“Дунёнинг энг бой, энг бахтсиз бир тили қайси тилдир? Биласизми? Туркча!” Абдурауф Фитратнинг машҳур “Тилимиз” мақоласи шундай бошланади. Ажабо! Энг бой ва лекин энг бахтсиз... Фитрат бу ғаройиб аксилмувозанатнинг сирини очиб ҳам берган. Унингча, ўша даврда “туркча” аталган бугунги ўзбек тилининг бой экани уч асосга кўрадир: луғат, сўз ясаш имкониятининг кўламдорлиги ҳамда лисоний қоидалар мукаммаллиги. Бахтсизлиги эса – бошқа тиллар, жумладан, араб-форс босими остида қолганидадир. Жадид бобомиз давом этиб ёзадики, форс тили ҳам неча замонлар “араб бўғуви”да бўлган, аммо бир силкиниш билан ўзини қутқарган. Бу силкиниш – оламшумул “Шоҳнома” муаллифининг майдонга чиқиши эди. Фитрат ўкинадики, туркчамиз бора-бора форсий тепкулари остида эзилмиш...
“Тилимиз”да ўқиймиз: “Эронда арабча ҳоким бўлған бирзамонда ёзилған “Шоҳнома”да арабча сўзлар йўқ даражада оздир... Лекин бизнинг бахтсиз туркчамиз бир Фирдавсийни етиштира олмамиш”. Фитрат қадим туркий сўзларни “тирилтириш”, ёзма ва оғзаки нутқдаги ажнабий сўзларни ўшалар билан алмаштириш, она тили имкониятлари асосида янгиларини ясаш ташаббускори бўлган. Маълум бўладики, Фитрат тил даража-мавқеини, истиқболини кўпроқ ўз имкониятларига таянган соф тил ва бадиий адабиёт билан боғлиқ ҳолда, маънавият сатҳларида кўради. Бу – жадид маърифатпарварларининг умумий нуқтаи назаридир. Бугунги зиёлиларимиз зеҳниятида ҳам шу хил қараш устундек.
Бизнинг чин Фирдавсийимиз бўлмиш Алишер Навоий жадидлардан беш аср илгари туркий тил ҳимоясига чиққан, унинг имкониятларини “Муҳокаматул-луғатайн”да назарий асослаб, бадиий асарлари билан амалда кўрсатиб берган. Шоири замонни она тилида ижод қилишга ҳам, икки тил муҳокамасига ҳам ундаган сабаб, шубҳасиз, туркийнинг ўз мавқеини бошқа лисонларга бериб қўйгани эди.
Тил қайғуси яқин ўтмишимиз – шўро даврида ҳам кун тартибидан тушмади. “Она тилим ўлмайди!” деган ҳайқириқ ишончдан кўпроқ хавотир ва умид ҳиссини ўзида жо этганди. Халқ руҳини, асрий қадриятлар бардавомлигини она тили тимсолида кўрган миллатпарвар зиёлиларнинг умумий дарди эди бу. Улар гоҳо некбинликнинг қирмизи пардаларини суриб, ҳақиқатнинг юзига тик қарадилар. Шундай чоқларда хом хаёлларга берилмасдан, аччиқ иқрор ила “Она тилим... сен йўқолган кунинг, шубҳасиз, Мен ҳам тўти бўлиб қоламан” дея ёздилар.
Бу йил ўзбек тили давлат тили мақомини олганига 30 йил тўлди. Лекин ҳамон она тилимиз мавқеи ва истиқболини ўйласак, хотиримизга битмаган очиқ яра суврати келади. Йўқса, шу кунларда имло дарди яна қўзғалармиди? Ҳукумат алоҳида қарор қабул қилармиди? Махсус-махсус анжуманлар ташкил этилармиди? Нега тилимиз ҳали-ҳануз “энг бой ва энг бахтсиз”? Жамиятимизда ҳаёт-мамот қадар долзарб масалалар оз эмас-ку. Унда яна нега тил, нега яна имло?
