Жума куни нон бепул, болажонлар учун кўз ҳаққи, текин кийимлар дўкони – Ўзбекистонда хайрия ҳаракатлари оммалашмоқда


Сақлаш
16:40 / 04.03.2022 2299 1

Илгари жаҳоннинг қай бир ўлкаларида юз бериб, интернетда хуш хабари тарқалиб, кўзимизни қувнатадиган хайриялар бугун кундалик ҳаётимизда воқеликка айланмоқда. Масалан, республикамизда нон текин улашиладиган дўконлар кўпайиб боряпти. Айрим маҳсулотлар арзонлаштирилгани ёки бепул тарқатилаётгани каби эълонларга ҳам кўзингиз тушади.

 

Масалан, супермаркетлардан бирида “Болажонлар учун кўз ҳаққи” деган ёзув билан саватчада мева-чевалар териб қўйилган. Самарқанддаги Osiyo-uz супермаркетида пенсионерларга нон бепул берилади. Фориш туманидаги айрим савдо дўконларида “Хайрия растаси” ташкил этилиб, “Имкониятингиз бўлса қўйинг”, “Эҳтиёжингиз бўлса олинг” деган ёзув битилган.

       

 

Қува тумани Чаман қишлоғидаги новвойхонага “Пулингиз бўлмаса, хижолат тортманг, сизга нон бепул” деган битик илинган. Бахмал туманидаги “Абдусалом ота” савдо марказида эса ҳар куни тушлик маҳали 20 кишилик хайрия овқати улашилади. Тошкент шаҳридаги Миробод бозорида эҳсон музлаткичи ўрнатилган. Саховатпеша инсонлар озиқ-овқат қўйиб кетади, муҳтожлар эса ўзига кераклисини олади. Сергели тумани Дўстлик-2 мавзесидаги дўконда ҳар жума куни бепул нон улашилмоқда. “HalalMarket-Корасув” ва “HalalMarket-Городок”да ҳам соат 12:00 дан бошлаб бепул нон пештахтага чиқарилади.

 

 

“Меҳрли қўллар” лойиҳаси доирасидаги бепул кийимлар дўконларидан эҳтиёжмандлар кийишга яроқли либосларни олиб кетишлари мумкин. Манзил: Чилонзор тумани Қатортол озиқ-овқат бозори 3-қават 77-дўкон ҳамда Тошкент вилояти Назарбек поезд йўли ёнидаги бино. Oyina.uz мухбири “Меҳрли қўллар” бепул кийим дўконида бўлиб, хизмат кўрсатувчи ва талабгорлар билан суҳбатлашди.

 

 

Шаҳло Шерматова,

хизмат кўрсатувчи:

 

– “Меҳрли қўллар” лойиҳаси доирасида кўплаб эзгу ишлар амалга ошириб келинмоқда. Оғир касалликка чалинган болаларни даволаш, уй-жойга муҳтож ногирон инсонларни бошпанали қилиш мақсадида хайрия йўли билан пул йиғилиб, кўмак кўрсатилади. Муҳтожларга бепул кийимлар улашувчи дўконлар ҳам ишлаб турибди. Қатортолдаги ушбу дўконимиз очилганига тўрт йил бўлди, кунига юзга яқин эҳтиёжманд инсонлар келади. Саховатли ҳамюртларимиз ҳам тез-тез кийим-кечаклар ташлаб кетишади. 

 

Исми сир қолишини сўраган харидорлардан бири дўкон фаолиятидан мамнун эканини билдирди:

 

– Шу атрофдаги қурилишда ишлайман. Дўконга иккинчи марта келишим. Ўтган сафар манави оёқ кийимни олиб кетгандим, сифати яхши. Бу ерда аёллар ва болалар либослари кўп, эркаклар учун топиш мушкулроқ. Биласиз, қурилиш ишларига янги кийим олиш ярамайди, тезда уриниб эскиради. Кўпчилик ўзига кичик келиб қолган ёки урфдан қолган кийимларини нима қилишни билмайди, ташлаб юбориш увол, сақлаб туриш эса бефойда. Биз каби пойтахтда вақтинча меҳнат қилаётган одамларга эса жуда асқотади.    

