“Бор экан-да, йўқ экан...” иборасига яширинган борлиқ ва йўқлик ҳақида


Сақлаш
15:55 / 04.02.2022 994 0

Ўзбек халқ эртакларининг кириш қисмида кўп қўлланадиган “Бир бор экан” ибораси хусусида фольклоршунослар бир қатор эътиборга молик фикрларни билдириб ўтишган.

 

“Бу инициал формула эртакда баён этиладиган воқеаларнинг бўлиб ўтганлигини тасдиқлаш, шу билан бирга, шу ернинг ўзида реаллигини рад этиш ҳолатида кўринади. Формула фикрни қаршилантириш орқали ифодалаш асосига қурилган бўлиб, у сўз ўйини йўли билан эртакда ифодаланиши лозим бўлган воқеаларнинг уйдирма, фантазияларга асосланганлигига ирония (қочириқ) қилади. Иккинчи томондан, “Бир бор экан, бир йўқ экан” жумласи орқали эртак айтувчи эшитувчилар диққатини айтилиши лозим бўлган эртак воқеаларга жалб этади” (Жалолов Ф. Ўзбек халқ эртаклари поэтикаси. – Тошкент: Фан, 1976. – Б.131).

 

“Эртакнинг “Бир бор экан, бир йўқ экан” деб бошланишидан кўринадики, ундаги воқелик турли бадиий тўқималар онгли уйдирмалар асосида баён этилади. Воқеалар ҳақиқатдан йироқ бўлиб, фантазияга кенг ўрин берилади. Бу ҳол олдиндан маълум, чунки улар онгли инсонлар, воқеликнинг ҳақиқат ёки ҳақиқат эмаслиги тингловчи учун муҳим бўлмай, у эстетик завқ олиш, маънавий дунёсини бойитиш учун эртак тинглайди” (Раҳмонов Т.Л.Қадимги мифлар ўзбек фольклори эпик мотивларининг ўзаги сифатида: Филол.фан.номз...дисс. – Тошкент,1997. – Б.41).

 

Фольклоршунос Жамила Асқарованинг фикрига кўра, бошламаларда доимий такрорланувчи шакллар мавжуд: антоним, жуфт сўзлар – бор-йўқ, оч-тўқ; ассиметрик тенгликлар – баковул-ясовул, қақимчи­-чақимчи, карнайчи-сурнайчи ва ҳоказо. Бу шакллар барча типдаги эртакларда такрорланади. Бу ўзига хос оҳангдош фигураларни нима боғлаб туради? “Бир бор экан, бир йўқ экан...” жумласидаги “бир”  сўзи ўрнига нега “Икки бор экан, уч йўқ экан” дейилмайди? Олиманинг фикрича, дунёда ҳар бир воқеа-ҳодиса, одамзод, ҳайвонот, наботот ва коинот оламидаги жами нарсалар тақдирига фақатгина бир марта бор бўлмоқ битилган. Тарихда ҳеч бир давр икки марта такрорланган эмас. Дунёнинг ёзувига ҳам бир марта бор бўлмоқ ва бир марта йўқ бўлмоқ битилган.

 

Аммо физика қонунлари бор нарсанинг йўқ бўлишини инкор этади. Мифологик тафаккурга кўра, умуман ўлим йўқ. Фақат моҳиятнинг, жон (руҳ)нинг бир шаклдан иккинчи шаклга ўтишигина бор.

 

Энг қадимги эътиқодлардан бири бўлмиш анимизмнинг моҳияти руҳнинг абадийлигига бўлган ишонч билан белгиланади. Руҳ, абадий ўлим бу ҳаётнинг интиҳоси эмас, балки бошқа кўринишдаги мавжудликнинг ибтидоси каби тасаввурлар анимизм натижасидир (Раҳмонов Т.Л.Қадимги мифлар ўзбек фольклори эпик мотивларининг ўзаги сифатида: Филол.фан.номз...дисс. – Тошкент,1997. – Б.20-21).

 

Бироқ олим Шомирза Турдимовнинг фикрича, йўл четидаги кўрсаткич – белгилар йўловчининг манзилига адашмай боришига ёрдам беради. Достон бошламалари ҳам – кўрсаткич. Улар тингловчини асар воқелиги, воқеаларига олиб киради. Достондаги қисқа, лўнда, бошлама сюжет учун пойдевор, айни пайтда асар замирига сингган маънолар қатламини очувчи ўзига хос калитдир. Бу калит сизу бизни неча­неча авлодлар кўнгил тубида пишиб, тиниб, сараланиб сайқалланган сўз, образ, мотив тимсоллар мулкига элтади. Киши калитни топиб, тимсоллар мулки қопқасини очса, Хизр хазинасига етишади.