Тарих шаҳодатига ишонсак, туркий тил милоддан илгари ҳам мавжуд бўлган. Ривоятлар эса унинг ибтидосини “Одами соний” аталган Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғли Ёфас – Абуттурк номи билан боғлайди. Демак, бизнинг боботилимиз ёши инсониятнинг жаҳон тўфонидан кейин бошланган янги тарихи билан тенг. Кечмиш асрларда у табғач балосига дош берди, арабу форс ҳайбати қаршисида қойим тура олди, ўрис зуғумидан омон чиқди. Йўқолиб-йитиб кетмай, бизнинг забонимизда-да сандувоч каби сайраб турибди. Лекин хавотир негадир замонлар бўйи у билан ёнма-ён яшаб келди.
Ҳа, тарихдаги турфа балолар тилимизни буткул маҳв эта олмади. Қандай яхши! Бунинг сабаби не, деймиз ва яна Фитратдан ўқиймиз: “Негаким бойдир”. Фақат шугинами? Дунёдан бохабар бўлиш осонлашган бизнинг асрда бу жавоб бир оз қониқтирмайдигандек одамни. Чунки айрим фактлар тил бой бўлгани учунгина яшаб қолиши мумкинлигини шубҳа остига қўяди. Бир мисол: нуфуси 100 мингга етар-етмас эскимослар билан тил бойлиги борасида ҳатто жаҳоншумул инглизу французлар ҳам рақобатлаша олмас; камсонли бу элатда, дейлик, фақат қорни ифодалайдиган йигирмадан ортиқ сўз бор экан. Шу нодирлиги билан эскимос тили бугун йўқолиш хавфи остида турибди. Демак, бошқа сабаблар ҳам бор.
Асли, ибтидоси бўлган ҳар бир нарса-ҳодисанинг интиҳоси бор – ҳар не мавжудоту махлуқот шу қонуният ҳукмидадир. Одам, ҳайвонот, наботот туғилади ва ўлади; тоғлар емирилиб текисликка айланади; денгизлар қурийди. Инсоний туйғулар ҳам шундай. Куни келиб юлдузлар ва қуёш ҳам осмондан сидириб олинади... Бинобарин, тиллар ҳам туғилади ва ўлади. Тилшуносликдаги “ўлик тиллар” деган атама шундан далолат. Инсоният Ерда яшай бошлагандан бери қанча тил ўлиб кетган!
Хўш, тил барҳаётлигининг аниқ мезони, сабаблари борми? Олимлар фикрича, булар – энг аввал миллий мустақиллик ва давлат тили мақомидир. Дейлик, жаҳон харитасида Исроил давлати пайдо бўлиши билан ўлик тиллар сафига ўтиб кетган иврит тили қайта тирилди. Кузатувларга кўра, мустақил давлати бўлмаган халқларда (масалан, татар ва уйғурлар) тил ҳам, миллат ҳам йўқолиб кетиши эҳтимоли катта. Шукрки, бу тарафдан кўнглимиз тўқ.
Хўш, унда тил яшовчанлиги бошқа яна қайси омилга, дейлик, фойдаланувчилар сонига ҳам боғлиқми? Бир жиҳатдан, ҳа. Чунки тил аввало алоқа-аралашув, мулоқот воситасидир. Сўзловчилар сони қанча кўп бўлса, тилнинг яшаб қолиш эҳтимоли шунча ошади. Мутахассисларга кўра, келажакда хитой ва ҳинд тиллари энг кенг тарқалган тилларга айланади. Бу ўша халқлар нуфусига боғлиқ эмас, деб кўринг-чи! Ҳиндларнинг кўпчилиги ўқиш-ёзишни билмайди – бу маълумот оғзаки сўзлашув ҳам тилнинг яшаб қолиб, кенг тарқалишига сабаб бўла олишини кўрсатади. Шукрки, ўнта, юзта, мингта фойдаланувчиси бўлган тиллар дунёсида ўзбек тилида 50 милёнга яқин киши сўзлайди.
