Суғднинг шимолий темир дарвозаси топилди. Самарқанд–Нурота йўлидаги қадимий шаҳарлар харобалари – сотқин соқчи Чингизхонга йўлбошчилик қилган


Сақлаш
17:09 / 02.02.2022 973 0

“Темир қапиғ” нима дегани? У қаерда жойлашган? Юртимизга бостириб кирган Чингизхон бошлиқ мўғул қўшини нега Нуротага тез кириб борган? Унга сирли йўлни ким кўрсатган?

 

2012 йилда Қўшработ тумани ҳудудида жойлашган археологик ёдгорликларни рўйхатга олиш ва уларни “Самарқанд вилояти археологик ёдгорликлари харитаси”га киритиш борасидаги ишларни Жўш қишлоғидан шимолий ҳудудда жойлашган Мижғувон, Чалғир ва Қорабоғ қишлоқларидан бошладик. Мижғувон қишлоғида яшовчи Жўрақул ака бизга қишлоқлар атрофида ва тоғли ҳудудлардаги ёдгорликларни кўрсатиш истагини билдирди. Ўзи ҳам бу ёдгорликларнинг тарихига жуда қизиқишини айтди. Шу тариқа Жўрақул ака ўз ташаббуси билан бизга йўлбошловчилик қиладиган бўлди.

 

У киши Нурота тоғларининг шимолий қисмида жойлашган машҳур “Нурота” бўрдоқичилик совхозида кўп йиллар зоотехник бўлиб ишлаган экан. Бу тоғли ҳудуднинг ҳар бир сўқмоғини, ҳар бир тошини беш қўлдай билиши менда катта таассурот қолдирди. Бу ҳудуддаги сойларда юзлаб қоятош сувратлар ҳам бор экан. Жўрақул ака шогирдим, қоятош сувратлар бўйича мутахассис олим, қўшработлик Азбиддин Холматовга йўл кўрсатиб кета бошлади. Йўл-йўлакай бир нечта қадимий тепаликларни ҳамда ноёб археологик ёдгорликлар сарасига кирувчи жуда кўп қоятош суратларни рўйхатга олдик.

 

Булоқ бўйида озроқ тин олиш учун ўтирганимизда, Жўрақул ака менга:

 

– Сизга бир саволим бор. Мана шу сойнинг энг охирида, текисликка чиқиш жойида битта қишлоқ бор, номини одамлар ҳар хил аташади. Биров “Темир қовуқ”, дейди, яна биров “Темир қовоқ”, дейди, бошқа бирови эса “Темир қобиқ”, дейди. Уларнинг қайси бири тўғри, нима дегани ўзи бу? – деди.

 

– Нима, ўша томонда Темир қовуқ деган қишлоқ борми, ҳеч эшитмаган эканман, – дедим.

 

Бу қишлоқ анча йиллар аввал Темир қовуқ деб аталарди, асли номи ҳам шу, кейинчалик Нурота совхози бўлиб кетди. Эски номи унутилаёзган эди, мустақилликдан кейин яна Темир қовуқ деб аталяпти, – деди.

 

– Ўша Темир қовуқ қишлоғига яқин жойда бирон-бир қалъа қолдиқлари борми?

 

– Ҳа бор, бир эмас, иккита қалъа бор. Одамларнинг айтишича, бу қалъаларни Чингизхон йўқ қилган экан.

 

Сиз менга ниҳоятда муҳим тарихий маълумотни айтдингиз. Темир қовуқнинг асл номи “Темир қапиғ”, бу қадимий туркийча атама бўлиб, араб тилида “Боб ал-Ҳадид”, форс тилида эса “Дар-и Оҳанин”, мўғул тилида “Темир қахалқа” дейилади. Уларнинг барчаси ягона “Темир дарвоза”, деган маънога эга. Худди шундай “Темир қапиғ” деган жой Қашқадарё билан Сурхондарёнинг чегарасида, Дарбанд деган жойда, иккинчиси Жиззахга боришда Илонўтти дарасида бор, – дедим.

 

Икки чақиримча йўл босганимиздан кейин катта бир қоя тагида тўхтадик.

 

– Мана шу қоя устида, ҳўв тепада қалъа бор, бу ердан чиқа олмайсиз, тоғ томондан айланиб келамиз, – деди йўлбошловчи.

