Туркча сериаллардан сўнг урчиётган туркча романлар – нўноқ таржимонлар, саёз асарлар, дидсиз китобхонлар даври бошландими?


Сақлаш
17:31 / 28.02.2022 2411 2

Кейинги вақтларда китоб расталарида замонавий турк адабиётидан таржима асарлар кўпайди. Нашриётлар ҳам талабга яраша таклиф қонунияти асосида ишламоқда: аҳолида эҳтиёж борми, маҳсулот етказиб бериш керак. Натижада қардош тилдан ўгирувчи таржимонларга талаб кучайди. Аммо бу асарларнинг аслиятдаги савияси, ўзбекчага таржимаси қай даражада амалга оширилгани бир қатор саволларни келтириб чиқармоқда. Oyina.uz ҳар галгидек “мавзунинг ичидагилар”ни саволга тутди.

 

 

Санжар Назар,

“Академнашр” нашриёти раҳбари:

 

– Яқин-яқингача биз таржима асарларининг камлиги, таржима мактабининг йўқлигини муаммо сифатида таъкидлаб келар эдик. Аҳвол бироз яхши томонга ўзгара бошлаганини эътироф этган ҳолда, бу муаммо айни вақтда ҳам мавжудлигини айтиш мумкин. Яхши томонга ўзгариш биринчи навбатда миқдор ўзгаришларида намоён бўлмоқда. Бунда бозор қонунлари таъсирида шаклланган тижорий лойиҳаларнинг улуши ҳам жиддийдир. Сунъий онгнинг таржима соҳасига кириб келиши ва зоҳирий таржимада бирмунча сифатли натижа бера бошлагани ҳам жараёнга суръат бахш этди. Бугун китоб бозоримизда турли дастурлар ёрдамида ўгирилган, эга-кесими ҳаминқадар тўғриланган ўнлаб (!) китоблар пайдо бўлди. Хайриятки, уларнинг аксарияти бизнес адабиёти, сохта руҳиятшунослик ва руҳлантириб рағбат берувчи асарлар.

 

Бугун бирор чет тилини луғат ёрдамида тушунишга қодир бўлган қаламкаш борки, ўзини таржимада синаб кўрмоқда. Чунки талаб мавжуд. Китобдан пул қилиш имконияти пайдо бўлди. Чет тилини билгувчи ўзбек тилида ҳам лоақал фикру ҳисларини равон баён қила оладими деган савол ҳозирча кун тартибига чиқмади. Шунинг учун нўноқ, жўн, чучмал ўгирмалар урчий бошлади. Уларнинг орасида турк тилидан таржималар сон ва савия бобида салбий жиҳатдан алоҳида ажралиб туриши ҳам жуда табиий. Динимиз, ҳатто мазҳабимиз ҳам бирлиги, тилларимиз, маданиятларимиз яқинлиги, диёримизда оммалашган маиший турк сериаллари ўзбек китоб бозорида енгил-елпи турк асарларига жиддий талабни шакллантириб улгурган. Қолаверса, ўзаро уйқаш бўлгани боис “амаки” (Гуглнинг халқ орасидаги номи) ҳам туркчадан бирмунча силлиқ ўгиради.

 

Туркчадан таржималарда матн муаммосидан кўра танлов масаласи каттароқ. Яъни жуда савиясиз асарлар ўгириляпти. Тили яхшигина, аммо савияси ўта паст асарлар ҳам учраяпти. Ягона хаспўшлови бироз диний туси борлигида, холос. Аммо бу асосий иллат бўлса ҳам ажаб эмас. Чунки исломни сийқалаштириш, жўнлаштиришга олиб келади. Сўзларимни ижтимоий тармоққа шу мавзуда ёзган бир истеҳзо билан якунламоқчиман: “Енгил-елпи, олди-қочди хабарларни ёритгувчи нашрларни – сариқ матбуот дер эдик. Маиший, сийқа мавзулар ёритилган киноларга кимдир хонтахта фильм деб ном қўйиб берди. Жойига тушган. Устаси фаранг, ўрис табиат каби ибора ясаш тажрибаларимиздан келиб чиқиб тахмин қиладиган бўлсам, яқин орада нўноқ, сифатсиз бадиий асарларни туркча роман, турк романи деб атай бошласак керак. Туркияга, турк маданияти, адабиёти ва қардош халққа нисбатан улкан меҳрим таъсирида рашк қилиб бўрттираётгандирман балки. Аммо пайдар-пай чоп этилаётган сийқа ва сифатсиз турк таржима романлари шундай хулоса чиқаришга мажбур қилмоқда, афсуски”.