Яна бир аксилфакт: баъзан фойдаланувчиси кам бўлган тиллар қолиб, фойдаланувчиси кўп бўлган айримлари йўқолиб кетиш арафасида экан. Бунга нима дейсиз? Гап шундаки, ўша кўп сонли фойдаланувчилар асосан ёши катталар бўлиб, тил авлоддан авлодга ўтмас; ёшлар ўз ички қувватини тўла воқелантириш, шу орқали моддий-маънавий эҳтиёжларни қондиришга имкон берадиган тилларни ўрганишни маъқул кўрар экан. Бундан тил яшовчанлиги фойдаланувчиларнинг сонидан ташқари ёш тоифасига ҳам боғлиқ экани аён бўлмоқда. Бу жиҳатдан-да нолийдиган жойимиз йўқ.
Юқоридагилар қаторида ёзувга эгалик, интернет тилига айлана олганлик кабилар ҳам тил ҳаёти бардавомлиги, жаҳоний мавқеининг омили саналади.
Зоҳиран қараганда, тилга дохил энг асосий шартлар жиҳатдан ўзбек тилини бемалол бахтли, умрбоқий тиллар рўйхатига киритиш мумкин. Аммо...
Бу дунёнинг балоси яширин равишлари ҳам кўп экан. Қиличпошшо бувим ҳалим ва қуръонхон аёл эди; раҳматли айтардики: “Эришишдан кўра сақлаб қолиш мушкул. Бошлашдан кўра давомати қийин”. Ушбуларни ёзатуриб ўша содда фалсафа эсимга тушиб кетди. Тил барҳаётлигининг асосий кафолати – мустақил давлат, дейдиган бўлсак, унутмайликки, миллий истиқлол бирор халққа абадулабадга хатлаб берилган эмас. Мозийда шахслар-ку шахслар, эркини бой бериб, Ер юзидан буткул супурилиб кетган қудратли салтанатлар қанча-қанча! Мустақилликни сақлаб қолиш доимий огоҳлик ва курашни, оқилона сиёсатни талаб қилади. Бунда энг муҳим ҳалқа – ҳукумат ва халқ истак-иродасининг уйғунлиги, шу иккисининг амалда бир-бирини қўллаб-қувватлашидир. Ҳурриятини қўлдан бериб қўядиган зеҳни синиқ ўзбек энди йўғ-у, лекин шундай хатар ҳамиша мавжуд бўлиб қолаверади...
Профессор Бахтиёр Менглиевнинг ёзишича, “Давлат тили мақоми тил ва унинг соҳиблари учун жуда улкан ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, тарихий, ҳуқуқий аҳамиятга эга. У – миллий яхлитликни ва бардавомликни таъминловчи асосий восита. Бироқ унинг ўзигина тилнинг яшаб қолиши учун етарли эмас”.
Яна бир хавотирли манзара бундай: кўпчилик одамлар рўзғори бут бўлиши, оила қуриб бола-чақа орттириш, элга аралашиб юриш, яқинларини йўқлаш, уй қуриш, тўй қилишни истайди. Буларнинг барига эса дастмоя керак. Ушбу тоифанинг соғ-саломат, бадастир ва хотиржам, орзу-ҳавасда яшашдан бошқа тилаги бўлмайди. Ўзбек тилида имло қоидалари асосида ёзиладими ёки хатолар билан ёзиладими – унга фарқи йўқ; муҳими – етказилмоқчи бўлган мазмунни тўғри англагани. Бу тоифа – муҳтарам олимлар қай алифбони жорий қилса, ўшани ўрганиб савод чиқаради; янгиси чиқса қайта ўрганади. Тил – ўша кўпчилик учун онги ва қалбида кечганларини ифода этиш, алоқа-аралашув воситаси, ўзини ифода этиш шакли, холос. У “маънавият мавжуд бўлишининг биринчи шарти – одамнинг жисмоний мавжудлигидир” деган илмий ҳақиқатни англамаслиги мумкин, лекин оч товуқнинг тушига дон кириши, бўш қоп тик турмаслигини ҳаётий тажрибадан билади. Ўша тоифа ўз юртида ишлаб керакли дастмояни тополмай қолса, иш излаб бошқа ўлкаларга кетади. Мажбурликдан чала-чулпа бўлса-да, албатта, иш берувчининг тилида гапиради. Ўз фикри, талаби, норозилиги, миннатдорлигини атрофидагиларга етказиши керак-ку. Тил билмаса, ҳақини олдириб қўйиши мумкин... Сираси, маълум вазиятларда тил ҳаёт-мамот масаласига айланади. Ва ахийри у турмуш жангчиси сарсонлигу машаққатлардан сабоқ чиқариб, боласига ўзи албатта керакли деб билган тилни ўргатишга ҳаракат қилади. Аслида, ўзингники қаторида яна бир-икки тилни билиш қандай яхши! Лекин гап бошқа ёқда.
