“Сталин Россиясининг ягона шоири” – замонасига сиғмаган Осип Мандельштам фожиаси


Сақлаш
16:38 / 21.02.2022 1239 0

Ҳамма замонларда ҳам ҳақ сўзни айтиш осон бўлмаган. Халқнинг виждонига айланиб, ҳамиша бошини кундага қўйишга тайёр адибларгагина бу насиб этади. ХХ аср бошларида яшаб ўтган атоқли рус шоири Осип (Иосиф) Эмильевич Мандельштам ана шундай жасоратли, жафокаш шоирлардан эди.

 

Осип Мандельштам 1891 йил 2 (14) январда Варшавада яҳудий оиласида таваллуд топган. Отаси Эмилий Вениаминович қўлқоп ишлаб чиқариш бўйича биринчи гилдия савдогари, онаси Флора Овсеевна мусиқачи бўлган.

 

Оила 1897 йили Петербургга кўчиб ўтади. Осип ХХ аср бошларида Россия “маданият кадрларининг ўчоғи” саналган Тенишев билим юртида ўқийди. 1907 йили Санкт-Петербург университети физика-математика факультетига ариза топширади. Аммо ҳужжатларини қайтариб олиб, октябрда Парижга отланади. 1908–1910 йиллари Сорбонна ва Гейделберг университетларида таҳсил олади. Сорбоннада шоир ўз даврининг етакчи олимлари А.Бергсон ва Ж.Бедье маърузаларини тинглайди. Николай Гумилёв билан кўришади. Франсуа Вийон, Бодлер ва Верлен каби француз шоирлари ижодини ўрганади. 1911 йили оила бизнеси банкрот бўлиб, Осипнинг Европада ўқишига имконият қолмайди.

 

Шоир 1911 йили Петербург университети тарих-филология факультети роман-герман бўлимига киради ва танаффуслар билан (пала-партишлиги туфайли) 1917 йилгача ўқийди. Шу даврда Александр Блок, Анна Ахматова каби “кумуш аср”нинг буюк шоирлари билан яқинлашади. Гумилёвлар оиласида тез-тез меҳмон бўлади.

 

Шеърлари илк бор “Аполлон” (1910 йил 10-сон) журналида эълон қилинган. “Гиперборей” ва “Янги сатирикон” журналлари ҳам шоир ижодидан берган. 1912 йил охирида акмеистлар гуруҳига қўшилади. Шеърий изланишлари биринчи китоби – “Тош”да ўз аксини топади.

 

Октябрь инқилобидан кейин газеталарда, маориф халқ комиссарлигида ишлайди. 1919 йили Киевда бўлажак рафиқаси Надежда Яковлевна Хазина билан танишади. Фуқаролар уруши пайти хотини билан Россия, Украина ва Грузия бўйлаб тинимсиз кезади. Қримда оқ гвардиячилар томонидан қамоққа олинади. Хорижга чиқиб кетиш имкони бўлса-да, Осип Мандельштам советлар Россиясида қолишни маъқул кўради. Грузияда меньшевиклар ҳукумати иккинчи марта қамоққа олганида яқин танишлари аралашуви билан ҳибсдан қутулиб, Москвага келади.

 

1922 йил 9 мартда Надежда Хазина ва Осип Мандельштам никоҳдан ўтишган (ушбу ҳужжат 2019 йили Киев шаҳар архивидан топилди). Шу йилларда у яна бир забардаст ижодкор Борис Пастернак билан танишди. Биринчи жаҳон уруши ва инқилоб даври шеърлари (1916–1920) Берлинда нашр этилган иккинчи китоби – «Tristia» (“Ғамгин элегиялар”)га киритилди. 1923 йили “Н.Х”га бағишланган (рафиқаси назарда тутилмоқда) “Иккинчи китоб” нашрдан чиқди. 1922 йили Харьковда “Сўз табиати ҳақида” рисоласи нашр этилди.

 

1925 йил май ойидан 1930 йил октябрига қадар “Давр шовқини” насрий китоби ёзилди. Тирикчилик ўтказиш учун шеърий таржималар қилди. 1928 йили ҳаётлик пайтидаги охирги тўплами (“Шеърлар”) ҳамда сара мақолаларидан иборат “Шеърият ҳақида” китоби нашр этилди. 1930 йили “Тўртинчи проза” устидаги ишни якунлади.

 

Осип Мандельштам бошида хатарли булутлар айлана бошлайди. Сталиннинг яқин сафдошларидан Н.Бухарин бундай қалтис вазиятда уни Арманистонга кетишга кўндиради. Эриванда назариётчи биолог Борис Кузин билан танишиб, қалин дўстлик ришталари боғланди. Хотини Надежда Хазина: “Бу учрашув учаламиз учун ҳам муҳим бўлди, – деб хотирлайди. – Унингсиз бу шеърлар балки ёзилмасди, деб айтарди Ося кўпинча”. Кейинроқ шоирнинг ўзи Кузин ҳақида шундай дейди: “Янги насрим ва кейинги барча асарларим унинг шахси билан боғлиқ, адабиётга етук Мандельштамнинг кириб келишида фақат ундан қарздорман”. Арманистон, Сухум, Тифлис сафаридан сўнг Осип яна шеър ёзишга қайтди.