 

Эртаклар матни қоғоздаги битикларга эмас, ёдаки билимларга асосланади. Оғзаки нутқ қисқаликни ёқтиргани боис йиллар ўтиши билан жумладаги муайян бўлаклар тушиб қолиши шубҳасиз. Дарҳақиқат, бугун ҳам кундалик ҳаётимизда ҳеч ким “Машинанинг рули қаршисидаги ўриндиққа ўтирдим”, демайди, балки “Рулга ўтирдим” қисқа жумласи билан чекланади. Айтмоқчимизки, муайян вақтларда “Бир бор экан...” жумласининг мазмуни қўшимча тафсилотларсиз ҳам барчага тушунарли бўлган. Аммо йиллар ўтиши билан уни юзага келтирган омиллар унутилгач, анчайин сирли ва мавҳум кўриниш ҳосил қилган.

 

Эртакларнинг кириш қисмидаги “бир” сўзи мавжудлик ва кемтикликни билдирувчи икки сўз – “бор” ва “йўқ”ни бирлаштириб келар экан, ўз тадрижий тараққиётида бир неча босқичлардан иборат серқатлам тимсоллар ҳосил қилгани шубҳасиз. “Эртакларнинг анъанавий формулалардан иборат бошламасида қадимги мифларнинг излари бор, албатта. Қадимги мифларнинг асосий функцияси этиологизм (изоҳлаш)дан иборат бўлган. Улардаги воқелик баёни коинот ва табиатдаги турли ҳодисалар ва нарсаларнинг келиб чиқишини изоҳлашга қаратилган бўлади. Воқелик мифларга хос илк давр – мифологик замонда кечади. Оламнинг яратилиши замон ва маконнинг ибтидоси сифатида тушунилади. Шунинг учун ҳам бу тушунчалар мифологик тасаввурга кўра муқаддас саналади” (Раҳмонов Т.Л.Қадимги мифлар ўзбек фольклори эпик мотивларининг ўзаги сифатида: Филол.фан.номз...дисс. – Тошкент,1997. – Б.42).

 

Қадимги аждодларимиз уларни ўраб турган, кўзлари кўриб турган нарсалар қачонлардир мавжуд бўлмаганини ҳис этган ва англаганлар. “Йўқ экан” калимаси айнан бутун оламдаги кемтикликни ифодалаганига ишонгимиз келади.

 

Қадимги Миср мифологиясига кўра, энг аввал кўзимизга кўринган олам ўрнида хаос – тартибсизликлар (ёки йўқлик) бор эди. Хаосни денгиз ва уммонлар пўртанаси эгаси – Нун деб тасаввур қилганлар. Уммонда илк тепалик – Ер вужудга келган. Сўнг ўша ерда Лотос – Нилуфар гули очилган ва ундан Қуёш тангриси – Ра туғилган.

 

Қадимги аждодларнинг тасаввурига кўра, дунё Опсу деган чучук сув ва Тиамат деган шўр сув тимсоли урғочи бир девдан пайдо бўлган. Ундан кейин кўк тангриси Опу, ҳаво тангриси Энлил, денгиз тангриси Эо ўзларига тааллуқли қисмларни яратганлар (Мурот Ўроз. Турк асотирлари: Туркчадан М. Аъзам таржимаси. Сирли олам. 1991. №1. – Б. 18-20).

 

Бошқа афсоналарга кўра, Қорахон аввал сувларни, кейинроқ  дунё ва инсонларни яратган. Умуман олганда, “оламнинг аввали сувдан иборат бўлганлиги ҳақидаги мифологик тасаввур дунё халқлари фолклоридаги самовий афсоналарнинг муштарак талқинларидан бири”дир (Жўраев М. Ўзбек самовий афсоналари. – Тошкент. Фан, 1996. – Б. 12).

