Бугун жаҳонда тинчлик ва барқарорликка қарши янги таҳдид ва хатарлар тобора кўпайиб бораётгани ҳар қадамда сезилмоқда. Айрим давлатларда юз бераётган нохуш воқеа-ҳодисалар гувоҳи бўлиб, ҳар биримизнинг вужудимиз жунбушга келиб, этимиз сесканиб кетаётгани ҳам бор гап. Қайси бир мамлакатда нимадандир норози кайфиятда оломон намойишга чиқаётган бўлса, бошқа бирида эса фуқаро тонгда ишга отланаётиб “Кечга уйимга соғ-омон қайтиб келармиканман”, деган таҳликада. Айни болалик гаштини суриш ўрнига эрталаб яқинларидан рози-ризолик сўраб уйдан чиқишаётган фарзандларни, яшаш умидида ҳар бир дақиқасини жон ҳовучлаб ўтказаётган халқларни кўриб турибмиз.
Миллий мафкура ва ғоянинг мамлакат тараққиётидаги ўрни жамият барқарорлигига салбий таъсир этувчи таҳдидлар ва уларни қандай бартараф этиш нуқтаи назаридан келиб чиқиб, бугун ҳаётнинг ўзи маънавий-маърифий соҳада мунтазам илмий-амалий тадқиқотлар олиб боришни тақозо этмоқда. Бу, бир томондан, аҳоли тинчлик-осойишталигини сақлаш, фикрлаш тарзини янада соғломлаштириш, мафкуравий иммунитетини оширишдан иборат бўлса, иккинчи томондан, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга холисона баҳо бериш, ҳар бир ота-онанинг фарзандлар тарбиясига эътиборини кучайтириш, оила институти мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилган ишларни кун сайин жадаллаштиришни тақозо этмоқда. Бу йўлда маънавият ва маърифат карвоннинг боши ва бошловчиси, десак асло муболаға бўлмайди.
Соҳани такомиллаштириш ва мавқеини ошириш мақсадида сўнгги беш йилда 11 та қонун ҳужжати, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1 та фармони ва 4 та қарори, 1 та фармойиши, Вазирлар Маҳкамасининг 2 та қарор ва 5 та фармойиши қабул қилинди. 2021 йилнинг 19 январида Республика Маънавият ва маърифат кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган йиғилишдаги “Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир” маърузаси соҳа ривожи йўлида яна бир муҳим туртки бўлди. Республика Маънавият ва маърифат маркази фаолиятини такомиллаштириш, унинг мувофиқлаштирувчи ролини кучайтириш, илғор ташаббусларни қўллаб-қувватлаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Дунёда геосиёсий ўзгаришлар ва мафкуравий курашлар авж олиб бораётган бир вақтда маънавий-маърифий ишлар фақат тарғибот-ташвиқот билангина чегараланиб қолмасдан, соҳага жиддий илмий ёндашув зарурлигини талаб этмоқда. Бугун интернет тармоғи орқали бонг уриб чиқаётган ёшларимизнинг кўзи-қулоғи ва онгини зарарли ғоялардан асрашнинг янгича, замонавий усулларини зудлик билан яратиш керак. “Боланинг бўш вақти – душманнинг иш вақти” дея бежиз айтилмаяпти. Бу ҳикматнинг таг-замирида фарзандлар тақдири, аҳолининг ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетини кучайтириш юзасидан тадқиқотлар ўтказиш, интернет тармоғидан фойдаланиш маданиятини ошириш каби залворли масалалар ётибди. Эндиликда асосий вазифа интернетни ёпиш эмас, уни тартибга солиш, эзгу ғоялар билан тўлдириш ҳамда ёшларга нима яхши-ю, нима ёмонлигини холисона англатишдан иборатдир. Шу ўринда сиёсий арбоб Маҳатма Гандининг: “Мен уйимнинг эшик ва деразаларини маҳкам беркитиб ўтира олмайман. Чунки унга тоза ҳаво кириб туриши керак. Шу баробарида эшик ва деразаларимни кираётган ҳаво довул бўлиб, хонадонимни ағдар-тўнтар қилиб, ўзимни йиқитиб ташлайдиган даражада очиб ҳам қўя олмайман” деган фикрларини эслаш ўринли.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан 2021 йилда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузурида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ташкил этилди. Ушбу институт олдига мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларни янги босқичга кўтариш, аҳоли, айниқса, ёшларни Ватанга муҳаббат, маънавий меросимиз, миллий адабиётимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишларини илмий-методик ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш каби вазифалар қўйилди. Дунёнинг мафкуравий манзарасини ўрганиш, таҳлил қилиш, маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларни ташкил этишда миллий ва умуминсоний қадриятларга мос хорижий тажрибани амалиётга жорий этишни тизимли йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди. Бунда четдан кириб келаётган бирор янгилик ёки одатни миллий қадриятларимизга монандлигига алоҳида эътибор қаратиш, эл орасида кенг тарқалган “Хўрозқанд чет элники деса...” қабилида иш тутмаслик ҳам муҳим. Шу маънода узлуксиз маънавий тарбия концепцияси асосида тарбиявий ишлар самарадорлигини баҳолашнинг илмий асосланган индикаторлари ва кўрсаткичларини амалиётда қўллаш ўта зарур аҳамият касб этаётир.
