Онлайн таълим: асосий муаммо нимада?


Сақлаш
23:15 / 24.01.2022 2212 2

Бугун, 24 январдан бошлаб мамлакатимиздаги барча олий (давлат, нодавлат, хусусий ҳамда хорижий филиаллар) ва профессионал таълим муассасалари, академик лицейлар ва умумтаълим мактабларида ўқитиш бир ой давомида масофавий (онлайн) шаклда олиб борилади. Ўтган ҳафта охирида ушбу хабар тарқалиши билан ўзбек афкор оммаси яна бош-адоқсиз баҳсга киришиб кетди. Oyina.uz эса бу ҳақида мутахассислар фикрига қулоқ тутишни афзал билди.

 

 

Баҳодир Карим,

филология фанлари доктори, профессор:

 

– Таълим жараёни шароитга кўра масофавий бўлса, ҳар ким бундан бирор ҳикматни, яхшиликни излаши керак. Таълимнинг ҳар қандай турида икки томон иштирок этади: муаллим ва талаба. Мақсад – талабанинг бирор бир соҳада етук мутахассис бўлиб етишиши, албатта. Юзма-юз (офлайн) таълимда инсофли, билимли, талабчан муаллим талабаларнинг диққат-эътиборини ўзига қаратиб, баъзан танбеҳ ҳам бериб, сабоқ жараёнини маҳорат билан бошқариб туради. Қизиқувчан ва илмга чанқоқ талабалар аудиторияда бемалол ўзлари тушунмай қолган жумбоқларни, ҳатто шахсий саволларини истаган маҳали муаллимдан сўраб олишлари мумкин.

 

Тўғриси, масофавий таълимда баъзан имкониятлар чекланган ва техник муаммолар бўлиши ҳам кузатилди. Албатта, булар умумий бир манзара. Ҳолат. Аслини олганда, ҳар қандай таълим йўсинида ҳам билим олиш биринчи навбатда талабанинг ўз “мен”ини, ўзлигини англаши билан боғлиқ, деб ўйлайман. Агар дарс жараёни юзма-юз бўлса-ю, талабанинг ўзи лоқайд, бепарво ва нима учун ўқув юртига келганини англамаса, аудиторияга гениал олим, борингки, академик кириб сабоқ берса ҳам, кўпинча натижа чиқмаслиги мумкин.

 

Ўзини англаган, ўзи танлаган соҳа машғулотларини завқли бир ҳолатга айлантира олган талабалар масофавий таълим жараёнида ҳам тиришиб, изланиб, баъзан муаллимларга қўнғироқ қилиб ўзига керакли озуқани олади.

 

 

Исроил Тиллабоев,

Республика таълим маркази директор ўринбосари:

 

– ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, дунё бўйлаб 200 миллиондан кўп болалар мактаблар ёпилса, масофавий таълимдан қолиб кетиши мумкин. Бу, албатта, давлатларнинг аввало иқтисодий, ижтимоий аҳволига тўғридан-тўғри боғлиқ. Ёдимизда бор, Ўзбекистонда 2020 йил 16 мартдан карантин эълон қилинган бўлса, атиги 14 кун ичида Ўзбекистон онлайн таълимни тезкорлик биан йўлга қўя олди. Ҳали ҳеч қандай тажриба ва катта ресурсга эга бўлмаган вазиятда бу ўзига хос ютуқ эди.

 

Онлайн таълимда ҳам дарс берган ўқитувчи сифатида ўзим сезган ютуқ ва камчиликларини санаб ўтмоқчиман. Аввал камчиликлари:

 

Онлайн таълим ўқувчига психологик таъсир кўрсатади, болани жамиятдан маълум маънода узиб қўяди, ўз тенгдошлари билан тўғридан-тўғри мулоқотни тўсади.

 

Ушбу таълим турида назоратчилар сони кўпайиши талаб қилинади. Мактаб вақтида синф раҳбари ва фан ўқитувчиси назоратни ушлаб турган бўлса, бола уйда онлайн таълим олаётган пайтда бу вазифа ота-она зиммасига кўпроқ тушади. Табиийки, ота-оналар бошқа соҳада меҳнат қилиши ва ёки ўзларининг билими талаб даражасида бўлмаслиги мумкин.

