Менга Худо қанот берганидаям фақат ўз Деновим устида учиб юрсам керак


Сақлаш
15:48 / 12.02.2022 1292 0

 

Президент Шавкат Мирзиёев сурхондарёликлар билан учрашувларидан бирида “... маънавият фидойиси Тоштемир Турдиев каби илм-фан намояндалари... номларини алоҳида таъкидлаш ўринлидир”, деди. Шу-шу Тоштемир ҳақида жаҳон мумтоз адабиёти достонлари даражасидан кам бўлмаган Чағониён, ҳам Денов тарихи мазмунига мос достон ёзгим келди. Яхши ният – ярим давлат. Деновга бордим. Беш кеча-кундузда яёв, Деновнинг мен кириб-чиқмаган кунжаги қолмади. Оддий одамлардан қуёш тафтидан қорайиб кетган деҳқонларгача Тоштемир ҳақида суриштирдим. Уларнинг ҳаммасидан эшитганим “Ҳоким бобо” бўлди. Денов Тоштемир билан Тоштемир деновликлар билан ўзаро пайваст, пайваста дунё бўлди. Тоштемирнинг ички дунёси камтарлик, парҳезгарлик, инсофнинг муштараклигидан иборат эди. Булар кечаги гаплар. Бугун дилимда ҳам, тилимда ҳам батамом бошқа гап: “Саксон нима, тўқсон нима, фурсат ўқ, Тоштемирнинг ташвиши кўп, кексаришга вақти йўқ”.

 

Синчков китобхонлардан қай бири “Тоштемири ким?” деб ўйлаши аниқ. У Денов туманининг ўн тўртинчи ҳокими билан ҳозиргача ишлаб келаётган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, филология фанлари номзоди, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тоштемир Турдиевдир. Т.Турдиевнинг ички фазилатлари ҳақида (менгача ҳам) якқалам қилинган мақола, шеър, ёзишма ва бошқа битиклар бир талай. Уларни жамлаб Тожиддин Раззоқ китоб ҳолига келтирган. “Тафаккур” нашриёти (Т:, 2014 й.) 500 нусхада чоп этган ўша “Денов: эътироф ва эҳтиром” китобини ўқиганим, унга тақриз ёзганим ёдимда...

 

Китоб Ўзбекистон, айниқса Сурхондарё зиёли ва меҳнат аҳли орасида қўлма-қўл бўлиб кетди. Китобдан етмишдан ортиқ эътироф ва эҳтиромга бой, дил изҳорлари муҳрланган мақолалар жой олган. Уларни синчиклаб, қайта-қайта ўқиб чиқдим. Салкам олтмиш йиллик дўстим Тоштемир Турдиев сийратининг лоақал бирон арзимас қиррасини ҳам менга қолдирмасдан қаламга олган синчков, топқир, ҳозиржавоб, тезкор алломаю акобир, донишу дарвеш муҳарриру мухбирларнинг самимий ва беғубор меҳнатларига маҳлиёман. Булар ҳақиқат. Ҳақиқат эса атрофимизда юз бераётган воқеа ва ҳодисаларнинг миямиздаги инъикосидир.

 

