Кеча, 25 январь куни соат 11:00 атрофида юртимизнинг кўплаб ҳудудларида бирваракайига ўчган электр ва бугун тонгга қадар давом этган “қоронғи сешанба” ҳақида ижтимоий тармоқларда муҳокамалар қизғин давом этмоқда. Электр таъминоти тикланиб, алоқа воситалари ишлай бошлаши ҳамоноқ ҳамма мулоҳазаю таассуротлари билан бўлишишга шошилди. Ҳатто электрга, шамга, энергетикларга аталган шеърлар ёзилди. Oyina.uz фикрларни саралаб, эътиборингизга ҳавола этади.
Беҳзод Ҳошимов,
иқтисодчи:
– Бундан сал кам йигирма йил олдин, АҚШда дунё тарихидаги энг катта электр ўчиши содир бўлган эди. Асосий истеъмолчиларга 7 соатда чироқ қайтди, умуман олсак, барча асоратларини йўқотишга 4 кун кетди. Бунинг сабаби изчил ўрганилган, тадқиқот ва тергов натижаларини ўқисангиз бўлади. Программада, яъни софтда муаммолар ҳам бўлган (инсон фактори, нотўғри бошқарув ва дастур хатоси учта асосий сабаб қилиб кўрсатилган). АҚШ ва Канаданинг 50 миллиондан ортиқ аҳолиси бир неча соат электрсиз қолиб кетиши кибер сабабларга кўра содир бўлгани, албатта, диққатга молик масала. Бу ўчишни натижасида жуда кўп хатолар устида ишланди, Европа ва АҚШ электр таъминоти тизимлари киберҳужумлар ва киберхатоларга текширилиши кераклиги ва доим стресс тестлардан ўтказиш зарурлиги ҳақида бир нечта қарорларга келинди. Кутилмаган кулфат оқибатида ҳар хил сабаблардан 100 нафар инсон қурбон бўлгани ҳам қайд этилган.
Хатолар устида ишлаш натижасида АҚШ конгресси машҳур Энергетик сиёсат қонунини 2005 йили қабул қилди. Келажакда ҳам, террористик ёки бошқа таҳдидлардан, киберҳужумлардан, программа ва инсон хатоларидан свет ўчишининг олдини олиш ҳаракатлари акс эттирилган. Муҳими, фавқулодда вазиятда қандай стратегия қилиниши кераклиги ҳақида режалар тузиб чиқилган. Ўша воқеалар асосида қабул қилинган қонун ҳали ҳам Шимолий Америкадаги энергетик сиёсатда қўлланиладиган саъй-ҳаракатларни белгиловчи асосий ҳужжатлардан саналади.
Ўйлайманки, биздаги бугунги воқеалар пайтидаги ҳукуматнинг тез ва яхши шаклланган коммуникация тактикаси ва кулфатнинг олдини олишга ҳаракатлари келажак учун тайёрланадиган қонунчилик яратилишида тажриба сифатида инобатга олинади. Инфратузилма борасидаги қонунчилик – қурилиш ва эксплуатацияга оид масалалар, мавжуд қонунчиликка амал қилиниши ва бажаришдаги муаммолар, электр энергия нархларини бозор сиёсатига ҳамоҳанг қилиш ва энг муҳими, Ўрта Осиё энергия тизимини, худди шунга ўхшаш тизим, Шимолий Америка тизимининг асоси бўлмиш NERC стандартларига қараб ислоҳот этиш, албатта, бу узоқ ва узун жараён. Лекин бугунги кун сабоқлари бу масалаларга жиддий эътибор беришимиз кераклигини эслатмоқда.
Бундай фавқулодда ҳодисаларда ўз кучи ва ғайратини аямай меҳнат қилаётган барча хизматчилар ва масъул ташкилотларда фаолият олиб борувчиларга миннатдорчик билдирмоқчиман. Кутилмаган кулфатлар пайтида оқилона чоралар кўриб, асоратларнинг иложи борича олдини олишга ҳаракат қилаётган барча инсонларга ташаккур айтмоқчиман. Ҳақиқатдан, шундай пайтларда давлат хизматлари сифати қанчалик муҳимлиги ва кераклилиги ҳақида инсон ўйланиб қолади. Давлатнинг асосий функциялари ҳам айнан шундай вазиятларда яққол сезилади.