 

 

Хайр-эҳсон улашаётган дўконлар ҳақида ижтимоий тармоқларда ҳамкасбларимиз ҳам ўз фикрларини қолдирмоқда.

 

Шарофиддин Тўлаганов,

журналист:

 

Бир иш билан Назарбек томонга ўтгандим. «Mehrli qo‘llar» пешлавҳаси қизиқтириб қўйди. Дўкон шарлар билан безатилган эди. Суриштирб билсак, бугун очилиш маросими бўлаётган экан. Одамлар билан суҳбатлашдик.

 

Яқинда ижтимоий тармоқларда қайсидир хорижий мамлакатда саховат пештахталари ҳақидаги хабар анча шов-шувга айланган эди. Айни шу тажриба Тошкентда ҳам қўлланилаётгани ҳақида кўп эшитганмиз. «Mehrli qo‘llar» дўконига кираверишда ҳам ихчамгина жиҳоз ўрнатишибди. Саховатли инсонлар бу ерга озиқ-овқат маҳсулотларини қолдириши, эҳтиёжмандлар эса олиб кетиши мумкин экан.

 

«Mehrli qo‘llar» дўконида фаолият юритувчилар зарарига ишлайдими? Улар ҳам фойда кўриши керак-ку, деган савол туғилиши табиий. Шу тўғрисида сўраганимизда бошқа савдо нуқталаридан топилган даромад ҳисобига хизматчилар маош билан таъминланишини айтишди.

 

 

Чори Латипов,

журналист:

 

– Жума куни маҳалламиздаги дўкондан иккита тандир нонни қўлимга олаётсам, сотувчи: “Ака, бугун бепул буханка бор”, деди. Икки ўй оралиғида қолдим. “Йўқ, пулимга оламан”, десам, илтифот қилган йигитга нисбатан нописандлик бўлиб туюлди. Сўнг дўкончига маслаҳат бердим: “Укажон, раҳмат, биз ўзи уйда камчиликмиз, нон кўп кетмайди. Аммо шу гапингизни пештахтага ёзиб қўйсангиз, янаям савоб бўлади. Одамлар ўзи билиб олаверса яхши-да. Ноқулайлик ҳам туғилмайди”. “Раҳмат, ака, худди шундай қиламиз”, деди мамнун...

 

Тоғаймурод Ортиқов,

журналист:

 

– Янгиер шаҳри бозорига киришда жума куни саховатли тадбиркорлар бепул қолипли нон тарқатишни йўлга қўйибди. Таҳсинга сазовор иш. Аммо бир ҳолат ўйга толдиради. Ташқи кўринишидан ўртаҳол қатламдан бўлган 30-35 ёшлар атрофидаги жувон етти-саккиз ёшлардаги боласи билан бирваракайига саккизта нон олиб кетганини кўрдим. Ҳар елкасига бир қопдан ун қўйсангиз пинагини ҳам бузмайдиган соқолли йигит икки нонни қўлтиғига қистириб, “Ҳа, бугун жума намозида дуо қилиб қўямиз-да”, деди.

 

Мева растаси томон юрдим. Олма сотаётган йигит шеригига қараб: “Текин нон тарқатяпти, олиш керак”, дегани қулоғимга чалинди. Рости гап, ўзимни тўхтата олмадим:

– Эҳсон нонлар муҳтожлар, ногиронлар учун-ку! Сен ҳам бориб олсанг уят бўлмайдими?!

 

Одатда ориятли муҳтож одам чиндан қийналса ҳам, бепул нарсани олишга тортинади, ҳамиятсиз очкўз эса ҳеч нарсадан тап тортмайди. Юртимизда энди-энди қанот ёзаётган хайрия ҳаракатларини эса мана шундай нафси ҳакалак отган каслар барбод қилишидан қўрқаман.

 

 

Азиз ватандош, сизнинг ҳудудингизда ҳам шу каби саховат расталари борми, бу ҳақида изоҳларда ёзиб юборинг.

 

Нодира ИБРОҲИМОВА,

оyina.uz

1 Изоҳ

Наргиза Тугалова

12:01 / 01.01.1970

МашАллох! Аллох рози бўлсин!

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 25
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//