“Бу неъматлар эвазига халқни афв этинг” – Амир Темурнинг имоми ва таржимони


Сақлаш
17:19 / 28.05.2026 11 0

Амир Темур каби улкан салтанат ҳукмдори учун ҳарбий юришлар фақат сиёсий ва ҳарбий жараён эмас, балки диний ибодатлар, дипломатик мулоқотлар ва илмий суҳбатлар билан ҳам чамбарчас боғлиқ, албатта. Шу сабаб Соҳибқирон ҳузурида ибодатларни бошқарадиган юксак илмга эга имом, шунингдек, турли мамлакатлардан келган уламолар билан бемалол мулоқот қила оладиган, араб тилини мукаммал биладиган таржимонга эҳтиёж ниҳоятда катта бўлган. Шу сабаб буюк Турон султони Амир Темур ўзининг ҳарбий сафарларида энг ишончли имом ва таржимон сифатида Мавлоно Абдулжабборга таянган ҳамда уни доимо ўз яқинида олиб юрган.


Манбаларда айтилишича, у Амир Темурнинг кундалик ибодатларида имомлик қилган, ҳарбий юришлар жараёнида ҳам ҳукмдор ибодатларининг тартиб билан ўтказилишига масъул бўлган. Ўша пайтда сарбозлар руҳиятини кўтариш, сафар давомида диний бирликни сақлаб туриш ва ҳукмдор олдида шаръий маросимларнинг тўғри бажарилиши айнан имом зиммасидаги энг муҳим вазифалардан эди. Бундан ташқари, Соҳибқироннинг араб оламидаги забардаст уламолар билан учрашувлари, сиёсий-дипломатик музокара ва илмий баҳсларида ҳам Мавлоно Абдулжаббор муҳим ўрин тутган.


Ибн Арабшоҳ таъкидлашича, у Амир Темур ҳузурида нафақат имом, балки илм аҳли вакили сифатида ҳам танилган, фақиҳликда чуқур билимга эга фозил олим эди. Шу боис Амир Темурнинг саройида ўтказиладиган илмий мажлисларда кўпинча ҳакамлик қилган. Айниқса, ўша даврнинг йирик алломалари Саъдуддин Тафтазоний ва Саййид Шариф Журжоний ўртасидаги машҳур баҳсда ҳакамлик қилгани алоҳида эсланади. Манбаларда айтилишича, бу мунозарада Саййид Шариф Журжоний ғолиб чиққан ва бу натижа сарой аҳли орасида катта қизиқиш уйғотган. Мавлоно Абдулжабборнинг Амир Темур ҳузуридаги мавқеи унинг диний эътиқоди, илмий савияси, таржимонлик маҳорати ва баҳсларидаги адолатидан далолат беради. У фақат ибодатларни бошқарувчи дин арбоби эмас, балки Амир Темурнинг шахсий ҳаётида муҳим рол ўйнаган, илм ва сиёсат чорраҳасида фаолият юритган юксак даражадаги зиёли сифатида тарихда муносиб ўрин эгаллаган.


Мавлоно Абдулжабборнинг тўлиқ исми ҳақида манбаларда икки хил маълумот учрайди. Амир Темурнинг Мамлуклар давлатига қилган юриши чоғида Ҳалабда у билан учрашган олимлардан Ибн Хатиб Носирий уни “Абдулжаббор ибн Абдуллоҳ ал-Хоразмий ал-Ҳанафий” деб атайди. Аммо Ҳалабда у билан учрашган яна бир фақиҳ олим ва шу билан биргаликда Ҳалаб қозиси бўлган Абул Валид ибн Шиҳна эса уни “Абдулжаббор ибн Нўмон ал Хоразмий ал Ҳанафий” деб қайд этган. Бу тафовут дастлаб қараганда чалкаш туюлса ҳам бошқа тарихий манбалар масалани ойдинлаштиради. Дамашқда Мавлоно Абдулжаббор билан бевосита суҳбат қилган буюк тарихчи Ибн Халдун ҳам унинг исмини айнан Абдулжаббор ибн Нўмон деб тилга олади. Бу эса Нўмон исми тасодифий эмаслигини кўрсатади.


