Қақнус: атторона, навоийона


Сақлаш
20:56 / 08.02.2022 1780 0

Салаф ва халаф: Фаридуддин Аттор ҳам (“Мантиқ ут-тайр”), Алишер Навоий ҳам (“Лисон ут-тайр”) Қақнус тимсолига мурожаат қилган. “Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати”да “Қақнус – афсонавий қуш номи” дея қисқа изоҳ берилган. “Навоий асарлари луғати”да эса батафсилроқ маълумотга эга бўламиз: “Қақнус   – форсча-тожикча. Мавҳум бир қуш. Афсонага кўра, тумшуғида жуда кўп тешиклар бўлиб, бу тешиклардан чиққан овозлардан гўё музика ўйлаб чиқарилган эмиш”. Бироқ бу сўз форсча-тожикча эмас. Чунки форсийда “қ” товуши йўқ ва агар бу тилда шу товуш иштирок этган сўз учраса, аниқки, у бошқа тилдан олинган бўлади. Бошқа бир инобатли луғатда бу сўз “юнонча” деб кўрсатилган (Фарҳанги забони тоҷикӣ. Иборат азду ҷилд. Ҷ. 2. Москва, Советская энциклопедия, 1969. Саҳ. 684).

 

Фаридуддин Аттор достонининг 17-мақоласида ўқиймиз: “Қақнус – Ҳиндистонда учрайдиган бир қуш. Узун тумшуғи бор. Унда найдагидек тешиклар кўп. Ҳар тешикдан алоҳида садо чиқади. Минг йилча яшайди. Қачон ўлиши унга олдиндан аён бўлади. Умри поёнига етаётганини сезгач, бир жойга хас-хашак, чўп-ўтин йиғади. Кейин ўзи йиққан шу хирмон устига чиқиб, жонидан айрилаётгани қасдига шундай дард-фиғон чекадики, буни эшитган барча паррандаю дарранда атрофига йиғилади. Бу ноладан таъсирланиб, кўплари бу дунёдан воз кечиб юборади, бир қанчаси шу ердаёқ жон таслим қилади, айримлари беҳуш бўлиб йиқилади. Сўнг қақнус қанотларини силкитишга тушади. Шунда бирдан ўт чиқиб кетади. Бу олов хирмонга туташиб, катта гулханга айланади. Бу оташда қақнуснинг ўзи ҳам ёниб кетади. Хирмон чўғ, чўғ эса кул бўлиб қолади. Кул совиганидан кейин эса кутилмаганда унинг ичидан бир жўжа чиқиб келади. Қақнуснинг жуфти йўқ эди, насли йўқ эди, танҳо яшаб ўтган эди. Куйиб, кул бўлганидан кейин ўрнига қақнусбача пайдо бўлди.

 

Ҳудҳуд ушбу ҳикоятни сўзлар экан, насиҳатга ўтади: “Ажалдан ҳеч ким қочиб қутула олмайди. Бундан қутулишга ҳеч бир ҳийлаю тадбир кор қилмайди. Бу дунёда ҳеч ким ўлимдан мосуво эмас. Шунинг учун ҳаётда нон излаш керак. Бироқ нон излаш заҳмати жуда оғир” (Шайх Фаридуддин Аттор. Мантиқ ут-тайр (Қуш тили). Форсийдан Жамол Камол таржимаси. Тошкент, “Фан”, 2006. Бундан кейин шу нашрдан олинган матнлар саҳифаси қавсда бериб борилади).

 

Ушбу ҳикоят орқали муаллиф камида уч ғояни ифодалайди. Биринчиси: ўлим   – ҳақ, ундан ҳеч ким қочиб қутула олмайди, шунинг учун ундан қўрқмаслик керак. Иккинчиси: ўлимдан кейин қайта тирилиш бор (бу ғоя кулдан қақнусбача чиқиши орқали ифодаланган). Учинчиси: тирикликда нон излаш керак. Бу ерда нон рамзий маънога эга. Яъни: тириклик чоғи ўлимга тайёргарлик кўриш, охират учун захира йиғиш лозим. Қақнус ҳам умрини бекор ўтказмади – хас-хашак, чўп-ўтин йиғди. Хирмон куйди. Унда ўзи ҳам ёнди. Кул пайдо бўлди. Кулдан янги қақнус чиқди. Ҳаёт тўхтаб қолмади.

