Сўнгги беш юз йилда тарих бизни камида икки маротаба ўта муҳим танлов қаршисига қўйди. XV асрда темурийлар давлати инқирозга юз тута бошлагач, уни сақлаб қолиш масаласи кун тартибига чиқди. Бу – оламгирлик қаҳрамонлик саналган замонда ғаним қаршисида заифланишга, қолоқлик ва хўрланишга, қулликка йўл бермасликнинг асосий шарти бўлган. Зотан, Темур бунёд этган шавкатли салтанат феодал анархия замонидаги энг илғор тузилма, Турк хоқонлиги давридан бошлаб ва ундан кейинги асрларда ижтимоий тафаккур пештоқида жилваланган орзунинг рўёби, порлоқ тажассуми эди.
Ўтган юз йилликнинг бошлари биз учун иккинчи ўта муҳим давр ҳисобланади. Дастурхонимизни ўша – беш аср олдин бой берилган имкониятнинг аччиқ мевалари тўлдириб, қолоқлик, хорлик ва қуллик таҳдиди зўрайди. Вазифа тағин-да мушкул: энди борини сақлаб қолмоқ эмас, янгисини қурмоқ лозим эди.
Қонуният шуки, тарихий вазифа ижрочиларини ҳар доим ҳаётнинг ўзи майдонга чиқаради. Чунончи, XV асрда Алишер Навоийнинг, юз йиллар олдин эса жадид маърифатпарварларининг умум манфаат йўлида олиб борган фаолияти ҳам тасодиф эмас, тарихий заруриятнинг воқеланиши бўлган. Мутафаккир шоир қаршисида парчаланаётган аянчли салтанат, шарафсиз туркий тил туради. Илдиз отган феодал қолоқликни тугатиш; ҳали на тарҳи, на амалга ошириш дастури аниқ бўлган мустақил давлат барпо этиш, халқининг юрар йўлини дунё тараққиётига уйғунлаштириш вазифаси эса жадидлар чекига тушган.
Тил ҳам сиёсат
Алишер Навоий номи бизнинг тафаккуримизда аввал-бошлаб тил, туркий тил тушунчалари билан ёндош туради. Бунда икки жиҳатни фарқлаш керакдек. Дастлабкиси шуки, шоир тилнинг фақат инсонгагина ато этилган “гуҳари шариф”, сўзнинг қудратли қурол эканини урғулайди. Таъсир кучига шубҳа қилмаганидан, мангуликка дахлдор юксак инсоний идеалларини ҳам бадиий сўз либосига ўраб тақдим этади.
Иккинчи тарафдан эса мутафаккир туркий тил мавқеини ўз ўрнига қайтариб қўйди. У даврда улкан ҳудуддаги кўп сонли аҳоли ўзаро туркийда сўзлашар, идоравий ва бадиий тил – форс-тожикча, илмий асарлар эса кўпроқ арабийда битилган. Навоий савқи табиий ила туркий тил имкониятларини кўрсатиш ва даражасини кўтариш заруриятини англарди, шу англамга кўра бадиий асарларида она тилининг қудратини амалда, “Муҳокаматул-луғатайн”да эса назарий жиҳатдан асослайди. Таъбир жоиз бўлса, Нуҳ пайғамбар замонидан буён, асосан оддий халқнинг кундалик мулоқоти орқали бўлса-да, яшаб келган тил ижтимоий ҳаётнинг юксак жабҳаларида қўллашга ҳам яроқли ва муносиб эканини исботлайди.
Тил муаммоси ХХ аср бошларида яна ўртага чиқиб, жадидлар ҳам худди Навоий сингари масалани аввало маънавий-маърифий сатҳда идрок этадилар. Яъни бошқа тил унсурларидан холи бўлган, ўз луғат бойлиги ва имкониятларига таянган соф миллий лисон учун курашга кирадилар. Бунинг ёрқин мисоли 1919 йилда ташкил топган “Чиғатой гурунги”дир. Бинобарин, Навоий зиммасига туркий тилнинг бутун бойлиги, гўзаллиги, қудратини намойиш қилиш вазифаси тушган бўлса, жадид маърифатпарварлари уни ибтидоий софлигида кўрмоқ, ўз имкониятлари негизида тараққий эттирмоқни кўзлайдилар. Улар, Навоийдан фарқли равишда, тилимизга чуқур ўрнашган арабий-форсий калималарни истеъмолдан бутунлай ўчиб кетган эски туркий сўзлар билан алмаштириб, ажнабий ифода усулларини ўзгартириш ташаббуси билан чиқадилар. Рус тили “босқин”ига қаттиқ қаршилик кўрсатиб, янги тушунчаларнинг ўзбекча муқобилини топишга интиладилар. Шева – адабий тил мухолифати ҳам илк бора ХХ аср бошларида фарқланиб, адабий тилни шакллантиришга қўл урилади.