“Тилимиз”да ёзилишича, Фитратнинг ҳамкасабаларидан бири адабий тилни шакллантиришга оид суҳбат асносида араб-форс сўзларини ҳимоя қилиб “...биз билим битикларимиздан (илмий китобларимиз) илмий сўзларни чиқариб, аробачилар сўзини киргуза олмаймиз” деган экан. Ана холос! Ўн аср нари-берисидаги узоқ даврларда туркий тилни битиб-йўқолиб кетишдан асраб қолган халоскорлар – ўша “аробачилар”, яъни минг-милёнлик оддий меҳнаткаш халқ эмасми? Ахир, илмий ва бадиий асарлар араб-форс тилида яратилиб, азим-азим салтанатлар ўша тилда иш юритган даврларда минг-милёнлаб оддий халқ даққи-қўпол деб камситилган ўз туркийсида гапириб юраверган; қўшиқлару достонларни шу тилда куйлаб, топишмоғу чўпчакларни болаларига шу тилда айтаверган-ку!.. Лекин гап ҳозир бу ҳақда эмас.
Бизни қизиқтиргани шуки, ўша “аробачилар”нинг ҳам аксари бугун иш излаб бўлак юртларга кетяпти! Бошқа тилда гапиряпти.
Боласини ҳам ўзга тилли мактабларда ўқитяпти. Гоҳо эса ўғил-қизи ажнабий халқ боласи билан турмуш қуряпти...
Шу тахлит она тилимизда гапирадиганлар сони камайиб, мулоқот доираси секинлик билан тораймаяптими? Тилимиз бой берилмаяптими? Фақат миллий руҳ, анъана ва ғурур шарафланган шиорлар ризқ топиш илинжида ўзга тил муҳитида яшаётганларнинг қулоғига кирадими? Ахир, уларнинг ҳаммаси ҳам олим, шоир ёки зиёли эмас-ку. Уларнинг аксари учун тил тирикчилик, тириклик шартларидан бири-ку.
Бир замонлар айрим ўзбек йигитлари армиядан бошқа миллат қизларига уйланиб келарди. Ўша янгаларнинг аксари ҳозир бип-бинойи ўзбекка айланиб кетган. Бугун гардиш тескари айланмаяптими?.. Мана, сизга аниқ факт: расмий маълумотга кўра, 2018 йилда 25 минг нафар ўзбек Россия фуқаролигини олган.
Одамларни тил бобида – юртдами, ташқаридами, фарқи йўқ – “севасан”, “гапирасан”, “бехато ёзасан” қабилида мажбурлаб бўладими? Бу усул-услуб натижа берадими?