 

 

Аброр Машарипов,

Эгей университети журналистика факультети докторанти:

 

Яқинда туркиялик адабий агент билан гаплашдим. Айтишича, ўзбекистонлик бир мижоз 35-40 та китобни банд қилиб қўйибди. Майли, тилимизга яхши асарлар ўгирилсин. Лекин ҳурматли ноширлар, илтимос, таржимани туркча биламан деган ҳар кимга ҳам топшириб қўяверманглар.

 

Шундай расво таржималарни кўряпманки, ўша китоб билан таржимонни савалагим келади. Айниқса, бадиий асарни таржима қилиш учун тил билишнинг ўзи кам. Ўша халқнинг маданиятидан ҳам хабардор бўлиш керак. Айрим сўз ва иборалар, мақолларнинг маъносига иккилансангиз, интернетдан излаб кўринг, маъносини аниқлаштиринг.

 

Яқинда таржима бўлган ва муҳаррирнинг қўлидан ўтган, турк адибаси Омина Шенликўғлининг бир китобидан мисол келтирай: “Ниҳоят, суд куни етиб келди. Аслия ҳуқуқ суд биносининг олдида ўтириб, навбатини кутарди”. Ўртоқ таржимон, “Аслия ҳуқуқ суд биноси” нима дегани? Шу жумла ўзбекчами?.. Инсоф керак, ўзингиз тушунмаган нарсани қандай қилиб таржима деб тутқизяпсиз?..

 

Аслида “Asliye Hukuk Mahkemesi” бўлган, таржимон шундоққина ёзиб қўя қолибди. Asliye Mahkemesi – биринчи инстанция суди. Hukuk Mahkemesi – фуқаролик ишлари бўйича суд. Asliye Hukuk Mahkemesi – фуқаролик ишлари бўйича биринчи инстанция суди бўлади. Билмасангиз, биладиганлардан сўрашдан уялманг, лекин бунақа телба-тескари таржима қилманг.

 

Шу китобдан яна бир мисол:

– Ооо! Марҳамат, хоним афанди, марҳамат, келинг. Сизни кўрганга жаннат насиб қилади.

– Салом, ойинг яхшими?

Yüzünü gören cennetlik деган ибора Сизни кўрганга жаннат насиб қилади”, деб ўгирилибди. Демак, шу аёлни кўрган киши тўғридан-тўғри жаннатга кирар экан, шундай тушундингизми?.. Аслида бу ибора анчадан бери кўринмай кетган одамга нисбатан ишлатилади, яъни йўқ бўлиб кетдинг, соғинтириб юбординг, деган маъноларда. Таржимада маъно нақадар ўзгарганини қаранг.

 

Ишни тез-тез тугатиб, тезроқ пулимни олай деган ўйда бўлсангиз, билингки, узоққа бормайсиз.

 

 

Зебинисо Ҳайитова,

“Янги аср авлоди” нашриёти муҳаррири:

 

Бугун айрим фикрий ялқов китобхонларнинг бадиий мутолаага енгил қараши худди шу типдаги таржимонлар шаклланишига сабаб бўляпти, назаримда. Негаки, ноширлик соҳаси, китоб савдосида имконият кенгайгани сари ҳаваскор таржимонлар ҳам кўпайиб, орфографик ва стилистик хатоларни-ку айтманг, маъно-мазмун деган нарса йўқолиб кетмоқда. Қўпол қилиб айтганда, асар пати юлинган товуқ ҳолига келмоқда. Воқеалар ва жумлалар бир-бирига боғланмаган. Айниқса, матн аслияти билан солиштирилса, «олғир таржимон»ларнинг айби очилади-қолади.

 

Яқинда ижтимоий тармоқларда таржимон Отабек Тиллаевнинг “Туркиянинг устидан бир марта учиб ўтиб, таржимонлик қилаётган дўстларимизга мурожаат”ига кўзим тушди. Муаллиф куюниб ёзган муаммолар билан биз ноширлар деярли ҳар куни юзлашамиз. Айримлар бир-иккита турк фильмини кўриб, тилини ўрганиб олдим деб ўйлаб, бадиий таржимага оралаб кетишмоқда.