 

Тоғ томондан айланиб қоя устига чиқдик. Қоя чеккасидан пастга қарасангиз, юрагингиз уюшади, тоғ томонни ҳисобга олмасангиз, ҳар уч томондан қояга фақат қуш учиб чиқа олади. Кўз олдимизда деворлари тошдан қурилган ва кейинчалик харобага айланган улкан қалъа қолдиқлари ястаниб ётибди. Кунчиқар томонда ягона дарвозанинг ўрни яққол кўзга ташланади. Ундан ичкарига кирдик. Ўртасида ҳовлиси ҳам бор экан. Атрофга айланиб, хоналарни санай бошладим, олтмиштача хона мавжуд. Хоналарнинг аксарияти ташқи девор бўйлаб ичкарида икки қатор бўлиб ёнма-ён жойлашган. Уларга ҳовли томондан кетган йўлаксимон узун коридорлардан кирилади, худди казармани эслатади. Хоналар сони бу қалъада юз-юз йигирмата одам яшаганлигини кўрсатади. Ҳовлининг бир чеккасида каттакон ярғучоқ бўлаги ҳам учради. Атрофда сопол парчалари сочилиб ётибди, ўн-ўн бештасини териб олдим. Узоқ йиллар давомида кўравериб, кўзимиз пишиб кетган ва бизга таниш бўлган ўрта асрлар даврига, XII-XIII асрларга оид сопол идишлар парчалари. Қўлимда сополлар, “Жўрақул ака, ҳақиқатан ҳам бу қалъани Чингизхон бузган, деган гаплар тўғрига ўхшайди, манави сополлар ҳам айнан ўша даврларга оид”, дедим.

 

Бир вақтлар одамлар гавжум бўлган ва ҳозирда харобага айланиб ётган бу жойлар одамда тушкун кайфият, ачиниш ҳиссини уйғотади.

 

 

Қалъа харобаларини икки соатча кўздан кечирганимиздан кейин, биринчи қалъадан 1520 метр баландроқда жойлашган иккинчи қалъага йўл олдик. Қалъа барча томонлари жуда тик бўлган қоя устига қурилган бўлиб, унга фақат жануб томонидаги торгина сўқмоқ орқали чиқиш мумкин. Қалъа бутунлай вайрон этилган ва меъморий хусусиятларини тамоман йўқотган. Фақат баландлиги 5 метрча чиқадиган улкан тошнинг устида пахса деворнинг озгина харобалари кўриниб турибди. Яккам-дуккам сопол парчалари учрайди.

 

Ушбу қалъалар бир вақтда фаолият кўрсатган ва улар Темир дарвозадан Жўш томонга кираётган карвонларни назорат қилган. Пастдаги катта қалъада қўриқчи лашкарлар ёки божхоначилар яшаган бўлса, баланд қалъада уларнинг бошлиқлари хизмат қилган.

 

“Темир қапиғ” ва унинг таркибидаги бу қалъалар чинакам кашфиёт эди. Биз шу пайтгача Ўзбекистон тарихида умуман номаълум бўлиб келган Суғднинг шимолий темир дарвозасини топган эдик.

 

Темир дарвозалар ҳамиша стратегик аҳамиятга эга, таъбир жоиз бўлса, халқаро мақомдаги йўлларда қурилган. Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари чегарасидаги Темир дарвоза Ўрта Осиёнинг энг йирик тарихий ўлкалари Суғд ва Бақтрияни боғлаб турган, Самарқанддан, Бухородан келиб Бақтрия орқали Ҳиндистонга кетган халқаро йўл устида қурилган.

 

Суғд-Суғдиёна (ҳозирги Самарқанд, Қашқадарё, Навоий ва Бухоро вилоятлари ҳудудларини ўз ичига олган йирик тарихий-географик ўлка – Р.А.) ўлкасининг тарихий-географик манзарасини ҳамда қадимий йирик шаҳарлари жойлашувини кўз олдимизга келтириб, Суғднинг ушбу шимолий темир дарвозаси фаолияти ва аҳамиятини тасаввур қилиш мумкин.

 

Қадимда Бухородан Нурота орқали Жўшга келган йўл ушбу темир дарвоза орқали ўтиб, Сирдарё бўйида жойлашган Ясси ва Ўтрор шаҳарларига ҳамда Тошкентга кетган яқин йўл ҳисобланади. Шу билан бирга Бухородан Нуротага келиб, Жўшга кирмасдан Нурота тоғларининг шимолий ҳудудлари бўйлаб Ясси, Ўтрор ва Тошкентга кетадиган йўл ҳам бўлган. Темир дарвоза мана шу йўлларнинг тугунида жойлашган ва унинг қадимий мутасаддилари ҳар иккала йўлни ҳам назорат қилган бўлиши мумкин.

