Жамиятнинг “материал” ва “муҳандис” қатлами – бу хусусда Достаевский нима деган?


Сақлаш
17:06 / 16.02.2022 1049 0

Мен сенга эмас, одамзоднинг дардига таъзим қилдим.

Раскольниковнинг Соняга айтган

сўзларидан

 

Таваллудининг 200 йиллиги нишонланаётган Фёдор Михайлович Достоевскийнинг умр йўли ва ижодий фаолияти ёзувчи ҳаётлигидан бошлаб ҳозирга қадар теран тадқиқ этилган. Зеро, адиб қолдирган мерос шу қадар бой ва кўп қирралики, турли авлодлар унинг дурдона асарлари жилвасидан ҳали-ҳамон ҳайратда. Гарчи XIX аср рус реалистик прозасининг майдонга келиши Николай Гоголь номи билан боғланса-да (“Гоголь шинелининг енги” ҳақидаги машҳур нақлни эсланг!), бу ноёб адабий жараённинг ҳадди аълоси, шубҳасиз, Достоевский ижодидир. Нобель мукофоти соҳиби Альбер Камю бутун умр ёзиб борган кундаликларида бирон мураккаб масала қаршисида ўйга толганда “Бу хусусда Достоевский нима деган? Албатта, топиб ўқиш керак!” мазмунидаги қайдларни ўнлаб маротаба битган.

 

Сўз аввалида бир истиҳолани айтиб кетмоғимиз керак. Модомики, Достоевский асарлари, қаҳрамонларининг ҳар бири айрича тушунувни талаб этар экан, мўъжазроқ мақолада ёзувчининг бутун ижодини қамраб бўлмаслиги аниқ. Шунинг учун биргина “Жиноят ва жазо” романининг айни кунларда биз муҳим деб билган айрим қирралари хусусида баҳолиқудрат сўз юритамиз.

 

Фёдор Достоевский асарларининг замон ва маконлараро оҳори тўкилмай ўтиб келаётганининг икки муҳим сабаби, санъат дурдоналарига хос мустаҳкам асоси бор. Адиб, биринчидан, яралганидан буён одамзодни тинимсиз ўйлантириб, қийнаб келаётган муаммоларга адабиёт воситасида ечим топмоққа жидду жаҳд қилди. Иккинчидан, унинг асарларида ҳаёт воқелиги бошқа бирон ижодкорда кузатилмаган тарз ва бадиий алфозда акс этди.

 

Ўша мураккаб, ечими қийин саволлардан бири будир: одамзод ким ўзи?

 

Агар одам, муқаддас китобларда хабар берилганидек, оламнинг гултожи, жамики фаришталар қуллуқ қилмоғи лозим бўлган хилқат бўлса, у нега “тубанлик ичра ҳам танҳо” (Абдулла Орипов)? Нега бошқа бирон бир жонзот ўзига эп кўрмайдиган, энг йиртқич ҳайвонларга-да ёт бўлмиш ваҳшийликлар унинг табиатида пайдар-пай намоён бўлаверади, баобаб дарахти янглиғ (Антуан де Сент-Экзюпери) урчиб-ғовлашдан тўхтамайди?

 

Айни ўринда менинг ёдимга бундан йигирма йиллар илгари “Аргументы и факты” газетасида чиққан мўъжаз савол-жавоб келмоқда. Мисрнинг Шарм аш-Шайх курортида дам олиб қайтган бир аёл газетага савол йўллайди: “Мени бир ҳолат ўйлантириб қўйди: тумонат одам ичидан томоша қилиб ўтиши мумкин бўлган улкан аквариумда бир вақтнинг ўзида минг турли катта-кичик балиқ, сув жониворлари, акула ва дельфинлар, ҳатто бир-иккита аквалангист ҳам сокин, бехавф сузиб юрибди. Нега акула ва ўзга денгиз йиртқичлари бошқа жониворларга ҳужум қилмайди?” Унинг саволига океаншунос мутахассис қисқа ва аниқ жавоб беради: “Гап шундаки, хоним, табиат йиртқичлари, инсондан фарқ қилароқ, агар қорни тўқ бўлса, ўлжага ҳужум қилмайди, улар билан иши бўлмайди...” Мутахассиснинг бу изоҳини камина жайдари тарзда шундай тушунган эдим: “Уларда сандиқ, музлатгич, сейф, банк ҳисобрақами... деган нарсалар йўқ!”

