Адабиёт
Ўқувчилик пайтларим телевизорда рус тилида намойиш этилган бир кинофильмни кўрганман. Воқеа шундай эди: улкан харсанглар қалашиб ётган, тик жарликдан иборат тоғлик ҳудудда қочоқ билан ёлланма аскарлар тўдаси ўртасида отишма юз беради. Ярадор қочоқ аскарлар таъқибидан жонини қутқариш учун қоя тошлар ортидан паналаб ҳаккалаб йўлини қишлоққа буради.
Очиқ турган ҳовлига сўрамай-нетмай кириб боради. Ҳовлининг офтобрўй жойида чўзилиб ётган болани кўргач, унга ортидан аскарлар қувлаб келаётганини ва ўзини яшириб қўйишини илтимос қилади. Бола аввалига рози бўлмайди. Бироқ ярадор қочоқда қочишга бошқа жой йўқ. Ҳализамон аскарлар изидан келиб қолади. Ота-она подаларидан хабар олишга кетишган, ҳовлида шу боладан бошқа ҳеч ким йўқ эди.
Менга кинофильм воқеалари қизиқ туюлгани боис, ўшанда гапларига тушунмасам ҳам, мақсадни англаётгандай эдим. Ярадор чўнтагидан пул чиқариб, болани амаллаб кўндиради. Мезбон ҳаракатга тушиб, катта уюм пичан ғарамида ковак очиб, қочоқни яширади ва яқиндагина туққан мушукни болалари билан ғарам устига жойлаб қўяди.
Аскарлари билан келган сержант қочоқнинг шу ҳовлига кирганини билади. Аммо у ёқ-бу ёқни тинтиб, топа олмайди. Охири ночор қолиб, чўнтагидан кумуш соатини олиб, боланинг кўз олдида ўйнатади. Унга соат ёқиб тушади ва қочоқдан олган пулни эсдан чиқаради. Ахийри, аскарларга сотилади. Қочоқнинг қаердалигига кўзи билан ишора қилади.
Боланинг милтиқ кўтариб олган отаси уйга қайтаётиб аскарларни кўриб, ҳовлимда бир кор-ҳол юз бердими ёки ўзимни излаб келишдими, дея хавотирга тушади. Сержант нима бўлганини унга айтиб беради. Ота ўғлининг пулга сотилиб, ваъдасига хиёнат қилганини билиб олади. Алқисса, хоин ўғлини уйидан узоқроққа олиб чиқиб, отиб ташлайди. Хиёнат асло кечирилмаслиги керак, деган туйғу ўшанда тош каби ёдимда ўрнашиб қолган.
Орадан йиллар ўтди. Дорилфунунга ўқишга кириб, бу бадиий фильм ХVIII аср бошларида яшаб ижод этган француз ёзувчиси Проспер Мериме қаламига мансуб “Маттео Фальконе” новелласи асосида ишланганини билиб олдим. Асарни ўқиб кинокартинада англамаганларимни тушуниб етдим. Ота характери ва унинг метин иродаси мени ҳайратлантирди.
Хиёнатга қўл урган ўғлини ҳеч иккиланмай отиб ташлаш... Инсоний нуқтаи назардан қаралса, ҳеч қачон ота ўз фарзандига бунчалик бешафқат бўлиши мумкин эмас. Аммо адабиётнинг бадиий тўқимага асосланган мақсади борки, шу орқали маҳоратли адиб ўқувчиларга ўзига хос адаб ва тарбия беради. Ўшанда асл мақсадни тушунмаган бўлсам ҳам, ўғлини отиб ташлаган отадан негадир нафратланмаган эдим. Ҳатто бу ишини ички шуур ила оқлаганман ҳам. Тўғри қилди, хиёнатни кечириб бўлмайди, деган хулосага келганман ўзимча. Бу новелладан чиқарилган хулоса ва ечимнинг бир жиҳати. Яна бир томони ҳам борки, анча вақт ўтгандан кейин асарни қайтадан мутолаа қилиш асносида аниқлаб олишга муяссар бўлдим.
Проспер Мериме жаҳон адабиётида новелла устаси деган ном қозонган таниқли ва тан олинган адиб. Новеллаларида бир миллатнинг ҳаётини тасвирлаб, ютуқларию ожиз жиҳатларини ҳам кўрсата олган. “Маттео Фальконе” унинг ана шундай машҳур ва теран маънога эга асарларидан саналади. Мутолаа асносида туб моҳиятини англаб олиш учун ўқувчидан фаҳм-фаросат талаб қилинади.
Маттео Фальконе ўз фарзанди қонида хиёнат ва лафзидан кечиш иллати оқиб, бошқаларга ҳам тарқалишини хоҳламайди. Элдошларини ғурурли, бир сўзли ва лафзида турадиган кишилар қиёфасида кўришни истайди. Халқининг чинакам ва ҳақиқий миллат бўлишини орзу қилади. Хиёнаткор ўғли тимсолида ўз миллати тийнатидаги иллатни кўриб муолажа қилишни ўйлайди. Сотқинликни қондан сўриб ташламаса, бошқачасига қутулиб бўлмаслигини яхши билади. Адибнинг хулосаси шуки, бу иллатни палак ёймасдан илдизи билан йўқ қилиш ва буткул барҳам бериш керак.
Француз адибининг қаҳрамони Маттео Фальконе қиёфаси ва сиймосини ўқувчилик пайтимда бадиий фильмда кўриб, унинг қатъияти ва иродасига қойил қолган бўлсам-да, афсуски, унинг туб мақсадини тушуниб етолмаганман. Орадан йиллар ўтиб, мана энди шундай қатъият ва иродага эга кишилар ҳаёт оқимининг пок ва тоза ҳолда оқиши, унинг тиниқ ва мусаффо бўлишини таъминлаб туришга хизмат қилишини тушуниб бормоқдаман. Профессионал ижодкорлар халқ ва миллат манфаатини энг қимматли нарсалардан, ҳатто фарзанддан ҳам устун қўйишларига амин бўлдим.
Бир халқнинг руҳий-маънавий таназзул ва инқирозга учраши осон бўлмаганидек, руҳий-маънавий юксалиши ва покланиши ҳам бирданига амалга ошиб қолмайди. Миллатнинг чинакам ёзувчи ва шоирлари ижоди билан ана шу йўлда хизмат қилади. Улар ўз миссиясини маромига етказиб уддаласа, мақсад ҳосил бўлиши мумкин.
Бобомурод ЭРАЛИ
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