 

1930 йиллар бошида шоирнинг ижоди ғоятда гуллаб-яшнади. Мандельштам номи ВКП(б) МК сиёсий бюроси маданият соҳаси куратори Л.М.Каганович тузган атоқли совет адабиётчилари рўйхатига киритилди. Инқилобдан сўнг нашриётларга топширган китобларининг 10 тасидан 8 таси чиқди. Лекин у янаям кўпроқ асарларга шартнома тузиб, бўнак (аванс) пулларини олиб қўйганди. Кейин қайтаришнинг имкони бўлмади. 1924–1931 йилларда Мандельштамлар оиласига озиқ-овқат, кийим олиш учун махсус паёк берилганди, Кремль шифохонасида даволаниш ҳуқуқига ҳам эга эди.

 

Итальян тилини мустақил ўрганиб, “Илоҳий комедия”ни аслиятида ўқиб чиқди. Машҳур “Данте ҳақида суҳбат” эссеси 1933 йили қоғозга тушди. “Литературная газета”, “Правда” газеталарида ва “Звезда” журналида шоирни қораловчи мақолалар эълон қилинди. У эса шу йил ноябрда Сталинга қарши эпиграммасини ёзди. Бу шеър билан саноқли одамларгина таниш бўлган. Борис Пастернак эса “ўз жонига қасд қилиш” деб атаган.

 

Икки шоир кўчада сайр қиларкан, хилват бир гўшага бориб тўхташади. Мандельштам Кремлда ўтирган тоғлик (Сталиннинг қаердан эканига ишора) ҳақидаги эпиграммасини ўқийди. Пастернак норозиланиб, шеърнинг адабиётга, шеъриятга дахли йўқлигини таъкидлайди: “Адабий ҳодиса эмас, ўз жонига суиқасд қилишдир. Ва буни маъқулламайман, иштирокчи бўлишни истамайман. Сиз менга ўқимадингиз, мен ҳеч нима эшитмадим. Бошқа ҳеч кимга ўқимаслигингизни сўрайман”.

 

Кимдир Мандельштамни сотади. Ҳибсга олиш ордерини шахсан НКВД бошлиғи (СССР Ички ишлар вазири) Ягода имзолаган. “Тинтув тун бўйи давом этди. Шеърни қидириб сандиқдаги қўлёзмаларни ағдар-тўнтар қилишди. Биз ҳаммамиз битта хонада ўтирардик. Сув қуйгандай жимжит эди. Девор ортида, Кирсановникида гавайи гитараси чалинарди. Терговчи ниҳоят ўша машъум нарсани топди ва О.Э.га кўрсатди. У жимгина бош ирғади”, деб эслайди Анна Ахматова.

 

Сўроқ пайтида шоир мазкур шеърини кимларга ўқиган бўлса, ҳаммасини айтиб берди, бироқ улардан ҳеч бири терговга тортилмади. 1934 йил 26 майда уч йилга Чердин (Пермь области)га сургун қилиш ҳукми ўқилди. 3 июнда эр-хотин белгиланган жойга етиб боради. Мандельштамни бир муддат касалхонага ётқизишади. Бўлган воқеалардан ўзини йўқотиб қўйган шоир жонига қасд этиш мақсадида деразадан ташлайди.

 

5 июнда Надежда Яковлевна барча совет идоралари ҳамда танишларига, жумладан, Николай Бухаринга ҳам хат йўллайди. У Сталинга шундай ёзади: “Шоир Мандельштам тўғрисида. Яқинда қамоққа олинган ва сургун қилинган. Ҳибсдан илгарироқ хотини билан олдимга келиб, Алексей Толстой билан уришиб қолганидан ташвишда эканини айтган эди... Энди унинг хотинидан хавотирли хатлар оляпман. Унинг ёзишича, шоир жуда безовта, ҳатто жонига қасд қилишга уринган. О.Мандельштамга берадиган баҳойим – биринчи даражали шоир, аммо замонга мутлақо мос эмас; эс-ҳуши унча жойидамас ва ўзини ғоятда ҳақоратланган ҳис этмоқда... Бу ҳақда сенга ёзишга қарор қилдим... P.C.Манделштам ҳақида яна ёзяпман, негаки Борис Пастернак ҳам Мандельштамнинг ҳибсга олинганидан жуда ҳайрон”. Сталин сафдошининг хатига қуйидаги резолюцияни қўяди: “Ким уларга Мандельштамни қамашга ҳуқуқ берди? Бемаънилик!..”.