Хушнудбек Худойбердиев,
ҳуқуқшунос:
– Хотиржамлик учун раҳмат. Тўртта катта чорраҳадан ўтдим. Табиийки, барчасида светофор ишламаяпти. Лекин шундай бўлса-да, ЙПХ ходимлари назоратни қўлга олган. Назорат йўқ жойларда ҳам ҳайдовчиларда ғайритабиий тарзда хотиржамлик ва тартибни кўрдим. Ҳайрон қолдим, очиғи. Аксинча, одатий кунларда ўша чорраҳаларда доим “бардак” бўларди.
Барча одамлар фавқулодда ҳолатни тўғри тушунган, сокинлик ва ички хотиржамликни йўқотмаган, бир-бирига ҳурмат билан муомала қилмоқда. Ваҳима ва саросима кўрмадим.
Фавқулодда вазиятда хотиржамлигини йўқотмаган барча юртдошларимизга катта раҳмат. Тезда ўз касбий бурчини бажариб, йўлларда назоратни қўлга олган ЙПХ ходимларига алоҳида респект!
Барно Султонова,
журналист:
– Мен учун чироқнинг ўчиб қолгани, метрода ё лифтда одамларнинг қолиб кетгандаги таҳликалари эмас, мусибатдан фойдаланиб шамни қиммат қилиб сотган оломон хавфли. Айтайлик, талабалар ёппасига уйга кетаётганда йўлкирани осмон қадар кўтарадиган оломон хавфли. Мен ўқиган бадиий асарларда, мен кўрган хориж киноларида битта мақсад бор, ОДАМ ҳар қандай вазиятдаям ОДАМ бўлиб қолиш керак. Айтайлик, инсоннинг ҳайвондан фарқи нимада билинади. Масалан, сувга тушиб кетган мушукни ўзи чўкиб кетиш, шамоллаб қолиш эҳтимоли бўла туриб қутқарган инсон ҳақиқий инсон ҳисобланади. Ёки қўлидаги энг охирги бўлак нонини оч одам билан бўлишган киши ҳақиқий инсонийлигини йўқотмаган, сақлаб қолган саналади. Айтинг-чи, ўша таксичилар, шамчилар шу қадар очми, уйи, машинаси йўқми, фурсатдан фойдаланса. Тасаввур қилинг, кинолардагидек қуёш йўқолиб қолди ва ерда ҳаёт тугади. Аниқ биламан, айнан шундай одамлар бир бурда нон учун бир-бирининг гўштини ейди. Каннибалларга, одамхўрларга айланади. Афсуски, орамизда бундай оч кимсалар кўп, жудаям кўп. Мусибатдан фойдаланиб фойда қилиб қолишни ўйлайдиган пасткашлар билан ривожланмаймиз.
Назокат Азим,
Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот котиби:
– Соат 20:00. Свет йўқ. Телефонда алоқа ҳам йўқ. Ҳар 10 дақиқада онамга телефон килаверганим учун қуввати ҳам тугаяпти. Ниҳоят, уланди, уларга тушдим. Хайрият, “дом”ларига свет беришганига ярим соат бўлибди. Кайфиятлари зўр. Маҳалладаги дўконда шам учун одамлар тўполон қилишганини, қон босими кўтарилиб уйга кирганлари, кейин қўшнининг ўғли шам олиб кириб бергани гурунгини қилдилар.
Соат 20:30. Олдимиздаги 24 та “дом”дан иборат маҳаллага свет беришди. Уларнинг деразаларига ҳавас билан қараймиз. Бизда ҳамон чироқ йўқ. Телефонимнинг интернети аранг ишлаяпти. Узилиб, яна зўрға уланади, телеграмдангина маълумот олиш мумкин. Энергетика вазирлиги каналини тез ўқиб оламан. Тинишмаяпти.
