Болани физиологик ва психологик ривожлантиради – халқ ўйинлари нега ўйналади?


Сақлаш
17:07 / 01.06.2026 234 0

“Миллат характерини шакллантирган ўйинлар – нега болалар ўйин ўйнаши керак?” сарлавҳаси остида мутахассис таҳлили эълон қилинганди. Oyina.uz таҳлилнинг мантиқий давоми сифатида қуйидаги мақолани тақдим этади.

 

Бу мақолани ўқиётган экансиз, демак, аллақачон улғайгансиз. “Болалик” деганда хаёлингизга кўча чангитиб ўйнаётганларингиз, олган ҳайитликларингиз, катталар ухлаётганидан фойдаланиб оёқ учида юриб, чўмилишга қочганларингиз, ўйинга берилиб қоронғи тушганини билмай қолган кезларингизда узоқ-узоқдан онангизнинг сувда шимдирилган дарахт новдасини ҳавода силкитиб, сизга ўқталаётгани келадими?! Агар жавобингиз “ҳа” бўлса, табриклайман, сиз энг яхши болаликни яшаб ўтган экансиз.

 

Болалик турли хил ўйинлар билан мароқли кечади. Ўйинлар ёш авлодни тарбиялаш, миллий маданиятни давом эттириш ва жамиятда соғлом авлодни шакллантиришда муҳим ўрин тутади. Болаларда дўстлик, ҳалоллик, жасорат, ҳурмат каби инсоний фазилатлар ўйинлар орқали шаклланади. Шу сабабли улар халқ педагогикасининг муҳим воситаси сифатида қадрланади. Масалан, “Оқ теракми, кўк терак”, “Чиллак”, “Бекинмачоқ”, “Арқон тортиш” кабилар болаларнинг эпчиллиги, чаққонлиги ва жамоавий ҳамкорлигини ривожлантиради. Айрим ўйинларда эса қўшиқ, санама ва шеърий парчалар қўлланиб, болаларнинг нутқи ва хотирасини мустаҳкамлайди.

 

Шунингдек, болалар ўйинлари орқали миллий тил, урф-одат ва анъаналар ўрганилади, бу эса халқ маданиятининг сақланишига ва ривожланишига ёрдам беради. Бугунги кунда замонавий технологиялар ва ўйин-кулгининг бошқа турлари миллий болалар ўйинларига бўлган қизиқишни камайтирмоқда, шу боис уларни сақлаш ва ривожлантириш масалалари долзарб ҳисобланади.

 

Ушбу мақола орқали бироз муддатга бўлса-да болаликка қайтиб, кўчаларни тўлдириб ўйнаган ўйинларимизни эслаймиз.

 

“Бештош” (Сопалак/Тўптош)

 

Бу ўйинда майда тошлар йиғилади. Битта тош қўлда бўлади. Уни тепага отиб, то қўлингизга тушгунга қадар ердан яна битта тошчани олишга улгуришингиз керак. Улгурмасангиз, ютқазасиз.

 

 

Ўйин тобора мураккаблашиб боради: дастлабки босқичда биттадан тошча олган бўлсангиз, кейингиларида иккитадан, учтадан… Охирги босқичда эса қўлингиздаги тошчани осмонга отиб, то тушгунча ердаги ҳамма майда тошларни териб олишга улгуришингиз керак бўлади.

 

Бу ўйин диққатни жамлаш муддатини ва тезкорликни оширишда самаралидир. (Инстаграм, Тик-Ток каби медиа тармоқларга жойланаётган қисқа сонияли видеолар диққатни жамлаш муддати камайишига сабаб бўлаётган бир замонда болаларга миллий ўйинларимизни қайтариш фойдали бўларди деб ўйлайман.)