Энг муҳим маълумотни эса Ибн Арабшоҳ беради. Унинг ёзишича, Мавлоно Абдулжабборнинг отаси Самарқандда яшаган, фиқҳ илмининг фуру соҳасида даврининг энг етук олимларидан бири бўлган. У шунчалик машҳур ва обрўли фақиҳ эди-ки, замондошлари уни ҳанафий мазҳабининг асосчиси бўлган буюк фақиҳ Имом Абу Ҳанифа Нўмон ибн Собитга ўхшатиб, ҳурмат билан Нўмон иккинчи деб аташган. Шундан келиб чиқадики, Абдулжабборнинг отасининг асл исми Абдуллоҳ бўлган, аммо илмий салоҳияти ва мазҳабда эгаллаган мавқеига кўра Нўмон лақаби билан машҳур бўлган. Демак, манбаларда учрайдиган икки хил исм Абдулжаббор ибн Абдуллоҳ ва Абдулжаббор ибн Нўмон аслида бир бирига зид эмас. Биринчи исм отасининг ҳақиқий исмини билдирса, иккинчиси унинг илмий лақаби билан боғлиқ. Шу боис ҳар иккиси ҳам тарихий жиҳатдан тўғри ҳисобланади.


Манбаларда унинг туғилган йили аниқ кўрсатилмаган. Бироқ Ибн Хатиб Носирий Ҳалабдаги суҳбатда Мавлоно Абдулжаббордан ёшини сўраганида у “ҳозир қирқ ёшга кирдим” деб жавоб беради. Амир Темурнинг Ҳалабга келиши ва у ерда уламолар билан учрашуви ҳижрий 803 йил рабиюл аввал ойининг 14-куни, милодий 1400
йил 10 ноябрда содир бўлганлиги маълум. Шу маълумотлардан келиб чиқиб, 803-ҳижрий йилдан 40 йил айирилса, 763 ҳижрий йилга тўғри келади. Бу эса милодий 1362 йил атрофини англатади. Демак, манбаларда туғилган сана аниқ берилмагани ҳолда, мавжуд гувоҳликлар асосида Мавлоно Абдулжабборнинг 763 ҳижрий, милодий 1362 йилда таваллуд топгани ҳақидаги хулоса мантиқан тўғри бўлади.


Юқорида айтиб ўтганимиздек, Мавлоно Абдулжабборнинг отаси ўз даврининг йирик уламоларидан бири бўлган. Шу боисдан Мавлоно Абдулжаббор ҳам фақиҳ ва фозил киши бўлиб етишди. У усул, мантиқ, араб тили, форс тили ва турк тилларини мукаммал билган. 1400
йилда Амир Темур билан бирга Ҳалаб шаҳрига келган Мавлоно Абдулжаббор Ҳалабда ҳанафий мазҳаби қозиси Камолиддин Умар ибн Абий Жарродадан шайх Акмалиддиннинг Имом Марғилонийнинг “Ҳидоя” асарига ёзган шарҳини сўрайди. Мазкур шарҳни мутолаа қилгач, у унда бир қанча ноаниқлик ва хатоликлар мавжудлигини аниқлаб, бу ҳақда Ҳалаб уламоларига маълум қилади.


Мавлоно Абдулжабборнинг таржимонлик фаолиятини мисоллар билан кўрсатмоқчи бўлсак, бир қанча далилларни келтириш мумкин. Амир Темур томонидан Ҳалаб қалъаси таслим қилингандан кейин Амир Темур у ернинг уламолари ва қозиларини ҳузурига тўплади. Бу мажлисда Ҳалабнинг шофеъ мазҳаби қозиси Ибн Шиҳна ҳам қатнашди ва у ерда содир бўлган воқеаларни ўз асарида қайд қилиб ўтган. Мажлисда Ибн Шиҳна шахсан Амир Темур билан суҳбат қуради. Амир Темур билан Ҳалаб уламолари ўртасидаги суҳбатда Амир Темурга араб тилидан Мавлоно Абдулжаббор ибн Нўмон ал-Ҳанафий таржимонлик қилади. Мажлисда Ҳалаб уламолари ўзаро маслаҳат қилишиб уларнинг номидан Ибн Шиҳна гапирадиган бўлди.


