Азалдан Шарқ ва Ғарб муносабатлари жаҳон илмий-маърифий жамоатчилигининг эътибор марказида бўлиб келган. “Қуёш – Шарқдан” ибораси билан жами эзгуликлар кун чиқиш тарафдан бошланади тарзидаги тушунча ҳам мавжуд. Шунга кўра доим Шарқ дунё эътиборини ўзига тортиб келган ва унинг сир-синоатларини ўрганишга бўлган саъй-ҳаракатлар узлуксиз давом этган. Жумладан, Қорақурум саҳроларидан бошланган Чингизхон юришининг шов-шуви худди қум бўронига ўхшаб Европани ҳам қоплаб олди. Унинг акс-садоси туфайли Шарққа қизиқиш одатдагидан кучайди. Турли қиёфалар ва мақсадлар билан Шарққа келувчилар кўпайди. Шулардан бири Виллем (Вилгельм, Гийом, Гильом) Рубрук (1220–1293) эди. У Ботухоннинг қароргоҳигача кириб борди, ҳатто Қорақурумда бир қиш қишлади. Бир қарашда шунчаки қайд қилиб қуйиладиган бу тарих хийла қизиқ ва саргузаштларга бой.
Европада катта мавқега эга бўлган Рим папаси кўплаб диний-ғоявий хатти-ҳаракатларнинг ташкилотчиси ва раҳнамоси бўлгани тарихдан маълум. Жумладан, Исо Масиҳнинг қабрини излаб топиш мақсадида Шарққа қилинган салиб юришлари кўплаб қирғинбаротларга сабаб бўлди. Шундай юришларнинг еттинчиси кутилмаганда жуда муваффақиятсиз чиқади. Мўғуллар қароргоҳигача етиб бориши ва керакли маълумотларни олиши лозим бўлган Андре де Лонжюмо (у жосуслигини сир тутиб, монах қиёфасига кириб олганди) топшириқни уддалай олмади, боз устига ҳаёти сирли равишда якун топди (1253). Лекин мақсадга эришишдан умидини узмаган Франция қироли Людовик IХ фламандиялик монах Гийом Рубрукни чорлаб, унга жиддий топшириқ – Шарққа йўл олиш, Боту ёки бошқа Чингизийлар билан учрашиш, уларнинг кейинги мақсад-муддаоларини аниқлаш (улар мўғуллар босқинидан жуда хавфда эди) каби вазифаларни юклайди.
Рубрук еттинчи салиб юришида Людовик билан бирга эди ва бўлиб ўтган воқеалардан хабардор бўлган. Бу сафар тайёргарликни яна ҳам пухта қилиб, 1252 йил баҳорида йўлга чиқади. Денгиз йўли орқали Константинополга етиб келгач муаммолар пайдо бўлади ва улар шу жойда бир йил қолиб кетишади. Кейинги йил 7 майда Рубрук ва ҳамроҳлари Қора денгиз орқали Қрим жанубидаги Судак бандаргоҳига етиб келади. Барча уловлар экин-тикин йиғим-теримида банд бўлгани боис, уларга ҳўкиз қўшилган иккита арава берилади. Гуруҳ икки ой йўл босиб, Ботухоннинг ўғли Сартўқнинг қароргоҳига етиб келишади.
Узун қора ридоли, бўйнига хоч осиб олган, қўлида узун асо, белига зуннор боғлаган монахлар Инжилни қўлларида кўтарган ҳолда насроний дуоларни баланд овозда куйлаб, хонзода қароргоҳига яқинлашади. Издиҳомни махфий кузатиб турган Сартўқ уларни қабул қилмайди. Лекин монахлар ялиниб туриб олгач (чунки топшириқ қаттиқ бўлганди-да!), меҳмонлар – Ботухон саройига жўнатилади. Вазиятдан яхши хабардор қилинган Ботухон ҳам француз қироли элчилари билан мулоқотни рад этади ва уларни улуғ хон – Мункэ қоон ҳузурига йўллайди. Рубрукнинг бошқа ҳамроҳлари шу ерда олиб қолиниб, ўзи бир нечта ҳамроҳи билан Қорақурум сари йўл олади. Унинг асосий мақсади – насронийликни тарғиб қилиш, мўғулларни шу динга киришга даъват этиш ва, албатта, зимдан уларнинг кейинги режаларини аниқлаш эди.