Соат 21:00. Электр йўқ. Телефонимнинг заряди тугади. Шамда китоб ўқишга ҳаракат қиламан. Йў-ўқ, шам тугаб қолса-чи? Эртага свет бўлмаса, кейин шам тополмасак. Хўжайин ўқийверинг, пилик қиламиз, ёғ бор-ку дейди, пинагини бузмай. Йўқ, уй сасийди ундан... Шамни ўчираман. Ухлаймиз.
Соат 24 лар. Кўзимни очсам, свет келибди! Ура! Энергетика вазирлиги Супер Лео бўлиб кетинглар-ей! Яқиндагина Энергетика вазирлиги матбуот хизмати шундай номли китобларни кутубхонамизга совға қилиб кетганди. Хаёлимга шу келибди. Қойил! Барака топинглар!
Азиза Қурбонова,
тележурналист:
– Бугун ҳаммамиз – ота-онам, ака-укаларим оиласи ва бизнинг оила (ота ҳовлимга қўшни бўлиб яшаймиз) қўшилиб, телефонсиз, телевизорсиз кечки таом едик. Битта уйни иситиш осон, 15 киши бир уйда йиғилса, совуқ ҳам сезилмайди.
Ҳамма ўзининг бугунги иш куни қандай ўтганини айтди, дўкондан шам сотиб олиш, сув олиш, бензинга навбатга туришганини гапириб берди. Роса кулишдик, роса муҳокама қилдик, роса ўйландик ҳам.
Арча кўчадаги хонадонлар азалдан улгуржи кола-фанта, сув сотади. Акам йўл устида тўхтаб, уйга ичимлик суви олмоқчи бўлибди, блоклаб сув юклаб келган фурадан туширишга ҳам улгуришмай, одамлар қий-чув талашиб кетганини айтди. Укам дўконга чиқса, кўтарасига шам сотиб олиб, дўкон атрофида устига нарх қўйиб пуллаётган чайқовчилар пайдо бўлибди.
Яна бир укам машинада АЁҚШда 1 соат навбатда турган пайти қандайдир икки масъул келиб, бензин беришни тўхтатиш кераклигини айтибди. Одамлар машинасидан тушиб, “Нега бензини бўлса, бермаслиги керак, кимсиз ўзи”, деб гапирганидан кейин боягилар нари кетибди.
Адамнинг айтишларича, агар ишдан вақтида қайтмаганларида жуда ёмон ҳолат бўлиши мумкин эди. Свет ўчганида газ босими ниҳоятда ошиб кетган. Ҳовлининг бир қисмини иситиш тизими ОГВ агрегати ертўлада жойлашган. Газ гуриллаб ёниб, темир ускуна эришни бошлаган... Онамнинг айтишларича, шунча йил яшаб энергоколлапс нималигини биринчи марта кўрибдилар.
Шунақа гаплар. Ғалати бир авлод бўлдик. Дунёнинг тотал карантини қандай бўлишини кўрдик, Тошкентда “Интерстеллар” эпизодини кўрдик, энди мутлақ электр токи бўлмаса, қандай бўлиши мумкинлигини ҳам кўрдик.
Ҳаммаси тезда изига тушаётгани рост бўлсин. Телефонимда, повербанкларда зарядка оз қолди, шамлар ҳам. Тез орада пойтахтдаги Учтепа қишлоғим чироғини ҳам ёқиб юборишар, деган умиддаман.
Нурбек Алимов,
блогер:
– Ташаккур. Кечаги ишлар бошда бор экан, кўз кўрди. Бир қатор позитив ҳам бор. Масалан, алоқа 2-3 соатда ўчади дейилган бўлса-да, шахсан менда умуман узилмади. Тошкентдаги оилам билан ҳам, Андижондаги жигарларим билан ҳам алоқани ушлаб турдим. Ўзим ўртада қолиб кетган бўлсам-да.
Аэропортда кутиш соатлари интернетсиз жуда зерикарли машғулотга айланган бўларди, аммо интернетим ҳам умуман узилмади. Алоқачиларга ҳам катта раҳмат.