Эскирган усуллар билан ёт ғояларга қарши курашишнинг самараси сустлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб бўлди. Бугунги шароитда тарғибот-ташвиқотнинг замонавий ва инновацион усулларини яратиш зарурати англанмоқда. Шуни эътиборга олган ҳолда институт янги-янги усуллар, лойиҳалар ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этишдек вазифани бажаришга киришди. Бугун институтни жамиятнинг ижтимоий-маънавий муҳитини янада соғломлаштиришга хизмат қилувчи илмий лаборатория ёки ташхис маскани десак, муболаға бўлмайди.
Илм масканимиз жорий йилда қуйидаги ишларни бажаришни ҳам ўз зиммасига олди:
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган маънавий-маърифий вазифаларни бажариш ва самарали мувофиқлаштириб бориш бўйича барча кенгашлар, давлат ва жамоат ташкилотларининг бу борадаги иш дастурларини давр талаблари асосида янгидан тузиш ва унинг амалга оширилишини таъминлаш, улар фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш ва янгидан ташкил этиш;
Стратегияни амалга ошириш жараёнининг таркибий қисми бўлган маънавий-маърифий ишлар мониторингини тизимли ташкил этишга бағишланган ахборот-таҳлилий шарҳларни, таклиф ва тавсияларни мунтазам равишда тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Президенти, Парламент ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилишини таъминлаш;
“Янги Ўзбекистон стратегияси” китоби мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида барча давлат ва жамоат ташкилотларида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” мавзусида “Маърифат соатлари”ни ва соҳа вакилларининг малакасини мунтазам ошириб боришни ташкил қилиш;
Шу ойдан бошлаб “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китоби асосида “Янги Ўзбекистоннинг маънавий тараққиёт стратегияси” туркумида китоблар, луғат ва рисолалар тайёрлаш ва чоп этиш ишларини йўлга қўйиш, шу йўналишдаги илмий-тадқиқот ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ишлари режалаштирилди.
Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари сифатида давлат бюджетидан ажратиладиган тегишли маблағлар, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида ўтказиладиган танловлар натижаларига кўра ажратиладиган давлат бюджети маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотларнинг грантлари, қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар кўрсатиб ўтилган.
Институт бўлимларига ходимлар қабул қилинишида номзодларнинг илмий салоҳияти, ҳар томонлама кенг ва соғлом фикрлаши, китобхонлиги, эл-юрт тақдирига лоқайдлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, коррупция, оилавий қадриятларга беписандлик ва ёшлар тарбиясига масъулиятсизлик каби иллатларга барҳам беришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш қобилиятлари эътиборга олинди.
Ўзбекистон Республикасининг “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги қонуни, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси тўғрисидаги низом” ва “Илмий даражалар берувчи илмий кенгаш тўғрисидаги низом” асосида Республика Маънавият ва маърифат марказининг мурожаати ва ОАК Фалсафа, тарих, сиёсий ва социология фанлари бўйича эксперт кенгаши тавсиясига мувофиқ институтда ихтисослаштирилган Илмий кенгаш ташкил этилди. Мазкур лаборатория маскани илмли, кучли ақлий салоҳиятга эга кадрларни етиштиришдек масъулиятли вазифани ўз зиммасига олди. Қабул қилинган ҳар бир мустақил изланувчи зиммасига ўзи олиб бораётган илмий ва амалий тадқиқотларини ҳудудларда синовдан ўтказиш ва самарадорлиги ҳамда натижаси юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар бериш масъулияти юкланмоқда. Зеро, ушбу тадқиқотнинг қоғозларда эмас, амалда – жамият ҳаётидаги ижобий таъсирини кўрсатиш муҳимдир. Ҳар бир тадқиқотчи “Нима қилсам жамиятимиз, халқимиз, оилаларимиз учун яхши бўлади” деган фикр-мулоҳаза билан яшаши муҳим.
