Ўғил туғилса 100, қизга эса 50 доллар – куёв оладиган суюнчи ставкасини ким белгилайди?


Сақлаш
18:05 / 15.02.2022 1626 0

Авваллари янги меҳмон дунёга келcа, қанд-қурс сочилар, хушхабар эгасига бир кийимлик мато ёки тўн ҳадя этиларди. Замона зайли билан одатларимиз ҳам ўзгариб боряпти. Айни кунда баъзи жойларда чақалоқнинг отасига қайнота-қайнона суюнчи тарзида доллар қистираётгани қулоққа чалиниб қолаётир. Кимдир элдан қолмай деб, кимдир чин дилдан, кимдир минг азобда беради бу пулни...

 

Нодира Дўстхўжаева:

– Суюнчи яхши одат. Одат бошқа, лекин одат баҳонасида таъма қилиш бутунлай бошқа. Афсуски, бугунги кунда кўпинча моддий муносабатлар биринчи ўринга чиқмоқда. Бу ҳатто миллий сериалларимизда ҳам акс этяпти. Эркакларга хос бўлган “Уят ўлимдан қаттиқ”, деган тамойил унутилиб бормоқда. Авваллари, мободо йигитнинг йўлкираси қолмаса, яёв юрган. Тушликка пули бўлмаса, орланиб, дўстлари билан ошхонага бормаган.

 

Шундай оилаларни кўряпмизки, куёв қайнонасининг уйига бориши, яхши совғани шахсан ўзи олиши керак, деб ҳисоблашади. Менинг ҳам қизим-ўғлим бор. Қуда-андали бўлганмиз. Келинимнинг кўзи ёриса, телефон орқали айтаман. Онага “Икки жон соғ-саломат”, деган хабар керак, холос. Исломда таъмагирлик, замонавий қонунчиликда коррупция қораланади. Афсус, бундай таъмагир куёвларга ҳеч бир қонун йўқ.

 

Омина Шералиева:

– Яқинда қизимнинг кўзи ёриди, мен ҳам элдан қолмай куёвимга 50 доллар бердим. Кейингиси ўғил бўлса, 100 доллар бераман, деб қуда холага қистириб ўтдим. Миннат эмас, лекин куёвим яхши жойда ишлайди, пулга зор жойи йўқ. Лекин мен икки ўғлимни контрактда ўқитаман, бир сўмнинг ҳам ўрни бор.

 

Бизнинг водийда қизингни узатиб ҳам қутулмайсан, ширин ташвишларнинг юки келиннинг ота-онасига тушади. Ўғилларимга келин олсам, бу одатни хонадонимда жорий қилмайман. Қайтанга, суюнчи деб қудамга бир кўйлаклик мато, рўмол, ширинлик олиб хушхабарни ўзим етказаман.

 

Бой қўшним куёвига 100 доллар берибди, мен ҳам шундай қилишим керак, деб далада кетмон чопадиган аёлларни биламан. Ўзига тўқ хотинлар ўйлаб топган ва йил сайин суюнчи қиймати тобора ошиб бораётган бу ярамас одатни йиғиштиришимиз керак.

 

Малика Зиёдуллаева:

– Бизнинг Навоий вилоятида бундай одат йўқ. Аммо турмуш ўртоғим билан бир дўстиникига меҳмонга боргандик. Хуш хабар келиб қолди, мезбоннинг укаси фарзандли бўлибди.

 

У акасига телефон қилиб: “Қайнотамнинг олдига кетяпман, сизга неча пул берганди?” деб сўради. “Мен суюнчилаб борганимда фалон чойхонани “ёпганди”, кўрманага фалон пул берганди. Сениям хафа қилмас”, деди ака ўлгур.

 

Шу оила билан бошқа борди-келди қилгим келмай қолганди. Фарзандли бўлгач, қайнотасидан пул ундириш ғалати эмасми? Ҳар бир йигит шунақа қилишим тўғрими, деб ўзига ўзи савол бериши керак.