Таъкидлаш жоизки, биз бугун шоир-ёзувчи санайдиган жадидларнинг аксари аввало сиёсий-ижтимоий ғоялар ила майдонга чиққан; бадиий адабиётни эса ана шу кураш йўлида қурол деб билган. Улар яратган асарларнинг бадиий савияси адабиётшунослар томонидан кўпинча юқори баҳоланмай, бу ҳол бош мақсад бадиий ижодгина бўлмагани билан изоҳланади. Сираси, маданият, маориф, матбаа, санъат, бадиий адабиёт сингари тилга ҳам миллиятчилик, тарихий ўзлик, мустақиллик кўзгусидан қаралган. Чунончи, “Чиғатой гурунги” аъзоси бўлган ёш Боту шундай ёзади: “Фитрат суҳбат пайтида ҳар доим ўзбек миллий маданиятини барпо этиш, аниқроғи, тирилтириш ва мустақил ўзбек миллатини яратиш масаласини кўтариб чиқарди... У дерди: аввал – маданият, кейин – мустақиллик...”
Тил бобида жадид маърифатпарварлари замон тақозоси билан Навоийдан бир қадам олға кетдилар. ХХ аср аввали дунё мамлакатлари ўртасидаги ижтимоий-сиёсий, маданий, хусусан, иқтисодий муносабатлар кучая бошлаган, тараққиёт йўлига тушиб олиш ҳамма соҳаларда тиғиз алоқаларни талаб қилаётган давр бўлган. Замон руҳини теран англаган жадид зиёлилари ҳали-ҳамон бўз тўқиш-урчуқ йигириш билан машғул миллатдошларини хорижий тилларни ўрганиш, жаҳондаги илғор илму фан, саноат ютуқларини ўзлаштиришга чақиради. Аввалига Аваз Ўтар “Ҳар тилни билув эмди бани одама жондур” деб ёзади. 1913 йилда эса Маҳмудхўжа Беҳбудий ўша машҳур “Икки эмас, тўрт тил лозим!” шиори билан чиқади. Ўзи тўрт фарзандини араб, рус, турк ва форс тилларини мукаммал биладиган даражада тарбиялаб вояга етказади. Исҳоқхон Ибрат рус, инглиз, француз, араб, форс, ҳинд-урду каби ўнга яқин тилларни, энг қадимий финикия, яҳудий, сурия, юнон ёзувларини ўрганади; олти тилли (араб, форс, ҳинд, турк, ўзбек ва рус) “Луғати ситта ал-сина”ни тузади. Давр тақозоси билан жадид боболаримизнинг аксари араб, форс, усмонли турк, татар, озарбойжон, русчада бемалол мулоқот қила олган. Ўшанда ҳам худди ҳозирги сингари тил билиш дунё тараққиётига уйғунлашувнинг асосий шартларидан бири саналган.
Олам бутунлигининг бир қаноти
Жамиятда эркакка муносабат, унинг ўрни ҳамиша аниқ. Аёлники-чи? Одам боласи дунё ҳаёти эркак ва аёл бир бутунлигида барқарорлигини англаб, гўзал қавм вакилаларига инсондек муносабатда бўлгунига қадар нималар рўй бермади? Қадим Юнонистондаги гетералар, туғилиши ҳамон кўмиб юборилган араб қизалоқлари, буюмдек олиб қочилган ёхуд ҳукмдорларга туҳфа қилинган маъсумалар, мағлубиятдан кейин ҳарам-ҳарам бўлиб ғаним қўлига ўтган маликалар, жодугар дея тириклай гулханга отилганлар... Шу хил жаҳолатлар мавжуд экан, аёлга муносабат масаласи ҳар қандай илғор тафаккур ё мафкуранинг ажралмас таркибий қисми бўлиб келган.
