Фольклоршунос олим Шомирза ТУРДИМОВ билан суҳбат
– Сиз, ўзбек халқининг уч улуғ бахши-шоиридан бири – Эргаш Жуманбулбул ўғлининг набирасисиз. Дўмбирасига булбул қўнган ана шу зот қони томирингизда оқаётгани боисдир, фольклорни тадқиқ этиш усулингиз бошқалардан айричароқ – сизда наинки зийрак ақл, ҳассос қалб билан ҳам ёндашиш бор. Халқимизнинг оғзаки ижодига кўп йиллардан буён ошно инсон ва олим сифатида айтинг-чи, фольклорга яқинлик кишига нима беради?
– Одамзод ниманики ўзига яқин олса, шунга тақдирдошлик ҳиссини туяди. Киши танишлари, дўсту яқини, қавму қариндоши, аҳли оиласининг қувончу қайғусига шерик яшайди. Баъзан бегоналарнинг ташвиши уни қизиқтирмайди. Гўё бунинг унга дахли йўқдек, ўзидан ортмайди. Мавжуд ҳолатдан бир айбу нуқсон қидирмоқчи эмасман. Фақат, асл моҳиятда – Яратганнинг ўлчамларида буларнинг бари бир махражга келишини англаб етганлар кам учрашини қайд этмоқчиман, холос. Агар Ул Зот бизнинг “компьютер”имизга ота-она, оила, фарзанд, қавму қариндош, ёру дўст... деган ришталар билан боғлиқ ўзига хос “дастурлар”ни жойламаганида нима бўларди, бир ўйлаб қарайлик. Одамзоднинг ўзидан ортиб бировга қайишиши нечоғли улкан муаммога айланарди. Бу гап-сўзлардан муддао нима? Инсон қачон “табиий боғлиқлик ришталари”дан юксалиб, барчага баробар “боғлиқлик риштаси”ни ярата олса, у чинакам комил инсонга айланади. Ана шунда унинг кўнгли бошқа мавжудотлар тўдалашиб, ягона мақсад сари интилганида эришиши мумкин бўлган Улкан билимга чамбарчас боғланади.
Улкан билим нима?
Улкан билим – бутун олам, борлиқнинг азалабад тақдири дастурлашган, уни доимий юритгувчининг илмлар мажмуаси... Барча тирик мавжудотга ушбу билимнинг бирламчи босқичи берилган. Бу босқич негизида табиий инстинкт туради. Фақат олий мавжудот – инсонгина навбатдаги босқичларга ўта олади. Олимлар жониворлар – ҳашаротлар, қушлар, балиқларнинг мавсумий ва номавсумий кўчишлари асносида йўлидан адашмай, кўзлаган манзилини тўғри топиб боришини тўда бўлиб ҳаракат қилиш чоғида шаклланадиган Улкан билим билан боғлашади. Тўдадан ажралганлар адашишга маҳкум экан. Фольклор ва халқ санъатининг барча турлари асосини, негизини тутиб турувчи анъаналар, бадиий қолиплар ҳам Улкан билим мевасидир.
Инсондаги бирламчи дастур ҳам ушбу билим билан боғлиқ. Таниш-билиш, дўсту ёр, қавму қариндош, аҳли оиласининг қувончу қайғусига тақдирдошлик ҳиссини бизга Улкан билим сабоғи англатиб туради. Инсон Улкан билимнинг галдаги босқичларига чиқиши учун кўкдан илоҳий каломлар юборилган. Аммо инсон табиатида азалдан адашишга мойиллик бор. У англатилганларни ўзича бичиб талқин этади, нафсининг хоҳиш-истагига мослаштиришга уринади. Ўз “ҳақиқат”ини жорий этишга интилади. Шу сабабли Қуръонгача бир юз йигирма тўрт минг ялавочга навбатма-навбат келган илоҳий каломлар таҳрир қилинди. Фақат Қуръони карим Яратганнинг ўзгармас сўнгги Сўзи бўлиб қолди.
Мифлар Улкан билимга туташ ана шу муқаддас битиклардаги йўл-йўриқ, сабоқ ва билимнинг оқавасидир. Қандай шаклда бўлишидан қатъи назар, мифларнинг мағзида Улкан билимнинг моҳияти мужассам. Шу сабабли биз мифларни илоҳий каломларга боғлаб англаймиз. Мифлар динлар издан чиққан жойда бошланган. Улар инсоннинг табиат олдидаги қўрқуви ва ожизлиги маҳсули эмас.
