Олимлар Навоий меросини муаззам уммонга ўхшатишади. Зангори осмон остида чайқалиб турган баҳри муҳитнинг шиддаткор тўлқинлари қуёшнинг мунаввар нурлари билан қоришиб, борлиққа ёруғлик, зиё бахш этади. Кўзни қамаштириб, кўкка ўрлаётган томчиларнинг ҳар бирида илоҳий нур жилваланади. Навоий мероси ана шундай боқий, мафтункор. Бу табаррук зот ижодини ўрганган кишиларнинг қайта-қайта ҳайратга тушаверишлари сабаби ҳам шунда.
Мир Алишер Навоий ҳазратлари шеърият илми, тилшунослик илми билан баробар илми унжум, мусиқа, табобат, луғатшунослик, ўқ отиш санъати, адабиёт назарияси, қушлар ҳаёти – зоология илмларини ҳам эгаллаганлар. У зотнинг тасвирий санъатда ҳам машқлар қилиб турганлари, ҳатто Ҳусайн Бойқаронинг суратини чизганлари ҳақида манбалар гувоҳлик беради. Ҳазрат Навоий чизган занжирбанд шер сурати ҳам мана беш асрдирки, такрор-такрор мунозаралар манбаи бўлиб келмоқда.
Навоий ҳазратлари мусиқа илмида ҳам ноёб истеъдод соҳиби бўлиб, бир қанча куйлар ижод қилганлар. Шунингдек, ўз маблағлари ҳисобидан қурдирган кўприклар, тегирмонлар, ҳаммомлар, боғлар, мақбаралар, мадрасалар, масжидлар, шифохоналарнинг иншоот тархини ҳам ўзлари чизганлар, бош меъмор сифатида бошқа меъморларнинг тархига ўзгартишлар, тузатишлар киритганлар.
Ҳазрат ижодининг энг ҳайратомуз тарафлари эса у зот асарларидаги ихтиролар, келажак техникаси таърифларидир.
Ҳазрат Навоий асарларида светофор ва фотоаппарат тасвири
“Лисон-ут-тайр”да (насрий баёни) шундай ёзилади: “Инсон кўнглини турли билимлар хазинаси қилди ва бу тилсим ичида Аллоҳ ўзини яширди”. Навоий ёзган ҳар бир байт-сатрларидан донишмандлик уфуриб туради. Шеърият султони таҳайюл отида шунчалар парвоз этолганки, унинг олдида нафақат тезлик, балки вақт – асрлар ҳам чикора. Масалан, манзумаларда Навоий яшаган давр учун бутунлай бегона бўлган турли тимсоллар (образлар) учрайдики, гўё Навоий тафаккурида бунёд бўлган илмий кашфиётларни, башоратлар ва фаразларни сатрлар қатига сингдириб юборгандек. Масалан, мутафаккирнинг гўзал ғазалларидан бирида шундай сатрлар мавжуд:
Хилъатим то айламиш жонон қизил, сариғ, яшил,
Шулъаи оҳим чиқар ҳар он қизил, сариғ, яшил.
Шишадек кўнглимдадур гулзори ҳуснинг ёдидин,
Тободонинг аксидек алвон қизил, сариғ, яшил…
Гарчи ёр тавсифига бағишланган бўлса-да, бу сатрларни ўқиб, сизнинг хаёлингизда ҳам бугун бутун дунёда машиналарнинг қатновини тартибга солиб турган йўлчироқ (светофор) гавдаланганига шубҳа йўқ. Тўғри, бир қарашда бу шеър ва йўлчироқнинг бир-бирига умуман алоқаси йўқдек туюлади. Аммо ранглар силсиласи ва уларга юкланган вазифага бир эътибор беринг-а. Маълумки, қизил ранг – тақиқ белгиси – ёр дастлаб ошиқнинг севгисини рад этади, ноз қилади. Сариқ ранг – тайёргарлик – ошиқнинг ранги сарғайиб, фиғони кўкка ўрлайвергач, жононанинг кўнгли ҳам унга илий бошлайди. Яшил ранг – бу йўл очиқ, дегани. Ғазалда ҳам ёр турфа ранглардаги кийимларда кўриниш бериб, ошиқнинг кўнглини эзади. У яшилликка бурканганда васл айёми бошланади.
