Отингиз нима?


Сақлаш
10:15 / 20.08.2021 1249 0

 

Менинг отим Улуғбек, ҳужжатдаги тўлиқ исмим эса – Ҳамдамов Улуғбек Абдуваҳобович.

 

Шу исмда элим босиб ўтган тарих мужассам: ҳам араб таъсири – Абдуваҳоб, ҳам форс таъсири – Ҳамдам. Шу билан бирга, туркий эканлигим отимдан маълум – Улуғбек. Ов ва вич қўшимчаларида эса руснинг изи.

 

Йўқ, бошқа элларга оид исмлардан воз кечиш керак демоқчи эмасман, асло! Жамиятда инқилобий ўзгаришлар, радикализм йўлларини ёқламайман. Улар ҳам қўйилсин, лекин шу билан бирга биз аслида ким эканлигимизни билдириб турадиган отларни – туркона отларни ўғил-қизларимизга кўпроқ қўяйлик. Токи, мувозанат ҳосил бўлсин! Исмимиз тўлиқ айтилганда, хорижлик суҳбатдошимиз “Арабмисиз?”, “Форсмисиз?” дея сўроққа тутмасин. Ёки сизда бўлмаганми бундай ҳол?!

 

Ўриснинг таъсири 130 йил бўлди. Ҳануз бор, албатта. Шунинг учун унинг таъсирида Маркс, Мэлис, Артур... (гарчи, Маркс, Артур деган исмлар русча бўлмаса-да, рус таъсирида бизга кириб келган. Мэлис дегани эса, Маркс, Энгельс, Ленин, Сталин деган отларнинг қисқартмаси) каби саноқли отларгина ўзбекистонлик Шарқ фарзандларига қўйилган. Агар таъсир арабники каби узоқроқ давом этганда, ҳеч шубҳа йўқки, Иван, Наташа деган исмлар билан қоракўз болалар атрофимизда чопиб юрарди.

 

Қатор ўтирган талабаларга мурожаат қиламан:

 Ўзингизни таништиринг!

Сарвар, Билол, Суннат, Дилдора, Наргиза, Сумайро, Имрон, Шерзод, Мухлиса, Муслима ва ниҳоят, Ўғилой...

Ўнтадан кейин битта туркона от.

 

“Ўғилой” исмини оилада ўғил ҳам туғилсин деган ният билан қўйишади, одатда. Биз ҳам ота-боболаримизнинг ниятига эргашиб, кўпроқ шундай отлар қўяйликки, натижада ўғил-қизларимиз туркона отлари билан ҳам туғилсин, кўча-кўйга, чет элларга чиққанда, уларнинг исмларидан туркийлар экани билиниб турсин!

 

Шу маънода, икки болангиз бўлса, бирига туркийча от қўйиб, бошқасига ўзингиз ёқтирган бошқача исм бераверинг, дегим келади. Майли, у исм арабча бўлсин, форсча ёки жуҳудча, лекин аввало миллат сифатидаги ўзакни сақлаб қолишни унутмайлик. Бу эса фарзандларимизга бераётган отларимизга ҳам боғлиқ.

 

Агар сизнинг миллатингиз қирғиз, тожик, татар ё қозоқ бўлса, худди шуни ўз элингиз манфаатидан келиб чиқиб амалга оширинг. Мақсад – ўзлик ва ранг-барангликни сақлаб қолиш. Зеро, Аллоҳ ўз бандаларига турли ирқ, миллат, тил ва урф-одатларга мансубликни берди. Ҳар бир инсон алоҳида бир олам эканлигини уқтириш учун бўлса керак, унинг тили ва бармоқларининг учига алоҳидалик муҳрини босди. Шундан менинг бармоғим изи сизникига, сизники уникига, уники эса меникига ўхшамайди. Бас, шундай экан, ана шу алоҳидалар уйғунлигидан гўзал бир дунё яралади. Кўкдаги камалак ҳам турли ранглар гаммасидан иборат-ку! Ҳа, Яратган Эгамиз табиатнинг ўзида бизга ўрнак-намуналар кўрсатиб қўйган, фақат уларни топиб ўқиб, сўнг уқиб ҳаётимизга татбиқ эта олиш-олмаслик кўпроқ бизнинг ўзимизга боғлиқ бўлиб қолмоқда...

 

(Шундай дейман-у, ҳозирги глобализм даврига, унда миллатлар, урф-одатлар, тиллар ҳамма-ҳаммаси бир-бирига таъсир қилиб, аралашиб кетаётганини кўриб, мулоҳаза қилиб, балки мен дунёдан орқада қолиб кетаётгандирман, тараққиётга, ўзим тушуниб-тушунмай оламшумул ўзгаришларга қарши туриб қолаётгандирман, яхшиси, йўлдан чекилай-у, жим бўлай, деб ҳам ўйлайман. Чунки дунёда бир тил, бир дин ва бир хил маданият ҳукмронлик қилса, балки ўзаро тил топишиш осон кечар ҳамда урушлар камроқ бўлиб, инсоният бахтлироқ яшар... мулоҳаза юритаман яна ичимда. Ким билсин! Балки сиз биларсиз, замондош?..)

 

Бошқа томондан эса “Туркона отлар қанча қолган, ўзи?” дея ўзимга ўзим савол бераман. Жуда оз. Жудаям. Ўтмишимиз нақадар аччиқ бизнинг, нақадар аччиқ!.. Балки шунинг учун куй ва қўшиқларимиз ҳам шунчалар ҳазиндир... Чунки “Ота” деган романни ёзганимда “Қани, барча исмлар туркона бўлсин-чи, деб бир тажриба ўтказиб кўрдим. Менга маъқул келадиган отлар жуда оз экан. Аранг топдим, денг. Балки мен эслай олмагандирман. Балки биргалашиб туркона отларни эслармиз. Кейин биргалашиб китобча ҳам қилармиз (бир китобча бўлгулик от қолганми ўзи, денг!). Бу ҳам бир ожизона таклиф-да. Қани, кетдик бўлмаса, мен йўлакай эсимга келганини айтаман, қолганини сиз эслатинг:

 

1. Ўткир;

2. Ўлмас;

3. Тўлқин;

4. Эркин;

5. Ёғду;

6. Ёрқин;

7. Севинч;

8. Қувонч;

9. Қувондиқ;

10. Отабек;

11. Ойбек;

12. Улуғбек;

13.  Темир;

14.  Тилак;

15. Жўра;

16. Элбек;

17. Турсун;

18. Турғун;

19. Турсуной;

20. Турғуной;

21. Ўғилой;

22. Ойдин;

23. Ботир;

24. Теша;

25. Болта;

26. Ўроқ;

27. Бўри;

28. Қўчқор;

29. Толмас;

30. Қўрқмас;

31. Чаққон;

32. Денгиз;

33. Очил;

34.Тўлан;

35. Тўлибой;

36. Қамчибек;

37. Кенжабек;

38. Бобо;

39. Йўлчи;

40. Ўринбой;

41. Билгамиш;

42. Алпомиш;

43. ...

 

Улуғбек ҲАМДАМ,

филология фанлари номзоди, профессор

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

15:10 / 21.10.2024 0 31
Кичик хонимнинг катта “уруши”

Тил

11:10 / 21.10.2024 0 58
Эшиклар очиқ, лекин...





Кўп ўқилган

Барчаси

//