 

Сталин Пастернакка Мандельштам иши қайта кўрилаётгани ва ҳаммаси яхши бўлишини айтади. Сўнгра нима учун ёзувчилар ташкилотига ёки ўзига мурожаат қилмагани тўғрисида тўсатдан сўраб қолади. “Агар мен шоир бўлганимда ва дўстим бошига шундай иш тушганида унга ёрдам бериш учун ҳатто деворга ҳам осилиб чиқардим”, дейди. Пастернакнинг жавоби эса қуйидагича бўлади: “Ёзувчилар ташкилоти 27-йилдан буён бундай иш билан шуғулланмайди, агар мен ҳаракат қилмаганимда сиз бу ҳақда билмаган бўлардингиз...”.

 

Сталиннинг аралашуви билан Мандельштамга сургунда яшаши учун манзилни ўзи танлашига рухсат беришди. Оила Воронежга кўчиб ўтиб, муҳтожликда кун кечира бошлади. Журъатлироқ, оқибатлироқ дўстлар аҳён-аҳёнда пул жўнатиб туришарди. Шоир машҳур “Воронеж дафтари” шеърий туркумини яратди. Дарвоқе, сургун йилларида Сталинни улуғловчи ода (қасида) ҳам битди.

 

1937 йили сургун муддати тугади. Москвага қайтишди. Аммо “ҳушёр” амалдорлар унга бир нафас ҳам тинчлик бермасди. Жумладан, СССР Ёзувчилар уюшмаси котиби Владимир Ставскийнинг Ички ишлар халқ комиссари Николай Ежов номига ёзган аризасида “Мандельштам масаласини ҳал қилиш” таклиф этилган ва унинг шеърлари “ахлоқсиз ва туҳматдан иборат” дейилганди.

 

1938 йил 1 майдан 2 майга ўтар кечаси Осип Эмильевич Москва областидаги Саматиха сиҳатгоҳида даволанаётганда охирги марта ҳибсга олинди. Дастлаб НКВДнинг ички турмасига ташлашди, кейин Бутиркага ўтказишди. 20 июлда эса айблов хулосаси тасдиқланди.

 

Айблов хулосасига кўра, Осип Мандельштам жазони ўташ даврида Москвада яшаш тақиқланганига қарамай, тез-тез келиб турган. Танишларининг уйига қўниб, ўзини “ғариб” ва хаста кўрсатиб, жамоатчилик фикрига салбий таъсир этишга уринган. Адабиётчилар орасидаги антисовет унсурлар ўз ғаразли мақсадлари йўлида бундан фойдаланиб, ундан “жафокаш” ясаб ёзувчилардан пул йиғишни уюштиришган. Қамоқда пайтида халқ душманлари Стенич ва Кибалчич билан яқин алоқада бўлган. Тиббий кўрикда Мандельштамга бемаъни ўй-хаёлларга мойил телба деб хулоса берилган. У антисовет ташвиқот олиб боришда, яъни РСФСР ЖКнинг 58–10-моддасида кўзда тутилган жиноятда айбланади. Айблов бўйича иш НКВДнинг Алоҳида кенгаши (ОСО)да кўриб чиқишга тақдим этилади.

 

2 август куни НКВДнинг Алоҳида кенгаши Осип Мандельштамни мажбурий меҳнат лагерига 5 йилга ҳукм қилади. 8 сентябрда Узоқ Шарққа жўнатилади. Шоир Владивостокдаги тақсимлаш лагерида укаси ва аёли номига қуйидаги сўнгги хатини ёзади:

 

“Азизим Шура!

Мен Владивосток, СВИТЛ, 11-баракда турибман. ОСО ҳукмига кўра, 5 йил муддат олдим. Москвадан, Бутиркадан 9 сентябрда жўнадик, 12 октябрда етиб келдик. Соғлигим жуда ҳам ёмон. Ўта ҳолдан тойганман. Таниб бўлмас даражада озиб кетдим. Аммо бирор нарса, озиқ-овқат ёки пул юборишнинг йўли борми, билмайман. Ҳарқалай, уриниб кўринглар. Юпун кийимда жуда совқотяпман. Азизим Надинка, билмадим – тирикмисан-йўқми? Шура, менга ҳозироқ Надя ҳақида ёзиб юбор. Бу ер тарқатиш пункти, мени Колимага жўнатишмади. Шу жойда қишлашимиз мумкин.

Азизларим, сизларни ўпиб қоламан.

Ося.

Шуражон, яна ёзяпман. Кейинги кунлари ишга чиқдим, бу кайфиятимни кўтарди.

Бизнинг лагер орқали маҳкумлар доимий манзилига юборилади. Мен, чамаси, “элак”дан ўтдим. Қишга тарадди кўришим керак.