Навоий байтларида илк бор намоён бўлган бу рамз – йўлчироқ (светофор) америкалик олим Гаррет Морган томонидан 1916 йилга келибгина кашф қилинган. Энди мана бу сатрларга (“Фавойид ул-кибар”) эътибор қаратайлик:
Нега таркинг этмай, эй чархки: шому ахтарингдин –
Қародур юзинг, ва лекин… оқ эрур юзингда холинг!..
Мазкур байтнинг иккинчи мисрасида фототасвир ибтидоси – негатив кўринишлар (оқ рангнинг қора, қора рангнинг оқ бўлиб кўриниши) ҳақида гапирилаётгандек.
Биринчи фотоаппарат француз олими Луи Жак Даггер томонидан 1839 йилда кашф қилинган. Илк негативлар ҳам айнан шу йили Фох Тальбот томонидан ихтиро этилган. Навоий ҳазратлари эса улардан деярли 350 йил олдин бу ҳақда маълумот беряптилар.
Телевизор ва роботлар ҳақидаги тасвирлар
Барчага яхши маълум, 1928 йилда Тошкентда ихтирочилар Б. Грабовский ва И. Беляевскийлар электр-нур ёрдамида ҳаракат қилаётган тасвирни бир жойдан узатадиган ва қабул қиладиган аппарат яратиб, уни муваффақиятли синовдан ўтказдилар. Юртимиз пойтахти телевидение ватани сифатида тан олинди. Ҳазрат Навоий эса улардан неча юз йиллар олдин ойнаи жаҳонни тасвирлаб берган эдилар. Сўзимиз исботи учун “Фарҳод ва Ширин” достонидан олинган қуйидаги мисраларни таҳлил қилайлик:
Ғаройиб кўп ҳувайдо бўлғусидир,
Бас, анда шакл пайдо бўлғусидир…
Кўруниб ҳар замоне – кўзга бир шакл,
Кўз олғоч – бўлғусидир … ўзга бир шакл!..
Чу бўлди жилвагар ошкор юз навъ,
Анга ҳам бўлғуси – тимсол юз навъ!..
Маълумки, экранда кадрлар бир секундда 24 маротаба алмашади ва жонли тасвир кўринади. Шакл бу кадрлар десак, уларнинг алмашинувидан турли-туман ғаройиботлар, жонли суратлар, рангин қиёфалар силсиласи намоён бўлади. Энг ажабланарлиси, Навоий бу қурилмани ҳам ўз ҳолича “Ойнаи жаҳон” деб номлайдилар. Фарҳод узоқ Арман ўлкасининг маликаси Шириннинг ҳусну жамолини айнан шу восита орқали кўриб, унга маҳлиё бўлиб қолади.
“Фарҳод ва Ширин” достонида ойнаи жаҳон тасвиридан ташқари ХХ аср яратиқларидан бири – роботлар ҳақидаги сатрлар ҳам бор:
Бўлур дарвоза ичра ошкоро,
Темур жисмики қилмиш пайкар оро.
Эрур одамга монанду мушобиҳ,
Илгида темурдан ёй қилиб зиҳ.
Ва лекин ушбу пайкар рой то фарқ,
Бўлиб ўтдек темур ўрчин аро ғарқ…
Маъноси шундай: “У одамга жуда ҳам ўхшар, қўлида ўткир ўқ тортилган темир ёйни ушлаб турар эди. Бошдан-оёқ совутга ўралган бу темир одам ич-ичидан ёниб турарди”.
Ҳазрат Навоий ва… эскалатор!
“Хамса”нинг тўртинчи достони “Сабъаи сайёр”да эскалатор ва лифт ҳақидаги фаразларни ўқиган машҳур шарқшунос олим Бертельс ҳам ҳайратда қолганини яширмаган.