 

Достонда қақнус қиссаси – бир саволга жавобни ҳаётий мисол билан исботлаш учун келтирилган беш ҳикоятнинг бири, холос. Қолган тўрт ҳикоятда ўлим билан боғлиқ мушоҳада давом эттирилади. “Бир боланинг отаси тобути олдига тушиб йиғлагани” ҳикоятида дунёга келган ҳар инсон тириклигида ўз бошига ўзи тупроқ сочиши, чунки бу дунёдан киши, барибир, бўм-бўш қўл билан кетажаги; “Найчидан аҳвол сўрашгани” ҳикоятида бир умр най пуфлаб ўтгани билан у ҳам еростига кириши, бу дунёни ҳамма – кўкка ўқ отган мерган ҳам, жаҳонни қўлида тутган шоҳ ҳам тарк этиши, гўр аввалги манзил экани; “Исонинг ариқдан сув ичгани” ҳикоятида Исо алайҳиссаломнинг бир ариқдан тотли сув ичгани, кейин шу ариқдан бир киши кўзасини сувга тўлдириб, пайғамбар алайҳиссаломга тутгани, ичиб кўрса, кўзадаги сув тахир экани, ҳайрон қолиб турганида кўза тилга кириб: “Мен бир пайтлар одам эдим, кейин ўлим топдим, шунинг аччиғи ҳамон кетгани йўқ, мендан кўза ясашди, суви тахир бўлди” дегани, шунга кўра Ҳудҳуд қушга “Сен ўзингни йўқотибсан, жонинг чиқмасидан бурун ўзингни изла, топ, ўлганингдан кейин уни топа олмайсан”, деб насиҳат қилгани; “Буқрот ҳакимнинг айтганлари” ҳикоятида эса машҳур ҳаким ўлим тўшагида ётганида ундан шогирди қаерда дафн этишларини сўрагани, аллома “Мен узун умримда ўзимни топмадим. Ўтганимдан кейин сен уни топа олармидинг? Шунинг учун мени қаерда дафн этишингнинг ҳеч аҳамияти йўқ” дегани ҳақида сўз юритилиб, хулоса қилинади: “Бу ҳаётнинг ўзи – ранж, ўлим – яна бир ранж. Шу икки ранж орасида сен ўзингга ганж изла. Ганж эса – симурғ, бошқа ҳамма нарса – ранж. Шундай экан, умрни зое кетказмай, симурғни излаш керак”.

 

Навоий болалигидаёқ “Мантиқ ут-тайр”ни тўлиқ ёдлаб олган эди. Шунинг учун Аттор достонидаги қақнус тимсоли таъсирини “Лисон ут-тайр”дангина қидириш бир томонламалик бўлур эди. Бинобарин, “Фарҳод ва Ширин”да ҳам қақнус тимсолига дуч келамиз: достоннинг хамсанавис устозлар васфидаги 6-бобида шоир Деҳлавийни дастлаб “тўти” деб таърифлайди. Сўнг ружуъ санъати асосида (бу санъат шартига биноан, олдин бир фикр айтилиб, кейин инкор этилади ва пировардида ундан ҳам кучлироқ фикр келтирилади) ўз таърифидан икки марта “тониб”, аввалига уни булбулга қиёслайди, сал ўтмай бу фикридан ҳам қайтади: “Дема булбул, де они қақнуси зор, / Топиб лаҳнидин онинг қақнус озор (Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 20 томлик. 8-т. Тошкент, “Фан”, 1991. 28-бет). Навоий салафини мадҳ этиб дейдики, “агар қақнус юз нола чекиб, жонини куйдирса, Деҳлавий минг нола ўқи билан дилларни тикади, аммо сен уларни ўқ эмас, ҳар бирини чақмоқдек чақнаган оҳ деб билки, улар бир сакраганда (яъни чақнаганда) Ер остидаги балиқдан то осмондаги Ойгача етади, бу чақмоқдан чиққан ўт фақат ўзининг эмас, ҳатто оламнинг хирмонини ҳам куйдириб юборади!”

 

“Сабъаи сайёр” достонининг 14-бобида эса Дилором чалган мусиқа таъсирида худ-бехудона турфа-турфа овозлар чиқараётган шоҳ Баҳром қақнусга ўхшатилади. Шоир ёзадики, қақнус – беҳад хушовоз қуш ва унинг тумшуғидаги 360 тешикдан 360 хил овоз ва оҳанг чиқади; аслида мусиқа оҳанглари қақнус овозидан олинган... Ошиқ шоҳ ҳам қақнуснинг йўлини тутиб, ўз оҳанглари билан оламга ўт солгудек бўлар эди. Навоий Дилором ва Баҳромни дастлаб жўровоз куйлаётган товус ва қақнусга, сўнг яна ружуъ воситасида булбул ва қақнусга ўхшатади (Алишер Навоий. МАТ. 20 томлик. 10-т. Тошкент, “Фан”, 1992. 99-100-бетлар).

 

Навоийнинг ҳар икки достонидаги қақнусга оид тасвирларда “Мантиқ ут-тайр” таъсири сезилади.