Дин ва миф инсон наслининг ибтидосини илк Одам ва Аёлга боғлайди. Турли халқларда Одам ва Аёлнинг турлича номланишини кузатиш мумкин, лекин Сўз замирида ягона тушунча мавжуд.
Бу кунгача аниқ фанлар илмий жиҳатдан исботлаган ва исботлашга уринаётган қонуниятлар муқаддас битик ва мифларда айтилган. Фақат, улар фан тилида эмас, битик ва мифнинг ўзига хос ифода шакли – рамз ва тимсолларда баён этилган. Рамз ва тимсол битик ва миф тилидир.
Биз одатда илм кашф этди, қонуниятни очди, деймиз, гўёки илгари бу қонуният, ҳодиса бўлмагандек. Аслида эса мавжудликнинг айни чегарасигача ақлимиз етиб, илғаган, англаган бўламиз, холос. Инсоннинг билими, англагани мавжудликнинг қанча қисмига етган-у, қолгани қанча, тасаввур ҳам қила олмаймиз. Бу ҳолатимиз, қиёс дағалроқ туюлса-да, чумолини томоша қилиб ўтирган одамнинг “Чумоли нималарни англаяпти” дейишига ўхшайди. Аслида чумоли уни томоша қилиб турган мавжудотни қандай англаши номаълум... Инсон – оқил мавжудот. У тушунишга, англашга ва билишга интилади. Унинг имконида ана шу бахт бор. Уни бу йўлда қўллаб, маёқ ёқиб, манзил сари бошловчи бор.
Фольклорга яқинлик, истасангиз-истамасангиз, Сизни, аввало, ана шу Улкан билим ҳудудига олиб киради. Кишини Афлотуннинг “Ғор” нақлида ёзилган, Қуръоннинг “Ёсин” сураси 8–11-оятларида огоҳ этилган “бўғов”лардан бўшалиб, “соялар салтанати”дан чиқиши, нурли манзилларга етиши учун имкониятлар очади.
Фольклор ҳар бир одамнинг қонида бор ва ҳар қандай тил ибтидосида Улкан билимга дахлдор тушунчалар мавжуд. Шундай экан, фольклор бизга ўзимизни, ўзлигимизни англашга ёрдам бериши билан қимматлидир. Фольклор – маънавий она сутидир. Устод Ҳоди Зарифнинг “Ҳақиқатим халқ ичида” деган иқрори бежиз эмас.
– Сизнинг “Алпомиш”, “Гўрўғли” каби достонлар асосида миллат ва фольклор тадрижининг уйғунлиги масаласига бағишланган “Этнос ва эпос” китобингизни ўқиган киши жуда қизиқарли таҳлил ва хулосалардан баҳраманд бўлади. Ушбу асар мутолааси чоғида кўнглимда туғилган бир саволни бермоқчи эдим. Деярли барча халқларнинг эпосида бир ҳол – От ва Зот муаммосига дуч келиш мумкин. Эпос қаҳрамони – сердавлат ва серсавлат алп борки, тирноққа зор. Гўрўғли каби “оти бор-у, зоти йўқ”. Ушбу мусибат-муаммонинг замиридаги фалсафа моҳияти нимада?
– Халқнинг тарихи қанчалик қадимийлиги, маънавий қуввати нималарга қодирлигини унинг эпосидан ҳам билиш мумкин. Бунда эпоснинг рамзу тимсолларга эврилган тилини топиш, англаш лозим. Бу – олмос қонуният. Шундай экан, халқ юксалиш шавқини, таназзул аламини тотиб, кечмишини ақл ва кўнгил чиғириғидан ўтказиб, хулосалар чиқарсагина асл эпос намунасини ярата олади. Бу – масаланинг бир томони. Иккинчи жиҳати эса – илдизи илоҳий манбага бориб тақаладиган дунёқарашнинг амалда мавжудлиги. Илоҳий таълимотга таянмаган эпос кемтиклигича қолади. Буюк салтанатлар барпо этган ва илоҳий таълимотдан баҳра олган халқнинг эпосигина мумтоз мақомга кўтарила олади.