Ўзимга ўзим шивирладим: ҳақиқатлар бир ҳил эмас, турли-туман. Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов Тоштемир Турдиевни “Ука” демасдан “дўстим” дейман; “Ўзбекистон халқ таълими ҳомийси” нишони соҳиби Хурсанд Холиқов “Устозни бирор киши юзи у ёқда турсин, орқасидан ҳам сўкканини, ҳеч бўлмаганда аччиқ гап айтганини эшитмаганман”; Баҳром Маматқулов “Мен Олтинсой туманида туғилиб, вояга етганим учун дадил айта оламан, олтинсойликларнинг кўпи Тоштемир акани “танийди”. Ваҳоланки, Тоштемир ака Олтинсой туманида бир кун ҳам ишлаган эмас”; Эшқобил Шукур “Тоштемир ака ўзи ҳаммага эл бўлишни истайди ва ҳамманинг бир-бирига эл бўлишини истайди... У ичи кенг одам... Сурхондарё даштларидай кенг, осонликча ториқмайди... Ор қилади. Чунки у “Алпомиш”ни зўр билади-да”; Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Музаффар Турсунов “Одамийлик эса унинг қон-қонига сингиб кетган. Тоштемирга меҳмон бўлмаган ёзувчи, олим, шоир ёки рассом Республикамизда жуда кам топилса керак... Боботоғ томонда тоғдай бир дўстим борлигидан кўкрагим тоғдай кўтарилади”; Маҳмуд Абдулфайз “Денов шаҳридаги қутлуғ бир хонадон Тоштемир Турдиевни сўраб суриштирувчи меҳмонлар, муҳлислар, шогирдлар билан доимо банд. Излаб келувчиларнинг оёғи узилмайди. Устознинг ҳам одамларга бўлган меҳри тугамайди”; Сафар Намоз ўғли “Одамлари дарвиш деганда беихтиёр деновлик олим, ватанпарларнинг рамзи бўладиган ажойиб инсон, ўша дарвишларнинг каттаси Тоштемир ака Турдиев кўз олдимга келади”; Ҳожи Мурод “...бу дунёда ҳамма зўр! Шу жумладан, Тоштемир ака ҳам, Тожиддин ҳам зўр. Зўрни зўр деб тан олмоқ эса марднинг иши”; шоир Насрулло “Мен қай мавзуни нишонга олмай, аллақачон “ов”ланиб кетган экан, Тоштемир Турдиевнинг ҳам мозий қатларида эринмай тимирскиланиб чиққанини-чи?... Ўзиям устознинг умри ва ижоди мақсаду мазмуни юрт бўлганми дейман”, “Шароф Рашидов ва Раъно Узоқова бирга тушган суратни ўз китобида чоп этишга рухсат сўрагали икки марта Ш.Рашидов ҳузурига кирган Тоштемир Турдиев Шароф акани ҳам ҳайратлантирди”, “ижодкор олами бир сеҳрли чаманки, чор тарафини кезганинг сайин янги кўринишдаги, ўзгача ифордаги анвойи гулларга дуч келасан. Шоир Тоштемир Турдиев ижоди бўстонида эса ўқувчини мафтун қилувчи мутолаалар бисёр”; Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Чоршанби Деҳнавий “Тоштемир ака суратга боқди, унда... олд айвони очиқ уйнинг ўртанчи устунига елкама-елка тушган ўн икки-ўн уч ёшли боланинг ғамгин қиёфаси акс эттирилган. Бош яланг, сочлари ўсган, кўйлак-иштонлари калта, дароз, ғамгин кўзларини яланг оёқларига тикканча, гўё уларни кўрсатишга ҳаракат қилишарди. Тоштемир ака суратга узоқ боқди, кўзлари қисилиб, нафас олиши қийинлашарди, сўнг бурун тортди, ... , – Сўнг... – Шу ҳовлидан отам урушга кетган, онам шу ҳовлида жон берган”, деб ёзади.

 

Ўзбекистон халқ таълими аълочиси, “Антик дунё” халқаро илмий академияси профессори Қурбонпўлат Назаровнинг “Тоштемир аканинг қуйидаги ҳикмати ватанпарварлигига далилдир: “Менга Худо қанот берганидаям фақат ўз Деновим устида учиб юрсам керак” битиги бежизга эмас.

 

Юқоридаги барча иқрор ва ҳайратномалар Тоштемир Турдининг кўнглига хос ва мос табиий ҳақиқатнинг бадиий ҳақиқат даражасидаги баёнидир. Бадиий ҳақиқатлар нисбийлик билан эту тирноқ. Улар абсолют ҳақиқатнинг шунчаки босқичларидан иборат. Тоштемир Турдиев табиатига тааллуқли ҳақиқатларни жамоатчилик фикри, ижтимоий амалиёт эртага янада равшан торттириб абсолют ҳақиқат мақомига олиб чиқади. Айни шу маънода Денов ва деновликларнинг фидойи фарзанди Тоштемир Турдиевнинг ички қиёфасига нисбатан “эътироф ва эҳтиром”нинг ҳануз чеки, чегараси кўринмайди.

 

Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид мазкур китобда Тоштемир Турдиевни “Тош ва “Темир”га қиёслайди. Зотан, “Тош” ҳам, “Темир” ҳам мангуликка, мангу ҳақиқатга дахлдор унсурлардан. Улар аввали бор бўлиб охири бўлмаган, охири бор бўлиб аввали бўлмаган моддият тимсоли. Мен Денов ҳамда Денов аҳли қувонганда бирга қувониб, йиғлаганда бирга йиғлайдиган жон-жигар, биродарим Тоштемир Турдиевга “Тош” билан “Темир”нинг мустаҳкам табиати ва умрини тилайман.

 

“Денов: эътироф ва эҳтиром” китобида абадий ҳақиқатга дахлдор сўз ва миллий топилдиқларга Санъатшунослик илмий тадқиқот бўлим мудири, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Эдвард Ртвеладзе, Япониянинг Сока университети профессори Кюдзо Като, тарих фанлари номзоди Баҳодир Турғунов, академик, физика-математика фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Назар Тўраевнинг мақолаларида тўқнаш келасиз.