Поялар мақдамида бўлғай паст,
Айлагай бир-бири юзига нишаст.
Ул секиз поя қатъ бўлди тамом,
Айлагач шоҳ ўз ерида мақом.
Яна ул поялар баланд ўлғай,
Тахтидин шоҳ баҳраманд ўлғай.
Ким, қаён шаҳ бўлур нишонтагез,
Оз ишорат била югургай тез…
Маъноси шундай: “Шоҳ шу тахтга чиқадиган бўлса, пиллапоялар унинг қадам қўйиши учун пасайиб, бир-бирининг устига ётади. Шоҳ шу саккиз поянинг ҳаммасини босиб ўтиб, ўз тахтига ўтиргач, у зиналар яна баланд кўтарилади. Шоҳ қай тарафга қараб ўтиришни хоҳласа, озгина ишора кифоя. Тахт ўша тарафга қараб айланади”.
Бу ерда 1892 йилда америкалик кашфиётчи Жесси Рено томонидан яратилган эскалатор ҳақида гап боромоқда…
Батискаф ихтиро қилинишидан 463 йил олдин…
“Хамса”нинг бешинчи достони бўлмиш “Садди Искандарий” ҳам бундай тимсол ва мажозлар билан тўла. Масалан, Искандарнинг сув тубига тушиш учун шишадан махсус ноёб мослама ясатгани ҳикоя қилинади:
Қилиб сув тубин кўрмак андишае,
Ҳамул ҳикмат аҳли ясаб шишае.
Кириб шишага ранжу ташвир ила,
Анинг оғзин беркитиб қийр ила,
Танобеки, бўлғай неча минг қари,
Эшилган, келур чоғда дарё сари.
Бир учин қилиб шиша давриға руст,
Яна бир учин тушуриб элга чуст.
Бу янглиғ қилиб чўкди дарё қуйи,
Ани қаъриға чекти дарё суйи.
Ғаройибки, дарёда бўлғай ниҳон,
Анга зоҳир ўлди жаҳон дар жаҳон…
Маъноси қуйидагича: “(Искандарда) Сув тубини кўриш орзуси туғилди. Олимлар тез орада шишадан бир идиш ясадилар. Искандар хавф-хатар билан шиша ичига кирди. Унинг оғзини мум ва пўкак билан мустаҳкамладилар. Денгиз суви уни ўз қаърига тортиб кетди. Шундай қилиб, сув тубида ноъмалум бўлмиш бутун ғаройиботлар бошдан-оёқ намоён бўлди”.
Тасаввур қудратини қарангки, ҳазрат Навоий – батискафни ихтиро қилган швецариялик олим Огюст Пикардан роппа-роса 463 йил олдин сув тубига тушувчи қурилма, унинг шакли ва қисмлари ҳақида ёзиб қолдиряпти.
Ҳазрат Навоий автомобил мотори, двигатели ва кондиционерларга ҳам ишора қилганлар
Ҳазрат асарларида бугунги замонавий автомобилларнинг мотори, двигателига ўхшаш нарса ҳақида ҳам сўз кетади:
Ичинда намудор андоқ тилсим,
Ки ул ҳуфра кунжида бир рўй жисм.
Киши ҳайъати бирла жунбушнамой,
Ул оташгоҳ ичра ҳароратфизой.
Ясаб олида дам била қўрае,
Ҳамул кўра жисмида мошурае.
Чу ул қўрау дамға айлаб ситез,
Бу мошура нафхи қилиб шуъла тез…
Сатрларнинг насрий баёни шундай: “Тилсим чуқурнинг бир бурчагига жойлаштирилган бўлиб, кўринишидан одамнинг гавдасига ўхшайди. Кишининг ҳайбатига ўхшаган бу тилсимнинг қайнашидан ўтхонада ҳарорат ҳосил бўлади. Ўшанинг ёнида бир дам билан қўра бор, шу қўрага ҳаво берадиган бир най ўрнатилган. Шу дам билан қўранинг нариги найи орқали пуфланиб, унинг ичидаги олов билан туташтирилади”.