Бу борада биз – фахрланишга ҳақли халқмиз. “Алпомиш” ва “Гўрўғли” каби мумтоз эпосларга меросхўрмиз. Меросхўр қоровулдай гап. Хазинада нимарса бор – уруғ. Уруғни экиб ҳосилини олган – қоровулдан эгага айланади. Ана шунда От ва Зот муаммоси ҳал бўлади. Гўрўғлининг Отга эгалиги-ю, Зоти йўқлиги – улкан тимсол, чунки Зот алмашади, лекин От – ҳаёт мангудир. Улкан салтанат – От муайян миллатга тегишли бўлиши мумкин, лекин уни шу билан чеклаб бўлмайди. Аслида, салтанат тузувчи ва уни юритувчи Гўрўғлидек алплар бағрикенг, толерант шахслардир. Улар ўзи мансуб “локомотив” миллат атрофига кўплаб миллат, эл-элатларни бирлаштириб, уларнинг бирдек камол топиши учун шарт-шароит яратади. Гўрўғли Аҳмад Сардордек маҳдуд, майда миллатчи, зотпараст эмас. Унинг салтанатида Авазхон – Гуржистондан, Ҳасанхон – Ваянгандан, Тўлак ботир – Қандаҳордан, Холдорхон, Асад, Шодмон каби турли элат, уруғ вакиллари бўлган. Қирқ йигит бирлашиб, Чамбилдек озод ва эркин ўлканинг гуллаб-яшнашига ўз куч-ғайратини қўшган. Уларнинг барчаси – Чамбил фарзандлари, шу ўлка – ватани шаъни, шарафини улуғлашни буюк бахт деб билади, Аҳмад Сардордек феълиторлик қилмайди. “Гўрўғли” туркумидаги бир қанча достонлар салтанатдаги ана шу “сардорчилик” қутқуси натижасида келиб чиққан аянчли вазиятларга бағишлангани бежиз эмас. Алалоқибат ҳар гал ҳақиқат қарор топади. Гўрўғлининг буюклиги ва суюклиги шундаки, у Аҳмад Сардорни ҳам кечира олган, унинг тўғри йўл топишига имкон берган. Алп ана шундай бағрикенг Шахсдир. Одам Одам мақомидан қуйи эниб, махлуқ мақомида туғилади ва унга яна Одам мақомида камолга эришиш имкони берилади. Ким ушбу мақомга эриша олса – Одамдир. Бу йўлда на жинс, на ирқу миллат, на касбу кор, на бойлигу мартаба тўсиқ эмас. Алплар тузган салтанат кўпчиликнинг Одам бўлишига хизмат қилган.
Ватан ва мамлакат тақдири, шаъни, шавкати билан нафас олувчи Эрлар бор экан, бу салтанат завол топмайди. Гўрўғли ана шундай Эр эди. Гўрўғлининг ўйи, сўзи, амали Чамбил билан боғлиқ эди. Ўйлаганинг ҳаётингга, айтганинг, амалинг тақдирингга айланади. Эпос – халқнинг бадиий тақдирномасидир.
Эпоснинг сабоғи кўп. Эпосни ўқиб, уқиб ўтмиш, бугун, келажакнинг моҳиятини тушуна борасиз.
– Ўтган асрнинг охирларида “Халқ оғзаки ижоди – фольклорнинг куни битди, замона зайлига дош беролмади, ўлди” қабилидаги гаплар кўп айтилган эди. Бугун ҳам эшитиш мумкин бўлган бундай афсус-надоматларга сиз нима деб жавоб берган бўлардингиз? Ростдан ҳам, ҳозирги цивилизация фольклорни унинг яшаб қолиши ва ривож топиши учун зарур шарт-шароитлардан маҳрум этиб қўймаяптими?
– Cаволга жавоб беришдан аввал бир масалага тўхталиб ўтиш лозим. Бу – фольклорнинг халқ ижоди, коллектив ижод экани масаласидир. “Коллектив ижод”ни кўпчиликнинг бир жойга тўпланиб, муайян асарни ҳашар йўли билан яратиши деб тушуниш нотўғри. Сўзнинг “лой”ини халқ пишитиб беради, анъана синчи халқнинг бадиий тафаккурида шаклланади. Халқ – сўз ва анъана “мардикор”и. Ижодкор – уста. Уста “иморат”ни ана шу “синч”га таяниб бунёд этади. Халқ вакили кўнглини очар экан, ўз фикрини баён этишда тайёр қолиплардан ўз ҳоли, ҳолатига мослаб фойдаланади. Ижодкор – бахши-шоир эса уларни бир ўзанга солиб, бадиий воқеликда жилолантиради, санъат иқлимига олиб ўтади. Фольклорнинг коллектив ижод экани ана шунда.
