Адабиёт
Жаҳон адабиётшунослигининг ҳозирги кундаги энг катта муаммоларидан бири санъатлараро синтезни ўрганиш бўлиб қолмоқда. Зеро, глобаллашув даврида муайян санъатни иккинчи бир санъат туридан айро ҳолда ўрганиб, тўлақонли тушуниб бўлмайди. Санъат турларининг ўзаро синтези муайян санъатни ўзгасининг ифодавий имкониятлари билан бойитиб, бадиий образнинг эстетик қувватини оширади. Бугунги адабиётшунослигимиз томонидан бадиий адабиётни тасвирий санъат, кино, театр ва мусиқа билан бир қаторда, уларнинг ўзаро чоғиштирган ҳолда ўрганилиши, аввало, даврнинг талабидир.
70-80-йилларда, умуман, замонавий ўзбек шеъриятидаги лисоний визуал тасвирда шоир Хуршид Даврон ижодининг ўрни беқиёс. Унинг шеърлари рангтасвир санъатига бошқалардан кўра кўпроқ яқинлашади.
Тасвирлари эса ҳаққоний ва таъсирлироқ чиқади:
Ер устида нурлар сояси...
Ойдин тун бу!
Гўё жодугар
Шаҳар узра ҳарир оқ дока
Ташлаб қўйиб томоша қилар
(Даврон Х. Баҳордан бир кун олдин. Т.: Шарқ, 1997. – Б. 15).
Шоир Хуршид Давроннинг 1980 йилда ёзилган “Самарқандда ойдин тун” номли шеърида яхлит манзара тасвирланади. Яъни, шеърни ўқиркансиз, кўҳна Самарқанднинг тунги – ойдин манзаралари кўз ўнгингизда жонлана бошлайди: Самарқанд шаҳри... Тун... Тўлин ой шу қадар ёрқинки, кўчада бино ва дарахтлар соя ташлаган... Аммо шоирнинг мақсади фақатгина гўзал манзарани тасвирлашдан иборат эмас. Адабиётшунос Б.Назаров Х.Даврон лирикаси ҳақида сўз юритиб дейди: “Хуршиднинг аксар шеърлари кўпинча табиат тасвиридан ташкил топувчи тиниқ ва бокира образлар уйғунлиги билан нафас олади. Пировардида, шеър финалида, бирор ижтимоий масалани ёритиш даражасига кўтарилади” (http://kh-davron.uz/ijod/adib/baxtiyor-nazarov-yuragimning-derazalari.html). “Самарқандда ойдин тун” шеърида ҳам айни шу жиҳатни кўриш мумкин. У ўзи “чизаётган” манзара қаърига катта ижтимоий дардни яширган. Кейинги бандларда ижодкорнинг бу мақсади янада ойдинроқ кўринади:
Осмон гулхан чўғлари тушиб
Милт-милт этиб ёнаётган шол.
Арвоҳларнинг безовта туши –
Чинорларни силкитган шамол.
Осмондаги юлдузлар гўзал истиора билан чўғга, осмоннинг ўзи эса секин-аста ёнишни бошлаган шолга (бўйинга осиб ёки тешигидан кийгизиб қўйиладиган жазо тахтаси) ўхшатилади. Бу ўринда шоир мустабитнинг секин-аста емирилиб, тугаб бораётган истибдодига ишора этаётганини кўришимиз мумкин. Безовта руҳлар эса улуғ аждодларимиз, буюк ўтмишимизга ишора. Лекин шоир бу икки бадиий ташбеҳни-да муайян тасвир асосида берадики, сиз шеърни ўқиб рамзлар тили билан тасвирни эмас, балки тасвир воситасида рамзлар тилига кириб борасиз. “Самарқандда ойдин тун” шеърида ўтган асрнинг 80-йилларида халқимиз зиёлилари ичида янада оловланган истиқлол орзусининг тафтини ҳис этиш мумкин. Зеро, шоир тасвирлаётган манзаранинг ҳар бир детали истиқлол туйғусига ишора этади. Аммо бу шеърда бизнинг эътиборимизни тортган энг муҳим жиҳат асар ортидаги субъектнинг шоирга ўхшамаслиги, у кўпроқ ўз ҳисларини тасвир асосида етказишга уринаётган “мусаввир” эканлиги бўлди. Зеро, мусаввир ўз томошабинига нутқи воситасида сўзламайди. У тасвир, бўёқлар тилида сўзлайди.