 

Достоевский асарлари, хусусан, “Жиноят ва жазо” романи мутолааси ҳар бир онгли ўқувчини, у истайдими-йўқми, юқоридаги саволлар билан юзма-юз қўяди, ўзини ўша саволлар орқали идрок этишга мажбур қилади.

 

Дарҳақиқат, агар бирортамиз Родион Раскольников аҳволига тушиб қолсак, нима қилган бўлар эдик? Фақат пулсизлик, камбағаллик ва қашшоқлик билангина характерланадиган ҳолга эмас, балки мияга чуқур ўрнашиб олган, бир қараганда эзгу ва гуманистик, бошқа томондан қараса, ғоят хавфли ҳамда юқумли ғоялар, хаёллар гирдобидаги талвасали вазиятга!..

 

Яна бир савол: Раскольников тафаккури чиққан юксакликка ҳар қандай одам ақли ҳам бўйлай оладими? Ахир, Свидригайлов, Лужин, Лебезятников сингари “бу дунёсинигина берган” кимсаларни қўятурайлик, ҳатто Дмитрий Разумихин, Авдотья Романовна, Соня сингари кўнгил кўзи очиқ инсонлар ҳам, гарчи ҳаётнинг ҳадсиз шафқатсизликларига дучор бўлсалар-да, ҳуқуқшунослик факультети талабаси ўйлаб топган “фалсафа”га яқин йўламайдилар-ку!

 

Раскольниковни ақлдан оздирар даражада ўзига жалб этган ғоя, соддароқ қилиб айтганда, бундай: одам болалари ўзларига берилган ақл-заковат, иқтидор, табиий имконият ва куч-қудратга кўра иккита тоифага ажралади. Биринчиси – ҳукмдорлар томонидан кўрсатилган йўл-йўриқ асосида ҳаёт кечирадиган, ҳаминқадар шарт-шароитга кўниб, ўзига берилган топшириқларни оғишмай бажарадиган миллиардлаб оддий одамлар; иккинчи тоифа – мана шу миллиардларни бошқариш иқтидори билан дунёга келган ва бошқариш асносида ҳатто қон тўкиш имтиёзига эга сара зотлар.

 

Раскольников Петербургда чиқадиган “Мунтазам сўз” газетасида чоп этилган “Жиноят ҳақида” номли мақоласида мазкур икки тоифага тегишинча “одми” ҳамда “фавқулодда” одамлар деб ном беради. Унинг талқинича: “Биринчи тоифадагилар, яъни материал бўлувчилар, ўз табиатига кўра янгиликка қарши бўлган, батартиб, чегарадан чиқмай, тобе бўлиб яшайдиган ва тобе бўлишни яхши кўрадиган одамлардир... Бу паст тоифа (одми одамлар) ўзига ўхшаганларни урчитишдан бошқага ярамайди, улар урчиш материалидирлар ва иккинчиси, одам деб санаса арзийдиган ва ҳаётда, ўз муҳитида янгилик, янги сўз барпо қилиш иқтидорига, қудратига эга бўлганлар. Иккинчи тоифадаги одам... агар ўз ғоясини юзага чиқариш учун бировларни қурбон қилиш, қон тўкиш лозим бўлиб қолса, у ўз виждони олдида ўзича буни адо этишга изн олиши мумкин – ҳамма гап унинг ғояси бунга арзийдими-йўқми, ана шунда...”

 

Қани, энди ўйлайлик-чи, ўзини иккинчи тоифага мансуб деб ҳисоблайдиган қай бир “фавқулодда одам” ўз ғоясини, оммани ишонтириш учун ўйлаб топган даъват ва ваъдаларини ҳеч нарсага арзимайдиган, шунчаки, хашаки гаплар, ўз ҳаракатларини эса популизмдан бошқа нарса эмас, деб тан олади-ю, бошқаларнинг ўзига шундай баҳо бермоғига йўл қўяди?