Ҳар қандай ижодкор, у қанчалик фавқулодда талант ва иқтидор соҳиби бўлмасин, фольклордаги каби тўкис анъана яратиши қийин. Индивидуал ижод аҳли анъанага янги қувват бағишлаши, уни янада такомиллаштириши мумкин. Анъана халқ бадиий тафаккурида пишиб етилади, авлоддан авлодга ўтади. Бу жараёнда анъаналарнинг илдизлари жуда қадимга бориб тақалади. Улкан билимдан баҳра олади.
ХХ асрнинг аввалигача бизда коллектив ижод билан боғлиқ жараёнлар деярли узлуксиз давом этиб келган. Ўтган асрдаги кескин ўзгаришлар, аср сўнгида бошланган ва ҳамон жадал давом этаётган глобаллашув сингари оламшумул жараёнлар нафақат ўзбеклар, балки бутун сайёрамиз аҳли тафаккуридаги туб янгиланишларга сабаб бўлди.
Бугунги кунда фольклорнинг барча жанрлари қаторида эпос ижроси ҳам ўзгарди. Шу ўринда Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуназар Поёнов айтган бир фикрни келтириш ўринли: “Ўтган асрнинг 80-йиллари Мамарайим Қобил деган бахши айтган эди: “Илгариги бахшиларнинг овози кўкракдан паст – қориндан чиқарди, кейингилар кўкракка бўйин бирлашган жойдан айтадиган бўлди. Сизлар кекирдакдан айтяпсизлар, эндигилар танглайдан куйлаяпти”. Чиндан-да, Шоберди бахши билан эстрада хонандаси Маҳмуд Номозов ижроси яқин келиб қолгани сир эмас. Хоразм бахшичилигида бу ҳолат аввалроқ бошланган эди. Бахшичилик санъатида ижрочининг ички овоздан ташқи овозга ўтишини шунчаки ҳавас меваси деб бўлмайди. Бу фольклоршунослик жиддий ўрганиши лозим бўлган мураккаб жараён! Оҳангнинг замон талаб этаётган мароми (темпи) ва бошқа омилларни ҳам илмий тадқиқ этиб, тегишли хулосаларга келиш фурсати етди. “Халқ оғзаки ижоди – фольклорнинг куни битди, замона зайлига дош беролмади, ўлди” деб хулоса чиқаришга асло шошилмаслик лозим. Фольклор янгича яшаш шаклига кириб бормоқда. Негаки, талаб ва эҳтиёж бор экан, у яшайверади. Ижодкор халқимизда эса бунга эҳтиёж ва талаб катта.
Фольклорнинг таянчларидан бири – халқ тилидир. Бугунги халқ тили билан ўтган аср ўрталаригача яшаган улуснинг тили ўртасидаги катта фарқни сезиш учун мутахассис бўлиш шарт эмас. Эндиликда халқ тили ва адабий тил тобора яқинлашиб бормоқда. Адабий тил имконияти халқ тилиникидан кенгроқ. Халқ тилидаги образлилик бу кемтикни тўлдиради. Қўрғон достончилик муҳитида ўсиб улғайган момонинг тилига диққат қилинг: “Худойимга ёзмайин, Худоё, гуноҳим тўкилсин, назар тушган, назаркарданинг боласиман. Хилу хуштим, етти пуштим қўлласин! Менам унча-мунчанинг боласи эмасман. Кўрган одам ҳавас қилган, чувлаб ётган эл эдим, чалқиб ётган кўл эдим, қараганни қўрқитган, қарамаганни беркитган не бир акаларим бор эди, ўлим келиб хўрлади. Худо қилди, меҳрибондан жудо қилди. Товда юрган бўри эдим, сувлотга тушмай қўй бўлдим, ўлим олдида хўр бўлдим, Худоё, энди болаларим омон бўлсин!” Бугун бу хил қуйма фикрлару сўзларни кам эшитасиз. Чунки оғзаки анъаналарда узилиш, янада тўғрироғи, умумийлик, ҳатто бирхиллик пайдо бўлаётир. Бунда оммавий ахборот воситаларининг таъсири ҳам йўқ эмас. Анъаналар барқарор келган муҳитда тингловчи, куйловчи баробар ижод қилади. Эндиликда авваллари фольклорга юклатилган миссияни ижоднинг янги шаклдаги турлари эгаллаётир. Фольклор эса оммавий ижродан саҳнага кўчиб улгурди ва саҳна талабларига мослашмоқда. Бугун фольклордан мумтоз давр намуналарини кутиш қийин. Шу боис фольклорнинг мумтоз даври ўтмишга айланмоқда, дейиш мумкин.