Амир Темур Мавлоно Абдулжаббор воситаси орқали Ҳалаб уламоларидан сўраган биринчи саволи қуйдагича эди: Кечаги жангда биз томондан ҳам, сиз томондан ҳам ўлдирилганлар бўлди. Улардан қай бирлари шаҳиддирлар? Бизнинг ўликларимизми ёки сизникими? Бу саволга Ибн Шиҳна қуйдаги ҳадис билан жавоб беради. Аллоҳнинг расули (с.а.в) ҳузурларига бир саҳройи араб келиб деди: Ё Расулуллоҳ! Бир киши ўз номуси учун уруш қилади, бошқа бир киши шижоат кўрсатиш учун уруш қилади, яна бири эса ўз мақомини билдириш учун уруш қилади, яна бир киши ўлжа учун уруш қилади. Шулардан қайси бири Аллоҳнинг йўлидадир? Аллоҳнинг расули (с.а.в) кимки Аллоҳнинг сўзи ҳамма нарсадан олий бўлиши учун жанг қилса ана ўша Аллоҳнинг йўлидадир. Бизлардан ва сизлардан ким Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун жанг қилган бўлса, ўша шаҳиддир деб жавоб бердилар. Амир Темур бу жавобдан жуда ҳурсанд бўлди. Шундан кейин самимий суҳбат эшиклари ланг очилиб кетди ва Амир Темур: “Мен ярим жон одамман ва фалон ва фулон мамлакатларни эгалладим” – деди ва Ажам, Ироқ, Ҳинд мамлакатларини ва бошқа шаҳарларини бирин-бирин санаб чиқди. Бу вазиятдан Ибн Шиҳна фойдаланиб, шундай деди: “Бу неъматлар эвазига шукур тариқасида бу халқни афв этинг ва бундан кейин ҳеч кимни ўлдирманг”. Амир Темур эса ҳеч қачон қасддан бир кишини ҳам ўлдирмаганлигини айтади. Ҳалабликлар билан бўлган жангда улар ўзларини ўзлари шаҳар дарвозаларида қисиб ўлдирганликларини ва уларга мол-дунёлари билан омонда эканлигини айтади.


Амир Темур ҳалабликлардан сўраган иккинчи саволи қуйдагича бўлди: Али, Муовия ва Язид ҳақида сизлар нима дейсизлар? Шу вақт Қози Илмуддин ал-Қафасий ал-Моликий улар ҳаммаси мужтаҳидлардир, деб жавоб бериб юборди. Бундан Амир Темурнинг ғоятда ғазаби келиб, Али ҳақда, Муовия золим, Язид эса фосиқдир. Сиз ҳалабликлар ҳам Дамашқ аҳлига тобесизлар, улар (дамашқликлар) бўлса Язид тарафдорлари бўлиб, Ҳусайнни қатл этганлар, деб хитоб қилди. Шу вақт Ибн Шиҳна Амир Темурга лутф билан мурожаат этиб, ал-Моликий берган жавобини у қандайдир бир китобда кўрганлиги ва маъносини яхши тушунмаганлигини айтиб, унинг учун узр сўради. Амир Темур бироз чеҳраси очилди-ю, лекин кайфияти аввалги ҳолатига қайтмади. Ундан сўнг Амир Темур Ибн Шиҳнадан ёши ҳақида сўради. Ибн Шиҳна туғилган йилим 749
йил бўлиб, ҳозир эллик тўрт ёшга етдим, деб жавоб берди. Сўнгра солат ул-мағриб (шом намози) вақти кириб, намозга (туришга) чақирилди. Амир Темур шом намозига имомликка Мавлоно Абдулжаббор ибн Нўмон ўтишини буюрди. Ибн Шиҳна Амир Темур билан ёнма-ён туриб намоз ўқиди.


Шу ўринда бироз таҳлил қиладиган бўлсак, бу вақтда Ҳалаб шаҳрида шаҳарнинг тўртта мазҳаб бош қозилари ва жуда катта уламолар жамоаси бор эди. Лекин Амир Темур ўзининг имоми Мавлоно Абдулжабборни имомликка ўтишлигини буюрган. Бу билан Амир Темур ўзининг имомини қандай эъзозлаганлигини кўришимиз мумкин.


Кейинги куни ҳам Амир Темур Мавлоно Абдулжабборни ва Ҳалаб қозиси Ибн Шиҳнани чақиртириб, Али ва Муовия ҳақидаги саволини қайтарди. Ибн Шиҳна унга: “Ҳеч шак-шубҳасиз ҳақ Али томонида эди. Муовия эса халифалардан эмас эди. Чунки Аллоҳнинг расули (с.а.в) томонидан “Мендан кейин халифалик ўттиз йилдир” деган саҳиҳ ҳадис содир бўлган. Бу (муддат) Али билан тамом бўлган эди” – деб жавоб берди. Шу вақт Амир Темур Али ҳақда, Муовия золим, деб айт деди. Бунга жавобан Ибн Шиҳна “Ҳидоя”нинг соҳиби халққа жабр қилувчи волийлардан қозиликка тайинлаш жоиздир, деган жумласини келтиради.