 

Жумладан, Э.Ртвеладзе, “... Деновнинг ёши 3-3,5 минг йиллик тарихга эга” деса, Кюдзо Като “Денов ҳам ўзининг минг йиллик тўйини ўтказишга арзигулик шаҳар-ку... Унинг 2300 йиллик осори атиқалари борлиги шубҳасиз”, дейди. Қорабоғтепадан аввало 3 дона, кейинчалик эса яна битта ўша каби тош тагкурсилар топилганини ёзган Баҳодир Турғунов “шу каби улкан тошлар 2400–2300 йиллар аввал тайёрланган бўлиб, уларни чамаси 60–70 км олисдаги Бойсун тоғидан олиб келиш ҳаммага ҳам насиб этавермаса керак”, деб ҳайратланади ва қўшиб қўяди “уй эгаси бадавлат шаҳарликлардан бири бўлса керак”. Н.Тўраев “Денов: эътироф ва эҳтиром” китобидан ўрин олган “Денов қасидаси” мақоласида ёзади: “Илмий ибора билан ўқисангиз, Деновнинг уч-тўрт минг йиллик ўтмишидаги маълумотлар ва тафсилотларига дуч келасиз ва беихтиёр  “Қаранг, биз жуда қадимги манзилнинг одамлари эканмиз”, деган фахр туйғуси сизни қамраб олади.

 

Дарҳақиқат, табиатшунос олиму қадимшунос алломаларнинг фикру қайдлари узоқ мозийга дахлдор, мангу ҳақиқатга тегишли, рад қилиш мумкин бўлмаган ўтда ёнмас, сувда чўкмас далиллардир. Бундай тарихий қадриятлар билан бизни камида икки-уч минг йиллик масофа боғлаб турибди.

 

Шоир ёзади:

 

Топганим ҳақиқат, топмаганларим

Ҳаётни ҳайрат ҳам сайқалга ўранг.

Зиё ҳам фаришта, яхши ёмонни

Китобга қўйилган ҳайкалдан сўранг.   

Гўзал ҳам, ғазал ҳам уят, андиша,

Армон, кемтигимни ёпарсан, болам.

Мен билган, билмаган ҳақиқатлар кўп,

Уларни китобдан топарсан, болам.

Ўзингни англа, ҳам унутма зинҳор

Эртак ҳам қасида, ота ҳам она.

Мустақил Ватан ҳам, ҳаёт ҳам Қомус

Авесто, Қуръон ҳам ҳақиқатхона.

Уларнинг асоси, мезони меҳнат,

Тил билан тафаккур, тарози ҳам санг.

Нисбий ё абсолют, мангу ҳақиқат

Инсон ҳам, меҳри ҳам саккизинчи ранг.

 

Ҳақиқатдан ҳам китоб қадрият, тарихий топилмалар ҳам, инсон ҳам, “саккизинчи ранг” ҳам қадрият. Инсон фарзандларининг қўлидан келмайдиган юмуш йўқ. Бир тус рангнинг қирқдан ортиқ турини бир-биридан фарқлай билишга қодир мусаввир мавжуд етти рангдан фойдаланиб сурат чизади. Бироқ битта асосий – “саккизинчи ранг”ни уларга қўшмаса сурат қуруқ, бетаъсир, жонсиз чиқади. “Саккизинчи ранг” етишмаса таом кўнгилдагидай бўлмайди. Барча ранглар рангини ўзгартирадиган, таомнинг сифатига сифат қўшадиган бу “саккизинчи ранг”. Мавлоно Абдухолиқ Ғиждувонийнинг “Мақсад ас соликин” китобида баён қилингани мисол у юракдаги муҳрдир, муҳаббатдир.

 

Дўстим Тоштемир Турдиевнинг сийрати, ботини, қалби бир катта ғулғула шаҳарга, саккизинчи рангнинг завол билмас, минг кўзли сарчашмасига ўхшайди. Зотан, оламнинг исталган нуқтасидаги нурнинг етти хил рангда товланишини кўриш, кузатиш мумкин. Чунки улар моддийдир. Бизнинг назаримиздаги саккизинчи рангни эса энг замонавий қурилмалар ҳам қайд қилишга қодир эмас. Сабаби, саккизинчи ранг, яъни меҳру муҳаббат фақат нотирик табиатнинг ажралмас бўлаги бўлмиш тирик табиатга, шу жумладан, инсонларга хос бўлган ботиний, маънавий хусусиятдир.