– Сиз сценарийнавис сифатида ҳам қалам синаб кўргансиз. Таниқли кинорежиссёр Қамара Камолова билан ижодий ҳамкорликда яратган “Йўл бўлсин” фильмингиз Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотига сазовор бўлган эди. Киносанъаткорлар билан самарали бошланган бундай ҳамкорлик сўнгги пайтда сусайганга ўхшайди...
– Халқ қўшиқларидаги рамз ва тимсолларга эътибор берсак, ажойиб манзараларга дуч келамиз. Масалан, халқ қўшиғидаги “Олма отдим отганга” деган мисра мағзида, мени севганни севдим, деган иқрор мужассам. “Тол ёғочни ўтга солдим, мен уни куймас дедим” сатрларида лирик қаҳрамоннинг, мени севаман деган йигитни синаб кўрдим, деб чеккан изтироби ўз ифодасини топган. Халқ қўшиқларида олма – севги, фарзанд; шафтоли – ўткинчи муҳаббат; тол – йигит; ғоз – хушхабар; ўрдак – туҳмат, шумхабар ва ҳоказо туб ўзак рамзий маъноларга эга. Қўшиққа рамз калитини солсангиз, ҳайратингиз ортиб, ўз кўнглингизни гўё қайтадан кашф этасиз, халқона тафаккур хазинасига ошно бўласиз. “Йўл бўлсин” фильмининг сценарийси ана шу хазинадаги рамзларни кино тилида қайта жонлантириш асосига қурилган. Халқ қўшиқлари асосан тўртликлардан ташкил топгани каби бу ердаги ҳар бир саҳна тўртлик шаклини олиши, тасвир ортидаги қўшиқлар воқеаларни бойитиши, экрандаги ҳар бир ҳаракат, ранг, оҳанг уйғунлашиб, халқона рамзлар воситасида асосий ғояни ифодалашга хизмат қилиши керак эди. Картинада маросимларни кўрсатиш мақсади бўлмаган, маросимларни борлигича тасвирга олиш, шарҳлаш – ҳужжатли фильмнинг иши. Бизда маросимларга ижодий ёндашилиб, янгича талқин берилган, уларга бадиий юк юкланган эди. Бизнинг бу эзгу ниятимиз, интилишимиз ўзини оқлаган, деб ўйлайман. Кинода, театрда ҳаракат сўзни айнан такрорламаслиги, уни тўлдириб янги иқлимга олиб чиқиши керак. Олайлик, кўза кўтарган қиз ҳақида гапирилса, ҳаракат уни такрорласа, бунинг нима қизиғи бор? Бу оддий тақлид, тақлидда образ очилмайди, унинг бадиийлик кучи синади.
Энди ҳамкорликнинг сусайиши масаласига келсак, бу менинг секин ишлашим билан ҳам боғлиқ бўлса керак. Киночи дўстларимга “Мезон” деб номланган сценарийни топширганман. Бу фильм ҳам “Йўл бўлсин” усулига яқин, фақат образлар мумтоз адабиётга боғлиқ ва унда асосий “юк” мақом наволари, ашулаларига юкланган. Фильмни ким суратга олади, ҳозирча билмайман.
– Гап кинога бориб тақалган экан, миллий эпосимизнинг ноёб дурдоналарини экранлаштириш масаласига тўхталмасдан ўтишимиз қийин. Биз достончилик бобида кўп халқлар ҳавас қилса арзигулик ғоят қадимий ва улкан бойлик ворисларимиз. Ана шу достонлар асосида фильмлар суратга олиш замон талабларидан ортда қолаётгандек, назаримда. Балки бунда фольклоршуносларнинг ҳам айби бордир? Ушбу соҳада имкониятларни кенгроқ кўламда ишга солиш фурсати етмадимикан? Ўшанда фарзандларимиз ўзга халқларнинг Жумонгга ўхшаш қаҳрамонларига ҳавас қилиб юрмаган бўлармиди...