 

Порфирий Петрович – жиноятдан бирон из қолмагани, шоҳидлар йўқлигига қарамай, асл қотил Раскольников эканини унинг имзосиз эълон қилинган кичик мақоласидан аниқлаган зукко изқувар. У қарашларини роса жўшиб изҳор этаётган Раскольниковга ғоят ўринли иштибоҳ билдиради: “Худо кўрсатмасин, чалкашлик туғилиб, биринчи тоифадагилар ўзларини иккинчи тоифадагиларнинг ўрнига қўйиб ва шу асосда боя ўзингиз қотириб айтганингиздай, “ҳамма ғовларни йўқота” бошласа, биласизми, унда...”

 

Раскольников эътирозга жавобан бундай дейди: “Чалкашликка фақат биринчи тоифадагиларгина йўл қўйиши мумкин, яъни “одми одамлар”. Уларнинг кўплари ўзини “илғор одам, ғовларни бузувчи” деб тасаввур қилади ва “янги сўз” айтиш учун кучанади, яна буни жуда самимий тарзда қилади. Аслини олганда эса, улар чинакамига янгиликни кўпинча фаҳмламайди ва ҳатто янгилик олиб кирадиганларни орқада қолган тубан хаёлли кишилар, деб таҳқирлайди ҳам. Лекин, менимча, бунда бирорта жиддий хавф-хатар туғилмаса керак, сиз унчалик чўчимасангиз ҳам бўлади, чунки улар ҳеч қачон узоққа бормайди. Қўлидан келмаган ишга уринганлари учун гоҳида уларни савалаб, ўринлари кўрсатиб қўйилса, назаримда, шунинг ўзи етарли бўлади...” Бу жавоб унинг бошқа аксар одамларни ҳам ўзидек виждонли деб ўйлашидан, соддалигидан дарак беради.

 

Агар бу борада масала, Раскольников айтганидек, бор-йўғи “гоҳида савалаб қўйиш” билан ҳал этилганда эди, Гёте, Ҳегел, Ҳейне каби буюкларга она бўлган азим юрт 1933 йилда қўнғизмўйловли бир ефрейтор қўлига ўтиб қолмаган, у илгари сурган “янги фикр”, у бошлаган касофат сиёсат сабаб қарийб етмиш миллион одам боласининг умри хазон бўлмаган бўлур эди.

 

Бинобарин, ҳозир ҳам ўзини фавқулодда шахс чоғлаб қолган айрим “доҳий”ларнинг ҳали Шарқ, ҳали Жанубда кўрсатаётган хурмача қилиқлари бу тоифанинг узоққа бормаслиги тўғрисидаги гаплар анча жўн, ҳаёт ҳақиқатидан йироқ эканидан дарак беради...

 

Шу ўринда беихтиёр “Иван Васильевич касбини ўзгартиради” фильмидаги бир эпизод ёдга тушади: сохта шоҳ ва унинг котиби фош бўлиши билан бошланган талотумда салтанат тимсоли – шоҳнинг қалпоғи тасодифан сарой хизматкори Феофан-Федянинг бошига қўниб қолганида унинг ўзгариши, унинг виқори... Дарвоқе, мазкур фильм ўзини айнан фавқулодда шахс, миллионлар тақдирининг эгаси ҳисоблаган, аслида эса тирикчилигини от ўғрилигидан бошлаган мўйловдорга умрбод бўйсунмаган Михаил Булгаков пьесаси асосида ишланганини ҳам ёддан чиқармайлик!