Ғарбликлар карвони 8 августда Волга (Итил) дарёси қирғоқларига етиб келади. Рубрук ўзича катталиги жиҳатидан ер юзидаги тўртинчи дарё деб таърифлаган дарёда бир ойдан кўпроқ сузиб, Урол тоғлари орқали Сирдарё ҳавзасига йўл олади. Шу ердан йўл жануби-шарққа бурилади. Шуниси аниқки, зиёратчи-роҳиб қиёфасидаги айғоқчилар ҳеч нарсани кўздан қочирмасликка ҳаракат қилишар, босган қадамларини кунма-кун қайд қилиб, ҳар бир унсур шарҳини ҳам унинг ёнига тиркаб қўйишарди. Бу жойларнинг манзараси Рубрукни лол қолдиради. У “Ҳаво мўътадил, йўл кетишда ўнгда тоғ ва қирлар, чапда кўл ёки денгиз бор эди”, дейди ва бу тоғларни Кавказ тоғларининг давоми деб нотўғри маълумот беради. Аслида бу тоғлар Талас Олатови, чапдаги кўл эса Балхаш эди.
Шу тахлитда Рубрук ва ҳамроҳлари яна 15 кун йўл босиб, 26 декабрда Қорақурум шаҳрига кириб боришади. Албатта, шаҳар улар тасаввуридаги манзарадан тамоман ўзгача эди. Асосан, яланглик; лойдан тикланган пастқам уйлар, ҳамма жойда чорва моллари пода-пода бўлиб юрибди. Рубрук монахлар одати бўйича ялангоёқ бўлиб олганди. Унинг оёқлари мўматалоқ бўлиб, панжалари ёрилиб кетганди. Бу ҳол эътиқоди юзасидан ўзига роҳат бағишласа-да (христианлардаги дин йўлида қанча азият чекилса, мукофоти шунча юқори бўлади, деган ақидага кўра), мезбонлар бу ҳолга тушунишмасди.
Тасвирланишича, шаҳар девор билан ўралган, унинг тўрт дарвозаси бор. Иккита масжид ва битта черков бу шаҳарнинг асосий кўрки бўлиб, европаликка турфа динлар ибодатхоналарининг ёнма-ён туриши ўта ғайритабиий кўринарди. Чунки у диний эътиқод борасида исломга хос бағрикенгликни тушунмасди, қабул қила олмасди. Ҳа, унинг табиатида ўзга динга ён босиш кайфияти йўқ ва мўғулларга насроний дини ақидаларини тарғиб этиш ниятида эди.
Ўша кунларда улуғ хон шаҳарда эмаслиги боис уни тоғ бағридаги хон қароргоҳига бошлаб борадилар. Қабулга кирганда қалин кигизга ёнбошлаб ётган, тўла гирдиғум гавдали, қиррабурун одамни кўради. Мункэ қоон атрофида олтита бургут ва бошқа қушлар тизилиб турарди. Зарур маросимлар адо этилгач, суҳбат бошланади. Меҳмонга ичимликлар: ароқ, қимиз, асал таклиф этилади, у одати бўйича ичимлик ичмайди. Рубрук хон саройида ўз миллатдошлари ва немислар асирда эканлигини кўради. Маҳбуслар қурол-яроқ ва уй жиҳозлари тайёрлашга жалб қилинган эди.
Шу қиш ичи Рубрук Қорақурумда қолади. Хитой, корейс, манчьжурия юртлари ва халқлари ҳақида бирмунча мавҳум ва ноаниқ маълумотлар тўплайди. Маълумотлар тасдиқлаяптики, миссионерлик ҳаракати анча олдин бошланган, бу жойларда европаликларни учратиш одатий ҳол бўлиб қолган. Ҳатто Рубрук Мўғулистонда Рим папаси элчиси Иоанн де Полиранога дуч келган. Ўзи билан бирга келган монах Бартоломео эса шу ердаги черковда қолади.