 

Маънавий бойлик, яъни ўша саккизинчи рангнинг қанча ва қандайлиги инсоннинг сочи оқ оламга, курраи Заминга, Ватанига, ота-онага, одамларнинг бир-бирига бўлган холисона муносабатларида намоён бўлади. У юқоридаги муносабатлар жараёнида моддий кучга, битмас-туганмас илҳом ва ғайрат-шижоатга айланади. Мустақил Ўзбекистонда, Сурхондарёда, Тоштемир Турдиевда шундай бўлди. “Денов: эътироф ва эҳтиром” китобида бор ва тор гаплар саккизинчи ранг, яъни ҳақиқатнинг оқ қоғоздаги сурати бўлди. Қадриятга, китобхонларни ҳаяжонлантирувчи объектив ҳақиқатга айланди. Объектив ҳақиқат эса Тоштемир Турдиевнинг фазилатлари ҳақидаги мифда кўпдан буён иймондай ўрнашиб қолган таассурот ва билимларнинг  “Денов: эътироф ва эҳтиром” китобидаги битиклар мазмунига тўла ва тугал мос келишидан иборат.

 

Денов Денов, Тоштемир Тоштемир-да! Улар эту тирноқ, устозу шогирд. Устозу шогирд ўртасидаги муносабатлар эса тарихий қадриятдир.

 

Мавлоно Жалолиддин Румийнинг устози саййид Бурхониддин сирдон шогирд учун синов муддати ва шартини белгилади. Оғзи ва бурнини етти қатлам мато билан боғлаб олган ёш Жалолиддин тун бўйи ухламасдан меҳнат қилди. Муайян гуруҳ аъзолари тирикчилигига зарур маблағни йиғиш учун хонадонма-хонадан, кўчама-кўча, қишлоқма-қишлоқ, шаҳарма-шаҳар тентираб тиланчилик қилди. Отасидан мерос китобни бир юзи бир марта ўқиб чиқди. Тоғорадаги итлар учун қушхона чиқиндисидан татиб кўрди. Шогирд Жалолиддин устоз саййид Бурхониддин Сирдон синовидан муваффақиятли ўтди, ориф бўлди. Устознинг синовдан мақсади эса инсон зотига хос 36 та нуқсондан Жалолиддин вужудини батамом поклаб, уларнинг ўрнида инсон сийратини белгиловчи 36 та фазилатни барқарор қилиш эди. Устоз кўзлаган мақсадига эришди. Ёш Жалолиддин шу тариқа жаҳон адабиёти хазинасининг ифтихори Жалолиддин Румийга айланди. Юқоридагиларни келтириш билан Тоштемир Турдиевдаги фазилатлар ҳам осмондан узилиб тушмаган, унинг ҳам қамрови ниҳоятда қаттиқ устозлари бўлган демоқчимиз. Агар таъбир жоиз бўлса, Тоштемирнинг биринчи устози, уни бир парча эт, мурғаклигидаёқ чидам, сабр-бардош, меҳнатсеварлик ҳам яхшиликлар сарчашмасида чўмилтириб тош ва темирга айлантирган она табиат. Унинг сизга таниш жисму жуссасида шунинг учун ҳам мақтовга сазовор фазилатларнинг йўғи – оламда йўқ.

 

