Бугунги туркий тилли халқлар орасида арузда ёзиш анъанаси ўзбек адабиётида нисбатан кўпроқ учрайди. Замонавий шеъриятимизда арузга хос бир қатор жанрлар янада такомиллашиб, янгидан янги хусусиятлар билан бойиб, ривожланиб бораётир. Шулар орасида энг оммалашганларидан бири тахмис (мухаммас)дир.
Мутахассислар фикрича, мумтоз Шарқ шеъриятининг мусаммат туркумига кирувчи жанрларидан бўлган мустақил мухаммас ўзбек мумтоз адабиётига XIV аср бошларида кириб келган. Дастлабки намунаси Ҳофиз Хоразмий қаламига мансуб. Адабиётшунос Ҳамид Сулаймоннинг таъкидлашича, шоир девони XV асрнинг 30-йилларида китобат қилинган.
Мустақил мухаммас ҳар бир банди беш мисрадан иборат шеър сифатида ёзилса, шаклан унга жуда ўхшаш бўлган тахмис аслида бир шоир томонидан бошқа бир шоирнинг ғазали байтларига уч мисрадан орттирилиб, ҳар бир банди бешлик шаклига келтирилган шеърдир. Шунинг учун тахмис кўпинча икки шоир қаламига мансуб бўлади. Баъзан шоир ўз ғазалига ҳам тахмис боғлаши мумкин. Адабиётшунос Ёқубжон Исҳоқовнинг таъкидлашича, “...тахмис усули ҳар бир шоир учун маҳорат синови, илҳомлантирувчи куч ёки бирор муҳим фикрни рўёбга чиқариш воситаси бўлиши мумкин”. Айтиш лозимки, ҳар икки ҳолатда ҳам бир жанр (кўпинча ғазал, баъзан қасида ёки мустазод) асосида иккинчи бир жанр (тахмис) вужудга келиши кузатилади. Манбаларда айтилишича, тахмис ёзишнинг ҳар икки усули ҳам Алишер Навоий ижодидан бошланган ва ҳозиргача давом этмоқда.
Бугунги ўзбек шеъриятида тахмиснинг асосан бошқа шоир ғазалига боғланган тури кўп учрайди. Хусусан, Алишер Навоийга мухаммаслар анчагина. Бунда барча шаклий ва мазмуний жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш, асос ғазал байтларига ҳар жиҳатдан мос мисралар қўшиш талаб этилади. Акс ҳолда, тахмис учликлари асос ғазалга тенглаша олмайди ва фақат шаклбозлик вужудга келади.
Таниқли шоир Жамол Камолнинг “Сайланма”си 1-жилди – “Аср билан видолашув” тўпламига (2007) киритилган қуйидаги банд билан бошланувчи тахмисни ушбу жанрнинг анча мукаммал намуналаридан дея эътироф этиш мумкин:
Йўқ, чақиндин эрмас ул осмон қизил, сориғ яшил,
Ё шафақдин ҳар тараф рахшон қизил, сориғ яшил,
Ё чаманда лолаю райҳон қизил, сориғ яшил,
Хилъатин то айламиш жонон қизил, сориғ яшил,
Шуълайи оҳим чиқар ҳар ён қизил, сориғ яшил...
Тахмисда муаллиф қўшган мисралар шаклан ҳам, мазмунан ҳам Навоий ғазалининг байтларига ҳамоҳанглигини кўришимиз мумкин. Биринчидан, ғазал арузнинг “рамали мусаммани маҳзуф” (фоилотун, фоилотун, фоилотун, фоилун) вазнида ёзилган, тахмис мисралари ҳам шу вазнда. Иккинчидан, Навоий ғазалининг матлаъсидаги мисралар сабаб ва оқибат мазмунини англатган: “Жонон хилъати (уст кийими) “қизил, сориғ яшил” ранглар билан жилоланди, (буни кўргач, ўзимни тутиб тура олмадим ва) ҳар тарафга оҳимнинг қизил, сориғ яшил ранглардаги шуълалари таралди”. Жамол Камол тахмис ёзиш анъанасига мувофиқ байтдаги сабаб мазмунини теранлаштиради, оқибатдаги ранглар таралаётган макон тушунчасини осмон, чаман кабилар билан ойдинлаштиради. Шоирнинг таъкидлашича, осмоннинг қизил, сориғ яшил рангларда кўриниши чақиндан ёки шафақдан ҳар тарафга таралаётган ёки чамандаги лолаю райҳонлар рангидан эмас, балки жонон хилъати ранглари билан боғлиқ.