 

Раскольников – инсон зотига бениҳоя шафқати, табиатан кўнгилчан, ростгўй ва виждонли экани билан ибрат бўларли ноёб шахсдир. Унинг синглиси Дуняга, онаси ва жабрдийда Соняга, Мармеладовлар оиласи ва ҳатто кўчада тасодифан учратгани нотаниш қизга раҳм-шафқати, бу ожиз ва омадсиз одамлар олдида ҳис этган жавобгарлик туйғуси ғоят таъсирли. Жисму жонида, зоҳири ва ботинида шунча фазилат мужассам бўлган бу йигит аянчли ҳаёт кечириб, битдай яшашга кўнишни, инсон зотини эзиб-янчиб ташлайдиган чегараларда нест-нобуд бўлишни, ўзидан кейин бу дунёни яна шу аҳволда – абгор ва адолатсиз ҳолда ташлаб кетишни истамайди. У ўз замонасининг улуғ ўзгартирувчиси, миллионларни, керак бўлса, бутун инсониятни бахтли ҳаётга етакловчи шахс бўлмоққа сидқидилдан интилади; бутун имконини шу эзгу амалга бахш этмоққа аҳд қилади.

 

Маълумки, “Жиноят ва жазо” эълон қилинганидан беш-олти йил ўтгач – 1870-72 йилларда (1917 йил октябрида қонли давлат тўнтаришини амалга оширажак Владимир Ленин туғилган палла!) Достоевский бу асарнинг мантиқий тўлдирувчиси бўлмиш “Жинлар” (“Бесы”) романини битади. Асарнинг марказий қаҳрамонларидан бири Пётр Верховенский Оврупо томонлардан ўзлаштирилган социалистик ғояларни қолоқ ва қашшоқ Русияда синаш васвасасига берилган. У инсониятга бахт ато этадиган янги жамиятни қуриш учун юз миллион бошнинг баҳридан ўтиш кераклигига ишонади. “Мурид”ларининг бу ҳақдаги чақириқлардан чўчиб кетганини кўриб, уларга қарата бундай дейди: “Юз миллион инсон боши” деб айюҳаннос солишяпти, бу ҳали мажоз бўлса ажабмас, аммо ундан қўрқиб ўтириш керакми, ахир, агар истибдод қоғоздаги орзуларида аста-секинлик билан қандайдир юз йил ичида юз минг эмас, беш юз миллион бошни ютиб юборса-чи? Яна шуни ҳам ҳисобга олиб қўйингки, қоғозда қанча дори ёзиб берманг, тузалмас касал барибир тузалмайди, аксинча, пайсалга солсангиз, шунчалар чирийдики, бизга ҳам юқтиради, барча янги кучларни бузади, ишдан чиқаради ва биз батамом барбод бўламиз... Алалхусус, ботқоқдан тошбақадек ўтамизми ё қушдай қанот чиқариб шитоб билан учиб кетамизми?..”

 

Хўш, нега биз суҳбат бошидаги аҳдимизга хилоф равишда адибнинг бошқа асарига ҳам юз бурмоқдамиз? Чунки... бусиз иложи йўқ! Чунки барча башоратгўй адиблар сингари Достоевский ҳам нафақат замондошу ватандошларини, балки бутун инсониятни жинлардан – ўзининг хуфя фаолиятини “ижодий давра”, “ҳамфикрлар тўгараги”, “ҳужра”, “биродарлар ҳалқаси”, “секта”, “партиявий ячейка”ларда бошлаб, охир-оқибат, миллионлаб тақдирлар устида қонли сиёсий тажрибалар ўтказадиган, террор ва экстремизмдан бошқа кураш усулини тан олмайдиган жоҳиллардан огоҳ этган.

 

Агар “Жиноят ва жазо” бош қаҳрамони Раскольников битта ўзи, бор-йўғи бир судхўр кампир қасдида ҳаракат қилса, “жинлар”нинг сафлари ҳам, фаолият доираси ва кўзлаган қурбонлари сони ҳам қўрқинчли даражада каттадир. Агар Раскольников инсонийлик доирасидан чиқишга бир борагина уринган бўлса, Верховенский ва унга эргашган кимсалар бу доирага умуман кирмаганлар. Агар Раскольников қилмишидан бениҳоя пушаймон бўлиб, ўзини лаънатлаб, покланиш сари онгли танловни амалга оширган бўлса, турли замону маконларда ҳокимиятни эгаллаб олган “жинлар” жиноятлари учун бировдан кечирим сўрашни хаёлига-да келтирмайди.