 

Таржиманинг ҳам ўзига хос қонун-қоидаси, талаби бор. Таржимон хорижий тилдан кўра ўз она тилини яхши билиши шарт. Чунки ўзга халқнинг сўз ва ибораларини қандай бўлса, шундайлигича ўгира олмайди. Туб моҳиятида қочирим, кесатиқ ёки ўхшатишлар бўлиши мумкин. Шу боис ўзбекча муқобилини топиб, ҳақиқий маъно-мазмунни ўқувчига етказа олиши керак.

 

Нашриётимиз фаолиятида турк тилидаги таржима асарлар салмоғи кўпаймоқда. Омина Шенликўғлининг «Виждон азоби», «Лўли», Ўрхон Камолнинг «Фирибгар», «Денгизга отилган аёл (Эл қизи)», Хадича Кубро Тонгарнинг «Бақирмайдиган оналар», Шениз Южелнинг «Гўдакликдан йигитликка қадар», Зулфу Ливанелининг «Сўнгги орол» каби асарлари ўзбекча таржимада китобхонлар эътиборига ҳавола қилинди. Китобларнинг маънавий-ахлоқий қадриятларни асраб-авайлашга тарғиб этиши, фарзанд тарбиясига оид қимматли маълумотлар бериши каби жиҳатларига алоҳида эътибор қаратамиз. Тўғри, биз ҳам чиқарган айрим китобларимизнинг таржимасидан қониқмаган пайтларимиз бўлади. Шундай чоғда биз муҳаррир кўпроқ тер тўкишимизга тўғри келади.

 

 

Дилбар Ражабова,

таржимон:

 

Турк адабиётидан таржима қилиш урфга кирди, лекин китоб танлашда ниҳоятда нўноқликка йўл қўйилмоқда. Кўнгил кечинмаларига доир романтик асарларнинг ҳам тарбиявий аҳамияти паст бўлган, енгил елпи туйғулар ўз ифодасини топган турлари танланяпти. Бир-икки кун кулги ва йиғи ҳиссини берадиган, кейин унутилиб кетадиган севги-муҳаббат саргузаштларининг халқимиз маърифати учун қандай аҳамияти бор? Ҳаёт бир-бирини ташлаб кетадиган севишганлар ёки охири ўлим билан тугайдиган, бўрттирилган ишқий можаролардангина иборат эмас-ку. Инсоний туйғуларнинг, қалбни тарбия қиладиган ҳисларнинг чек-чегараси йўқ. Мавзу фақатгина ўлдим-куйдимга бориб тақалавериши одамга эриш туюлади.

 

“Қайтганимда уйда бўл”, “Тўйдан кейин ҳам муҳаббат бўлсин” сингари асарларни ўқиб кўрган мулоҳазали китобхон вақтини увол қилганига ачинади. Қуруқ ва чиройли жумлалар инсонга ҳеч нима бермайди. Гарчи қулоққа ёқимли эшитилса ҳам. Енгил ўйлаш, енгил яшаш, енгил фикрлаш табиатимизга, қон-қонимизга сингиб кетмоқда. Ҳатто диний руҳга йўғрилган таржима асарларда ҳам юзакилик кўзга ташланади.

 

Номи ваҳимали, жарангдор, лекин мазмуни бўш китоблардан қочиш керак. Сема Марашлининг асарлари шов-шувли бўлди роса. Лекин ўқиб кўриб, ҳеч нима тополмадим. Ўрхон Памук, Аҳмад Лутфий Қозончи, Омина Шанликўғли таржимага арзирли. Лекин фақат замонавий турк прозасига ёпишиб олмаслик лозим.

 

Ёш таржимонлар шунчалар кўпки, бирортасида на маҳорат, на адабий савия, на тилнинг нозик нуқталарини ҳис қилиш, на масъулият бор. Нашриётлар нега уларга таржима асарларни қўш-қўллаб топширяпти? Арзонгаровга иш битириш учунми? Гуруҳ-гуруҳ бўлиб, бир китобни ўн қисмга ажратиб, ўн киши таржима қилиши урф бўлди. Мақсад – тезроқ буюртмани бажариб, тезроқ мўмай даромад топиш. Ўзбекча чиққан таржима китобларга қарасангиз, ҳар саҳифасида туркча сўзлар жавлон уриб юради. Ваҳоланки, она тилимизда муқобили мавжуд. Таржимон буни назардан қочирмаслиги шарт.