Тоштемирнинг энг содиқ устозларидан яна бири ижтимоий ҳаёт, иккинчи жаҳон уруши йилларининг жароҳатлари... Фронт орқасида бўйи-басти осмондай сариқ тортган, қаҳрабодай қуюқ Тўхтамиш: ҳар бир хонадони, мавжуд кўча, маҳалласидан манқалда қоврилган чигит бўйи ва кунжара ҳиди буруқсиб анқиган Денов, унинг ўша замондаги зардоб ва заъфарон муҳити... Тоштемир ота юрти, устозлари, киндик қони томган гўша – Деновни улуғлаб, чапдаст ҳисобдонларнинг ҳисобича ҳозиргача йигирмадан ортиқ китоб ёзиб улгурган. У китоблар Сиз ўйлаган, биз тўқнаш келган оддий китоблардан эмас. Уларнинг сурат ва сийрати, мазмун ва моҳияти, зиммасидаги ижтимоий юки ва тарихий салмоғи, ширин сўзи ва ширали сатри умр бўйи ота-она висолига интиқ мунгли кўзнинг ёши, ялангоёқ ва юпун етимча қалбнинг дарди, ғариб ва нотавон юрагининг исёнидан қад ростлаган, ўйлаб ва ўртаниб ёзилган асарлардир. Тоштемир Турдиевнинг мен ўқиган асарлари сатри қат-қатидан юқоридагилардан ташқари чиму чечак, гулу гулзор, ғалла, пахта, пилла ва тиллали муқаддас она тупроқнинг хушбўйи анқийди. Аслида ҳам Денов азалдан қуёш ардоғидаги юрт, обиҳаётга ошна қадим ва табаррук замин. Шу маънода Тоштемир Турдиев Чағаниённинг 2500 йиллик тўйи илинжида атрофига зиёли, зукко, ишбилармонлар жамоасини жамлаш учун кўп йиллардан буён жонбозлик кўрсатиб келмоқда. Тоштемир Турдиев билан Бухорода Педагогика университетининг “тарих-филология” факультети биносида, таниқли шоир Тошпўлат Ҳамиднинг “Ёш қаламкашлар тўгараги” даврасида танишганмиз. Шеъриятнинг ўзига хос жозибали жиҳатларини Ўзбекистон Халқ шоири Жамол Камолдан ўрганганмиз. Талабалик йилларимиз завқу шавқ, илҳому ишонч, мутолааю мунрзара, хуллас, бетакрор тароватли меҳнат билан ўтган. Машқ, машқ, муҳокама. Шу тариқа Тоштемирнинг “Ёдингдами?” шеъри, Музаффар Турсуннинг “Ямоқ” ҳикояси, менинг “Арслонтош” асарим дунёга келган эди.

 

Кундузлари дарсда бўлар, баъзи кечалари то тонггача шоир Темур Норовнинг ҳовлисидан унча узоқда бўлмаган “Сомонийлар мақбараси” ғиштларининг тусу тароватини, рангу рафторни кузатар эдик. Баъзи кечалари “Болои ҳовуз” бўйида жойлашган Мансур ака чойхонасида боғбон шоир Шариф Нурхондан  “Юсуф Ҳамадоний”, “Абдухолиқ Ғиждувоний”, “Аҳмад Яссавий”, “Баҳоуддин Нақшбандий” ҳазратлари ҳақидаги қиссаларни тинглар, Қудрат исмли алломанинг баъзан тортина-тортина, атрофига мушукдан хавотирланган зағизғондай олазарак қараганича ажамлик зироатчи Бардазбеҳнинг невараси бўлмиш “Имом ал-Бухорий” ҳақидаги қизиқарли суҳбатларини эшитардик. Имом ал-Бухорийнинг ҳадис тўплаш йўлида чеккан меҳнату машаққатларини, азобу аламларини тинглаб, ҳаяжондан кўзимизга ёш келарди. Ўшандай давраларнинг бирида беором юрагимдан тилимга кўчган шеърдан парча келтирмоқчиман:

 

Кимларда ошу нон, кимда тўн, мансаб,

Кимларда шон-шуҳрат, кимда аччиқ тил.

Имом ал-Бухорий тўқнашган ғамнинг

Қисмини юкласанг кўтаролмас фил.

Имом ал-Бухорий иймон, ишқ солди,

Қуръон ҳам, Ҳадис ҳам қалбларда қолди.

 

Дарҳақиқат, Тоштемир Турдиевнинг вужуд-вужудига ишқ, иймон, Қуръон ҳам, Ҳадис ҳам, замоннинг нафаси ҳам, меҳнатга, меҳнаткаш халққа муҳаббату қийинчиликларга қалқон ва малҳам бўлиш талабалик йилларида сингигани аниқ. Жарқўрғонлик Раъно Узоқова ҳам унинг бадиий асарларини қандай бўлса шундай ширадорлигича халққа, мустақил Ватанга ҳадя этишда, “Алпомиш” достонининг сурхондарёча варианти (нусхаси)ни ёзиб олиш, қайта кўчириш, нашрга тайёрлаш, китоб ҳолатига келтиришда, Денов ҳудудидаги тарихий масжид, мадраса ҳамда мавжуд зиёрагоҳлар мажмуасини таъмирлаш ва қайта тиклашда чор атрофига зиё сочиб қўлида чироқ кўтариб юришда Тоштемир Турдиев учун Имом ал-Бухорий ҳазратларининг шахсияти дастак, тутқич, этолон бўлганлиги аксиома. Кўп йиллик қадрдон дўстим саксон бир ёшни қувонч билан қаршилаётган Тоштемир Турдиевга Имом ал-Бухорийдайнинг барҳаёт изи ва шону-шуҳратини тилайман. Соғу саломат бўлсин!

 

Хушбоқ РАҲИМОВ,

фалсафа фанлари номзоди, шоир

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 26
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//