 

Бундан 150 йил аввал ёзилган “Жинлар” романида тасвирланган воқеликни деярли ўзгармаган ҳолда бугунги кун реаллигида кўриш-кузатиш мумкинлигини ҳам ҳурматли ўқувчиларимизга эслатмоқ фойдадан холи бўлмас.

 

Бояги – сифатли коньяк ва тотли қаҳва ичиб ўтириб, “умуминсониятни истибдоддан қутқариш” лозимлиги хусусида қизғин баҳс олиб бораётган жаноблар ва хонимлар турли квартираларда уюштириладиган тўгаракларда иш кўрадилар. Муридларга ҳар қандай шароитда тўгарак ва унинг раҳнамоларини сотмаслик ҳақида қасам ичирилади. Ўша тўданинг жўшқин аъзоси, “вилоятдаги кучли хумкаллалардан бири” – чўлоқ мураббий таърифича: “Хорижнинг сиёғи келиб турган турли-туман варақалар бизни сафга зич туришга чақиради, ҳаммасини вайронага айлантириш учун мушт бўлиб бирлашинглар, дейди, дунёни қанча даволайман деганинг билан барибир даволанмайди, шунинг учун юз миллион одамнинг бошини шартта кесиб ташласанг, юкинг енгиллашади, ариқчадан осонгина сакраб ўтиб кетасан, деб кўрсатма беради...”

 

Буни қарангки, бугун дунёнинг турли бурчакларида ўз тўрини ёйган, муқаддас ислом дини номидан иш кўрадиган экстремистик ташкилотлар ҳам худди ўша Верховенский тўдаси сингари хуфя ҳужраларда “хорижнинг сиёғи келиб турган турли-туман варақалар” ҳамда чоп этилган манзиллари кўрсатилмаган китоблардаги ғоялар асосида кўпдан-кўп худкушларни тайёрламоқда. Мана бундай чақириқ ва даъватлар ҳам юз эллик йил илгариги жинларни бир тўдага жамлаган варақалар каби сиёққа эгадир: “Ҳизб мамлакат аҳолиси билан тўқнашишдан ўзини четга олмоғи ва мустамлакачиликнинг ёлғиз ҳизб билан эмас, балки бутун уммат билан тўқнашувини юзага келтирмоғи лозим... Бу билан уммат кучли бўрон каби ақл-идрок ва куч-қувват билан битта сафда юради ва мустамлакачиликнинг тўла таъсири йўқ бўлиши учун у билан нафақат уммат ўртасида, балки бутун мамлакат аҳолиси ўртасида ҳақиқий жанг бўлади”   (қаранг:   Аббосхўжаев   О.,   Умарова   Н., Қўчқоров Р. Мафкура полигонларидаги олишув. Тошкент, “Академия” нашриёти, 2007 йил. 58–75-бетлар).

 

“Жиноят ва жазо” романи бош қаҳрамони фикр-ўйлари ва хатти-ҳаракатлари билан “Жинлар”нинг етакчи персонажлари кўзлаган ёвуз ниятлар орасидаги ниҳоятда жиддий фарқни, жумладан, Раскольников ва Соня ўртасида кечган изтиробли суҳбатдан ҳам яққол англаш мумкин:

 

“– Мен фақат ҳеч кимга кераги бўлмаган, палид, зарарли битни ўлдирдим, холос.

– Ҳали одам бит бўлдими сизга!

– Мен ўзим ҳам биламан бит эмаслигини...”

 

Оврупода майдонга келган сиёсий қарашлар, олам ва одамни ўзгартириш борасидаги тарғиботлар таъсирига бутун борлиғи билан берилган, ҳатто отаси оқ қилган Пётр Верховенский бошлиқ жинлар ватани Русияга “буюк вазифани (“бор-йўғи юз миллион” одамнинг боши эвазига бажариладиган миссияни – Р.Қ.) адо этишга қодир бўлган ўлка деб, сирли тарзда қўл узатилаётганини ҳам” билишади, бу қўлларнинг хайру эҳсонидан умидвор ҳам бўлишади. Кейинчалик В.Ленин бошчилигидаги большевиклар худди шундай “сахий қўллар” кўмагида ҳокимиятни эгаллади. Русия кенгликларида, жумладан, унинг таркибига зўрлик билан қўшиб олинган бизнинг ўлкамизда ҳам мисли кўрилмаган хунрезликларга бош-қош бўлди!