 

 

Oyina.uz ижтимоий тармоқдаги “Китобхонлар давраси” гуруҳига мавзу юзасидан савол қолдирганида юртдошларимиз қизғин баҳсга киришиб кетди.

 

Севинч Норқобилова,

журналист:

– Бизда ҳам китоб савдоси бўйича маркетинг яхши ривожланаётганига турк ёзувчиси Мирач Чағри Оқтошнинг бир асарини харид қилиб амин бўлдим. “Тўсиқларга қарамай севдик” – номини эшитибоқ “О-о, зўр экан, олишимиз керак”, “Биз ҳақимизда экан...” дейдиганлар топилган. Сабаби, ўзим ҳам шундай ўйлагандим. Аммо китобдан ўзим кутган таассуротни ололмадим... Яхши жумлалар, туркларга, турк адабиётига хос севги калималари талайгина, лекин кечирмаслик, рад этилганини бот-бот эслаш жуда кучли. Қарғаш оҳанглари ҳам бисёр... Юз саҳифача ўқий олдим. Қолганига бардошим етмади.

 

Умрбек Ибрагимов,

менежер:

– Менимча, бизга ҳозирда турк адабиётидан фақат диний ва маиший мавзудаги, номи сотилувчанлигини оширадиган (аммо бадиий савиясига ҳеч ким жавоб бермайдиган) асарлар кириб келмоқда. Лекин турк адабиёти аслида катта бойликка эга. Нобель мукофоти ҳам сўз санъати бўйича жаҳонда саноқли халқларга насиб этган.

Орхан Памук, Яшар Камол, Нозим Ҳикмат, Сабоҳиддин Али, Азиз Несин каби турк ёзувчиларининг бақувват асарлари бор. Бироқ аксарияти ҳали ўзбекчага ўгирилмаган. Таржима қилинадиган бўлса ҳам, аслиятдаги бадиий савиясига монанд таржима қилинадими-йўқми, бу яна бир масала.

 

Ҳанифа Бурхонова,

магистрант:

– Турк адабиётини азалдан хушламайман. Қандайдир қолипи бор. Фақат Азиз Несиннигина ўқий оламан. Янги таржималардан Аҳмад Лутфий Қозончининг асарларини, кейин “Пешонамдаги нур” романини варақлаганман. Сариқ матбуот даражасидаги асарлар, холос. Китоб қилиб, қоғозни увол этишга арзимайди.

 

Равшан Бурхонов,

талаба:

– Турк адабиётидан деярли таржима қилинмаяпти. Бизга тақдим этилаётганлари адабиёт дегулик ҳам, таржима дегулик ҳам эмас. Қардошларимизнинг арзончи дидактик асарлари “google” ёрдамида ўзбекчага ўгириляпти. Озроқ диний фон қўшилиб, бозор учун ёзилаётган матнларни адабиёт десак, билмадим, оммавий савиямиз қай даражага тушиб қолди экан?!

 

Сиз-чи, азиз китобхон, янги таржима асарларни мутолаа қиласизми? Фикрларингизни изоҳда ёзиб қолдиринг.

 

Нодира ИБРОҲИМОВА,

оyina.uz

 

2 Изоҳлар

Dilrabo Tursunqulova

12:01 / 01.01.1970

Жуда тўғри мавзу кўтарилган. Курсдошларимнинг қўлида шунақа вароғи зое китобларни кўриб ачиниб кетаман. Ваҳолангки, Борхес ким, Кавабата ким? десам танимайди кўпчилиги!

Nodirbek Yo‘ldoshev

12:01 / 01.01.1970

Мен Аҳмад Лутфий Қозончи ва Рашод Нури Гунтекиндан бошқасини ўқимаганман. Ҳозирги таржималар билан таниш эмасман, ўқиб кўрмаганман. Юқорида шунча одамдан фикр олибсилар, лекин Аброр Машариповдан бошқа биронта одам китобларнинг, таржимонларнинг исмини тилга олмаган. Умумий гап бўлиб қолибди. Умумий гапнинг таъсири деярли бўлмайди. Рост шунчалик вақт ажратиб бирон муаммони ўртага ташлагач ҳаммасини очиқ, рўй-рост тилга олиш керак, мақсад ҳам шуки ўзи.

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10347
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//