Алишер Навоий аёлни севимли маъшуқа, она, яратувчи шахс ва дўсту анис санайди. Ўрта асрлар ожиза деб қараган жинс вакилаларини жамиятнинг муҳим бўғини деб билган шоир “Маҳбуб ул-қулуб”да алоҳида фаслни уларга бағишлаган (“Кадхудолиғ сифати ва хотунлар зикрида”). У хотинлар эркак кишининг ижтимоий фаоллиги, давлат ва жамият олдидаги хизматига таъсир қилади дейди: “Мувофиқ тушса кадбону, давлат ва жамиятга бўлмоқдурур ҳамзону”. Агарда оқила бўлса, турмуш ободлиги ундан; ҳаётдан жафо етганда – дўсту ҳамдам, тақдирдан балолар юзланганда – ғамдошу ҳамнишин; улар фаришталарга яқин турадилар, бундай аёлга йўлдош, турмушдош бўлиш – саодат, тақдирнинг мубораклиги нишонасидир. Навоий аёл сиймосида энг қадрлаган сифат бу – ҳаё, иффат, вафо ва покликдир. Шоирга кўра, “Юз туман нопок эрдин яхшироқ / Пок хотунлар аёғининг изи”! “Маҳбуб ул-қулуб”да эса шундай дуо бор: “...исмат ҳулласидин юзларида бурқаъ, бу бурқаъни ул юзидин ҳақ йироқ қилмасун...” (уларнинг юзларида маъсумликнинг ҳарир пардаси борким, Ҳақ бу пардани уларнинг юзларидан асло кўтармасин). Поклик шунинг учун ҳам муҳимки, фақат шундай аёллардангина солиҳ ва юксак фазилатли фарзандлар дунёга келади: “Покдомон зуафодин неки зоянда бўлур, Руҳпарвардур, жонбахш зиҳи хилқати пок”.
Алишер Навоий аёлни она сифатида беҳад улуғлайди, уни “розиқи марсум”, яъни “қонуний ризқ берувчи” дейди. Ота ва онани фарзанд ҳаётини зиёга тўлдиргувчи ой билан қуёшга ўхшатган шоир аёлнинг ўрнини эркакдан ҳеч кам кўрмайди. Унинг насиҳатномаларида “отангга бошингни фидо қилсанг, онангга жисмингни садақа айла” қабилидаги гўзал ўгитлар бор. Олам подшоси бўлган маҳобатли Искандар ғуссалардан эзилганда, онасига шарҳи ҳол этиб, “дунёгирлик васвасасида ёнгандан кўра, бутун умр сенинг хизматингни қилиб ўтсам бўлмасмиди, сенинг даргоҳинг тупроғи бўлмаклик – шоҳликдан юксакроқ мартаба эмасми?” қабилида афсуснома битади.
Лекин қизиқки, ўша даврнинг бу қавмга ўзига хос муносабати Навоий даражасидаги шахсни ҳам четлаб ўтмагандек. Аёлни шу қадар улуғлаган, ҳукмдорлик мартабасидаги Меҳинбону каби тимсолни яратган Навоийнинг “Сабъаи сайёр”ида шундай лавҳа бор: тушида кўрган гўзални ахтариб йўлга тушган шаҳзода Фаррухни Ахий исмли сўфий хор, беҳуш ҳолда топиб олади. Уйига олиб келади. Маълум бўладики, йигит излаётган дилбар Ахийнинг иффатли хотини экан! Эр ва рафиқаси бир-бирларини Лайли-Мажнун қадар севар эдилар. Икки ўт орасида қолган хожа ўйлай-ўйлай, охири доду фарёдига қарамай аёлни талоқ қилиб, мусофир йигитга никоҳлаб беради...
Албатта, воқеалар яхшиликча якун топади. Қайсидир адабиётшунос бу лавҳада балки эътирозга сабаб бўладиган ҳеч нима кўрмас. Ахийнинг ҳаракатини футувват, жўмардлик, рамз каби тушунчалар билан изоҳлар. Лекин бизнинг идрокимиз буни асло қабул қилгиси келмас: фанний атамаларни дастак қилиб ғайриинсоний муносабатни маъқуллаш олимнинг ишими? На туйғулари, на хоҳиш-истагини назар-писанд қилмай, қонуний никоҳдаги севимли аёлини буюмдек туҳфа қилиб юбориш нимаси? Бунда бадиий шартлиликдан, тасаввуфдан кўра, ўрта асрлардаги тутум-таомилларнинг изи чуқурроқ, психоаналитик инъикос кучлироқ эмасми? Ахир, Навоийдек буюк тахайюл соҳиби, истаса, эътирозга мутлақо ўрин қолдирмайдиган бундан-да ўткирроқ сюжет ўйлаб топа олмасмиди? У балки ҳаётнинг бор ҳақиқатини ғояга хизмат қилдиргандир? Бундан ташқари, ҳар қандай улуғ одам ҳам ўз даврининг кишиси-да қабилидаги эътироф сохта идеал ясашдан маънилироқ эмасми? Наҳотки, ҳақиқат Навоий сиймосига соя солса?..