 

Фёдор Достоевскийнинг 1863-64 йилларга оид ёндафтарида “Католик христианликдан фақат социализм ўсиб чиқди; бизникидан (проваслав христианлиги – Р.Қ.) дўсту биродарлик ўсиб чиқади” деган қайд учрайди (Неизданный Достоевский. Москва, “Наука”, 1971. Стр. 176).

 

Ана шу эътиқодда собит бўлган адиб “Жиноят ва жазо”нинг бош қаҳрамони Родион Раскольниковни университетдаги дўсти, оқкўнгил Дмитрий Разумихин, жонидан ортиқ кўрадиганлари – меҳрибон онаси Пульхерия Раскольникова ва синглиси Авдотья Романовна, унга Сибирь  сургунида ҳам ҳамроҳлик қилмоқни сидқидилдан бўйнига олган Сонядек чинакам инсонлар билан иҳоталайди.

 

Қотилликка қадар ва уни содир этганидан кейин Раскольников аҳвол-руҳиясида кечган тўлғанишларни худди заррабин остидагидек тиниқ ва жонли тасвирлаган ёзувчи бир жойда “Руҳ туғёнга келган, лекин туғён ичра даҳшатли ожизлик кўзга ташланиб қолган эди”, дейди. Бизнингча, қаҳрамоннинг ўша лаҳзадаги ҳолати, ичидан кечаётган аламли ҳислари ифодаси бўлмиш бу таърифдаги “ожизлик”, аслида, Раскольников руҳиятидаги энг катта қудрат – унинг чинакам ИНСОН боласи эканидан яққол далолат ҳисобланади. Зеро, ана шу “ожизлик” уни чексиз виждоний азобга гирифтор қилади, ўзи йўл қўйган, тузатиб бўлмас хатоликни бутун даҳшати билан идрок қилишга мажбурлайди. Охир-оқибатда эса тавба-тазарру ила покланмоқ йўлини танлашига сабаб бўлади.

 

Бинобарин, Достоевский асарларида турли шаклларда ифода этилган, адиб ҳаётий эътиқодининг асосини ташкил этадиган муҳим бир қараш мавжуд: бутун инсониятни бахтли қилиш ҳақидаги ғоялар, агар уларни амалга ошириш бир норасиданинг-да кўзёшлари эвазига бўладиган бўлса, сариқ чақалик қимматга эга эмас!

 

Мазкур гуманистик қараш романнинг энг муҳим воқеаларидан бири орқали ёзувчи замондошларига, сизу бизга ва келгуси наслларга сиздирилади, онг ва қалбимизга сингдирилади.

 

Раскольников ўз наздида “ҳеч кимга керак бўлмаган палид, зарарли бит”ни ўлдиришга азм қилган, унинг сандиғидан олажак маблағни қурсоғини тўйдиришга эмас, фақат хўрланган ва ҳақоратланганларни халос қилмоқ йўлида ишлатишга ният қилган эди. Оқибат нима бўлди?

 

“Фауст”да айтилган “Назария қуруқ оғочдир, / лекин яшнар ҳаёт дарахти!” деган ўжар ҳақиқат яна юз кўрсатди: Раскольников олтмишларга борган судхўр кампир Алёна Ивановнанигина эмас, унинг ўттиз беш ёшлардаги, бировга зарари тегмайдиган ўгай синглиси Лизавета Ивановнани ҳам “нақ қаншаридан чопиб, миясини қоқ иккига бўлиб юбориш”га мажбур бўлди. Мана шу мудҳиш манзара мозийда неча минглаб маротаба юз берган, бугунги дунёда ҳам тўхтовсиз рўй бераётган ва надоматлар бўлсинки, келажакда ҳам содир этилажак хунрезликларнинг барчасини акс эттирувчи тимсол бўла олади.