 

“Мак-мак” (Лаппак)

 

Бу ўйинда ерга узунасига етти қаторли катакчалар чизилади – тоқ қаторларга биттадан, жуфт қаторларга эса иккитадан, ғиштин услубда. Катакчалар ичига бирдан ўнгача бўлган рақам ёзилади. “Мак-мак” ўйнида тоқ катакчага бир оёқлаб (ҳаккалаб), жуфт катакчаларга икки оёқлаб сакраш, “10”га етганда ортга ҳам худди шу зайлда қайтиш керак. “Лаппак” ўйинида эса лаппа (япалоқ) тошни рақамлар кетма-кетлигида катакчалар бўйлаб, бир оёқлаб суриб бориш керак. “10”га етганда (икки оёқни қўймаган ҳолда) сакровчи оёғингизни алмаштиришингиз мумкин ва ортга ҳам худди шу йўсинда қайтишингиз керак. Қоида бузилиш ҳолатларидан ўйиндан четлатиласиз.

 

 

Бу ўйин боланинг чидам ва бардошини мустаҳкамлабгина қолмай, бошқа болалар билан ижтимоийлашувига ёрдам бериб, жамиятга қўшилиб кета олиш кўникмасини ҳам шакллантиради. (Бундан ташқари, мактаб ёшига етмаган болаларга санашни ва катакча чизишни ҳам ўргатади.)

 

“Арғамчи” (Резинка)

 

Бу ўйинда арғамчининг учлари бир-бирига боғланади. Икки иштирокчи арғамчини ички томонидан оёғи билан икки томонга таранг тортади. Аввалига баландлиги тўпиққача бўлган арғамчидан бола турли усулларда сакраб ўтади. Кейинги босқичларда арғамчи баландлиги кўтарилади. Ўйин бола арғамчига оёғи тегиб кетгунга қадар давом этади.

 

 

Бу ўйин болада жисмоний фаолликни ва кузатувчанликни оширади.

 

“Посма-пос”

 

Бу ўйин ҳудудларга қараб “Посилдоқ”, “Пақиллоқ”, “Лойпасиллоқ” каби турлича номланиши ҳам мумкин.

 

Ўйинда оддий лой тайёрланади. Бола худди новвой каби лойни думалоқ шаклга келтириб, четларини қалин, ўртасини юпқа ҳолатда ясайди. Тайёр бўлган лойни кафтига қўйиб, ерга зарб билан ташлайди. Чети қалин, ўртаси юпқа лой терс томони билан ерга урилгани учун ичида қамалиб қолган ҳаво юпқа қисмидан ёрилиб чиққанда “писс” деган товуш чиқади. Кимнинг лойи ёрилмаса, у ўйиндан четлатилади.

 

 

Ушбу ўйин болани табиат, шунингдек, сув, тупроқ, ҳаво каби элементлар билан таништиради. Бу эса инсоннинг психологик ривожланиш онтогенезида муҳим босқичлардан бири, боланинг иммунитети мустаҳкамланади ва келажакда табиатсевар бўлиб улғайишига туртки беради.

 

“Тошотар”

 

Бу ўйинда горизонтал қўйилган ғишт тагига турли хил қандқоғоз бостирилади-да, ўша ғиштни белгиланган масофадан туриб, тош (ё калтак, ё ичига қум солинга баклашка) билан чийиш (уриб йиқитиш) керак бўлади. Ғиштни ағанатган бола ғолиб ҳисобланиб, ғишт остидаги қандқоғозларга эга бўлади. (Қандқоғозлар ўйинда валюта вазифасини бажаради.)

 

 

Ушбу ўйин боланинг кўзини ўткирлаштиради. Диққатини жамлаш қобилиятини оширади. Молиявий саводхонликка замин яратади.

 

“Ланка” (Пари)

 

“Ланка/Пари” юнгли теридан ясалади. Юнгнинг ўртасини очиб, қўрғошин/тугма/баклашканинг қопқоғи сим билан қотирилади. “Ланка” оёқни буккан ҳолда кафт қисмнинг ички ён тарафи билан тепага тепиб-тепиб ўйналади. Ланкани ерга тушириб юборган бола ютқазади. Энг юқори натижа кўрсатган бола эса жамоада обрў қозонади.

 

 

Ушбу ўйин болада меҳнат лаёқатини, жамоа билан аҳилликни шакллантиради.

