Баъзан ким ҳақидадир, нима ҳақидадир тўлиб-тошиб айтилган, ёзилган алқашларни эшитсак ё ўқисак: “Жуда муболаға қилибди” ё “Бироз ошириб юборибди”, деймиз. Аммо одамлар орасида оммалашиб кетган мазкур сатрларга кўзимиз тушса:
– Жуда топиб айтибди, – деймиз.
Аслида Зулфияхонимнинг “вафо ва садоқат тимсоли”, “меҳрибон устоз”, “талабчан раҳбар” каби бири-биридан чиройли сифатларининг ҳаммаси ўзига ярашади. Лекин “Покиза”нинг ўрни барибир бўлакча...
Чиндан ҳам, устозимизнинг сувратию сийратидаги покизалик ҳавас қиларли, ибрат қилиб кўрсатишига арзирли эди. Бизнингча, ҳалоллик покизаликнинг асоси ҳисобланади.
Бу дунёда унча-мунча ёшни яшаб қўйиб кўряпмизки, жамиятга, халққа Зулфияхоним қилган хизматнинг ярмини ҳам қилмаган баъзи кимсалар кимгадир яхшилик қилса, албатта, эвазига нимадир тама қилади. Ичидагина тама қилиб қўя қолмай одамларга:
– “Олди-берди”лиги йўқ экан, паст экан, иккита нон билан йўқлаб келмади, мен ундоқ қилгандим, бундоқ қилгандим, – дея гапириб юришади. Зулфияхоним шогирд қизларга: – Менга болаларингизнинг ризқидан қирқиб ҳеч нарса олиб келманглар, – дея қаттиқ тайинлардилар. Ҳатто, туғилган кунларида гулдастадан бошқа туҳфа олиб борилса, ранжирдилар. “Саодат” журнали ходимлари хизмат сафарига отланса, айниқса, ишни энди бошлаётган бўлса:
– Сиз борган жойингизга меҳмонга, ўзингиз бўлиб бораётганингиз йўқ. “Саодат” журналидан вакил бўлиб боряпсиз. Битта ножўя сўз айтсангиз, ҳаммамизга доғ туширган бўласиз. Шунинг учун эҳтиёт бўлиб, ақл билан иш қилинг. Агар тамагирлик қилсангиз, бу ҳақдаги гап-сўзлар сиздан аввал таҳририятга етиб келади, кейин хафа бўлиб қоласиз, – деб тайинлардилар.
Қўлёзмаларини таҳририят машинисткасига кўчиртирар эдилар. Агар бу қўлёзма “Саодат”дан бошқа нашр ё китоб учун бўлса, албатта, кўчириш ҳақини берардилар. Баъзи бошлиқларга ўхшаб:
– Иш вақтида ёзди-ку, ойлик оляпти-ку, – демас эдилар. Ҳатто, бир гал:
– Муҳаббат (таҳририят матн кўчирувчиси) янги китобимни кўчирди, мен сўрасам, хижолат бўлиб, тўғрисини айтмаслиги мумкин. Бошқалардан сўраб кўр-чи, ҳозир матн кўчирувчилар саҳифасига қанчадан бераётган экан? – деганлар. Билиб келиб, айтсам, Муҳаббатга ҳамма қатори ҳақ тўлаган. Фақат шогирдлар даврасида эмас, катта кўламларда ҳам худди шундай йўл тутардилар. Масалан, халқаро Нилуфар мукофотига сазовор бўлганларида ўзига тегишли маблағни Тинчлик жамғармасига ўтказиб юборган эканлар. Ёки бўлмаса Олий Мажлисга (у пайтларда бошқача ном билан аталган) депутат бўлиб сайланганларида депутатлик учун оладиган маошини кўп ҳолларда ўзининг сайловчилари эҳтиёжларига сарфлаганлар. Турли саналар муносабати билан ўтказиладиган учрашувлар ёки ҳисобот мажлисларига боришдан анча аввал Тошкент вилоятидан ўзларига ишончли вакил бўлган кишиларга:
– Менга эҳтиёжманд оилалар, муаммоли оилаларнинг рўйхатини қилиб беринг, – дер эканлар ва ўша рўйхат асосида рўзғорда керак бўладиган буюмлар ёки аёллар, кичкина болаларга кийимлар сотиб олиб, тарқатганлар. Ҳадялар кўйлаклик матодан тортиб кир ювиш машинасигача бўлган. Мен бу хотираларни ўша опа депутат бўлган пайтларда Тошкент вилояти Зангиота туманида раҳбарлик лавозимида фаолият олиб борган Маҳкам Камолов хотираларида ўқиганман. Ўқиш, эшитишдан ташқари, ўз ҳаётимда рўй берган бир воқеани ўрни келганида айтиб бергим келяпти. Таваллудларига саксон йил тўлиши муносабати билан Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида 3 томлик сайланма асарлари чоп этиладиган бўлди. Биринчи, иккинчи томлари осон тайёрланди, учинчиси публицистик асарлар бўлгани боис ўша вақт нуқтаи назаридан ҳар бир мақолани кўриб чиқиш керак эди. Нашриёт қистаётгани учун мен ўз ҳисобимдан таътил олиб, опага ёрдамлаша бошладим.