Жамол Камол Навоий ғазали асосида танлаган қофиялар ҳам тахмис бандининг шаклан мукаммаллигини таъминлаган. Қофия илмига кўра Навоий қўллаган “жонон”, “ҳар ён” сўзлари “мурдаф қофия”нинг “ридфли муқайяд қофия” турига мансуб. Бунда қофиядош сўзларнинг “равий”си – “н” ундошидан олдин “ридфи аслий” ҳисобланган “о” унлиси келтирилган. Жамол Камол танлаган “осмон”, “рахшон”, “райҳон” сўзлари ҳам қофиянинг шу турига тааллуқли. Яна бир ҳолатга эътибор қаратиш зарур. Биринчи мисрада ишлатилган “осмон” сўзи аслида “о-с-мон” тарзида чўзиқ+қисқа+чўзиқ (– V –) ҳижолардан ташкил топган. Шоир уни икки чўзиқ ҳижо (– –) сифатида қўллаган. Бундай ҳол замонавий ўзбек адабиётига мансуб арузий шеърларда тез-тез учраб туради. Бандда ишлатилган тил бирликлари ҳам Навоий шеърияти тилига мослиги ғазал байти ва тахмис учлигининг ўзаро уйғунлигини таъминлаган.
Замонавий ўзбек адабиётида хоразмлик Шоира Шамснинг “Самандар” (2019) шеърий тўпламидан ўрин олган тахмислар мукаммаллиги билан ажралиб туради. Уларнинг аксарияти Алишер Навоий ғазалларига боғланган. Шоира улуғ салафининг ғазаллари мавзуси, бадиий-эстетик ғояси, поэтик тили ва бадииятига алоҳида эътибор қаратади. Навоий мисраларида ифодаланган мавзуни чуқурроқ очиб бериш, шоир айтмоқчи бўлган фикрни янада теранлаштириш, ғазалда ёритилган лирик манзарани янгидан янги тафсилотлар билан бойитиш, ғазал мазмунига тўлиқ мос келадиган бадиий тасвир воситаларидан унумли фойдаланишга интилади:
Турналардек нола қилдим, титради афлок “дол”,
Келди сенсиз қолмиш олам бошига фасли завол,
Фурқатинг – дийдор эмди, дарду ҳижронинг – висол,
Боғ мендек сорғориб, булбул менингдек бўлди лол,
Гўйиё мундоқ бўлур бир гулдин айрилғонға ҳол.
Мазкур тахмисга асос бўлган ғазал тўққиз байтли, тахмис ҳам тўққиз банддан иборат. Демак, шоира тазмини кулл – тўлиқ тазмин усулини қўллаган. Навоий ғазал матлаъсида “боғ менга ўхшаб сарғайди, булбул менингдек лол (тилсиз) бўлиб қолди, гўё бир гулдан айрилган (киши) шундай ҳолатда бўлармиш” деган. Кўриниб турибдики, асос байт ва қўшилган мисраларнинг шаклан ва мазмунан тўла уйғунлигига эришилган.
Шоира Шамс Алишер Навоий мисраларидаги боғ, мен, булбул, гул поэтик тимсолларини турналар, афлок, сен, олам каби янги тимсоллар билан бойитиб, асос байт мисраларидаги ташбеҳлар мазмунини янада мукаммаллаштиради. Шуниси диққатга сазоворки, мазкур тахмиснинг ҳар бир бандида ана шундай бадиий-эстетик мукаммалликни кузатиш мумкин.
Тахмиснавислик анъанасини давом эттираётган замондошларимиздан яна бири сурхондарёлик Отамурод Поёндир. “Тонгдек тиниқ тилаклар” шеърий тўпламидан (2020) жой олган мухаммаслар (тахмислар)нинг учтаси Алишер Навоий ғазалларига боғланган. Отамурод Поён тахмис боғлашга масъулият билан киришади. Асос ғазал байтларига янги мисралар қўшар экан, мазмун ва шакл, ҳатто услубнинг уйғунлашишига ҳаракат қилади. Ҳар бир бандда асос байтда ишлатилган бадиий санъатлар, тил хусусиятларининг янада ёрқинроқ акс этишига эришади. Қуйидагича бошланувчи тахмис бунга мисол бўла олади:
Ёр учун марғуб таманно бўлса ҳарчанд айлангиз,
Менга зулму кин этишни кори судманд айлангиз,
Даргаҳин қатлим учун қалъаи дарбанд айлангиз,
Ул пари кўйида мен девонани банд айлангиз,
Банд-бандим зулфи занжириға пайванд айлангиз.