Хуршид Даврон шеъриятига таъриф бераркан, адабиётшунос И.Ғафуров шундай ёзади: “Клод Лоррен сувратларини кўрганман. Уларда қасрларнинг вайроналари жуда қадим замонлардан қиссалар айтаётгандай. Сокин кўрфазлар, қанотли малоикалар, кўпириб ётган оқ булутлар, тонглар, тунлар, сўлим чошгоҳлар... Хуршид Давроннинг шеърларини ўқиганда Клод Лоррен сувратлари ёдимга тушади” (Даврон Х. Баҳордан бир кун олдин. – Т.: Шарқ, 1997. – Б. 3). Адабиётшунос шоир асарларини Лоррен суратларига ўхшатаркан, қуйидаги шеърни назарда тутган бўлса ажаб эмас:
Булутлар юзади…
Ой боқар ҳайрон…
Булутлар оловда ёнган даланинг
Ўртасида турган қадим қалъанинг
Деворлари каби куюк ва вайрон
(Даврон Х. Тўмариснинг кўзлари. – Т.: Ёш гвардия, 1984. – Б. 84).
Х.Давроннинг лирикада кўпроқ тасвирийликка интилиши тасодиф эмас. Бунда, энг аввало, воқеликни кўриш орқали эстетик идрок этиш қобилияти талаб қилинади. Шоир ўз ҳис-туйғуларини ифода этаркан, бу ифода ижодкорнинг эстетик қобилиятлари билан ҳамоҳанг тарзда кечади. Дейлик, шоирда мусиқани ҳис қилиш (музыкальний слух) қобилияти кучли бўлса, бу ўз-ўзидан унинг шеъриятидаги мусиқийликни таъминлайди. Мусаввирларда ва бу соҳани тушунадиган, рангларни ҳис қила оладиган инсонларда эса эстетик кўриш (эстетическое видение) оддий одамларга қараганда бир неча бор устунроқ бўлади. Улар оддий кўз илғамаган нарсаларни “кўради”. Эстетик нигоҳи ўткир одамлар табиатдаги ранглар уйғунлигини ҳам, шаклларнинг бошқалар кўзидан пинҳон мазмунини ҳам ҳис қила оладилар. Бундай одамларда таассурот олиш ва тасаввур қилиш хусусиятлари ҳам бошқаларга ўхшамаган тарзда кечади. Улар табиий шаклларни бирор нарсага ўхшата оладилар. Осмондаги булутларни кемаларга, тоғу тошларни турли ҳайвонларга ўхшата олиши улардаги “кўриш”нинг ўзиёқ образлиликда кечишидан далолат беради.
Шоир Хуршид Даврон ёшлигида тасвирий санъат билан жиддий шуғулланган. Бу борада анчагина қобилиятли бўлган ижодкор кейинчалик ҳам ушбу санъат билан яқинликни йўқотмади. Яъни, уни нафақат истеъдодли шоир, балки тасвирий санъат тарихи, назариясидан яхшигина хабардор бўлган мусаввир сифатида ҳам таниш мумкин. У ёшлигидан Алишер Мирзаев, Исфандиёр Ҳайдаров ва Шуҳрат Абдурашидов каби рассомлар билан яқин дўст, маслакдош бўлган. Бу эса Х.Давроннинг шоир сифатидаги ижодий жараёнида ҳам тасвирий санъат билан яқинликни ҳис этишига туртки бўлади. Шу сабабдан унинг шеърларидаги мусаввирона нигоҳни пайқаш қийин эмас. Х.Даврон шеърлари худди суратдай, шоирнинг ўзи эса мусаввирдай гўё:
Дала...
Ҳорғин бўз туман
Сузиб боради
Жарликларнинг ичида
Қалқиб туради
(Даврон Х. Баҳордан бир кун олдин. – Т.: Шарқ, 1997. – Б. 3).