Илтимос: менга радиограмма ва телеграф орқали пул жўнатинглар”.

 

1938 йил 27 декабрда ҳали 48 ёшга тўлмай Осип Мандельштам жўнатув лагерида тепкили терламага чалиниб вафот этади. Ер қалин муз бўлгани боис шоирнинг жасади бошқа марҳумлар қатори кўкламгача дафн этилмади. Баҳорда ҳамма жасадлар тўпланиб, битта чуқурга кўмиб юборилди. Шу боис ҳалигача қабри номаълум. Унинг ўлими тўғрисида гувоҳнома 1940 йили укаси Александрга топширилди. 1938 йилги маҳкама бўйича 1956 йили, 1934 йилги муҳкама бўйича эса 1987 йили оқланди.

 

Осип Мандельштамнинг ижодий мероси сақланиб қолишида аёли Надежда Яковлевна, Сергей Рудаков, Наталья Штемпель деган инсонлар катта жасорат кўрсатди. Қўлёзмалар ертўлада, кострюл ичида, чордоқда бегона кўзлардан асралди.

 

Анна Ахматова замондош шоирлар орасида фақат Осип Мандельштам ижодидаги поэтик ўзига хосликдан беқиёс даражада ҳайратлангани айтилади. Француз файласуфи Ален Бадью “Шоирлар асри” мақоласида уни ХХ асрнинг олти файласуф шоири – Малларме, Рембо, Тракль, Пессоа ва Целан қаторига қўшади. Владимир Набоков эса “Сталин Россиясининг ягона шоири” деб атайди.

 

Ўзбекистонда Осип Мандельштам шеърлари яқин-яқингача деярли таржима қилинмаган эди. Ўтган йили “Ўзбекистон” нашриётида 100 жилдлик “Рус адабиёти дурдоналари” туркумида шоирнинг “Қора қуёш” китоби чоп этилди. Бу, албатта, ўзбек шеърхонлари учун муносиб туҳфа бўлди. Қуйидаги Осип Мандельштам ижодидан айрим намуналарни эътиборингизга ҳавола этамиз:

 

***

Ўтиб борар чангли йўл ўрмондан,

Атроф жимжит, чўнг қайғу-дардда.

Ватан, кўз ёшларин ичиб армонда,

Ухлар, гўё чўри қиздай шу онда.

Зулму ситам тўла бу мамлакатда.

 

Титроқ қайинларнинг йиғиси қонли,

Шўрлик қалтирайди ногаҳон дир-дир,

Соялар йиқилади йўлларга тўзонли,

Нимадир ўрмалар, булутдай қонли

Кўнгилга ваҳима солар хавотир...

 

Алп қад-қомат ва тўқ юзлар билан

Оёқлар узангилардан турар туртиб.

Бўзранг тўзон туёқлардан қалқир,

Ғилдираклар қолдирар ўнқир-чўнқир,

Чуввос борар эрка отларда йўртиб.

 

Уларнинг чеки йўқ, найзалар ўткир,

Қуёш ёруғида товланар ола-була.

Ҳавони қўшиқ-ла титратиб зир-зир

Ва махлуқона, ваҳший тўлқинларда

Қоп-қора кўзларда телбавор шуъла...

 

Йўқол! Сохта шовқин-ла этма безовта

Ўлик, қуллар уйқусини бу чоқ.

Тезда сизни севинтирар янги уй билан.

Нон ва туз, деҳқон лаш-лушлари билан...

Узангини босинг қаттиқроқ!

 

Тезликда тўқнашар ёввойи куч-ла

Буюк муҳаббатнинг ишлари!

Тезда мозорларга тўлади майдон,

Кўк найзалар тўқнашар шохалар билан

Ва қоннинг рангидан бўялар алвон.

 

***

Мен ўз шаҳримга қайтдим, таниш кўз ёшим каби,

Қон томиримгача, гўдак – шишиқ без-тоши каби.

 

Қайтдинг бунда, – тезроқ ют, ўкинма бу ёғидан,

Дарё ёқада турган фонуснинг балиқ ёғидан.

 

Декабрнинг кунида билиб олгин, сенга фойда,

тухум сариқ қўшилган заҳролуд қатрон қайда.

 

Петербург, мен ўлишни хоҳламайман забун, хор,

Сенинг телефонингда менинг рақамларим бор.

 

Петербург, менда бордир ҳали манзил қоғози,

Шу орқали топарман ўлганларнинг овозин...

 

Яшайман қора зина, чакки қаърида бу чоқ,

Кўксимга туширади мушти билан қўнғироқ.

 

Азиз дўстларни кутгум туни бўйи шикаста,

Силаб эшик занжирин кишанли қўл-ла аста.

 

Абдумажид АЗИМ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10345
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//