– Авваллари кинофильм томоша қилиш учун кинотеатрга боришга мажбур эдик, эндиликда у уйимизга кириб келди. Истаган фильмингизни ён ётиб-ёнбош ётиб томоша қилиш имконига эгасиз. Бир кунда телевизор орқали турли жанрдаги ўнлаб фильм намойиш этилишини назарда тутиб, ҳисоб-китобини ўзингиз қилиб олаверинг. Халқ онгига йиллар давомида сингмаган дунёқарашни кино бир зумда сингдиради. Бу жараёнда “қозон” эгаларининг оти ўзади. Мультфильм, илмий-оммабоп, бадиий фильмлар ва сериалларда кимнинг қўшиғи куйланса, омма шуни қайтаради. Корейслар ўз тарихининг йилт этган чўғидан гулханлар ясаб, ҳаммани ишонтирмоқда. Болаларимиз Жумонгга ҳавас қилаётган бўлса, бунинг учун уларни айблаш инсофдан эмас. Инсон, айниқса, ёшлар табиатан ибрат ахтаради, суянишга мойил. Ибрат унинг қаддини ростлаб олишига ёрдам беради. Бугунги авлод кўнглига, талабига мос жавобни – ибратни биз кўрсатиб бермасак, уларнинг ҳаваси бегона суянчиқларни ўзлаштириб, таскин топаверади.
Катта дарахтнинг айби – соясининг катталигида.
Баланд тоғ олдидаги одам кўринмайди. Тоғ тепасига чиқилса, олам унинг кафтига кўчади.
Биз қадимий тарихимиз, улуғ сиймоларимиз, бой фольклор ва адабиётимиз соясида қолиб кетаётгандаймиз. Биргина тарихимизни олиб қарайлик. Узоқ ўтмишимизда Афросиёб – Алп Эр Тўнға деган улуғ зот ўтган. У Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сида Турон подшоси деб таърифланган. Эрон шаҳзодаси – Сиёвуш отасидан аразлаб, унинг ёнига паноҳ излаб келади. Афросиёб Сиёвушга қизи Қосни никоҳлаб беради, ҳомийлик қилади. Афросиёбнинг укасига бу ишлар ёқмайди. Унинг қутқуси билан Сиёвуш ўлдирилади. Бу воқеалар Гўрўғлининг асранди ўғли Аваз ва тоғаси Аҳмад Сардор муносабатларига жуда уйғун. Эпос Афросиёб, Сиёвуш демайди, лекин бахши-шоир воқелик моҳиятини рамзий кўринишда, бадиий талқинларда барча даврларга ростлаб куйлаган. Бундан минг йил олдин юрт кезиб, ватан ва халқ шаъни учун куйиниб-ўртанган яна бир аллома – Маҳмуд Кошғарий Алп Эр Тўнға ҳақидаги қўшиқларни ўз луғатида келтириб, элнинг унга бўлган муҳаббатини ёдга солган. ХХ аср аввалида бошқа бир аллома – Абдурауф Фитрат бу қўшиқларни жамлаб, Алп Эр Тўнға ҳақидаги тасаввурларни тиниқлаштиришга интилган. Энди ўйлаб қарайлик, Алп Эр Тўнға – Афросиёб ҳақида фильм яратилса, тарихимизнинг қоронғи йўллари қанчалар ёришган ва кенг омма онгида бу улуғ сиймо қайта қад тиклаш баробарида шаъну шавкатимиз қанчалар юксалган бўлар эди. Камол топиб келаётган ёш авлодга ибрат намунасини кўрсатган бўлар эдик.
Маҳмуд Кошғарий ҳам шунчаки тилшунос олим эмас эди. “Араб тили билан икки улоқчи от сингари тенг пойга қилиб ўзиб бораётган турк тилини тўлароқ ёритиш” ниятида барча турк қавмлари яшаган ҳудудларни айланиб, қувончу алам топган, кўнгли фахру ифтихорга тўлган синчи шахснинг луғатида сўз ва унинг маънолари шунчаки келмайди. “Араблар арабча билмайдиганларни “ажам” деганлари каби туркийлар туркча билмайдиганларни “сумлим” дейдилар. Агар кейин арабчани ўрганса ҳам араблар ҳар вақт уни ажам деяверадилар. Лекин туркийларда ундай эмас. Туркчани билганларидан кейинги ҳолда сумлим демайдилар. У сумлимликдан қутулади” каби кузатишларида ҳассос социологни кўрсак, бошқа ўринларда элшунос, тарихчи, адабиётшунос, фольклоршунос, диншунос, адиб ва файласуф, энг асосийси, ватан қайғуси билан ўртанган Инсоннинг сиймоси намоён бўлади. Мана, киночилар учун ноёб тақдир! Ибрат бўлувчи бу хил шахслар тарихимизнинг ҳар бир даврида, барча соҳаларда юзлаб топилади.