ХХ асрга келиб тасаввур, идеаллар бир қадар янгиланди. Жадид зиёлилари талабича, хотин киши албатта ўқимишли бўлиши лозим бўлган. Зеро, маърифат одамнинг оқилона ҳаёт кечирмоғи, атроф-муҳитни ўнгламоғи, ҳақ-ҳуқуқига эга чиқмоғи учун керак. Қодирийнинг талқинича, атрофидагиларнинг қарийб ҳаммаси Ўзбек ойимнинг жаҳолати туфайли бахтсизликка учрайди. Чўлпоннинг Зеби ва Қурвонбибиси ўз маърифатсизлигининг қурбони бўлади. Раъно отин ойининг қизи ва ўзи ҳам ўқимишли бўлгани учун хонга қарши чиқиш қадар жасоратли. Алҳосил, жадид адиблари маъшуқага мамлакат ва миллат тараққийси учун курашга бел боғлаган эрлар ила ҳаммаслак бўлиш талабини қўядилар. Сидқий-Хондайлиқий “Ёр дамсоз aгap бўлмаса сен бирла соз, Кетмаса ул нари, сан қочибон андин нари кет” деб ёзади. Сўфизода айтадики, мактаб бориб, камол касб этмаган гўзалнинг ўз жамолидан ғурурланиши асоссиз, илм-маърифат – мана аёлнинг ҳақиқий зийнати! Ҳатто “тарбиясиз хотунлар улуснинг ўлими учун йўл очарлар” (Фитрат, “Ҳинд ихтилолчилари”) дейишгача борилган.
Улар аёл сиймосида улуғ муаллимни кўрдилар. Ҳар қандай жамият учун “ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласи” (Абдулла Авлоний) бўлмиш тарбиянинг бошида эса миллат оналари туради, деб ҳисоблайдилар. Фитрат “Оила” асарида ёзадики, “Одам биринчи тарбияни онасининг бағрида олади. Шу нарса муқаррарки, биринчи тарбия (оила тарбияси) тарбиянинг энг муҳими ҳисобланади. Унинг табиати одам тарбиясига мустаҳкам ўрнашади”. У фарзандларимизни яхши хулқ эгалари, фидокор ва ғайратли қилиб тарбиялашимиз лозим, токи улар дин ва диндошларини ҳалокат ва харобалик жарлигидан қутқарсинлар, дейди. Бунинг учун эса “хотинларимиз ва қизларимиз – миллат оналари тарбия ва илм олишлари лозим, ахлоқ ва билимларини камолга етказишлари зарур”.
Ҳа, жадидлар дастурида оила, маърифатли она ва у тарбиялаган фарзандга улкан ижтимоий ўзгаришларнинг ибтидоси, тараққиётнинг ҳал қилувчи кучи сифатида қаралади. Айни чоқда аёлнинг фаолияти оилада тарбиячилик ва эркакка кўмакдошлик билан чекланиши тўғри эмас. Ҳаётнинг турли соҳаларида фаолият юритишга унинг кучи ҳам, ақли ҳам етади; бу фақат унинг ўзига эмас, жамият учун ҳам керак. Шунинг учун ҳам Ҳамзанинг Марямхони (“Заҳарли ҳаёт”) қизлар мактаби очиб дарс беришни орзу қилади. Фитратнинг Дилнавози (“Ҳинд ихтилолчилари”) севгилиси билан бир сафда туриб инглиз мустамлакасига қарши курашади. Демак, бугун урфга кирган жозибадор гендер тенглиги талаби бизда жадид боболаримиз давридан куртак отган десак янглишмаймиз.
Комил инсон, маърифатли халқ
Умум бахтли яшайдиган жамият барпо этишда ҳал қилувчи омил – инсон. Бу нуқтаи назар Алишер Навоийнинг комил инсон, жадидларнинг маърифатли халқ концепциясида тажассум топган.
Навоийнинг комил инсони ҳақида жуда кўп ва хўб ёзилди. Агар ўша битикларни бир жойга тўпласак шундай манзарани кўрамиз: комил инсон олижаноб фазилатларни жамлаган, ўзи билан бирга ўзгаларни ҳам ўйлайдиган фидойи, жасоратли курашчи, дунёвий ва диний илмларни эгаллаган шахсдир.
Бизнингча, Навоийнинг комил инсонга оид дастурида икки муҳим жиҳат бор. Биринчиси шуки, шоир комиллик деганда одамни хароб қиладиган турфа иллатларни билиш ва улардан сақлана олишни назарда тутган. Ўрта аср мутафаккирининг нуқтаи назари бугунги кунгача айни шу жиҳати билан ҳам аҳамиятли. Чунки бизда шундай тасаввур борки, ношойиста иллатлар ҳаётимизга гўё ташқаридан кириб келмоқда. Тўғри, глобаллашув шароитида онгни заҳарлайдиган ахборот, нораво мафкуралар, ёвузликнинг манфур чақириғи, қонун тусидаги ғайриинсоний талаблар, қуюшқондан чиққан даъволар одамни, Ер куррасининг қайси нуқтасида бўлмасин, топиб келади. Аммо минг таассуфки, инсон фикратини, фитратини бузадиган турфа қусурлар ўзимизнинг кечмишимизда ҳам, бугунимизда ҳам етарлича топилади. Умуман, “фарзандларимиз ўша нарсаларни эшитмаса-билмаса, ҳаммаси яхши бўлади” қабилида фикрлаш анойиликдир. Инсонни ҳеч қачон ғофиллик қутқармайди.