 

Тозагул Жуманова:

– Самарқандда чақалоқ туғилганда куёвнинг қайнонаси набирали бўлганидан хурсанд бўлиб, қўли енгил дояларга миннатдорлик рамзи сифатида суюнчи беради. Куёвга пул қистириш бизда йўқ. Самарқанднинг йигитлари қайнона-қайнотасидан суюнчи олишни ор билади. Қиз ўстирган оналарнинг, қизларнинг қадри баланд. Инсон қадр-қиймати бойлик билан эмас, аксинча, меҳр-муҳаббат, ўзаро ҳурмат билан ўлчанса, оилада файзу барака бўлади.

 

Баҳриддин Асрор:

– Ҳозир билмадим-у, бизнинг вақтларда унақа одат йўқ эди. Аёлимга ўша вақтда узук ваъда қилганман ва кейинроқ обердим. Қайнонаникига борсак ҳам, қоғоз пакетда чиройли бозор қилиб борардик. Қиз томондан суюнчи сўраш уят саналарди.

 

Феруза Саидхўжаева:

– Бир танишим “Уйда нон олишгаям пул қолмади, 100 долларни тахт қилиб қўйдик, қизимнинг эрта-индин кўзи ёрийди, куёв суюнчига келиб қолса берамиз”, дейди. Олдин қизингиз эсон-омон қутулиб олсин, кейин сарпо қилиб борарсиз, ҳеч йўқса 50 долларни майдалаб, рўзғорингизга ишлатинг, дедим...

 

Музаяна Мумурова:

– Тошкентда бор шунақа одат. Суюнчини олгани куёвнинг ўзи боради, бош-оёқ сарпо, яна пул... Баъзи кўзи очлар онанг кам берди, деб келинга пўписа ҳам қиларкан. Бир марта қўшнимнинг куёви келди учинчи фарзандига суюнчилаб. “Ўғлим, табриклайман”, деса, қайнонасига қараб “Қуруққинами?” дея каттагина пул ундирмагунча қўймади. Дугонамнинг эри ҳам суюнчини кам деб жанжал қилган. Афсуски, шунақа эркаклар ҳам бор экан.

 

Маҳбуба Ҳасанова:

– Ҳам қизингни бер, ҳам қуллуқ қил. Фарзанд куёв тарафнинг давомчиси, шундай бўлгандан кейин, аксинча, қизнинг онасига суюнчи берилиши керак. Куёвга доллар қистиришни аҳмоқона одат деб биламан.

 

Одинахон Маҳкамова:

– “Ҳамкорбанк”да ўтирсам, бир аёл шошилиб келди-да, сўмни тезроқ долларга алмаштириш кераклиги ва туғуруқхонадаги қизига овқат пишириб бориши зарурлиги учун навбатсиз ўтказиб юборишларини сўради. Шунда долларни куёвига суюнчи қилиши, кейин қуда томонга сарполар олишга ҳали улгурмагани, қизи муддатидан олдин туққанини айтди бечора она.

 

Муяссар Ибрагимова:

– Фарғонада қиз туғилса 50 доллар, ўғил туғилса 100 доллар суюнчи аталади. Менинг куёвим пул беришмасин деб тайинлаган, лекин турмуш ўртоғим секин чўнтагига қанчадир солиб қўйган. Бу одатни қизимга яхши гапиришсин, деб қудасига, куёвига ўзини кўрсатмоқчи бўлган қайноналар ўйлаб топган.

 

Динимиз нима дейди?

“Зикр аҳлидан сўранг” туркумида биринчи фарзанд туғилса, ўғил болага 100, қиз болага 50 доллар бериш одати пайдо бўлибди, шунга қандай қарайсиз, деган мазмундаги саволга қуйидаги жавоб қайтарилган: “Ким ёмон суннатни йўлга қўйса, гуноҳи ўшанга бўлади. Бу одатни чиқарганни қанча инсон лаънатлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бирорта лаънат Аллоҳнинг ҳузурида мустажоб бўлса, бу одатни чиқарган ва уни ривожига ҳисса қўшганларнинг ҳолига вой. Ҳаётимиз мобайнида бойваччалик қилиб, охирида хор бўлганларнинг кўпини кўрдик. Валлоҳу аълам!”

 

Нодира ИБРОҲИМОВА

оyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 46
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10434
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//