Фольклорни, хусусан, халқ достонларимизни кино тилига ўтказиш – алоҳида мавзу. Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари эди. Ёзувчилар уюшмасида катта йиғин бўлди. Шунда бир йигит чиқиб, ёзувчи ижод қилишни эртаклардан ўрганиши керак, деди. Кўпчиликка бу нотаниш боланинг гапи эриш туюлди. Шу гапни кўзга кўринган бирон бир арбоб айтса, балки эътиборга олинармиди... Аслида бола ҳақ гапларни айтган эди. Эртакларда Ҳикмат ўзига хос ифода топади. Эҳтимол, йигит ёзишни эртаклардан ўрганайлик, деб куйинганида ана шу жиҳатларни назарда тутгандир. Унинг минбарда хиёл эгилиб, қўлини олдинга чўзганича сўзлаётган ҳолати ҳамон кўз ўнгимда. Жамоат йигитнинг сўзларига беписанд қарагани каби эртаклар сиридан ҳам воқиф бўлмаётир. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, дейишади-ку.
Деҳқон ерга дон сочар экан, қайси уруғи унишини аниқ билмайди. Лекин ҳосилидан умид қилади. Мурод – ҳосилда... Ижодкор ҳам умидли банда. Санъат деҳқони, сўз миришкори. Шундай экан, халққа етказилмаган асар пишмаган ҳосил қатори... “Гўрўғли” достонлари асосида сценарий ёзиш режада бор. Насиб этса, амалга ошар. Аслида “Этнос ва эпос” китоби “Алпомиш” достонини, умуман, эпос моҳиятини киночиларга ҳам кенгроқ англатиш учун ёзилган эди. Эпоснинг, фольклорнинг моҳиятини англамай туриб, уни санъатнинг бошқа турларига олиб ўтиб бўлмайди. Бизда ҳодисанинг сиртида юриб фикрлашга мойил мутахассислар кўп. Натижада бажарилган иш ҳам “сирт”да қолиб кетади.
Моҳиятга қанча яқин келинса, ўзлик сари шунчалик яқин борилади. Қадимгиларнинг ҳикмати уқтиради: “Ўзингда ўзлигингни англа!” Ўзи бўлиб яшаган инсон борки, Ўзи, Изи мавжуддир.
– Гапларингиз оҳангию куйинишларингиздан дўмбиранинг саслари келиб турибди. Демак, ўзингиз ҳам вақти-вақти билан қўлингизга тор олиб турасиз – ҳар қалай сизни тинглай туриб шундай ўй кечди хаёлимдан. Ниҳоят, сўнгги савол: умрини илму ижодга бағишлаган инсон сифатида айтинг-чи, зиёлининг жамият олдидаги бурчию аъмоли, сизнингча, қандай бўлиши лозим?
– Зиёлилик оқ кўйлак кийиб, бўйинбоғ тақиб, костюм-шимда юриш билан белгиланмайди. Зиёлилик аввало, кишининг сийратида, феълида, воқеликка муносабатида намоён бўлади. Халқнинг “қонида бор” деб баҳолаши бежиз эмас. Зиёлилик ҳам суяк суради. Зиёли қатлами бўлмаган халқнинг келажаги йўқ. Шу сабабли ҳар қандай босқинчи ўз сиёсатини юргазиш учун халқнинг ана шу қатламини ўзига оғдиришга, бўйсундиришга, имкони келмаса қатағон қилишга уринган. Собиқ шўро давридаги бу хил “ўроқ солиш”ларни эслаш кифоя. Зиёли – халқнинг руҳидаги шижоатни, фидойиликни, ҳар бир соҳада масъуллик ҳиссини уйғотиб, уни ҳаракатга келтирувчи кучдир. Устоз Тўра Мирзаевнинг академик Ҳабиб Абдуллаев ҳақида айтган ушбу хотираси ибратли: “Ўтган асрнинг 60-йиллари аспирантурага имтиҳонларни топшириб, академия кадрлар бўлимининг бошлиғи Мириной Файзиевнинг олдига кирдим. Мен тик турибман, у киши қоғозларни кўряпти. Шу пайт эшик туйқус очилиб бир киши кўринди. “Мириной, дўппилилар қайтиб кетмасин, чамадонлиларни ўзинг биласан”, деди-да, эшикни ёпди. Мен ҳайрон қолдим. “Бу киши ким?” деб сўрадим. Файзиев “Танимайсизми, академиянинг президенти Ҳабиб Абдуллаев-ку!” дея жавоб берди. Орадан маълум муддат ўтиб, мен аспирантурага қабул қилинганим хабарини олдим”. Иброҳим Мўминов, Восил Қобулов, Шукур Бурҳон, Ҳоди Зариф каби юзлаб, минглаб зиёлиларнинг хизмати эвазига халқимизнинг ХХ асрдаги фани, санъати бугунги авлодларга муносиб мерос бўлиб етиб келди. Мустақиллик авлодлари уни юксак мақомда ривожлантиришга масъулдирлар. Ҳозирги шарт-шароит аждодлар яшаган замондан тубдан фарқ қилади.