Ҳозирги кунда институт Тошкент шаҳри Яккасарой тумани Бобур кўчаси 9-уй манзилида фаолият юритмоқда. Замонавий компьютер жамланмалари ва сифатли мебеллар билан таъминлаб, ходимларга ишлаш учун тўлақонли шарт-шароитлар яратилган. Лаборатория маскани ўз ишини янада жонлантириш ва жадаллаштириш учун астойдил бел боғлаган.
Институт 2021 йил 22–26 ноябрь кунлари “Жойларда маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш: муаммолар ва уларнинг ечимлари” юзасидан малака ошириш ўқувларини ташкил этди. Мазкур курсларда қарорда белгиланган вазифаларни бажариш билан бирга ҳудудлардаги маънавий-маърифий муаммоларни ўрганиш, уларни бартараф этиш механизмларини яратиш, ишлаш тизимини тубдан ўзгартиришга қаратилган мавзуларда ақлий ҳужум, анализ, кейс ва бошқа методлардан фойдаланилди. Ўқувларда Республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоят бўлимлари, туман (шаҳар) бўлинмаларининг 192 нафар раҳбари иштирок этди.
Ўтган йили 20–23 декабрда институтда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси тизимидаги маънавий-маърифий ишларга масъул ходимлари ҳамда вазирлик ва идораларнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиларининг маънавий-маърифий йўналишдаги 32 соатлик малака ошириш ўқувлари ташкил этилди. Онлайн ўқув жараёнида 70 нафар тингловчига мамлакатимизда маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳамда қабул қилинаётган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, шунингдек, тизимда маънавий-маърифий ишларни ташкил этишнинг замонавий усуллари билан ишланиши борасида тушунчалар берилди.
Институт ҳақиқий маънода жамиятнинг ижтимоий-маънавий муҳитини ўрганиб, натижаси бўйича асосланган илмий хулосалар, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқувчи лаборатория масканига айланмоқда. Бугунги кунда юқорида санаб ўтилган маънавий-маърифий муаммоларни ечишда ушбу лаборатория маскани олдига қўйилган вазифалар нақадар муҳимлиги ҳис этилган ҳолда, бу ишларни бажаришга жиддий киришилди. Миллий ғоя ва мафкура билан боғлиқ масалалар, мураккаб мафкуравий жараёнларни илмий-амалий жиҳатдан чуқур таҳлил этиш ва баҳолаш, устувор йўналишларни аниқлаш, уларнинг аҳоли турлари қатламларига таъсирини ўрганиш институт олдидаги энг асосий вазифалардан бўлиб қолади. Миллий манфаатларимизга, ҳаёт тарзимизга зид бўлган зарарли ғоялар ва мафкуравий хуружлар моҳиятини очиб бериш ҳамда аҳолининг кенг қатламлари, авваламбор, ёшларда Ватанга муҳаббат ва садоқат, инсонпарварлик фазилатларини шакллантириш, миллий урф-одат, анъана ва қадриятларнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини ҳар томонлама оширишга йўналтирилган суҳбат ва учрашувлар, маърифий тадбирлар ўтказишнинг таъсирчан усулларини яратиш йўлида изланилмоқда.
Бугун маънавият нақадар кераклигини, халқимиз кечаги халқ эмаслигини, янгича ишлашни, бугунимиз ва эртанги кунимиз янада яхши бўлиши учун ҳамма одамлар ўзгариши зарурлигини даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Бу йўлда нафақат мазкур институт, балки барчанинг масъуллигини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар кучайтирилмоқда. Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлиб, унинг жони ва руҳи маънавият эканлиги кенг оммага қайта ва қайта сингдиришнинг янгича усуллари билан ишлаш талаб этилмоқда. Зеро, моддият ва маънавиятнинг тенг кўрилиши фақат шиорларда эмас, балки онгимиз ва қалбимизга ҳам мустаҳкам ўрнашишига эришиш зарурдир.
Мунира ҚАҲҲОРОВА,
Республика Маънавият ва маърифат
маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий
тадқиқотлар институти директорининг ўринбосари
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