг қадри учун изиллаб йиғлаб юборганман...

 

Бунга неча ўн йиллар бўлди. Бу орада балки ўша – қийналган кунлари унут бўлсин, деб ва ёхуд болалик сабаб қилинган хурмача қилиқлар изини ювиш важидан онамга олиб берганларим – бирорта кийим-бош ўша ҳовур чиқиб, қип-қизил гўштга айланган оёқнинг гардига ҳам арзимаслигини биламан...

 

Фахриддин ҲАЙИТ, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир:

 

 

– Тенгқурларим ҳали-ҳамон бир воқеани эслайди: ўрта мактабда ўқиб юрган кезларим. Бўйим чўзилиб, ўспиринлик юзимга нусха бера бошлаган паллалар...

 

Энамнинг таъбири билан айтганда, оилада “жўжа бирдай жонмиз”. Ҳали опаларим, ҳали акаларимнинг кам-кўсти чиқиб туради. Кун келиб оёғимдаги пойабзалим тўзиб, титилди. Энам ҳафта сўнгига қадар “амаллаб туриш” вазифасини зиммамга юклади. Эркалигим тутиб эътироз билдирдим: икки кун мактабга бормадим. Энам ҳам бу ҳолатга икки кун чора излади, чамамда. Учинчи кун эса анорнинг ҳўл навдасидан почам қизарди. Кўзимда ёш, энамнинг олдига тушиб оёқяланг синфхонага кириб бордим. Синфдошлар олдида изза бўлдим, хафачилик қалбимни кунлаб тарк этмади. Шу ҳадик сабабми, ўқишга, дарс тайёрлашга бўлган иштиёқим ортди. Бу “жазо” ҳаётим учун улкан сабоқ бўлди.

 

Баъзан уйқуга ётганимда, сездирмай келиб бошимни силаб, пешонамдан ўпиб қўярдилар. Сергак ётганимда энамнинг қалбида яширин меҳрини ҳис қилардим ўшанда...

 

Мирзоҳид БОТИРОВ, ФарПИ  ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори:

 

 

–Аям раҳматли билан бўлган қуйидаги воқеани минг азоб билан  эслайман.    Болалигимда, беш ёшимда тақдирнинг тақозоси билан онам ортидан ўзга хонадонга  эргашиб бордим...

 

Кунларнинг бирида янги отамнинг барча қариндошлари билан  Ўш шаҳрига, Сулаймон тоғига зиёратга бордик. Кунимиз завқли ўтди, болалар билан роса қувлашиб, тоғларга чиқиб мириқиб ўйнадик. Ҳамма болаларига ширинликлар, ўйинчоқлар, музқаймоқлар олиб бериб сийлар эди. Мен эса  қимтинибгина ўтирган, ҳали тўлиқ янги қариндошларига  кўникиб улгурмаган,  камсуқум  аяжонимнинг пинжига кириб, катталар учун ёзилган дастурхондаги нон ва чой  билан сийландим, холос, чунки уйда аямнинг чўнтагида умуман пули йўқлиги  ҳақида огоҳлантирилгандим. Бунинг устига ўгайлигимни жудаям яхши ҳис қилардим, янги отамнинг эса  ҳали меҳрини қозонолмадим ёки хаёлидан кўтарилдим чоғи, лекин барибир хурсанд эдим...

 

Уйга қайтдик, ярим кечаси уйғониб кетсам, аямнинг Яратганга нола қилиб “Роббим, боламнинг мартабасини улуғ, ризқини баланд қил, сабрли-садоқатли қил деб”, йиғлаётганининг гувоҳи бўлдим. Ўрнимдан шошиб туриб, вазиятга тушунар-тушунмас,  “Аяжоним, меҳрибоним, нега йиғлаяпсиз?!” деб юз-кўзидан ўпиб суйкаландим, раҳматли аяжоним мени бағрига маҳкам босар экан, “болам, сен хафа бўлмагин, хўп,  мен тақдиримдан, қисматимдан йиғлаяпман, Сулаймон тоғида мўлтираб турган кўзларингни кўриб сенга атиги бир донагина ширинлик ёки ўйинчоқ олиб беролмаганим учун йиғлаяпман, болам”, дедилар.

 

Онам 2005 йил Андижон вилоят  онкологик   диспансерида хос  касаллик билан  бу дунёни тарк этди... Аямнинг дуолари билан ҳаётда ўз ўрнимни топдим, олим бўлдим, бир талай умрини мен билан боғлаган дўстларим,  икки қиз,  икки ўғлим ва тўрт нафар набирам бор. Раҳматли аям Очилдин хожи  қизи Химоятхоннинг жойлари жаннатда бўлсин (суратдан ўртада).

 

Шуҳрат ОРИФ, “Қишлоққурилишбанк” раисининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси, шоир:

 

 

– Болалигимда ижодга энди қизиқиш билдирган пайтларим онам менга ишонч берган энг биринчи мухлисим эдилар. Ҳар оқшом онам билан “Тонг юлдузи”, “Ғунча”, “Гулхан” нашрларига хатлар ёзардик, шеърларимни юборардик. Журнал саҳифаларида чоп этилганда эса иккимиз беҳад севинардик.

 

Ҳаётимда бурилиш ясаган бир воқеани доим эслайман. Отам шоир ва журналист бўлишимга қаршилик қилган вақтлари волидам доим менинг танловимни ҳимоя қилардилар. 1997 йил февраль ойида республика миқёсида ёш ижодкорларнинг анжуманида қатнашишим керак бўлди, чунки вилоят босқичида ўтказилган танловда ғолиб бўлгандим. Шунда онам сандиқларидан бир кийимлик атлас олиб, мени Тошкентга олиб борадиган инсон аёл киши бўлгани учун уларга совға қилишимни тайинладилар.

 

Бугун ўйлаб кўрсам, Тошкентга келишимда бу атласнинг аҳамияти катта бўлган экан. Республика бўйича ҳам танловда ғолиб бўлдим ва пойтахтдаги Нафис санъат мактабига қабул қилиндим. Онамнинг ички сезгиси билан туҳфа қилинган шу бир кийимлик атлас туфайли ўшанда ҳаётимда катта қадам босилган.

 

Кейинчалик онам Тошкентга келганларида ёки ўзим водийга борганимда, турли байрамларда уларга янги кийим олиб берган пайтларим шу воқеани доим эслаб тураман. Мени Тошкентга келишимга сабабчи бўлган бир кийимлик атлас учун онамдан умрбод миннатдорман. Онам менинг энг буюк илҳомим. Улардан бир умр қарздорман.

 

Жавлон ЖОВЛИЕВ, ЎзФА докторанти, ёзувчи:

 

 

– Синглим бакалаврга, мен магистратурага контрактга ўқишга кирганимизда  энам тилла сирғасини ҳеч ўйлаб ўтирмай, ҳеч кимга айтмай  сотиб юборганди.

 

Яқинда онамга зирак туҳфа қилдим, бу совғам зарра, урвоқ бўлса-да  “қарзимиз”нинг қайтиши бўлсин, Энажон. Суюнганингизни эртага эмас, бугун кўргим келади, бугун...

 

Мен сизни ва бугун емай-ичмай, ўзи киймай, касал бўлса даволанмай боласини ўқитаётган,  ўқитган барча-барча ўзбек оналарига таъзим қиламан! Сиз шарафли ишни бажармоқдасиз!

 

Нодира ИБРОҲИМОВА,

Oyina.uz

 

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//