 

Онлайн таълим асосан интернет воситасига таяниши, дарс олиш ва вазифаларни юбориш интернет билан амалга ошишини ҳисобга олсак, алоқа воситалари Ўзбекистоннинг ҳамма жойида бир хил ишламаслиги кўплаб муаммоларни келтириб чиқарди. Ўтган карантинда томга чиқиб дарс ўтган ўқитувчиларни ҳам кўрдик.

 

Ҳар бир маърузачи электрон таълим платформасидан қандай фойдаланишни ўрганиши керак. Афсуски, бу ҳам педагогларимиздаги камчилик экани кўриниб қолди.

 

Энди онлайн таълимнинг ютуқларини санаб ўтсак:

Қулай технологиялардан фойдаланиш туфайли юқори самарадорликка эришиш мумкин. Тақдимотлар, тестлар, видео чат, экран алмашиш ва дарсни қайта-қайта кўриб чиқиш имконияти тақдим этилишини назарда тутмоқдаман.

 

Ҳар бир ўқувчининг билим самарадорлигини кузатиш осонроқ. Чунки ўқув дастурлари бунинг учун қулай тестлар ва статистикани таклиф қилади.

 

Электрон таълим пулни тежайди. Масалан, педагоглар ёки ўқувчилар кундалик йўл харажатини сарф қилмасдан уйда таълим бериш ва таълим олиш имкониятини эгаллаши мумкин.

 

Сиз ҳар қандай жойда машғулот ўтказишингиз мумкин. Ёки камерани бутунлай ўчириб қўйиб ҳам дарс ўтаверасиз.

 

Хулоса қилиб айтишим мумкинки, масофавий таълим анъанавий таълим ўрнини босолмайди, лекин карантин ёки табиий офат вақтида ўқувчиларнинг билим олишдан ортда қолмасликлари учун яхши чора.

 

 

Шаҳноза Назарова,

ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти докторанти, филология фанлар буйича фалсафа доктори:

 

– Онлайн таълимнинг ижобий ва салбий томонлари бор, албатта. Айниқса, бу жараёнга етарлича тайёргарлик кўрилмаган бўлса. Университет ўқитувчилари пандемия бошлангандан буён анча-мунча тажриба оширди. Видеодарслар, тақдимотлар, тарқатма материаллар, назорат саволлари жамланмаси яратилди. Зарурий адабиётларнинг электрон шакли анча аввалроқ тайёрланганди. Zoom платформасида дарслар ўтилди. Умуман олганда, барча имкониятлар яратилганда ва томонлар тенг тайёр бўлганида масофавий таълимнинг ҳеч бир салбий жиҳати йўқ. Аммо қарс бир қўлдан чиқмайди...

 

Zoomда дарс ўтамиз, талабалар юзини кўрсатмайди. Сабаби – алоқа яхши эмаслигидан ё томда, ё бирор тепаликда ўтирган бўлади; яшаш муҳитини кўрсатишни истамайди; ўзини тартибга келтирмаган бўлади; жавоб беришдан қочади. Чақирсак, умуман бошқа иш билан шуғулланаётгани сезилади. Саволларга ёнида ўтирган оила аъзолари жавоб қайтаради, уларнинг овозлари келиб туради. Интернет алоқа сифатидан кўра талабанинг маънавий томондан тайёр эмаслиги дарс самарадорлигини тушириб юборади. Ўқитувчи фақат ўз тасвирига қараб ўтириб маъруза ўқийди. Бундай совуққонликни жонли дарс муҳитида, аудиторияда енгиб ўтиш мумкин, педагог турли усуллар билан 130 талабани 130 хил хаёл кўчасидан йиғиб келади.