Алишер Навоий қаламига мансуб мисраларда мумтоз қофиянинг банд, пайванд каби ридфи зойидли мурдаф қофия тури қўлланилган. Бунда қофиядош сўзлар таркибидаги а унлиси чўзиқ талаффуз қилинган ҳолда ридфи аслий, д ундоши равий, улар орасидаги н ундоши эса ридфи зойид (орттирилган ридф) ҳисобланади. Мазкур байтга Отамурод Поён томонидан қўшилган мисраларда ҳам қофиянинг айнан шу турини юзага келтирувчи ҳарчанд, судманд, дарбанд каби сўзлар қатнашган. Байтга қўшилган мисраларнинг луғавий таркибига эътибор қаратадиган бўлсак, унда ҳам Алишер Навоий асарлари тилига хос марғуб таманно, зулму кин, кори судманд, даргаҳ, қалъаи дарбанд каби ифодалардан маҳорат билан ўринли фойдаланилганининг гувоҳи бўламиз. Тахмиснинг қолган бандларида ҳам шундай ҳолатни кузатиш мумкинки, бу шоирнинг маҳоратидан дарак беради.
Ургутда дунёга келган ширинзабон арузнавис шоирларимиздан бири Очилди Қўйсун (Очилди Азиммуродов) ҳам Алишер Навоий шеърияти ихлосманди. У дилбар ғазаллари, панднома фардлари ва тўртликлари ҳамда мухаммас ва тахмислари билан мухлисларига яқиндан таниш. Айниқса, тахмислари асос ғазалларга шаклан ва мазмунан жуда мослиги, янги ташбеҳлар, бадиий унсурлар ва теран фалсафий мазмун ва мушоҳадага эгалиги билан алоҳида ажралиб туради. Шоир тахмисларининг ўттизга яқини Алишер Навоий ғазалларига боғланган.
Очилди Қўйсун жанр талабларини чуқур ўзлаштирган ҳолда ижод қилади. Энг аввало, аруз вазни қоидаларига тўла риоя этишга интилади.
Қилғаним бирла жадал, ғам-қайғу жилгудек эмас,
Ҳасратим ул бағритош бағрини тилгудек эмас,
Ул пари мақсуди дил дардимни билгудек эмас,
Эй кўнгул, ҳолингга ул ой раҳм қилғудек эмас,
Зорлиғ бирла ишим андин очилгудек эмас.
Асос байт ҳам, тахмис учлиги ҳам арузнинг рамали мусаммани маҳзуф (фоилотун, фоилотун, фоилотун, фоилун) вазнида ёзилган. Ҳам шаклий, ҳам мазмуний мутаносибликка алоҳида эътибор қаратилган. Шоир қўшган учлик мисралари асос байт мазмунини янада кенгайтириб, лирик қаҳрамон кечинмаларини тўлақонли очиб беришга хизмат қилмоқда. Жилгудек, тилгудек, билгудек сўзлари Алишер Навоий байтидаги қилгудек, очилгудек қофиядош сўзларига тўлиқ ҳамоҳанг бўлиб, байт мазмунини ойдинлаштиришда катта аҳамият касб этган.
Албатта, бугунги тахмиснависликда камчиликлар ҳам йўқ эмас. Аруз вазнидаги ғазалга бармоқ вазнида тахмис боғлаш, арузда ёзилганларида эса чўзиқ ва ўта чўзиқ ҳижоларни фарқламаслик каби ҳолатлар учраб туради. Бир мақола доирасида замонавий тахмиснависликнинг барча жиҳатларини қамраб олишнинг имкони йўқ. Мазкур анъана янада кенгайиб, адабиётимизга янги-янги номларнинг кириб келишига сабаб бўлмоқда. Бу эса масалани адабиётшунослик нуқтаи назаридан илмий тадқиқот даражасида ўрганишни тақозо этади.
Толибжон РЎЗИБОЕВ,
Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби ўқитувчиси
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