Навоиёна концепциянинг кейинги муҳим нуқтаси шуки, унда ҳар биримизнинг ичимизда истисносиз мавжуд бўлган эзгулик ва ёвузлик уруғидан қай бирининг униб-ўсиши учун курашамиз, қай бирига йўл бермаймиз; фақат ўз камолотимиз билан чекланамизми ва ё ундан жамиятни ҳам баҳраманд қиламизми – комиллик масаласи айни шу тарзда қўйилган.
Айни чоқда комилликка эришиш Навоийда умумдавлат, умумжамият эмас, шахсий масала каби кўринади. Унинг қаҳрамонлари кўп ҳолларда оиладагилар ташаббуси билан тарбия топади.
Шоир “Маҳбуб ул-қулуб”да жамиятдаги барча тоифаларни тавсифлаган. “Сайлдин томға нишаст ўлғанидек...” каби мисралар шундан далолат берадики, ўзи ёмғирдан уйининг томига шикаст етадиган табақа вакили бўлмаса-да, шоир халқнинг оғир ҳаётидан бохабар бўлган. У халқ, эл каби сўзларни бот-бот тилга олади. “Одами эрсанг демагил одами, Оники йўқ халқ ғамидин ғами”, “Нафъинг агар халққа бешакдурур...” деб ёзади-ю, бироқ асарларида оддий халқ вакили тимсоли деярли учрамайди; халқ образи Навоийда кўпроқ яхлит, умумий манзарада; анча кучсизроқ, шарпанамо кўринади. У ўрта аср мутафаккири сифатида ижтимоий иқлимда об-ҳавони ҳукмдор ва унинг атрофидагилар белгилайди, тарих ғилдираги ўшалар туфайли юради деб ҳисоблаган. Мамлакатнинг тараққий ё таназзули, даража ва мақомини юрт бошида турганларнинггина иродасига боғлаган. Шоирнинг ёзганларида золим ва одил ҳукмдор мавзуи марказий ўрин тутиши, қаҳрамонларининг кўпи шоҳу шаҳзодалар, сарой аҳли, давлат аркони экани шундан. Мутафаккирнинг танқиду танбеҳи ҳам, насиҳат ва даъвати ҳам асосан ўшаларга қаратилган.
ХХ аср бошларига келиб тарихий вазият ўзгаради. Давлатчиликнинг монархия шакли эскириб, мустамлака сиёсатига қарши миллий озодлик ҳаракатлари кучаяди. Дунё янгиланаётган, инсон ҳақ-ҳуқуқини таниётган, йўқсиллар оммаси ўзи билан ҳисоблашиш лозим бўлган куч эканини кўрсатаётган бир паллада Алишер Навоий издошлари ҳам бутунлай янги нуқтаи назарни ўртага ташлайдилар:
Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир,
Халқ исёндир, халқ оловдир, халқ ўчдир.
Халқ қўзғалса, куч йўқдирким тўхтатсин,
Қувват йўқким, халқ истагин йўқ этсин.
Ҳа, жадид зиёлилари халқни тарихнинг ҳал қилувчи кучи деб биладилар. 1921 йилда Абдулҳамид Чўлпон томонидан битилган бу мисралар жадидона умумтасаввурни тўла-тўкис ифода этган. Халқ сифатида фитратимизга ўрнашган камчиликлар, урф-одатлар, хато ва адашувларимиз уларни қайғуга солиб, қолоқлик ва қуллик сабабини ҳам шундан ахтарадилар. Элнинг тўйпарастлигидан тортиб уламонинг жоҳиллигигача, бойларнинг ҳамиятсизлигидан тортиб амалдорларнинг ноинсофлигигача – барчаси беаёв танқид қилинади. Улар ижтимоий тафаккурда анча илгарилаб кетдилар. “Ҳинд сайёҳининг қиссаси”да Фитрат “Мансабдор ҳокимнинг халқ олдидаги вазифаси нимадан иборат, халқнинг ҳокимга нисбатан ҳуқуқининг даражаси қанчалик?” деган саволни ўртага қўяди. Бундан ҳокимият эгалари ва халқ яхлит бирбутунликнинг бир-бирисиз мавжуд бўла олмайдиган икки томонидир деган фикрни илғаш мумкин.