 

Талабалар бир семестр ўтгач, университет аудиториясига мослашади. Масофавий таълимда эса олий таълим тизимига сингиша олмайди. Кўплари буни истамайди ҳам. Мустақил ўзлаштириш, мустақил изланиш, мустақил ўқишга деярли куч сарфлашмайди. Аслида, ўқитувчи мавзу учун режа, адабиётлар рўйхатини бериши, янги мавзунинг асосий нуқталари билан таништиргач, қизиқтириш учун фан муаммоларини қўйиши керак. Масофавий таълим пандемиядан сўнг ҳам маълум шаклларда давом этади. Унинг афзалликларидан фойдаланиш учун фақат ўқитувчиларни қамчилайвермай, ота-она ва талабада ҳам тушунча, интилиш ҳосил қилиш керак. Педагоглар савиясига келадиган бўлсак, аудиторияда қойиллатмаган ўқитувчи масофавий таълимда ҳам яхшироқ бўлиб қолгани йўқ.

 

 

Соҳиба Муллаева,

ЎзЖОКУ таянч докторанти, ўқитувчи:

 

– Пандемия сабаб яқин икки йилда онлайн таълим тушунчаси кириб келди. Аслида бу тажриба жаҳонда анчадан бери бор ва ўзини оқламоқда. Ривожланган кўплаб мамлакатларда ўқув дастурининг 60-70 фоизини мустақил изланиш ташкил этади. Қолаверса, йирик интернет платформаларида турли касб ва соҳаларни чуқур ўргатадиган онлайн курслар талайгина.

 

Онлайн таълимнинг ижобий ва салбий томонларини икки нуқтаи назардан айтиш мумкин. Биринчиси, ўқувчилар учун. Иккинчиси эса талабалар учун. Сабаби, умумтаълимда болаларининг масофадан ўқиши ва фанларни ўзлаштиришида фақатгина устозлар эмас, балки ота-она ёки бошқа масъул шахсларнинг ҳам ёрдами зарур бўлади. Талабалар эса нисбатан мустақил.

 

Мактаб ўқувчилари учун, афсуски, онлайн таълимнинг салбий томонлари кўпроқ деб ўйлайман. Айниқса, бошланғич синфда бу жуда катта йўқотишларга сабаб бўлиши мумкин. Болаларга жонли аудитория, жонли мулоқот керак. Ўтиш давридаги ўқувчилар учун ҳам офлайн таълим афзалликлари кўпроқ тош босади.

 

Аммо танганинг иккинчи томонига қарасак, онлайн таълим жараёнида фурсатдан фойдаланиб қолиш ҳам мумкин. Масалан, кўпроқ китоб ўқиш, турли тўгаракларга қатнаш ва ҳоказо. Бу ҳар бир оилада йўлга қўйилган тартиб ва ота-онанинг қунтига боғлиқ. 2-синф фарзанди бор она сифатида нима бўлган тақдирда ҳам бошланғич таълим ўқувчилари учун офлайн таълим, мактаб ниҳоятда керак деб ҳисоблайман.

 

Олий таълимда шундай йўналишлар борки, онлайн ўқитиш самарадорликка салбий таъсир кўрсатади. Булар тиббиёт, фармацефтика, балки педагогикани ҳам киритсак бўлар. Қолган йўналишларни масофавий тарзда ҳам ўзлаштириш мумкин. Агар онлайн таълим учун сифатли контент яратилса, албатта. Талабалар йўл учун пул ва вақт сарфламасдан кунининг кўп қисмини кутубхоналарда ўтказиши, янги билимларни эгаллаши, ўз устида кўпроқ ишлаши мумкин. Айниқса, IELTS каби халқаро имтиҳонларга тайёрланиб юрганлар учун онлайн таълим айни муддао.

 

Афсуски, ўзимизга хос ва ўзимизга мос шарт-шароит ва хусусиятларимизни инобатга олмасак бўлмайди. Биринчидан, онлайн контент сифати мақтанарли даражада бўлмаслиги мумкин. Иккинчиси ва асосийси, талабалар унчалик мустақил ва масъулиятли эмас. Аксариятида онлайн таълимга енгил муносабатни кўрамиз. “Семестр охирида кириб, у ёқ-бу ёқ қилиб, баҳомни олиб кетаман. Барибир, йиқитишмайди”, деб ҳисоблайдиганлар дарсларга масъулият билан қарайдиганлардан кўпроқ. Қишлоғига қайтиб кетганларнинг аксарияти “Zoom” орқали ўтиладиган машғулотларга деярли қатнашолмайди. Чироқ ва интернетни баҳона қилишади. Балки шу муаммо барчасида ростдан ҳам бордир. Лекин алоқа яхши бўлмагач, талабаларнинг ҳам, домлаларнинг ҳам масофавий таълимдан ҳафсаласи пир бўлган.

