Истеъдодсиз бола бўлмайди, балки ўз вақтида эътибор қаратилмагани боис қобилиятини юзага чиқаролмаган инсонлар учрайди, холос. Имлоси ҳаминқадар, муайян теорема ёки кимёвий унсурлар хоссаларини эслаб қололмайдиган, содда тенгламани ҳам ёлчитиб ечолмайдиган, чет тилини сўзлашув даражасида ҳам ўзлаштиролмайдиган, ўқувчилар тили билан айтганда, “иккичи” боланинг вақти келиб, ҳаётда ўз йўлини топиб, қайсидир касбда моҳир уста бўлиб етишгани – кўп учрайдиган ҳодиса.
Ота-оналар, устозлар ҳеч бир болага бефарқ бўлмасдан, қайси соҳага қизиқишини аниқлаб, шу ўзанга йўналтириши керак. Давлатимиз раҳбари 2021 йил 19 январда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида “Биз учинчи Ренесанс пойдеворини яратишда, аввало, унинг 5 та муҳим устуни ва ҳалқасини белгилаб олдик. Шу ҳалқанинг энг муҳим бўғини, ҳеч шубҳасиз, ижодкор зиёлиларимиз, хусусан, маънавият вакилларидир. Улар “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган миллий юксалишни амалга оширишда барчага, аввало, ёшларга ўрнак бўлишлари зарур”, деб таъкидлаган эди.
Бу синчков эътибор ва ҳассос эътироф замиридаги теран маъно орадан кўп ўтмай давлат даражасидаги халқона мақсадга кўчди: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5040-сонли қарорига кўра мактабларда ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозими жорий этилди. Бундан кўзланган асосий мақсад таълим муассасаларида маданий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ўқувчиларнинг ижодий иқтидорларини аниқлаб, рўёбга чиқариш ҳамда янада ривожлантиришга қаратилган.
Республика Маънавият ва маърифат маркази, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Журналистлар ижодий уюшмаси ҳамда Ёзувчилар уюшмасининг 2021 йил 20 апрелдаги “Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимини жорий этиш тўғрисида”ги қўшма қарорига асосан, ўша ойнинг ўзидан умумтаълим мактабларида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар (0,5 штат бирлиги) иш бошлади.
Бугунги кунда республика бўйича фаолият юритаётган 9729 нафар ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчининг 599 нафари (5,8 %) ёзувчилар, 911 нафари (9,3 %) шоирлар, 824 нафари (8,4 %) журналистлар, 1981 нафари (20,3 %) Ёзувчилар ва Журналистлар ижодий уюшмалари аъзоси бўлмаган ижодкорлар, 486 нафари (5 %) маданият ходимлари, 3105 (32 %) нафари эса она тили ва адабиёт ўқитувчилари ҳамда 1823 нафари (19 %) бошқа фан ўқитувчиларидан иборат.
Соҳа янги бўлгани сабабли фаолият йўналишлари бўйича амалий қўлланмага эҳтиёж сезилаётгани инобатга олиниб, муаммонинг ечими сифатида Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан Халқ таълими вазирлиги ва Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда ўтган йили 22-23 ноябрь кунлари ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар иштирокида амалий семинар-тренинг ўтказилди. Соҳанинг етук мутахассислари, малакали тренерлар, таниқли ёзувчи-шоирлар маҳорат дарслари ўтди, маъруза ва тақдимотлар ташкил этилди.
Машғулотларда тарғиботчилар фаолияти бўйича қўшма қарорда белгиланган лавозим вазифалари – ўқувчилар иқтидорини изчил ривожлантириш, ота‑оналари билан ҳамкорлик қилиш йўллари, оилада алоҳида қобилиятли болалар билан қандай ишлаш бўйича ўртага ташланган тавсия ва маслаҳатлар муҳокама этилди. Иштирокчилар томонидан муҳокамага ташланган таклиф ва мулоҳазалар талайгина. Уларни бирма-бир санаб, ўқувчининг вақтини олмаслик мақсадида барини умумлаштириб муносабат билдириб ўтишни жоиз топдик.
Хусусан, қўшма қарорда тарғиботчининг ҳафталик иш соати 20 соат деб белгилангани, ижодкорларнинг асосий иш жойи борлиги сабабли, бунга улгура олмасдан фаолиятини тўхтатиш ҳолатлари кузатилаётгани долзарб масала эди. Қисқача таҳлил қилсак, бугунги кунда бир ставка ўқитувчилик штат бирлиги юқори синфлар учун – 20, бошланғич синфлар учун 18 соатни ташкил қилади. Кўриниб турибдики, тарғиботчининг гарданига икки баравар юклама тушяпти. Қолаверса, бошқа ўқитувчилар муайян синфларга, яъни ўзи яхши билган ўқувчиларга дарс берса, тарғиботчи эса бутун мактаб бўйича ўқувчиларга мотивация бериши керак.