Кейинги саҳифаларда эса бугун уйларимизга ҳам иссиқлик, ҳам муздек ҳаво бахш этиб турувчи кондиционер ҳақида гап кетади:
Ки ҳар сори лавҳе эрур таъбия,
Бирида елу бирда ўт таъмия.
Маъноси шундай: “Чоҳнинг икки ёнига яхшилаб қараса, бирига ўт, иккинчисига ҳаво деб ёзиб қўйилган”.
“Фарҳод ва Ширин”дан олинган мана бу байт ҳам унга ҳамоҳанг жаранглайди:
Кетурдилар ҳакими нуктадони,
Билик бирла жаҳон ичра жаҳоне!..
Қилиб тунни – ёруғ, кунни қоронғу,
Сувдин – ўт ёндуруб, ўтдин – сепиб сув…
Эслатиб ўтамиз, француз олими Жанн Шабанесс биринчи кондиционерларга 1915 йилдагина патент олган.
Ҳазрат Навоий тасвирлаган кимёвий қурол
Маълумотларга кўра, 1763 йилдаги урушда илк бор кимёвий-бактериологик қуролдан фойдаланилган. Ўшанда европалик истилочилар Америка қитъасида ҳинду қабилаларини бўйсундириш учун эпидемия тарқатувчи касалликдан фойдаланишади. Навоий ҳазратлари эса ХV асрдаёқ хотирани йўқотувчи, кишини манқуртга айлантирувчи кимёвий восита ҳақида маълумот берган эдилар:
Бориб пушти аъдо аросига чуст,
Азим ун чиқорди тегиб ерга руст.
Деган тўрт иш тутди андин вужуд:
Садоу афан, ис била ўту дуд.
Садо ботил этди фусунларни пок.
Ўти куйдуруб қалъани қилди хок.
Фусунгар юзин дуди этди қаро,
Иси қўймади нукта хотир аро…
Маъноси шундай: “Коптоксимон қурол осмонга учиб, душманнинг бошига етди ва ерга қаттиқ тегиб, портлади. Ундан даҳшатли садо чиқди. Яна саркаш ўт, қоп-қора тутун ва бадбўй ҳид чиқарди. Садо сеҳрларни тамоман ботил қилди, емирди. Ўт ҳаммёқни куйдириб, қалъани хароб айлади. Тутун сеҳргарларнинг юзини қорайтирди. Ҳид уларнинг миясидаги хотирани йўқотди”…
Юқорида санаб ўтилган тимсоллар, рамзлар, ўз даври учун ғайриоддий бўлган қурилмалар, башоратлар ҳазрат Навоий ижодларида беҳисоб. Баланд минора устига ўрнатилган бугунги параболик ва спутник антенналарига ўхшаш қурилмалар, дунёнинг нарига чеккасидаги инсон билан тўғридан-тўғри, бир-бирини кўриб турган ҳолда (вебкамера орқали) мулоқотда бўлиш, компьютер, интернет, кишининг май ичган-ичмаганини аниқлаб берадиган восита, кибернетика ҳамда яна бошқа турли ғайриоддийликлар хусусидаги фаразлар шулар жумласидан.
Ҳазрат Навоий асарларида ҳатто ХХI аср одамлари тасаввур доирасидан ташқарида бўлган антиқа тимсоллар, фаразлар учрайдики, бундан ҳайратланмай, қойил қолмай илож йўқ.
Ҳазрат Навоий ижодларини муҳташам бир қасрга қиёсласак, барчамиз унинг ёнидагина айланиб юрибмиз, холос. Модомики, бепоён тафаккур сарҳадларини фатҳ эта олган шеърият соҳибқиронининг олтин мероси миллат руҳини, тафаккурини тарбиялар экан, у зот ижодини қомусий равишда тадқиқ ва таҳлил этиш, бу жараёнда, айниқса, ёшларда рағбат уйғота олиш бугунги куннинг энг асосий вазифаларидан бири бўлиб қолаверади.
Иномжон АБДИЕВ
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