Омма шунчаки тўда бўлиб қолмай, енгилмас ва қудратли кучга айланиши учун эса онг ўзгариши лозим эди. Фитрат “Роҳбари нажот” асарида “жаҳон халқлари орасида мусулмон оламининг фарсах-фарсах орқада қолганлиги” ва биз туркистонликларнинг “бошқа исломий жамиятларга нисбатан дунёи жаҳон паришонликка тушиб, йўлимиздан адашганимиз” сабабларини ахтаради. На замона кишилари, на китоблардан кўнгил тўлгудек жавоб ола билмагач, сўнг Қуръони каримга юзланиб, ўзини тўлиқ қониқтирган жумлаларга дуч келади: “Албатта, неъмат берилган қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Оллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас”. Ҳа, Фитрат ўртага ташлаган “Мия ўзгармагунча, бошқа ўзгаришлар негиз тутмас” деган шиорнинг замирида ана шу илоҳий кўрсатма ётади. Зотан, ҳар қандай ташқи ўзгаришнинг мабдаи, бошланғичи инсоннинг ўзидадир.
Бутун бир халқнинг ҳаётини, жамиятни кескин ўзгаришлар томон буриб юбориш ҳазилакам иш эмас. Хўш, нимадан бошлаш керак? Жадидлар аввал-бошлаб аҳлларга қолоқлиги, хору ҳақирлиги сабабини англатиш, хато-камчилигини кўрсатиш, кейин-кейин ривожланган халқлар ҳаёти билан таништириш, замонавий тараққиётга рағбат ва ҳавас уйғотиш, диний ва дунёвий илмларни ўқитиб-тарбиялаш лозим деган тўхтамга келади. Айни чоқда бу илғор ғоя тарихда кўп кузатилганидек ҳаётга татбиқ этилмай, хаёллигича қолиб кетмаган. Улар ўз ҳисобидан мактаблар очиб, дарсликлар яратиб, ўқиш-ўқитиш тизимини янгилаб, театрни йўлга қўяди. Бу – мақсад йўлидаги илк қадамлар бўлган. Воқеан, маърифат билангина иш битмас. Мутафаккир боболаримиз илгарироқ бориб англайдиларки, бутунлай янгиланиш учун ҳаракат, куч, бирлик, кураш ҳам зарур. Шу боис улар “Ҳақ олинур, берилмас” шиорини ўртага ташлаб, халқни ҳаракат ва курашга чорлайди.
Абдулла Қодирий истибдод чангалида қолишимизни “иттифоқнинг не эканини билмаган, ёлғиз ўз манфаати шахсияси йўлида бир-бирини еб-ичкан мансабпараст, дунёпараст ва шуҳратпараст муттаҳамлар”дан кўради. Мирзо Анварнинг оға-инилари ёрдамида муқаррар қатлдан қутулиб кетиши воқеасида миқёсан кичикроқ бўлса-да, бирликнинг кучини кўрсатади. Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон мухторияти тор-мор этилишидан атиги бирор ойча олдин бонг урадики, “Биз ҳаммамиз, яъни қирғиз, қозоқ, ўзбек, туркман, араб, форс, хуллас, Қозоғистондаги ва Туркманистондаги барча мусулмонлар ва ҳам мундаги яҳудий ва христианлар бирлашиб, иттифоқ ила шу мухториятнинг амалға келишиға саъй ва эҳтимом этмоғимиз лозимдур”. Демак, Беҳбудийга кўра, мақсад йўлида миллат ва дин айирмачилигини ҳам четга сурса бўлар, “ҳамма ҳам инсон-ку, Худонинг яратган бандаси-ку” деб қараса бўлар. Дарвоқе, “мусулмон бўлмаган қўшнида ҳам қўшничилик ҳақи бор”, деб таълим берган дин вакили бошқача гап айтиши мумкинмиди?..
Фитратнинг қаҳрамони Лолаҳардиёл (“Ҳинд ихтилолчилари”) юртидаги аҳволдан изтиробга тушади: “Бу кун бу ўлкада қўйдан ортиқ одам кесиладир... Масжидда намоз учун йиғилғанлар “сиёсий йиғин” ясаған бўлиб, тўпға боғланар. Эр билан хотун ўзаро кўбрак гапурганда ҳукуматга қаршу бўлуб дорга осилалар...” Нима қилмоқ керак? Албатта, ҳаракат ва кураш йўлига кирмоқ лозим. “Ишга киришингиз, тебранингиз. Тебранмас экансиз, ўлимингизни кутингиз” дейди у ёш ихтилолчи дўстларига қарата. Адиб айтадики, мағлубларнинг, хўрлик тортаётганларнинг “энг буюк ёзуғлари кучсизликдир”.
Жадидлар алалоқибат англаб етдиларки, давлат ҳокимияти, бошқарувни қўлга олмай туриб жиддий натижага эришмоқ душвор экан.
Ниҳоят, мавзунинг муҳим нуқтасига ҳам етиб келдик. Икки ўхшаш тарихий давр даҳолари идеалидаги давлат тузилмаси қандай бўлган?