Мен ўқирдим, опа диванда ўтирган кўйи таҳрир қилардилар (Опа бетоброқ эдилар). Кунларнинг бирида:
– Ёзувлар – сеники. Қачондир қайси бир тадқиқотчи бу қўлёзмаларни ўрганса, “Зулфияхонимнинг мақолаларини кимдир таҳрир қилган экан”, дейди-да... деб қолдилар. Мен:
– Агар кўнглингиз ғашланаётган бўлса, ҳар бир саҳифанинг остига таҳрирлар ўзингизники эканлигини билдирадиган белги қўйинг, – дедим.
Шундай қилгачгина, кўнгиллари тинчиди. Бундай қараганда, улардан кейинги қайси бир тадқиқотчининг ўзлари ҳақида нима деб ўйлашининг қизиғи йўқ эмасми? Ўша пайтдаги мавқеи, мақом, мартабаси баъзи аёлларда бўлса:
– Мендан кейин дунёни сув босмайдими? – дер эди, эҳтимол. Лекин Зулфияхоним шундай инсон эдиларки, меҳнат, меҳр билан қозонган иззат-обрўсига ҳаётлигидаям, кейин ҳам ғубор қўнишини истамасди.
Инсоннинг покизалигини намоён этувчи жиҳатлардан яна бири кийиниши, пардоз-андоз...
Опа билан мен 65 ёшларидан кейин юзма-юз бўлганман. Аввалги кўринишларини фақат расмлардан биламан. Улар ҳамиша ўзларига ярашиқли, айни пайтда ниҳоятда дид билан кийинганлар. Бошдан оёқларини нечоғлик синчковлик билан кузатсангиз ҳам ўзидан итарадиган бир нуқсонни ҳам топа олмасдингиз. Улуғ ёшларида ниҳоятда сипо кийинардилар. Ҳеч қачон “чақирувчи” ранглардаги матолардан либос тиктирмасдилар, ортиқча пардоз-андозга ҳам ҳушлари йўқ эди. Ҳозирги пайтда ёши етмишдан ошса-да, калта, тор юбка кийиб, қошларини бўяб, лабларини шишириб юрган баъзи амалдор аёлларни кўрсам, ягона зийнатлари бармоқларидаги феруза кўзли узук бўлган устозимиз кўз олдимга келади. Ҳолбуки, шоиранинг давлатлари ўзларига етарли эди. Лекин улар “Элга кирсанг, элингча бўл” нақлига амал қилардилар, назаримда. Чунки ҳузурларига кунига ўнлаб аёллар келарди, ўзлари учрашувларга борардилар. Рўпара келган аёлларнинг аксариятининг кўнглида камлик бўлар, кўзида ёш, тилида арз билан келган хотин-қизларнинг олдида ярқираб ўтиришни ўзларига эп кўрмасдилар.