Тўғри, тескари ҳолат ҳам бор: Ўзбекистон бугун геосиёсий ўрни, табиий бойликлари билан, қолаверса, катта бозор сифатида дунёни ўзига жалб қилаётир. Миллий мустақиллик, хусусан, сўнгги сиёсий-ижтимоий ўзгаришлар боис пойтахту вилоятларимизда хорижий инвесторлар, фирма-корхоналар сони ошмоқда. Лекин ўша кордонлар биз билан қайси тилда сўзлашяпти? Аниқ рақам келтиролмасман, лекин кўрган-билганларимга кўра айтишим мумкин: биз улар билган тилда ёки таржимон воситасида мулоқот қиляпмиз. “Бу қанақаси, бошқа мамлакатларга борсак, биз уларнинг тилини ўрганамиз, ўшаларнинг тилида гапирамиз-ку”, дея кўнглимиз оғриши аниқ. Лекин гап кимнинг кимга ҳожатмандлигида – тан оламизми-олмаймизми, ҳақиқат шу!
“Аробачи”лар тилни асрлардан асрларга олиб ўтишди-ку-я, олиму ёзувчиларимиз-чи? Донишманд Фитрат ўкинади: “...дунёнинг энг буюк ҳакими бўлган Ибн Сино туркдир. Иккинчи Арасту аталған Форобий туркдир. Араб тилини мангулик тирғизиб келған Жавҳарий туркдир. “Ваҳдати вужуд” фалсафасининг имомларидан бўлған Жалолиддин Румий туркдир. Форсий адабиётнинг “пайғамбар”ларидан бўлған Низомий дахи туркдир. Шу ерларда отлари ёзилған кимсалар-да ёлғиз турки улусини эмас, бутун дунёнинг улуғ кишилариндан эрурлар. Икки турк улуси бунларнинг асарларидан осиғланолмай қолмиш, балки ўзларини ҳам яхшиғина таниёлмай қолмишдир. Бунлар ўз битикларини туркча ёзсалар эди, бугун турк улусининг ҳоли, эҳтимолки, бошқа турли бўлур эди”. Начора! Бу ҳам аччиқ ҳақиқат: бир замон аллома боболаримиз ёзган китобларни энди таржимада ўқиймиз...
Таассуфки, бугунимиз ҳам мақтанарли эмас. Ҳукумат азза-базза эъзозлаб, маошларини пайдар-пай ошириб турган қанча академигу қанча фан докторларимиз бор. Ҳар йили “фалонта монография чиқардик, фалонта олим тайёрладик”, деб ҳисобот беришади. Хўш, фан оламида янгилик дея тақдим қилинган нечта диссертациямизга хорижликлар қизиқиш билдириб, аслият ёки таржимада ўқиб чиқди? Махсус изланиш олиб борилса, қаноатланарли жавоб олишимиз маҳол. Бугун бот-бот айтилаётгани каби ўзбек тили интернет тилига айлантирилганда ҳам, дунё биздан таржима қилиб олишга эҳтиёж сезадиган нимамиз бор?
Оламшумул кашфиётларни, дунёга чиқишни, майли, қўятурайлик. Биргина миллий тил тўғрисидаги қонун, имло масаласида зиёлию олим деганларимиз халқнинг кўз ўнгида неча марта бебурд бўлди? Улар имло ўзгартиришнинг “тарихий аҳамияти”дан ташқари руҳий-психологик жиҳатлари ҳам борлигини билмайдиларми? Дейлик, ўзини буюк миллатпарвар санаганлар не бир даъволарда “нг” ва “sh” муҳокамасида ёқа йиртишаётган паллада мактаб ўқитувчиси шу миллатнинг 6-7 яшар боласига улар шоша-пиша жорий қилган алифбони ўргатаётган бўлади. Бир муддат ўтиб муаллим бечора-ку, “ундоқ эмас, мана бундоқ” деб қайта ўргатар, лекин кечагина саводи чиққан боланинг руҳиятига қандай таъсир қиларкан бу? Катталар-чи? Улар руҳий босимдан эминдирлар, деб бўладими? Дейлик, саҳифага бир кўз югуртириб керакли жумлани топиб оладиган олим бошқа имлода шу ишга қанча вақт сарфлайди? Бу унинг руҳиятига, иш унумдорлигига, фикрлашига қандай таъсир қилади? Психологлар хулосасига кўра, ўзга тил муҳитига тушиб қолган одамда ижодий фикрлаш қобилияти сусаяр экан; балки янгиланган ёзув ҳам одамга шундай таъсир кўрсатар? Миллатнинг жаҳоний, тарихий манфаатлари наҳот унинг оддий вакиллари тақдири, тирикчилиги, руҳиятига қарама-қарши бўлса? Ўша манфаатлар инсон ҳақида қайғуриш, инсон қалбини авайлашдан бошланмайдими? Дейлик, алифбони пухта тайёрлаб, кейин жорий қилсак; ўтиш даврини 30 ёки 50 йил қилиб белгиласак, биров бизни уришадими?