У яратган образларнинг аксарияти визуаллик хусусиятига эга бўлиб, шеърларида тасвирийлик етакчи. Ижодкор табиатнинг маълум бир манзарасини тасвирлар (чизар) экан, бу реал манзаранинг айнан нусхаси бўлмайди. Манзара шоир ёки рассом қалб қўрида қайта “кўрилади”, ишлов берилади. Тасвир таъсирдор образлар билан бойитилар экан, уни “кўраётган” ўқувчи худди рассом чизган сурат қаршисидаги завқни туя бошлайди:
Ҳовузда чайганча кумуш сочларин,
Қуш инида эримай ётган қордек
Оқариб порлайди дарахт узра ой
(Даврон Х. Тўмариснинг кўзлари. – Т.: Ёш гвардия, 1984. – Б. 92).
Х.Даврон ижодида фақат рангтасвирга хос хусусиятларнинг акс этишини кўриб қолмай, балки бу санъат тарихи, унинг намоёндалари, тасвирий санъат моҳиятига бағишлаб ёзилган шеърларни ҳам жуда кўп учратишимиз мумкин. Бундай шеърлар сирасига “Беҳзод”, “Мусаввир бўлмоқ эрсанг”, “Мусаввир устахонаси”, “Мусаввир”, “Абулҳай сўзи”, “Ван Гог” каби асарларни киритиш мумкин. Айнан шу шеърлар шоирнинг бу санъат борасида хақиқий билимдон эканлигини кўрсатади. Шоир етук мусаввирлардай рангни ҳис этади, унинг асл моҳиятини англай олади. Х.Даврон “Мусаввир бўлмоқ эрсанг” шеърида шундай мисралар бор:
Мусаввир бўлмоқ эрсанг,
Тилингни суғуриб ол
Ва ярадан тўкилган
Қон рангига қулоқ сол
(Даврон Х. Болаликнинг овози. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1986. – Б. 141).
Рангтасвирнинг асл моҳиятига олиб борувчи бу сўзлар мусаввир-шоир тилидангина айтилиши мумкин. Х.Давроннинг рангтасвир билан боғлиқ шеърларидаги эътиборли жиҳат ҳам шунда. Ижодкор шу мавзудаги деярли барча шеърларида рангтасвирнинг хос хусусиятларини теран мушоҳада этади:
Ранг таниш − ҳаётни англамоқ, бўтам,
Ранг таниш − қўрқувдан бўлмоқдир озод
(Даврон Х. Болаликнинг овози. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1986. – Б. 9).
Шоир учун чин рассомларгагина хос туйғулар, кечинмалар (“Санъат”, “Чюрлёнис”, “Биз шундай яшаймиз”) ҳам ёт эмас. Х.Даврон рассом ижодий жараёни ва илҳомланган санъаткор кечинмаларини мусаввирона ҳис эта олади. Бу эса унинг шеърларида ҳам ўз аксини топган:
Деразада муздан қатқалоқ,
Рассом йиғлар, кўзлари хира.
Уни қийнар олис хотира −
Мўйқаламда яшаган титроқ
(kh-davron.uz/ijod/maqolalar/xurshid-davron-musavvir.html).