Қолаверса, 50–60 йиллардан бошлаб, Зулфияхоним шоира, журнал бош муҳаррири, жамоат арбоби сифатида фақат республикамизда эмас, қардош мамлакатлар, ҳатто, дунё минбарларида ҳам ўзбек аёли номидан сўз айтган, шеър ўқиганлар. Жуда катта давраларда ўтирганлар, улуғ инсонлар билан суҳбатдош бўлганлар. Уларнинг орасида ўз давлатининг арбоблари қатори Чингиз Айтматов, Расул Ҳамзатов, Қайсин Қулиев, Сулаймон Рустам каби таниқли ёзувчи, шоирлар ҳам бўлган. Мен уларнинг устозга ёзган хатлари, турли саналар муносабати билан ёзган табрикномаларини ўқиганман. Ёзувларида онасига бўлгандай меҳр, опа-синглисига бўлгандек ғамхўрлик оҳанглари кўриниб туради. Шу қадар самимий бу хатлар... Агар устозимиз ўша катта давраларда салгина бўлса-да одоб доирасидан чиққанларида, салгина бўлса-да, ўзбек аёлига ярашмаган нимадир қилганида бу эҳтиромлар қаёқда эди?! Мен қандайдир муносабат билан бориб қолган (кичик давраларда, албатта) давраларимда катта мансабларда ўтириб ҳам, халқнинг назаридаги иш билан шуғулланиб ҳам, елкаси белигача очиқ кўйлаклар кийган, эркаклар орасида ўтириб бемалол “оқ” ураётганларини кўрсам, устозимизнинг аёл шаъни, ўзбек аёли шаъни, миллат шаънига қанчалар масъулиятли муносабатда бўлганларини сезаман. Зулфияхоним фақат ўзларининг эмас, умуман, инсон шаънини ҳам баланд тутардилар.
Эшитганим бор: бир идора раҳбари пастроқ вазифада ишлайдиган хизматчисини ҳафта сайин уйига олиб кетаркан-да, хонадонида (узр-ку) неварасининг тувагигача тозалатар экан.
Бир марта сал оғринган экан:
– Сенинг ишингга зор одамлар мингта, агар уйимда ишлашни хоҳламасанг, аризангни ёз! – деган экан. Биз ҳам Зулфия опамнинг уйларига бориб юрардик. Лекин бирор марта уй ишларини буюриш тугул, илтимос ҳам қилмасдилар. Овқатларини Ҳулкар опам ё Риоя келинойим тайёрлаб беришарди. Ҳатто, катта меҳмондорчиликлар пайти:
– Сизлар менинг шоира қизларимсизлар, пешбанд тақиб, уй хизматчиларига ўхшаб, меҳмонлар олдига чиқманглар. Чиройли кийиниб, сочларингни тараб, меҳмонлар олдида, менинг ёнбошимда ўтиринглар, – дердилар. Айтганларини қилганимизда, даврадаги нуфузли меҳмонларга бизни бирма-бир таништирар, қайси бир сатримизнидир ёд айтар, ё бирор фазилатимизни ажратиб кўрсатардилар. Биз шу тарзда нуфузли инсонлар наздида “Зулфияхоним қизлари” бўлиб ўрнашиб қолардик. Вақти келганда, ана шу нарса бизнинг йўлларимизни очиб юборарди.
Баъзи шоирларнинг ижоди шахсини нурлантириб кўрсатади, баъзиларининг шахси ижодини ярқиратиб туради. Зулфияхонимнинг ижоди шахсиятидаги ҳалоллик, покизалик, одамийлик билан яна ҳам юксакроқ кўринади. Устоз бизга “Баҳор келди сени сўроқлаб”, “Шу-да бир яшаш”, “Қозоғистон туркумлари”, “Хотира синиқлари” каби гўзал асарлари қатори жуда кўп шахсий ибрат қолдирдилар. Ва бизга шундай унутилмас ибратлар қолдирганлари учун миннатдор бўламан, ҳақларига дуолар қиламан. Бугун адабиёт майдонимизга гурас-гурас ёшлар кириб келяпти. Уларнинг орасида қизлар, айниқса, Зулфия номидаги Давлат мукофотига даъвогарлар кўп. Зулфияхонимнинг шоиралиги, устозлиги, халқ ичидаги мавқеига ҳавас қилишдан олдин, биз у кишининг покиза суврати ва сийратига ҳавас қилишимиз керакка ўхшайди.
Бу хотираю хаёллар аро битаётган битигимнинг ҳам асл муддаоси шу: миллатимиз маънавиятининг асоси ҳисобланган покизалик фақат хотиралар, сувратларда қолмасин, ўзимиз, бугунимиз, келажагимизда яшасин.
Қутлибека РАҲИМБОЕВА
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