Миллий лайлатулқадримиз
Қадим Юнонистон ва Римдаги ибтидоий демократия унутилган, замонавийси эса ҳали анча олис бўлган тарихда яшаган Алишер Навоий, табиийки, монархиядан бошқа хил давлат тузумини тасаввур қилолмасди. Унингча, мамлакат иқлимини тўлалигича якка ҳукмдорнинг шахсияти ва иродаси белгилайди. “Маҳбуб ул-қулуб”да шоир подшоҳни дарёга, унинг қавму хайли, яъни қўл остидагиларни дарёдан сув оладиган анҳорларга ўхшатади. Башарти, дарёда қандай сув оқса, анҳору ариқларда ҳам ўша сув оқади. Зотан, “Ул аччиғ – бу аччиғ; ул чучук – бу чучук; ул тийра – бу тийра; ул сузук – бу сузук”. Асарнинг одил ва золим султонлар зикри билан бошланиши ҳам шундан далолат. Албатта, Навоий орзусидаги салтанатда адолат мезонлари пойдор, зулмга ўрин йўқ, раият фароғатда яшайди. Унинг бу борадаги дастури мазмуни асарларида батафсил баён қилинган. Қуйидаги рубоийда эса Навоий орзусидаги идеал салтанатнинг асосий белгилари гўё код-тезис шаклида тиғиз ифода этилади:
То ҳирсу ҳавас хирмани барбод ўлмас,
То нафсу ҳаво қасри барафтод ўлмас.
То зулму ситам жониға бедод ўлмас,
Эл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас.
Азиз муштарийларимиз академик Абдулла Аъзамнинг “Буюк армон” (“Тафаккур” журнали, 2020 йил 1-сон) мақоласидан ҳам бу ҳақда муфассал маълумот олишлари мумкин. Олим давлат тутумига оид шоир баён этган принципларни бирма-бир санаб, уларни “Навоий кодекси” деб атайди...
ХХ аср бошларида Туркистон халқлари асрлар давомида қуюқлаша келган таназзул ва ғафлат ичида яшар эди. Жадидлар бу ҳол даққи тартиботлар ва колониал зулмнинг асорати эканини тўғри англаб етдилар. Ғарб у тартиботлардан аллақачон воз кечган, мустамлака ўлкаларда миллий уйғониш кураши бошланиб, инсониятнинг янги тарихи палласи – замонавий давлат тузиш фурсати келган вақтлар. Мадраса таълимини кўрган, ҳам дунёвий илму фандан хабардор, аксарияти хорижда ўқиб келган, тараққиёт йўналишини теран англаган зиёли ўлароқ жадидлар ҳам халқнинг ўзи идора этадиган давлат тузилмасини орзу қилади.
Идеал жамият тушунчаси тарих учун янгилик эмас. У одамзоднинг ширин хаёлотида гоҳ фозил шаҳар, гоҳ утопия ороли, гоҳ коммунизм сувратида яшаб келган. Лекин ҳеч қачон тўла-тўкис реалликка айланмаган. Баъзан хаёлдан кечадики, жадидлар ҳам рўёби қарийб мумкин бўлмаган давлатни орзу қилдилар. Бу тузилманинг маънавий асоси – ислом қадриятларига, тарҳи ва тутуми – замонавий демократик тамойилларга асосланмоғи лозим эди. Шарқ ва Ғарбни ўзида ажойиб тарзда уйғунлаштирган донишманд боболаримиз оёқни ислом заминига мустаҳкам тираб, қўлни баралла чўзиб, замонавий тараққиёт, дунёвий илму фан ҳалқасини маҳкам тутмоқ тилайдилар. Агар жадидлар орзусига эришганида, жаннатмонанд бир маскан барпо бўлармиди? Афсуски, бундай давлат қурмоқ бахти ҳозиргача бирон бир халққа насиб этмади...
Албатта, маърифатпарвар боболар муваққат Туркистон мухториятини барпо этишга муваффақ бўладилар. Мухторият ўз бағрида турли элат ва дин вакилларини бирлаштирган, бошқарувида бутун халқ иштирок этадиган замонавий мустақил давлат бўлган. Қуйидаги тарихий фактнинг ўзиёқ унинг соф демократик принциплар асосида тузилганини тасдиқлайди: “Миллат мажлиси 54 нафар аъзодан иборат бўлиб, қурултой қарорига биноан “36 нафар мусулмонлар ва 18 нафар ғайри мусулмонлардан сайланадур. 36 мусулмон вакиллари Туркистоннинг 5 вилоятидан бўлиб: Фарғона – 10 нафар, Самарқанд – 5 нафар, Сирдарё – 9 нафар, Еттисув – 6 нафар, Закаспий – 2 нафар;
4 нафар эса бутун Туркистон шаҳар думалари тарафидан тайин бўлурлар”. 18 нафар ўрин эса ўлканинг европалик ташкилот ва фуқароларига, жумладан, темирйўлчилар иттифоқи, ишчи ва солдат депутатлари совети, социал-демократлар, дашноқцутюн, ерлик жуҳудлар, яҳудийлар, эсерлар, украинлар, поляклар вакиллари ва бошқаларга берилиши кўзда тутилган эди” (Шамсуддинов Р. Туркистон мухторияти ва унинг тақдири / http://e-tarix.uz).