Катта мактабларда ўқувчилар сони 2 мингдан зиёд эканини инобатга олсак, масаланинг қанчалик мураккаблиги ўз-ўзидан ойдинлашади. Гап ҳар бир боланинг иқтидорини вақтида пайқаш ва рўёбга чиқаришга кўмаклашиш учун унга керакли йўл-йўриқ – мотивация бериш ҳақида борар экан, тарғиботчи ҳар бир синфга кириб, ҳар бир боланинг сирдоши бўлиб ижодий суҳбат ўтказиши, пировардида иқтидорига қараб тўгаракларга жалб этиши кутилган натижани бериши мумкин.
“Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимини жорий этиш тўғрисида”ги қўшма қарор қабул қилинганига бир йил бўляпти. Агар бу йўналиш – тубдан янгича таълим тизими ва узоқ муддатли режа эканини инобатга олсак, ўтган муддатни тайёргарлик кўриш ва ишга киришиш даври сифатида баҳолаш мумкиндир.
Ўтган муддат бизга асосли фикрларни тўплаб, жўяли таклиф ва мулоҳазаларни умумлаштириб, бафуржа мулоҳаза юритишни тақозо этаётир. Нисбатан қисқа фурсатда Халқ таълими вазирлиги, Журналистлар ижодий уюшмаси ва Ёзувчилар уюшмасининг таклифлари, шунингдек, жойлардан билдирилган қимматли фикр-мулоҳазалар жамланиб, услубий қўлланма лойиҳаси тайёрланди ва жойларда семинарларда аппробациядан ўтказилди. Энди янада мукаммаллашган ҳолда чоп этилиб, тарғиботчиларга тарқатилади. Шунингдек, тарғиботчилар ўртасида ҳар йили “Йилнинг энг намунали ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси” танловини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
Айтиш жоизки, ушбу лавозим жорий этилгач, мактаблардаги ижодий-маънавий муҳит янада жонланди, иқтидорли ўқувчилар билан ишлашнинг аниқ механизмлари яратилди. Мамлакатимиздаги мактабларнинг барчасида “Ёш ижодкорлар” тўгараклари фаолият юритмоқда. Тўгарак қатнашчиларининг ижод намуналари маҳаллий ва марказий оммавий ахборот воситалари орқали ёритилмоқда. Ютуқлар ёмон эмас, аммо айрим танаффуслар (пандемия, таътиллар) билан кечаётган муддат “Ишлар зўр” дейишга изн бермайди.
Касаба уюшмалари уюштирган “Менинг Президентим” ижодий ишлар танловида айнан ана шу тўгарак аъзоларидан 5 нафари республика босқичида иштирок этишиб, ғолиблар сафидан ўрин эгаллашди.
Тарғиботчилар томонидан туман (шаҳар)даги умумий ўрта таълим муассасаларининг ўқувчилари орасида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар, адабий-бадиий кечалар, ижодий танловлар, мушоиралар, янги китоблар тақдимотлари, ўқув-семинарлари ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга хизмат қилиши табиий. Таҳлилларга кўра, биргина январь ойида тарғиботчилар ва уларнинг ўқувчиларининг фаолияти билан боғлиқ тадбирлар республика бўйича 30 дан зиёд теледастурларда ёритилган, 150 дан ортиқ мақола ва эсселар газета-журналларда чоп этилган. Янгича таълим йўналишидаги 250 дан кўпроқ илғор ташаббуслар янгилик сифатида ижтимоий тармоқларда ёритилган. Буларнинг барчаси ушбу йўналишда сезиларли жонланиш бўлганини тасдиқлайди.
Ҳар бир ҳудудда ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиларнинг телеграмм гуруҳлари (масалан, “Андижон тарғиботчилари”, “Хоразм тарғиботчилари” ва ҳоказо) очилиб, аъзолари сони бугунги кунда 8542 нафарни ташкил этаётир. Ушбу гуруҳларда кундалик янгиликлар, услубий кўрсатма ва тавсиялар, ўзаро тажриба алмашиш, фаолиятни ОАВда ёритиш каби йўналишларда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Мамлакатимиз миллий таълим тизимига киритилган мазкур ижодий-маънавий янгилик тез фурсатда ўз мевасини беришига ишонамиз. Соҳадаги бундан кейинги фаолият ҳамма-ҳаммасига: дастлабки муаммолар ечимларига ҳам, ташаббус ва таклифлар нечоғлик ўринли эканига ҳам, мавжуд ижтимоий-маънавий муҳит олдимизга яна қандай талабларни қўйишига ҳам ойдинлик киритади. Демак, мавзуга яна қайтамиз.