 

Самарқанддан Жўшга келган йўл жуда серқатнов ва катта аҳамият касб этган. Сабаби, бу йўл устида жойлашган Челак (Видор), Соғарж, Қўрғонтепа, Даврқўрғон ва Жўш (Бекқўрғонтепа) шаҳарлари юксак даражада ривожланган.

 

Бу йўл қадимий Самарқанд шаҳридан бошланган ва тўғри шимолга қараб кетган. Қадимда йирик шаҳарлар орасидаги йўллар аксарият ҳолларда бир кунлик бўлган, яъни бирон шаҳардан тонгда йўлга чиққан карвон кеч кирганда иккинчи шаҳарга етиб борган. Улар бир кунда ўртача 4-5 фарсаҳ (2730 км) масофани босиб ўтган. Ўрта асрларда юртимизга келган араб сайёҳлари Мовароуннаҳр шаҳарлари тўғрисида маълумот берганларида, Самарқанд, Бухоро, Насаф, Термиз каби марказий шаҳарлардан неча фарсаҳ масофада жойлашганлигини қайд этган. Шу тариқа кейинги сайёҳларга ўз саёҳатларини режалаштиришларига замин яратган.

 

Олиб борилган археологик тадқиқотлар натижасида илк ўрта асрларда ва ўрта асрларда Нурота тоғларининг шимолий ҳудудларида, аниқроғи, Сентоб қишлоғи атрофида катта миқдорда олтин қазиб олинганлиги аниқланган. Археолог олим Г.Я.Дресвянскаянинг фикрига кўра, Сомонийлар сулоласи даврида фақатгина Сентоб конларидан ўртача 3600 кг атрофида олтин қазиб олинган. Мана шу олтин рудалари ҳам, шубҳасиз, темир дарвозада яшаган қўриқчилар назоратида бўлган. Бу ҳимоя иншоотининг бунёд этилганлигига мана шу қимматбаҳо металл ва металл конлари ҳам сабаб бўлган бўлиши эҳтимолга яқин. Темир дарвоза орқали Суғдга катта миқдорда олтин ҳам кирган. Бу олтин ҳам, шубҳасиз, жўшлик малакали металлурглар томонидан қайта ишланган, албатта. Шунинг учун Жўшни ўрта асрлардаги йирик саноат шаҳри сифатида талқин қилиш мумкин.

 

Фикримизча, Бекқўрғонтепа Мовароуннаҳрнинг юзлаб катта-кичик шаҳарлари қаторида 1219-1220 йилларда Чингизхон босқини даврида вайронага айланган бўлса керак. Чунки Чингизхон Бухорога Нурота тарафдан келганлиги тарихдан маълум. Нуротага эса Темир қовуқдан ўтиб, Жўш орқали келган бўлса керак.

 

Ўрта асрлар ёзма манбаларида айтилишича, Чингизхон қўшини Сирдарёдан қишда музлаган дарё устидан юриб ўтган. Улар Нуротага кетишда аввал Зарнуқ қалъасига дуч келганлар. Чингизхон ўз одатига кўра, қалъани қамал қилишдан аввал қалъага Донишманд Хожиб деган кишини элчи қилиб жўнатиб, қалъа ҳимоячиларидан ўз хоҳишлари билан таслим бўлишларини сўраган. Донишманд Хожиб қалъа ҳимоячиларини таслим бўлишга кўндирган ва уларнинг ҳаёти ва мол-мулклари сақланишига ваъда берган. Шу тариқа ҳимоячилар шаҳар дарвозаларини очиб берганлар. Чингизхон қалъага кирган, ваъдага кўра уни вайрон этмаган, аҳолисини қирмаган, фақат унинг мудофааланган аркини бузишни буюрган, холос. Чингизхон қалъа ҳимоячиларидан ёш ва бақувват йигитларни қўшин сафига олиб, Нуротага қараб йўлга чиққан.

 

Қалъа ҳимоячилари ўз хоҳишлари билан таслим бўлганлиги ёки уларнинг бир қисми қўшин сафига олингани боисми Чингизхон кетишда Зарнуқ қалъасига “Қутлуғ балиқ”, яъни “Бахтли шаҳар” деб ном берган. Зарнуқ қалъаси ҳозирги Зайноқ қишлоғи атрофларидаги қалъалар бўлиши мумкин.