 

“Солай-солай” (Ташанг-ташанг)

 

Бу ўйинда бир иштирокчи кафтлари орасига нимадир яширади-да, бир қатор бўлиб тизилган болалар ҳовучига солаётгандек кўрсатади. Яширилган нарсани кимнингдир ҳовучига ташлаганда уни қатордан юлқиб олади. Кейин иккаласи “адашиб” келиш учун бир четга кетади. Ўша вақт қатордаги иштирокчиларга қайси топишмоқни айтишни маслаҳатлашиб олишади. Қайтиб келгач, қаторда тизилиб турган болаларга топишмоқ айтишади. Биринчи бўлиб тўғри жавобни айтган бола яна кафтлари орасига нарса яшириб ўйинни шу зайлда давом эттиради. Бояги топишмоқ айтганлар эса қатордаги болаларга қўшилади.

 

 

Ушбу ўйиннинг бошқа ўйинлардан фарқли жиҳати унда ғолиб ҳам, мағлуб ҳам бўлмайди. Болалар топишмоқ топишдан завқланади. Яширилган нарса кафтлари орасига ташланганда “танланганлик” туйғусини ҳис қилади ва ўзи билан фахрланади. Бу ўйин болага кутишни, тинглашни ва топқирликни ўргатади.

 

“Ўртага туриш”

 

Бу ўйин тўп билан ўйналади. Думалоқ шаклда қирқилган картон қоғозларга 1–15 гача бўлган рақам ёзилиб, ўртага тескари, яъни рақам ёзилган томони беркитилган ҳолда терилади. Иштирокчилар икки гуруҳга бўлинади. Биринчи гуруҳдаги икки иштирокчи бир-бири томонга тўп отади. Иккинчи гуруҳдаги иштирокчилар биттадан ўртада туриб тўпдан ўзини ҳимоя қилиши керак. Бундан ташқари, тўп бир қўлдан бошқа қўлга етиб бориш оралиғида беркитилган рақамларни очиши ва тартиб билан йиғиб олиши даркор. Тўп ўртада турган иштирокчига тегса, у ўйиндан четлаштирилади. Унинг ўрнини ўша гуруҳдаги бошқа иштирокчи эгаллайди. Агар ўртада турган иштирокчи тўпни тутиб олса, битта “жон”га эга бўлади. Шу ҳолатда унга тўп тегса, “жон”идан айрилади, лекин яна тўп текгунча ўйинни давом эттириши мумкин. Ўйин ё гуруҳдаги иштирокчилар қолмагунча, ё рақамлар тўлиқ йиғилгунча давом этади. Кейин гуруҳлар ўрин алмашади. Ўйинда ҳеч қайси гуруҳга кирмайдиган “чулипчаққи” (баъзи ҳудудларда “чулили” деб ҳам номланади) бўлиб, у ҳар бир гуруҳ таркибида ўйнаш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари, узоққа думалаб кетган тўпни олиб келиб бериш вазифасини ҳам бажаради.

 

 

Бу рўйхатни яна кўплаб ўйинлар билан давом эттиришимиз мумкин. Лекин Ўзбекистондаги болаларга бирдек таниш бўлган асосий ўйинлар шулар. Бундан ташқари, ҳудудлар кесимида “Эшакминди”, “Чиллик”, “Жамби”, “Ғозларим”, “Хайгала”, “Хола-хола (Холакичакам/Холабучам)”, “Чучалмак”, “Чикка”, “Чертиш” каби ўйинлар мавжуд. Улар хусусиятларига кўра қуйидаги турларга бўлинади:

 

Иштирок этиш кўламига кўра:

A)             Оддий ўйинлар;

B)              Жамоавий ўйинлар.

 

Оддий турга бир ёки икки бола иштирок этадиган ўйинлар киради. Масалан: “Бештош”, “Мак-мак”, “Посма-пос”.

 

Жамоавий турга уч ва ундан кўп болалар иштирок этадиган ўйинлар киради. Масалан: “Оқ теракми, кўк терак”, “Арқон тортиш”, “Эшакминди”.

 

Ижодий кўламига кўра:

a)                Айтимли ўйинлар;

b)               Ҳаракатли ўйинлар.

 

Айтимли турга мансуб ўйинда шеър, санама ёки қўшиқ ижро этилади. Шундай ўйинлар сирасига “Ташанг-ташанг”, “Ўртага туриш”, “Оқ теракми, кўк терак” каби ўйинлар киради. Мисол тариқасида “Ташанг-ташанг” матнини кўриб ўтамиз:

 

Ташанг-ташанг, кимга ташанг,

Сочи узун қизга ташанг,

Сочи узун қиз бўлмаса,

Ёру вафодорга ташанг.