 

Энди “Лисон ут-тайр”га қайтсак. Достонда Атторга жавоб қисми тугаб, лирик қаҳрамоннинг ўз дарди баёнига ўтиши учун бадиий ҳалқа вазифасини ўтаган 174-боб бор. Ҳикоя қилинишича, Ҳиндистонда қақнус деган бир ажойиб қуш бўлар эмиш. У бошқа қушларга ўхшамас, қушнинг ҳар пати бир бошқа рангда товланар экан. Тумшуғида жуда кўп тешиклар бўлиб, уларнинг ҳар биридан бўлак бир наво янграр, агар у куйлагудек бўлса, эшитганлар ҳушдан кетар экан. Қақнуснинг жуфти ҳам, фарзанди ҳам бўлмас, бу дунёдан яккаю ёлғиз яшаб ўтар экан. У дарахт тепасида сайраб ўтирганида Фисоғурс (Фисоғурс – милоддан аввалги 571497 йилларда яшаган машҳур юнон алломаси Пифагорнинг шарқона номи) ўтиб кетаётиб, тасодифан бу афсонавий қушни эшитиб қолибди ва қақнус навосидаги хилма-хил оҳангу садолардан мусиқа фанини яратган экан. Демак, “Фарҳанги забони тожикий”даги “қақнус” сўзининг юнонча эканига оид қайд ҳам бекорга эмас экан. Рус манбаларида “феникс” ёхуд “фойник” деб аталадиган бу қуш ҳақида Ғарб адабиётида бир-бирига ўхшаган-ўхшамаган кўп-кўп ривоят мавжуд. Уларнинг аксариятида бу қушнинг ватани Шарқ билан, аниқроғи, Арабистону Миср билан боғлаб кўрсатилади (Мифологический словарь. Москва, 1990. Стр. 556).

 

Ғарбона талқинларни қўя турайликда, юзни шарқона – навоиёна талқинлар сари бурайлик...

 

Қақнус ҳақида чала билимга эга бўлиш кўп хатоларга йўл очади. Бир мақолада Наврўз қақнусга ўхшатилади: “Наврўз... Афсонавий қақнус қушга ўхшатгинг келади уни. Мажусийлар куфр эълон қилиб, ўтга отдилар. Ёнмади” (Наврўзи олам бугун. Тошкент, 1989. 3-бет). Бу ерда қақнус ўтда ёнмайдиган қуш янглиғ тасаввур қилиняпти. Тарихий ва адабий манбаларда самандар деган афсонавий жонзотнинг ўтда ёнмаслиги баён этилади. Самандар аслида қуш эмас, калтакесакка ўхшаган бир ҳайвон. Қақнусни “ўтда ёнмайди” деб айтиш бу қуш ҳақидаги энг муҳим жиҳатни бузиб талқин этишдан бошқа нарса эмас. Ахир, қақнус айнан ана шу ўтда куйиб, кул бўлиши, ундан кейин кул ичидан унинг боласи чиқиб келиши билан машҳур-ку! Бу тимсол сўз санъатига, хусусан, тасаввуфий адабиётга худди шу жиҳати – ўтда ёниб, жисмини адо қилиши билан керак бўлган-ку!

 

Боя ҳикоя қилганимиздек, қақнус умри адосида неча йил заҳмат чекиб ҳўлу қуруқ йиққан хирмони устида шу қадар ҳазин оҳанглар ила нола тортиб куйлар эканки, уни эшитган жамики қушлару ҳайвонлар унинг атрофига тўпланиб келар, баъзилари ҳатто куй таъсирида жон ҳам таслим қилармиш.

 

Навоий Шайх Фаридуддин Атторни аввалги қақнусга ўхшатади: у ҳам қақнус каби наво чекди, унинг мунгли навосидан қанча даррандаю парранда ўша хирмону унинг эгаси каби кул бўлди. Энди навбат кулдан чиққан қақнусбачага келди. Бу қақнусбача – Фоний, яъни Навоийнинг ўзи! У ҳам кулдан ўтда куймас жонзот – самандардек чиқиб, аввалги қушдек умр бўйи бисот жамлади, ҳаёти поёнида тумшуғидан юз хил наво чиқариб, Яратганнинг яширин сирларидан куйлади, бу куйидан ўзига ҳам, хирмонига ҳам, ҳатто бошқаларга ҳам ўт қўйди.