Миллий тил қайғусидаги ўйлар ҳаёти дунёнинг иқрор келтириш жуда оғир бўлган яна бир ҳақиқатини эсга солди: турмуши бундайроқ одам ғайриихтиёрий равишда ўзининг бошқалардан кам эмаслигини исботлашга уринади. Боёқиш чирана-чирана умри ўтиб кетганини сезмай қолади. Аслида нимани, кимга, нима учун исботламоқчи – ўзи ҳам билмайди. Иқрор этайлик, кези келса халқ сифатида ҳам шундаймиз. Ўша психология дабдабали тўйлар, ҳашаматли уйлар шаклида воқеликка айланмоқда. “Маънавиятли, шавкатли халқмиз; ҳеч кимдан кам эмасмиз”, “тилимиз бой ва гўзал” дейиш билан ўзимизни алдаймиз. Бизнинг бу тахлит фахрланишларимизга шиддатли тараққиёт йўлидан кетаётганлар қайрилиб ҳам қараётгани йўқ. Гап кўп, умр оз, дейди халқ. Зўр бўлсак, дунё ўз-ўзидан тан олади. Эътироф ва эҳтиромга ҳеч кимни мажбурлаб бўлмайди, муносиб бўлиш лозим – шу, холос. Нафсиламрини айтганда, ҳурматга, ўрганишга лойиқ деб билганлар ана ўшанда бизга ўз тилимизда гапирадилар. Мисол десангиз, мана: дунё нигоҳи ҳиндлар юрти ва тилига ривожланган тиббиёти, хитойларга тезкор ва арзон ишлаб чиқариши туфайли ҳам қаратилмоқда-ку...
Ўзимизга савол берайлик: нуфузли жаҳон тиллари бугунги иқтидорига тилу имло талашиб ёқа йиртишлар эвазига; кўпчилик эл ўз тирикчилиги билан бўлгани ҳолда, фақат ҳукумат ва мутахассис тоифанинг саъй-ҳаракати билан эришганмикан? Тилининг олам аро мавқеини сўзларни “меники, сеники”га ажратиш, талаффуз-имло қоидаларини бузганларни жаримага тортиш ёки ижтимоий тармоқдаги “челленж”лар орқали юксалтирганмикан?
Ким нима деса дер, биз “йўқ” деймиз. Тилнинг фойдаланувчиси бутун эл бўлатуриб, уни асраш ва жаҳоний ўрнини тайин этиш айрим кишилар масъулиятида бўлиши мантиқдан ҳам, адолатдан ҳам эмас. Миллий тил бутун элнинг она тилига онгли муносабатидан тортиб, мамлакатнинг ҳарбий, иқтисодий, интеллектуал салоҳиятию демографик сиёсатгача бўлган уйғун-муштарак омиллар негизида халқаро минбарга кўтарилади.
Тил нуфузи ҳақида сўз кетганда, Навоий, Бобур, Қодирий каби миллат шарифларини байроқ қилгувчилар, айтайлик-чи, қай биримиз Шекспирни ўқиш учун инглиз тилини ўрганамиз? Ёки қай биримиз боламизга Дантени ўқиши учун итальян тилини ўргатамиз? Йўқ, фарзандларимизни бирор тилга йўналтирган бўлсак, аввало нонини топиб есин деганмиз.
Ҳа, тил масаласи аввало яшаш учун кураш масаласидир.