 

Суриядаги талотумларда чап курагидан ўқ еб, лаблари аянчли буришиб, тобора ваҳшийлашиб бораётган инсониятга қарата “Ҳаммасини Яратганга айтиб бераман!” дея увол жони таслим бўлган болажон ёдингиздами?! Биз асардаги ана шу саҳнани бекорга романнинг энг муҳим воқеаларидан бири деганимиз йўқ. Зеро, романни синчиклаб мутолаа қилган ўқувчи сезадики, ўзи қўл урган қонли жиноятдан ва ундан ҳам кўпроқ ўзидан жирканиб, худди телбалардек кун ўтказаётган Раскольниковнинг уйғоқлигида ёдига, алахсиб ухлаганида эса тушига асосий қурбон – судхўр кампир эмас, балки айнан “уволгина жон” Лизавета Ивановна сиймоси келаверади, уни таъқиб этаверади. Агар Раскольников фақат судхўр кампирнигина чопиб чиқиб кетганида унинг ўз қилмиши ортидан тортадиган азоблари ҳам, умуман, бутун романнинг бадиий-ғоявий йўналиши ҳам бошқача бўлиши мумкин эди. Ана шу нуқтаи назардан қараганда, қаҳрамони Раскольников ҳар қанча хоҳламасин, айнан Лизавета Ивановна уйда бўлмайдиган вақтни танламасин, адиб барибир бу “содда, муштипар” аёлни унга рўбарў қилади! Ўзича, “Фақат биргина битни маҳв этаману шу билан оламни поклашни бошлайман” деб ўйлаган қаҳрамонига ҳамма жойда “битлар” ҳам, фариштасифат инсонлар ҳам қиёматга қадар ёнма-ён яшашга маҳкум экани, Яратганнинг сирли қудрати ҳам, қаҳҳорона синов усули ҳам айнан шунда намоён бўлишини кўрсатмоқ истайди!

 

Нега?

 

Негаки, Достоевский инсоният ҳаёти давомида неча-неча марта исботини топган аччиқ бир ҳақиқатни ниҳоятда теран идрок этган, одамларни шу ҳақиқатни унутмасликка даъват қилган: “Қон қонни чақиради; бир жиноят – иккинчи, учинчи... ўнинчи жиноятга йўл очади; энг даҳшатлиси – бир ҳовуч бойларни, эксплуататорларни, халқ қонини зулукдек сўрувчиларни бир ҳамлада йўқ қилиш баҳонасида бошланадиган зўравонликлар натижасида уларга мутлақо алоқаси бўлмаган оддий халқ – беайб инсонлар қурбон бўлади”. Африкадами, Осиёдами, Лотин Америкасидами – қаерда бўлмасин, жамики инқилоблар, рангли ва рангсиз давлат тўнтаришлари буни яққол кўрсатди, кўрсатмоқда. Шундай экан, халқ ҳаётини, жамият бошқарувини зўрлик, террор, қон тўкишни истисносиз талаб қиладиган инқилоблар, тўнтаришлар билан ўзгартириб бўлмайди. Чунки энг мушкул инқилоб – инсон онгидаги инқилобдир. Бироқ ҳар қанча қийин – собит сабрни, маърифий меҳнатни, ақл ва тафаккур кучини талаб қилмасин, айни инсон онгини юксалтириш, ундаги одамий сифатларни уйғотиш орқалигина жамият ҳаётини ижобий томонга ўзгартириш, оломонни шахсларга айлантириш мумкин.

 

Фёдор Достоевский сингари инсониятнинг улуғ мутафаккирлари, шу жумладан, миллатимизнинг жонкуяр адиблари сизу бизга айтган даъватлар, огоҳлантиришларни теран англаш; улар ўзлари, оилаларининг эмас, халқининг, унинг тимсолида эса одамзоднинг дарду ўйи билан яшаганларини юракдан ҳис қилиш ҳам онг ва тафаккуримиз, қалб ва руҳиятимиздаги умидли ўзгаришларга куч ҳамда самара бахш этса не тонг!

 

Раҳмон ҚЎЧҚОР

 

Tafakkur журнали, 2021 йил 4-сон.

Одамзоднинг дардига таъзим” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10347
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//