Вилгельм Рубрук 1254 йил 6 июнда Қорақурумни тарк этади ва келган йўлини бироз ўзгартириб Волгабўйидаги Астрахань (Ҳожи тархон)да тўхтайди. Сайёҳ Дарбанд ва Арзрум орқали Кичик Осиёга ўтиб, у ердан Ўрта ер денгизидаги Акка бандаргоҳига йўл олади. У 1255 йил июнь ойида Кипрнинг Фамагуста бандаргоҳига, икки ойдан сўнг эса ўз монастирига етиб боради.
Дипломатик нуқтаи назардан Рубрукнинг бу сафари француз қиролига ҳеч қандай наф келтирмади. Чунки ҳамкорлик борасида гап кетганда улуғ хон қиролнинг расман унга бўйсунишини талаб этган эди. Албатта, унинг қаламига мансуб битиклар тегишли доираларда обдон ўрганилади. Лотин тилидаги асар 1589 йилда илк марта “Шарқ мамлакатларига саёҳат” номи билан нашр этилади.
Китоб 53 бобдан иборат бўлиб, унда саёҳатчи барча кўрган-кечирганларини батафсил акс эттирган. Муаллиф нима кўрган, эшитган бўлса, атрофлича баён этади. Масалан, “Уй тутуми, одатлар ва бошқалар” деган 3-боб шундай бошланади: “Татарлар уй қурса, эшикни жанубдан очади. Тўрда хўжайиннинг хонаси бўлади, ундан чап тарафда, яъни қуёш чиқиш ёқда аёллар бўлмаси жой олади...” Шу хилда мўғулларнинг ётиб-туришидан тортиб, овқатланиши, таомланиш пайтидаги еб-ичиш тартиблари, ичимликлар ва овқатлар, уларнинг тайёрланиши, эркаклар ва аёллар кийим-кечаклари, ҳатто соч олдиришнинг усуллари ва иримлари, хуллас, ҳамма нарса ҳақида муфассал маълумотлар берилади. Жойларнинг жуғрофий тузилиши, дарёлар, тоғлар, бошқа манзиллар ҳақида-ку ипидан-игнасигача таърифлар келтирилади.
Рубрукнинг фаолияти илмий доираларда муносиб қадрланиб, ушбу китоб ўрта асрларнинг нодир жуғрофий дурдонаси, деб ҳам баҳоланади. Бу бежиз эмас. Рубрук биринчи марта Каспий денгизини муфассал тасвирлаб беради ва Марказий Осиё рельефида Марказий Осиё тоғлар тизмаси мавжудлигини таъкидлаб кўрсатади. “Бу ҳудудларни биродарим Андре (Лонжюмо) жануб ва шарқ томондан айланиб ўтганди, мен эса шимол ва ғарбдан кузатиб чиқдим”, деб ёзади у.
Рус шоири Николай Заболоцкий “Рубрук Мўғулистонда” деган поэма ҳам ёзган. “Шарққа саёҳат” китоби А.Малеин таржимасида 1911 йилда рус тилида нашр этилган. Ундаги маълумотлар Осиё, жумладан, Ўрта Осиёга уюштирилган кейинги экспедицияларда жуда асқотгани шубҳасиз. Китоб 1957 йилда Москвада қайта нашр этилган. Гарчи В.Рубрук айнан бизнинг диёримизда бўлмаган, у ҳақда маълумот бермаган бўлса-да, аммо ҳудудлари, тарихи туташ эл-элатлар ҳақидаги битиклари биз учун ҳам қизиқарли. Чунки турмуш тарзимизнинг кўп қирралари Рубрук таъриф этган ҳаёт манзаралари билан жуда ҳамоҳанг эди.
Олимшон БУРХОН
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