 

Фонийнинг умр поёнида куйлаган, хирмони, ўзи ва бошқаларга ўт қўйган навоси – “Лисон ут-тайр” эди! Шоир ўзини Фаридуддин Атторнинг ўғли дея таърифлайди. Аммо дарҳол ўз таърифидан гўё “ҳимояланади” ҳам. Чунки, ахир, Аттордек авлиёга ўзни тенг қўйиш қандоқ бўлади? Атторни шоҳи олийсифат, ўзини эса қул ҳисоблаш маъқулроқ эмасмикан: “Мен демонким, ул – атодур, мен – ўғул, Ул – шаҳи олийсифот, мен – банда, қул”. Бу – камтарона бир таъриф. Зеро, шоир бундан кейинги байтларда устозни яна бевосита “отам” деб атайди. “Чунки, дейди у, ҳеч ким барча оламга ўт солган Аттордан менчалик сўз топмади, мен қуш тилидан шуълалар чиқариб, ҳам ўзим кул бўлишни билиб олдим ва ҳам эл кул бўлишни (мендан) ўрганди”.

 

Аттор ва Навоий, қақнус ва қақнусбача, бақо ва фано!.. Қанчалар вобаста тушунчалар булар.

 

Қақнус – тасаввуф ақидаларига табиатан нақадар уйғун келган гўзал бир тимсол. Чунки унда ўзни ўрташ, жисмни куйдириб, ундан воз кечиш, руҳнинг ўлмаслиги, бақога етиш, адабий тириклик мақсадлари жо бўлган.

Бу ерда бошқа – бундан-да муҳимроқ бир масала ҳам бор. Албатта, “Аттор – қақнус, мен – қақнусбача” дейиш билан муаллиф, бир томондан, “Мантиқ ут-тайр” ва “Лисон ут-тайр” муносабатини ифодалаш учун мувофиқ ташбеҳ топган. Бироқ Фоний қўллаган бу мажоз фақат “Лисон ут-тайр”гагина тегишлимикан? Бу ташбеҳ соф адабий муҳокамалар доирасидан чиқиб, соф тасаввуфий масалалар гирдобида ҳам айланмаётирми? Очиқроғи, Фоний “менда Аттор руҳи қайта жилваланди” қабилидаги фикрни устакорлик, сухандонлик билан сиздирмаяптимикан? Шу аснода шоир ўзига нима учун “наво” сўзи билан боғлиқ тахаллус танлагани сабаби ҳам очилгандай бўлмайдими? Атторнинг руҳи умр бўйи Навоийни тарк этмаган, ҳатто тарбиялагандирки, у ҳаётининг охирида ўша болалигида ёдлаган китобига ўз тилида “таржума расми била” жавоб айтди.

 

Хўш, икки ярим аср илгари ўтиб кетган авлиё – Фаридуддин Атторнинг руҳи қандай қилиб келиб Алишерга тарбия бериши мумкин? Биз учун бу тамоман ғайритабиий бир тасаввур эмасми?

 

Тасаввуф авлиёлар руҳи тириклигини – ўлмаслигини тан олади. Инсон руҳини камол топтиришнинг умумбашарият жамияти тарихидаги энг олий даражаси бўлган тасаввуф таълимоти қатъий қоидасига кўра, солик, яъни сўфий бир пирнинг этагини тутиб, унга мурид тушиши шарт. Масалан, Навоийнинг ўзи расман мавлоно Абдураҳмон Жомийга мурид тушган. Аммо шундай ҳам бўладики, қай бир сўфийни илгари замонларда яшаб ўтган бошқа бир улуғ пирнинг руҳи келиб тарбиялайди. Бундай тарбият топганлар увайсий деб аталади (қ.: Олим С. Увайсий ҳам увайсиймиди? Ёки Баҳоуддиннинг пирлари ким? // Ўзбекистон адабиёти ва санъати, 1992, 13 ноябрь).

 

Демак, қақнус тимсоли тасвирида Фоний устоз Аттордан узоқлашиб кетмаган. Бироқ қақнусни Аттор бошқа маъно-мазмун, мақсад-муддао билан, Фоний тамоман бошқа маъно-мазмун, мақсад-муддао билан қаламга олган. У “Лисон ут-тайр”да катта бир тимсолга айланади, кенг талқин этилади. Шу тариқа мазкур тимсол икки достонни ўзаро чамбарчас боғлабгина қолмай, салаф ва халафни ҳам бир-бирига вобаста айлайди.

 

Навоий ижоди фақат форсий ёки туркий эмас, балки ўзигача бўлган кулли Шарқ, лоақал, XV асргача бўлган мусулмон халқлари сўз санъатининг ўзига хос синтези, ана шу бой мероснинг барча фазилатлари ўзлаштирилиб, эски ўзбек (чиғатой) тили имкониятлари замирида ривожлантирилган, жаҳон адабиёти учун ҳам чўққи даражасидаги феномен тарзида баҳоланиши керак. “Лисон ут-тайр”ни ич-ичига кириб таҳлил қила бошлаган ҳар қандай тадқиқотчи албатта шу хулосага келади.

 

Мурод ҲОШИМОВ

 

Tafakkur” журнали, 2019 йил 3-сон

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10344
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//