 

Манбаларда айтилишича, Зарнуқ қалъаси ҳимоячилари орасида бир туркман бўлиб, у Чингизхонга Нуротага олиб борадиган номаълум йўлни кўрсатган ва мўғул қўшинини мана шу йўлдан бошлаб борган. Чингизхон Нуротага қараб юрган йўл кейинчалик “Хон йўли” деб атала бошлаган. 1251 йилда мана шу йўлдан Чингизхон ва унинг авлодлари тарихини битган тарихчи олим Ота Малик Жувайний ўтган.

 

Савол туғилади – зарнуқлик туркман кўрсатган “номаълум йўл” қаердан ўтган? Агар Чингизхон қўшини Нурота тоғларининг шимолий ён бағри бўйлаб ястаниб ётган чўл орқали кетган бўлса, бу йўлни номаълум деб бўлмайди, чунки бу йўл орқали ҳеч бир адашмасдан тўғри Нуротага бориш мумкин. Қолаверса, бу ерда аниқ бир йўналишдаги йўлни кўрсатишнинг ўзи мушкул. Зарнуқлик туркман “сотган” номаълум йўл – шубҳасиз, биз томонимиздан таърифланаётган, “Темир қапиқ” орқали Жўшга келган йўл. Агар туркман бу йўлни кўрсатмаганда, Чингизхоннинг улкан қўшини бу тор дарадан юрмасдан чўл орқали тўғри Нуротага кетавериши мумкин эди. 1582 йилда айнан мана шу йўлдан Жўш томонга Абдуллахон ҳам катта қўшин билан ўтиб, йўл-йўлакай Абдуллахонбанди сув омбори тўғонини қуришга буйруқ берган. Шунинг учун зарнуқлик туркман кўрсатган номаълум, кейинчалик “Хон йўли” деб аталган йўл “Темир дарвоза” орқали Жўшга кетган йўл, дейишга асосимиз бор. Демак, Абдуллахоннинг катта қўшинини сиғдирган йўлдан қадимда Чингизхон қўшини ҳам бемалол юриши мумкин бўлган. Чингизхон мана шу юришида мақолада юқорида айтиб ўтилган иккита қалъани ҳам вайрон қилган.

 

 

Жўш шаҳри номи ёзма манбаларда Хазоражўш номи билан тилга олинади. ХVI аср тарихчиси Ҳофиз Таниш бек Мир Муҳаммад Бухорийнинг “Абдулланома” асарида шундай сатрлар бор: “(Абдуллахон) Темур қобуқдан Нуротага боришда Хазоржўш водийсида жойлашган Оқчаб орқали ўтди. Бу водийда баҳорда сел сувлари тўпланади ва бу сувлардан деҳқончилик учун жуда оз фойдаланилади. Шунинг учун у (Абдуллахон) Аҳмад Али-Оталиқ найманга мана шу тор дарада Сомон йўли янглиғ тўғон қуришга буйруқ берди”. Бу маълумот Абдуллахоннинг 1582 йилда жанубий Қозоғистон ҳудудларига қилган юришларидан Бухорога қайтиши шарафига битилган бўлиб, унда Темир дарвоза (Темир қобуқ), Жўшнинг қадимий номи ва Қўшработнинг Оқчаб қишлоғидан юқори томонидаги Бекларсойда қурилган Абдуллахонбанди тўғони тўғрисида гап кетган. Абдуллахонбанди сув омбори тўғонининг қолдиқлари ҳозиргача сақланиб қолган.

 

Самарқанддан Нуротага борадиган йўл Жўшдан ўтиб Чуя қишлоғига етиб борган. Қишлоқ чеккасида сўнгги ўрта асрларга оид йирик карвонсарой қолдиқлари қад ростлаб турибди. Қишлоқнинг кунботар томонида йирик ўрта асрлар ёдгорлиги ястаниб ётибди ва бу ёдгорликни ўрта асрларда карвон йўлида фаолият кўрсатган навбатдаги манзил сифатида талқин қилиш мумкин.

 

Қадимий Катта Суғд тумани (ҳозирги Пайариқ ва Қўшработ туманлари) ҳудудлари ва уни ўртасидан кесиб ўтган Самарқанд–Нурота йўли қадимий илдизга эга. Бу йўлни бугун замонавий туризм йўлига айлантириш, бу йўлда жойлашган қадимий ва ўрта асрларга оид шаҳарлар, қишлоқлар ва қалъалар қолдиқларида археологик тадқиқотлар олиб бориб, уларни “Очиқ осмон остидаги музей”ларга айлантиришни таклиф қиламан.

 

Абдусобир РАИМҚУЛОВ,

ЎзР Фанлар академияси Археология институти

“Қадимги ва ўрта асрлар даври археологияси”

бўлими бошлиғи, тарих фанлари доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10357
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//