Мусо алайҳиссалом қулликни кўрмаган икки авлод вояга етиши учун қавмини қирқ йил чўлда олиб юргани бежиз эмас. Халқимиз мустақил бўлганидан бери бир авлод вакиллари етишиб чиқди, иккинчи бўғин дунёга келмоқда. Ҳозирги глобаллашув даврида қирқ йилни кутиб ўтириш шарт эмас. Бугунги тамаддуннинг жиловини тутиб илгарилаётган мамлакатлар тажрибасини ибтидодан бошлаб, яшаб ўтиш – вақт ва имкониятни совуришдир, ибтидони уларнинг интиҳосидан ривожлантириш йўлини тутиш лозим. Бу ўринда аввало феълимиз, тафаккуримизга ўрнашган боқимандалик, мутелик ва бефарқлик иллатларидан қутулиш керак. Ҳосиласи қулликка маҳкум бу иллатларнинг кўринмас занжири ҳар қандай бунёдкорликка тушов, инсон руҳини мунаввар этувчи нурни сўндирувчи, зиёлилар қатламини ўлдирувчи офатдир!
Иқтидорсиз одам бўлмайди. Яратган ҳар бир банда имконига бошқаларникидан кам бўлмаган қувват захирасини берган. Фақат бу иқтидорни, қувватни ўз ўрнида илғаб юзага чиқишига илҳомлантирувчи, унга куч ва шароит туғдирувчи яхлит тизим керак. Ҳар қандай яратилган тизим фидойи зиёлиларсиз қуруқ шаклга айланади. Жамиятда зиёлининг ўрни ана шу нуқтада билинади.
Жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўзини бутун жамият тақдирига масъул деб билиши керак. Ҳабиб Абдуллаевнинг кадрлар бошлиғига айтган сўзи жамиятдаги адолатсизликка қарши исён учқуни эди. У имкониятнинг ҳаммага тенг берилмай, камситилаётган миллатини ҳимоя қилишга ўзини масъул деб билганидан шу йўлни тутди. Ҳукмрон тузум соқчиларининг тазйиқидан чўчиб, курсисининг ортига бекиниб олмади. Бу чинакам зиёлининг қиёфасидир.
Фанга дохил ташкилотда ишлаётганим сабабли бир муаммони айтиб ўтмасам бўлмас. Соҳамизда биз кутган, ҳавас қиладиган, теран фикр, янги ғоялар билан ёниб, атрофдагиларни ҳам илҳомлантирувчи ёшларнинг камлигидан хавотирдаман. Эҳтимол айб фақат ёшларда эмасдир. Ўзбек тили, адабиёти, фольклорини шу юрт фарзандидан бошқаси ўзбек халқи манфаатлари нуқтаи назаридан тадқиқ этмаслиги ҳаммага аён. Шундай экан, бу муаммонинг асл сабабларини ойдинлаштириш, вақтида чора кўриш лозим, эртага кеч бўлади. Миллатнинг ўзлигини кўрсатувчи омиллар орасида тил, адабиёт, фольклор ва тарих муҳим ўрин тутади. Бу муаммо фақат шу соҳа мутахассисларигагина тегишли эмас, балки ўзини зиёлиман деб билган барча шахсларга дахлдордир. Келажак янги ғоя ва фикр эгаларининг қўлига ўтишини қанча теран ҳис этсак, бу йўл эгаларининг камолига камарбаста бўлсак, биз зиёли халққа айланишимизга шубҳа йўқ.
Қулман ОЧИЛ суҳбатлашди.
“Tafakkur” журнали, 2015 йил 1-сон.
“Ўчмас сира дониш чироғи” мақоласи
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