Туркистон халқининг оддий вакилларидан тортиб пешқадам зиёлиларигача – ҳамма-ҳамма Мухториятни шоду хуррамлик билан кутиб олади. У сиёсий лаҳжада айтганда – чинакам Халқ республикаси, асрий истибдод ва босқинлар туғдирган орзулар тили билан айтганда – Миллий лайлатулқадримиз (Фитрат) бўлган. Чархнинг кажрафторлигини кўрингки, ҳокимиятни зўравонлик билан тортиб олган большевиклар томонидан Тошкентда тузилган Туркистон ХКС миллий ҳукуматни қонундан ташқари деб эълон қиларак, унинг аъзоларини қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқаради...
Мухториятнинг мазмун-моҳияти маълум, фаолият кундалигини кунма-кун биламиз. Аёнки, тарихий вазият тақозосига кўра, мағлубиятга бир эмас, бир неча омиллар сабаб бўлган. Шу омиллардан бири жадидчилар ва қадимчилар ўртасидаги ихтилоф экани ҳам сир эмас. Жадид боболаримиз катта мақсадга турли-туман овоз ва ҳаракатларни бирлаштириш, андак бағрикенглик, ўзгача нуқтаи назарга озгина тоқатлилик билан эришилишини кўп бор уқтирадилар-у, орзу реал воқеликка айланганда, у жонсўз чақириқлар унутилиб, ўзаро иттифоққа рахна тушади. Фитратимизда ерлашган ва асрлар бўйи мағлубиятларнинг негизи бўлиб келган бирлашолмаслик балоси, куя сингари билдирмай емирган иззатталаб феълимиз, руҳиятимизни синдириб ташлаган давомли истибдодлар, замоннинг алғов-далғови ўз кучини кўрсатиб, офтобнамо умид нишонаси бўлган Мухторият мустаҳкам оёқ босмай туриб заволга юз тутади. 1918 йилнинг 20 февраль санасида “Улуғ Туркистон” газетаси хабар берганидек, Қўқон ўликлар шаҳрига айланади...
Тарихнинг Темур давлати тузилишидан бошлаб 1507 йилгача давом этган саҳнаси 73 кунлик қисқа муддатда қайта такрорлангандек. Хаёл эди, ҳаётга айланди, бой берилди... Ўшанда ҳам Шайбонийхонга қарши биргаликда курашиш учун Мурғобда йиғилган мирзолар бир ёқадан бош чиқаролмай, қатъияту шижоат кўрсатолмаганидан мурод ҳосил бўлмаган, буюк салтанат қуёши ботган эди.
Алишер Навоий ҳам, жадидлар ҳам мафкурачи одамлар бўлган. Улар тарих зиммаларига юклаган вазифани бекаму кўст адо этиб – ғоявий-назарий дастурни ўртага қўя олдилар. Уни ҳаёт воқелигига айлантирмоқ учун зарур бўлган сиёсий куч, сиёсий ирода ҳам йўқ бўлмаган. Мавжуд давлат тузумини сақлаб қолиш учун ҳам, бирини бошқасига ўзгартириш учун ҳам қудратли мафкурани қудратли сиёсий куч билан бирлаштириш шарт эди... Бироқ имкон қўлида бўлган, чекига муҳим тарихий масъулият тушган шахслар кераклича тилак ва саъй кўшиш кўрсатмадилар. Аслида, бизнинг ёзганларимиз ҳам шунчаки бир мулоҳаза. Тарихнинг қоронғи пардалари ортидаги воқеалар қандай кечган – охиригача аниқлаш маҳол. Яна ким билади дейсиз, ҳокимият қўлида бўлса, одам боласи балки бошқача фикрлар?
Минг таассуфки, икки тарихий даврда ҳам орзу орзулигича, ғоя ғоялигича қолиб кетди. Ахтарса – сабаблар ҳам, сабабкорлар ҳам топилар, лекин мағлубиятларнинг сабабларини излашдан, топишдан муддао шунчаки, тарих китобларини ёзиш эмас, филҳақиқат, ўша хато қадамни қайта босмаслик эмасми?!
Нодира ОФОҚ
“Tafakkur” журнали, 2020 йил 3-сон
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