Шоирнинг рангтасвир санъатига қўйган муҳаббати унинг “Мусаввир бўлмоғ эрсанг” (kh-davron.uz/ijod/maqolalar/xurshid-davron-musavvir.html) номли эссесида янада ёрқинроқ кўринади. Бу эссе машҳур рассом Исфандиёр Ҳайдаров ижодига бағишланган. Эссе биз учун рассом ва шоир ўртасидаги яқинликни янада теран ҳис қилишда жуда катта қийматга эга: “Исфандиёр Ҳайдар шеърни жуда иштиёқ, ҳис-ҳаяжон билан ўқийди. Гўё у чизаётган сувратларга кўчмаган юракнинг ботиний садоларини жаранглатишга имкон топгандай, гўё у яна бўёқлар сукунатига қайтишдан қўрқаётгандай бақириб-бақириб, изтироб билан шеър ўқийди”, ‒ деб ёзади шоир. Гўё у мусаввирнинг шеъриятга талпинишидаги асл ҳақиқатни, сабабиятни илғагандек. Х.Даврон рассом дўстининг сувратларини шеърга ўхшатади. Уни севиб ўқишини айтади: “Исфандиёр чизган сувратларни кўрган кишигина унинг бу даражада куйиб-ёниб шеър ўқиши сабабини англайди ва унга ишонади. Исфандиёр чизган сувратлар ҳам шеърдек жаранглайди. Мен бу шеърларни севаман ва севиб тинглайман”. Муаллиф бу эсседа мусаввирнинг айрим сувратларини шоирона нигоҳ билан шарҳлайди. Улардаги оддий одамлар нигоҳидан пинҳон гўзалликларни кўришга, ранглар қўшиғини тинглашга уринади. Масалан “Бахмалда куз” (РАСМ) картинасига шундай таъриф берилади: “Бахмалда куз. Дарахтлар гулхани борлиқни чулғаган. Остонада тўхтаб қоласан: Сочилиб ётган хазонлар шундай чиройлики, босиб олмай деб хижолат тортасан. Ҳали ёғиб улгурмаган ёмғирлар осмонда. Ҳали дарахт сеҳргарлик билан овора. Ҳали йўллар яқин. Ҳали кутиш мумкин. Тераклар улкан ёнғиннинг тиллари каби осмонга сапчиб турибди. Дарвоза олдидаги аёл ‒ онам ва қизалоқ ‒ синглим қайтишимни кутиб ўтиришгандек...”
Х.Даврон шеъриятида тасвирийлик фақатгина рангтасвир санъати билан уйғунликда кечмайди. Унинг ижодида кино санъати хусусиятларини экс эттирувчи асарларини ҳам кўплаб учратишимиз мумкин.
Кино, албатта, инсониятнинг буюк кашфиёти. Бу санъатда бир неча санъат турларининг синтезлашув ҳолатини кузатиш мумкин. Кинемотография оламни эстетик кўрсатиши, у ҳақда информацияларни бошқа тур санъатлардан кўра бир қадар кучлироқ етказиши билан инсониятнинг чин эҳтиёжидаги санъат бўлиб қолмоқда. Ҳозирда кино кўрмайдиган, унга қизиқмайдиган одамларни топиш мушкул. Кино аллақачон ҳаётимизнинг бир бўлагига айланиб улгурган. Х.Даврон кинонинг ана шу аҳамиятга молик ифода усулларидан фойдалана олади. У объектни лаҳзалик, қотиб турган ҳолатинигина эмас, балки бир қанча муддат давомида, кетма-кетликда содир бўлувчи воқеа (кичик эпизод)ларни ҳам “тасвирга туширади”. Бундай шеърлар сирасига “Рўмол ўраб кўчага чиқди…”, “Жавзо туни…”, “Қуш ўғриси”, “Осмонда булут йўқ…”, “Эшик очилади...” каби шеърларни киритиш мумкин:
Эшик очилади,
Дайди ит каби
Орқага чекинар нимқоронғулик…
Бир эркак чиқади кўчага эснаб,
Гўдак йиғисини яширар эшик.
Эркак қора рангли ёмғирпўшининг
Ёзилган ёқасин кўтариб олар,
Эриниб излайди папиросини,
Шошмасдан тутатар, ўйланиб қолар.
Кейин деразага қарайди сўлғин,
Оҳиста бош силкиб қўяди унсиз.
Бир аёл ойнадан силкитади қўл
Ва эркакни олиб кетади кундуз
(Даврон Х. Болаликнинг овози. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1986. – Б. 24).
Шеърда оддий бир кишининг кундалик юмушларига отланиш пайти тасвирланган. Кичик бир эпизодик тасвирда эркакнинг дардлари, бир зайлда давом этувчи кунларнинг азоби ва шунга маҳкум бўлган инсон тақдири ўзига хос тарзда ифодаланади. Шеър тўлалигича тасвир (ҳаракатдаги тасвир) асосида ёзилиб, унинг эстетик таъсири ҳам ана шу кинемотографик лавҳага сингдирилган. Бунда шоир ҳеч қандай изоҳ ва тавсифларсиз бир неча сониялик эпизодни келтиради. У айтмоқчи бўлган фикрларнинг бари ўқувчи кўз олдида жонланаётган ана шу тасвир воситасида етказилади.
Саъдулло ҚУРОНОВ,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори,
докторант
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