 

Қўшработлик Мелихол Болиқуловадан ёзиб олинган афсонада баён қилинишича, дастлаб бу оламда ёлғиз худодан бўлак ҳеч нарса бўлмаган. Худо аввалига бир гавҳар яратибди. Бир куни ўша гавҳарга худонинг назари тушгач, у эриб, сувга айланибди. Шунда худонинг ҳафсаласи пир бўлиб, қўлини силкитган экан, енгининг ҳилпираганидан шамол пайдо бўлиб, сувни тўлқинлантирибди. Сув тўлқинланганидан уммон кўпириб, сув юзида кўпик ҳосил бўлибди. Худо ана шу кўпикдан ерни, кўпик қуюқлашаётганда кўтарилган тутундан эса осмонни яратибди. Худонинг қудрати билан кўк заминдан ажралибди. Ер билан сув бир­бирига аралашиб кетмасин учун тоғларни заминнинг ҳар ер-ҳар ерига қозиқ қилиб қоқиб қўйибди (Жўраев М. Ўзбек самовий афсоналарининг тарихий асослари: Филол.фан.докт...дисс.. – Тошкент. 1996. – Б. 63-64).

 

Ислом манбаларига кўра, аввалига Одам Атонинг ҳам шериги бўлмаган. Шу сабаб “Бир бор экан, бир йўқ экан”нинг моҳиятини “Дастлаб Одам Ато бор экану, Момо Ҳаво бўлмаган экан” тарзида тушуниш ҳам мумкин.

 

Тангрининг илк яратиқлари хусусидаги маълумотлар туркий асотирларда ҳам ўз аксини топган. Фолклоршунос олим Жаббор Эшонқуловнинг ёзишича, биринчи инсон Одам Ато ва Момо Ҳаволарнинг исми турк асотирларида бошқача келса-да, мазмун жиҳатдан айнан уларга ўхшайди... Қуръони каримда келтирилган умумолам ҳақидаги барча воқеалар ҳақиқат эканлиги, одамзод маймундан келиб чиқмай, Аллоҳ томонидан яратилгани, аввал эр, унинг қовурғасидан аёл бунёд этилгани, тангрига қарши чиқувчи шайтон ва ёвуз кучлар мавжудлиги, одамзод гуноҳлари учун жаҳаннамга тушиши, пок иймонлилар Яратувчининг марҳаматига эришиши ҳақидаги ҳикматлар туркий асотирларда ҳам қадим-қадимдан мавжуд эди.

 

Бугун биз кўриб турган нарсаларнинг ҳаммаси жуфт ҳолатда. Қадимги аждодларимиз тасаввурича, аввалига бундай мутаносиблик йўқ эди. Кейинчалик ҳаммаси ўзгача кўриниш олган. Қарама-қарши қутблар, бир-бирини инкор этувчи тимсоллар пайдо бўлди. Мазкур қарама-қаршилик эса жисм ва руҳдаги барча оғриқларнинг, армон тўла аччиқ кўз ёшларнинг сабабчисига айланди. Шундан буён эзгулик ва ёвузлик ўртасида аёвсиз кураш давом этади. Бу кураш инсоннинг зоҳиру ботинида бирдек намоён бўлади. Башарият тил ва дил, сўз ва амал бир бўлган лаҳзаларга қайтмоқ – муроду мақсадига етмоқ истайди. Эртак воқеалари шу йўлдаги ҳаракатлардан сўзлайди.

 

Эртакларнинг бошламасига қайтиб шуни таъкидлаш мумкинки, бошламада воқеликнинг ҳақиқат эмаслигига ишора қилиниши эртакнинг онгли бадиий ижод сифатида майдонга келганлигидан дарак бериш билан бирга, у ўз-ўзидан пайдо бўлмай, балки қадимги мифларнинг бошламасидан диффузия ҳодисаси натижасида ўсиб чиққанини кўрсатади. Бир сўз билан айтганда, эпик бошламалар қадимги миф табиатида кечган диффузия ҳодисаси натижасида шаклланиб, анъанавий формулалар кўринишида эртаклардан мустаҳкам ўрин олган.

 

Илдизи миф ва афсоналарга туташиб кетган сеҳрли эртаклар вақтининг “қадим-қадим замонлар” тарзида белгиланишидан мақсад ҳам аслида айтилажак воқеанинг зулмат ва ёвузлик қабиҳ, юзини илк марта кўрсатган, ўлим совуқ башарасини танитган бир пайтда юз берганини таъкидлашдир аслида. Оч ва тўқ сўзлари эса инсониятнинг кундалик майда ташвишларини ифодалайди. Яъни, дард бору дармон йўқ, истак бору имкон йўқ, иштаҳа бору егулик йўқ.

 

Элбек ЖУМАНОВ

Ўзбекистон Миллий университети таянч докторанти

 

“Ma’naviy hayot” журнали, 2021 йил 3-сон

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 46
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10435
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//