 

 

Шокир Йўлдош,

Ўзбек тили ва адабиёти университети магистранти, методист:

 

– Онлайн таълимнинг яхши томони объектив ва субъектив сабабларга боғлиқ. Яъни таълим олувчи ҳамда таълим берувчининг иштиёқи биринчи ўринда бўлса, шарт-шароит иккинчи ўринда таъсир қилади.

 

1. Эффективлик жиҳати. Онлайн таълимда ўқитувчида кўпроқ имконият бўлади. Маълумотларни турли шаклларда тақдим қила олади. Видео, аудио, пдф каби. Бу эса талабанинг қизиқишини ошириши табиий.

 

2. Замон ва макон эркинлиги. Онлайн дарсларда ўқувчи ва ўқитувчи замон ва маконни анча эркин танлаши мумкин. Бундан ташқари, бирданига кўплаб тингловчиларни жалб қила олиш имонияти ҳам пайдо бўлади. Шунингдек, онлайн маърузаларни ёзиб олиб сақлаш мумкин. Ўқувчи эса истаган вақт ўқитувчининг маърузасига қайта олади.

 

3. Ўрганишга мослиги. Ҳар қандай ўқувчининг ўрганиш услуби турлича. Онлайн таълим визуаллар учун ҳам, аудиолингуаллар учун ҳам, ўқирманлар учун ҳам бирдай таклифларни бера олади. Яъни ўзига қулай усулда ўқиш мумкин бўлади. Гуруҳ бўлиб ўқишни хушламайдиганларга ҳам онлайн таълим айни муддао.

 

Онлайн таълимнинг муаммоли томонлари бизнинг шароитда асосан ресурсларга кира олишнинг чеклангани (интернет, техниканинг етишмаслиги) ҳамда ўқувчиларнинг иштиёқсизлигига бориб тақалади. Шундай бўлса-да, бошқа “минус”ларни ҳам санаш мумкин.

 

1. Саломатликка зарар. Онлайн таълим хоҳлаймизми-йўқми, бизни экран олдига ҳамда стулга михлаб қўяди. Бу кўз ҳамда умуртқага зарарли бўлиши мумкин, айниқса, узоқ муддатли машғулотлар.

 

2. Фокус йўқолиши. Онлайн таълим жараёнида ўқувчининг ижтимоий тармоқларга, дарсга тааллуқли бўлмаган бошқа нарсаларга чалғич эҳтимоли кескин ортади. Диққатни жамлашга қийналадиганлар учун бу катта муаммо.

 

3. Мажбурлашнинг йўқлиги. Шундай ўқувчилар борки, тепасида тергаб турадигани бўлмаса, умуман ўқимай қўяди. Онлайн таълим эса назоратни сусайтиради. Бунда ўқувчи тўла мустақил ҳаракат қилиши керак бўлади. Жамиятимиздаги энг катта муаммо ҳам шунда – оғзига чайнаб солмагунингизча маълумотни қабул қила олмайдиганлар жуда кўп. Бу онлайн таълимнинг энг катта муваффақиятсизлиги деб ўйлайман.

 

Нодира ИБРОҲИМОВА,

оyina.uz

2 Изоҳлар

Gulfiya

12:01 / 01.01.1970

Iltimos qilib qolamiz faqat 1 sinfni bulsada oflayn qilishsin qattiq qiynalib turibmiz

Salima

12:01 / 01.01.1970

Онлайн талимни фойдали жихатларини айтганда йул харажатлари тежалмокда факта укувчиларники холос укитувчиларники эса узгармаган доимгидек эрталаб соат 8-00дан 15-00гача иш фаолиятимизни олиб боряпмиз нега укитувчилар масофадан Яни уйда туриб хам укувчилар бн шугуллансак булади-ю.

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//