Глобаллашган дунёда кимки одамдек яшаш, юксалишга асқотадиган илм, интеллект ва юксак ишлаб чиқариш, ҳарбий қудрат соҳиби бўлса, ўшанинг тили ҳукм юргизади. Ўшанинг тилини билишга интиладилар.
Қизиқки, шу омиллар тилнинг фақат халқаро эмас, ҳатто мамлакат ичкарисидаги мавқе-эътиборига ҳам таъсир кўрсатади. Шундай бўлмаганда, биз катта-кичик идораларимизда бугун ҳам она тилимизда гуноҳкор банда мисоли қисилиб-қимтиниб, уялиб гапирмасдик. Иш қоғозларимиз икки тилда бўлмасди. Болаларимизни ўзга тилли мактабларга бермасдик. Дўкон-расталаримизга, бозору қўрғонларимизга, эшиттириш-кўрсатувларимизга ажнабийча ном қўймасдик. Олифталик билан “Мы открылись!”, “I love Tashkent!” демасдик... Ахир, ўзимиз айтиб қўйибмиз-ку: “Оғзи қийшиқ бўлса ҳам, бойнинг ўғли гапирсин” деб.
Тилимизни умрбоқий этмоқ, мамлакат ва дунё миқёсида мавқеини кўтармоқ фақат тилшунос олиму шоир-ёзувчилар ёки ҳукуматнинггина вазифаси эмас. Тилимиз иззат-эътибори ҳар бир фуқаронинг шахсий манфаатни умум манфаатнинг бир қисми ўлароқ англаши, хўжакўрсинчиликдан воз кечиб, виждонан фаолият юритиши билан-да чамбарчас боғлиқ. Зиёлиларимиз давлат тили билан боғлиқ тарихий ҳодисадаги хизматларини писанда қилиш, ўрин-даража талашишни тўхтатиб, аввало муҳимни номуҳимдан ажратиб олмоғи, ёшларни ҳам, бутун халқни ҳам ўз атрофида бирлаштирмоғи лозим. Англамаганларга тил қайғуси бутун элнинг умумий қайғуси эканини англатиб, ишонтириш ҳам ўшаларнинг зиммасидадир.
Шу англаш-англатишдан сўнг... мамлакат пешволари шундай сиёсат юргизсаларки, миллат боласи ризқ излаб ҳар ерларда улоқиб юрмай, худо берган истеъдод ва қуввати ортидан ота юртида рисоладагидек яшай олса...
Иқтисодчиси кордону тадбиркор бўлса. Мамлакатни бор имкониятлардан фойдаланган ҳолда, жадал тараққий эттириб, бўлак юртлардан келганларни ҳам ишли қилса...
Сиёсатчиси бировнинг ҳақи иккинчи бировнинг ҳақига рахна солмайдиган адолатли жамият учун курашса...
Олими диплому маош дардида эмас, жамият ва одамлар дардига даво бўладиган кашфиётлар йўлида излансаю жаҳонни ўзига қаратса...
Маънавият дарғалари ҳисоботу статистика кетидан чопмай, ўз дастурини “одамийлик йўлидан оғишмай яшашимиз учун мен нима қилишим мумкин?” деган мазмунга мувофиқ тузса...
Шоиру ёзувчиси сохта некбинлик ва маддоҳликдан ҳазар қилса, қаламини тиланчилик билан мукофоту ёрлиқлар тамасида юрғизмасдан, ўқувчисини тилнинг руҳий қудрат бергувчи бир мўъжиза эканига ишонтирса...
Мухтасар айтганда, каттаю кичик ўзи, оиласи, яқинлари ва ундан кейин элу юрт қайғусида саъй-ҳаракатда бўлса... Ўшанда “Дунёнинг энг бой, энг бахтли тили қайси тилдир?” деган саволга “Ўзбек тили!” деб дадил жавоб берса бўлади.
Нодира ОФОҚ
“Tafakkur” журнали, 2019 йил 4-сон.
“Тил қайғуси” мақоласи
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