Сафар ОЛЛОЁР,
Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
3 Изоҳлар
Неъмат Душаев
12:01 / 01.01.1970
Давомини ёзаман. Гапим кўп!
Неъмат Душаев
12:01 / 01.01.1970
Мақолани қониқиш билан ўқиб чиқдим. Республика бўйича фаолият юритаётган 9729 нафар ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчининг 599 нафари (5,8 %) ёзувчилар, 911 нафари (9,3 %) шоирлар. Журналистлар ҳам у қадар кўп эмас. Президентнинг ПҚ-5040-сонли қарори эълон қилинганидан сўнг, ЎЗбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси бўлганим учун апрель ойининг бошидлаёқ тавсия бўйича ўзим ўқиган мактабимга бордим. Аммо мактаб раҳбарияти ҳали ҳеч гап йўқлиги учун, буйруқни май ойидан чиқарди. Ишни бошлаб юбордим. Аммо асосий иш жойимда постимни исганда ташлаб кетишнинг иложи йўқ эди. Шу боис, ҳафтанинг ўзимга қулай кунлари мактабда бўлишга, аммо шанба кунлари албатта кун бўйи бўлиб, ўқувчилар билан ишлаш, тўгарак машғулотлари ўтказишга келишиб олдик. Фаолиятимни бошлаб юбордим. Ўқитувчилар кўмагида иқтиджорли ўқувчилар рўйхати шакллантирилди, тўгарак ташкил этдик, тапниқли болалар шоирларини таклиф этиб икки марта учрашув ўтказдик, ушбу учрашувлар дагаини эшитиб, шаҳар мактабларидан вакиллар таўриф буюргани тадбирларга алоҳида жозиба бағишлади. Мактаб кутубхоначиси билан алоҳида иш олиб борилди. Мослаштирилган хонада жойлашга зиё маскани китоб фонлди ҳам мақтагулик эмас эди. Китоб акцияси ўтказилди, ўзим ҳам ўттиздан ортиқ турлои ктоблар, ""Ғунча", "Гулхан" ждурналлари ва "Тонг юлдузи" газетаси тахламларини совға қилдим. Иқтидорли ўқувчилар йўқ эмас, бор. Аммо назаримда уларнинг аксариятида қизиқиш, интилиш кўринмайди. Доимо дасрлар ва ўқитувчиси айтган қандайдир тадбирлар билан банд. Юкламалари ҳаддан ташқари кўплиги уларни шундай бепарво ҳолатга келтириб қўйган бўлса керак. Шундай бўлса-да, пандемия танаффусларидан аввал ҳафталик тўгаракларда қатнашиб туришди, Ижод намуналарини газеталарда чоп этишга кўмаклашдим, икки ўқувчимнинг телеграмдаги каналини очдик. Бироқ, ишимдан қониқаётганим йўқ. Тарғиботчилик мактабда мунтазам равишда бўлишни тақазо этар экан. Мен эса шанба кунларини айтмаса, мактабда кам кўринаман. Мактаб маъмуриятининг ҳеч қандай эътирози йўқ. Аммо ўзимга ноқулай бўлмоқда. Сабаби, "юқори" келаётган топшириқларнинг кўпчилигини бажариш, аллақандай ҳисобот учун қоғозлар тўлдириш "хўжакўрсин"га ишлаш одамни қийнайди. ҚВолаверса, мақолада тўғри таъкидланибди, ўтган бир йил тарғиботчилик фаолиятига тайёргарлик, ишга киришиш даври бўлди. Кўп нарсалар ҳали жойини топмаган. Услубий қўлланма ҳам йўқ.
Одина
12:01 / 01.01.1970
Юқорида жуда хам ажойиб ва мақсадга мувофиқ фикрлар билдирилган, хақиқатдан хам мактаблардаги тарғиботчилар фаолияти аста секинлик билан ривожланиб бормоқда, жумладан мактабларда янги иқтидор эгалари шаклланмоқда, турли йўналишларда тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди. Мен ўзим фаолият юритаётган таълим мактабида "Тарғиботчидан 30-китоб" лойихасини амалга оширдим. Ўз шахсий кутубхонамдан 30-дан ортиқ бадиий китобларни мактаб кутубхонасига тақдим этдим. Бундан ташқари мактабимиздаги ижодкор ўқувчилар учун. "Ижод сехри" номли тўгарак фаолият юритмоқда. Ижодкор ўқувчилар нинг шеърлари газета ва тўпламларда чоп этилмоқда. Маха лла кутубхонаси учун. "Хар оиладан 10-китоб," номли лоихани амалга ошириш кўзда тутилган. Ўйлайманки. И. М М тарғиботчилар фаолияти жамитятимиз учун.хали керакли натижаларни беради О. Валиева Наманган вилояти Поп туманидаги 8-умум таълим мактабининг Ижодий маданий масалалар тарғиботчиси.