Ундан ташқари, мелиса братларам ҳамма шаҳарларда дам олишсиз режимда ишлашди. Уларни кўриб хотиржам бўласан одам. Зимистондан фойдаланиб ими-жимида у-бу номақбул ишлар кузатилмади. Совуқда юришди кўчаларда.
Эшитишимча, Тошкентда нақд пулга сув савдоларини ҳам ваҳимага йўл қўймасдан яхши назорат қилишибди шу братлар. Светофорсиз йўллардаги назорат ҳам аъло даражада олиб борилибди.
Хуллас, муҳими ваҳима бўлмади, мен-ку оиламнинг бағрига етиб олдим, аммо кеча уйига келмаган хизматдаги братлар қанча, эҳе... Барчага куч-қувват! Раҳмат!
Қамариддин Шайхов,
журналист:
– Қаерга қарама, ҳамма шукр айтяпти. Саройлар, ситилар қурилишига сарфланган пул ва ақл совет давридан қолган умумий тармоқдан ажралиб чиқишга етмаганига шукр қилишимиз керакми? Тушунмадим?! Биз кўкларга кўтарган мустақиллик электрдан мустақилликни ҳам ўз ичига олмаганига ачиндим.
Электрга шукр айтсак, нонга шукр айтсак, Москопга одам жўнатиб, мардикорлардан келаётган пулга тўй қилаётганимизга шукр айтсак… Эй воҳ, свет ўчса ҳам, шукр айтсак. Нақадар сершукр одамлармиз.
Энергетика вазирлиги, ҳукумат счетчикларни ўзгартириш ва шунга ўхшаган бошқа майда ва кўпроқ кимнингдир чўнтагига хизмат қилиши мумкин бўлган нарсалар ўрнига мана бундай глобал масалалар билан шуғулланиши керак эмасмиди? Нега ҳамон 70-йилдан қолган эски тармоқда ўтирибмиз? Нега электр энергиямиз мустақил эмас? Нега бутун республиканинг кнопкаси кимнингдир қўлида?
Хавфсиз пойтахт, вазиятлар маркази, кузатув камералари… Бир деганда ўчди. Ҳовуз қурмай сузишни ўргатишнинг оқибати шу бўлади.
Энг ёмони, иқтисодиёт катта зарар кўрди. Нега? Бошқаларнинг хатоси учун қайсидир тадбиркор касодга учраши керак? Нега гўштлар дўконларда сасиб қолиши керак? Нега шам нархи ошиб, ажиоташ бошланиши керак? Нега нон корхоналарида дизель, сув захираси, генераторлар йўқ? Фавқулодда ҳолатларда нега нариги туманга нон қидириб чопиш керак? Шуларга шукр қилайми мен?
Ўйлайманки, Президент Шавкат Мирзиёев айбдорларни жойига ўтқазади.
Музаффар Акрамов:
– Кўпга келган тўй.
Президентимиз бошчиликларидаги жуда катта командага чуқур миннатдорлик билдирмоқчиман.
Бугунги техноген вазиятни бартараф қилиш ва одатий турмуш тарзига қайтиш учун амалга оширилаётган тезкор чоралар таҳсинга сазовор.
Яқиндагина бу каби ҳолат МДҲнинг энг ривожланган давлатларидан бирида (номини атайин кўрсатмадим) ҳам кузатилган – натижада шу мамлакат фуқаролари тўрт-беш кун чироқсиз ўтирган эди.
Бизнинг ҳукумат эса бу муаммони 1 суткага ҳам қолмасдан деярли ҳал қилди. Аҳолига кўрилаётган чоралар ҳақида кун мобайнида батафсил маълумот бериб борилгани халқимиз орасида турли миш-миш ва ваҳималар тарқалишининг олдини олди. Халқ билан мулоқот ва очиқлик-ошкоралик сиёсатининг амалий натижаси шу бўлса керак.
Ҳокимликлар, коммунал хизмат кўрсатиш тузилмалари, энергетиклар ва албатта, коллапс вақтида чорраҳаларда тартибни дарҳол қўлга ола билган ички ишлар ходимларига алоҳида ташаккур!
Фахрландим!
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