 

Ҳаракатли турга эса матн талаб этилмайдиган ўйинлар киради. Масалан: “Ёнғоқотиш”, “Аскар”, “Диги-диги”.

 

Даврий нуқтайи назардан:

a)                Мавсумий ўйинлар;

b)               Маросим ўйинлари.

 

Мавсумий ўйинларга баҳорда варрак учириш; ёзда “Ғозларим” ёки “Хайгала”; кузда “Ёнғоқотиш”; қишда “Ланка” ўйнаш кабилар киради (Уруш даврида болалар “Аскар”, “Разведка”, “Диги-диги” ўйнагани каби маълум бир мавсумда амал қилиб, сўнг ўйналмайдиган ўйинлар).

 

Халқимизнинг тўй-байрамларида ўйналадиган ўйинлар маросим ўйинлари ҳисобланади. Масалан: “Наврўз” байрамида “Кураш”, “Арқон тортиш” ўйинлари ўйналади.

 

 

Маросим ўйинига мисол тариқасида “Кулча олиб қочди” ўйини кўриб ўтамиз. Бу ўйин “Чиллагузаранг” ёки “Бешик солди” маросимида адо этилади. Унда маҳалладаги болалар учун бир тандир кулча ёпилади. Яқиндагина укали ёки сингилли бўлган бола тандир ёнидан кулчани тишлаб, олиб қочади. Бошқа болалар эса уни қувиб кулчасини олиб қўйишга ҳаракат қилишади. Ўйин натижасига кўра эса бешикка солинган боланинг келажаги башорат қилинади.

 

Бундан ташқари, болалар ўйинларини ёшга кўра ҳам гуруҳларга ажратишимиз мумкин. Тўрт ёшдан етти ёшгача бўлган даврда болаларнинг нутқи ва тасаввури бойиётган бўлади. Шунинг учун бу ёшдаги болалар айтимли ўйинларни кўпроқ ўйнашга мойил бўлади. Масалан, улар “Посма-пос”, “Солай-солай”, “Қувлашмачоқ”, “Беркинмачоқ (Яшинтопалоқ/Яширмақулоч/Ёшинбачалоқ)”, “Ҳалинчалак”, “Хола-хола” каби ўйинларни мириқиб ўйнайди.

 

Саккиз ёшдан ўн икки ёшгача бўлган болалар эса бу даврда жисмонан етилаётган бўлиб, ҳаракатли ўйинларга мойил бўлишади. Масалан, улар “Бештош”, “Эшакминди”, “Лаппак”, “Аскар”, “Ланка”, “Ўртага туриш”, “Кураш”, “Арқон тортиш”, “Оқ теракми, кўк терак” каби ўйинларда жонбозлик кўрсатади.

 

Шунингдек, болалар ўйинлари жинс бўйича ҳам ихтисослашган бўлиб, масалан, бунда “Эшакминди”, “Аскар”, “Разведка”, “Диги-диги”, “Арқон тортиш”, “Кураш”, “Чиллик”, “Тошотар”, “Чертиш” каби ўйинларни асосан ўғил болалар ўйнайди; “Солай-солай”, “Ҳалинчалак”, “Хола-хола”, “Ўртага туриш”, “Арғамчи”, “Ғозларим”, “Хайгала” каби ўйинларни эса асосан қизлар ўйнайди.

 

Халқ ўйинлари ҳар бир миллатнинг маданий меросини, урф-одатлари ва анъаналарини акс эттирувчи муҳим восита. Халқ ўйинлари тизимида болалар ўйинлари алоҳида ўрин тутади, чунки улар ёш болаларни жамиятга тайёрлаш, уларни миллий қадриятлар билан таништиришда бошланғич мактаб вазифасини бажаради. Болалар ўйинлари орқали авлодлар ўртасида маданий узвийлик ва давомийлик таъминланади. Шу сабабли бу ўйинлар нафақат қизиқарли, балки тарбиявий аҳамиятга ҳам эга.

 

Зиёда ТУРДИБОЕВА

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 39936
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//