Дарҳақиқат, гарчи ўша пайтда Али ҳақда бўлса ҳам, саҳоба ва тобеинларнинг кўпчилиги Муовийнинг қозилигини қабул қилишган, деб жавоб беради. Бу сўзлардан Амир Темур ҳурсанд бўлди ва Ҳалабда истиқомат қилиш учун тайинлаган амирларини чақириб, уларга: Бу одам бу шаҳарда сизларнинг меҳмонингиздир. У, хизматкорлари, дўстлари ва уларга қўшилган кишиларга яхши муомала қилинг. Бирор киши уларга азият беришига йўл қўйманг, улар учун егулик озиқ-овқат ажратинг ва қалъада қолдира кўрманг, балки яшаш жойи қилиб мадрасани, яъни қалъа рўпарасидаги Султония мадрасасини белгиланг, деди. Амирлар Амир Темур қандай буюрган бўлса ана шундай қилишади.


Мавлоно Абдулжаббор Хоразмий Соҳибқирон Амир Темурнинг энг ишончли имоми, маслаҳатгўйи ва халқаро мулоқотларда таржимонлик қилган етук олим эди. Айниқса, Соҳибқироннинг Дамашқда машҳур тарихчи, жамиятшунослик фани асосчиси Ибн Халдун билан ўтказган илмий баҳс-мунозараларида унинг хизмати беқиёс бўлган. Мавлоно Абдулжаббор нафақат ушбу учрашувларда таржимонлик қилган, балки Ибн Халдунга Амир Темурнинг шахсий характери ва ҳарбий заковати ҳақида расмий тарихий манбаларда учрамайдиган ноёб маълумотларни ҳам сўзлаб берган.


Ушбу қимматли маълумотлар кейинчалик Ибн Халдуннинг шогирди –  машҳур тарихчи Тақиюддин Мақризийнинг асарлари орқали бизгача етиб келди. Мақризий бу маълумотларни шахсан ўз устозидан эшитганини таъкидлайди. Айнан Мавлоно Абдулжабборнинг ушбу хотиралари туфайли бугун биз Амир Темур сиймосининг бошқа манбаларда ёритилмаган қирраларини чуқурроқ англаш имконига эгамиз.


Мавлоно Абдулжаббор Ибн Халдунга Соҳибқироннинг ҳарбий юришларидаги сир сақлаш қобилиятини шундай таърифлайди: “Агар бирор киши сенга: Амир Темур кўчганида қаерга боришини кимдир билади”, деса асло ишонма. Ёки “У қачон тўхташини бирор киши олдиндан билади”, деса ҳам ишонма”.


Абдулжабборнинг айтишича, Амир Темур барча амирларни йиғиб кенгаш ўтказса-да, якуний қарорни фақат энг яқин 5-6 нафар хос кишилари билан пишитар ва ҳақиқий мақсадни ҳатто ўша амирларга ҳам охирги дақиқагача айтмас эди. Аскарлар денгиз тўлқинидек бир томонга қараб юрар, лекин кутилмаганда Амир Темурнинг буйруғи билан бутунлай бошқа томонга бурилиб, душманни ғафлатда қолдирар эди.


Мақризий ўзининг асарида Соҳибқирон Амир Темур шахсиятининг ҳайратланарли қирраларини очиб берувчи бир қанча нодир воқеаларни келтириб ўтади. Шундай ҳикоялардан бири Ибн Халдун томонидан нақл қилинган бўлиб, у бу маълумотларни бевосита Мавлоно Абдулжаббор Хоразмийдан эшитганини баён этади. Ушбу воқеа Соҳибқироннинг нафақат ҳарбий соҳада қандай юксакликка эришгани ва инсон психологиясини чуқур таҳлил қила оладиган стратег эканини яққол намоён қилади:


Воқеа Дамашқ шаҳри яқинидаги ҳарбий майдонда содир бўлади. Бир куни Амир Темур кутилмаганда отга миниб, Мавлоно Абдулжабборга ҳам ўзига ҳамроҳлик қилишни буюради. Уларнинг ёнида фақатгина битта хизматчидан бўлак ҳеч ким бўлмайди. Соҳибқирон Миср мамлуклари қўшини турган томон йўл олади. Душман аскарлари отларининг устида шай бўлиб турган бир пайтда, Амир Темур уларга яқинлашиб, узоқ вақт давомида душман ҳаракатларини диққат билан кузатиб туради. Сўнгра ўз ҳамроҳи бўлган хизматчини душман ўрдугоҳи томон юборади. Хизматчи худди бир муҳим фармонни етказаётган элчидек уларга яқин боради ва вазифасини бажариб қайтиб келгач, Амир Темурга юксак эҳтиром билан таъзим қилади.


Қизиғи шундаки, душман томон Соҳибқироннинг кимлигини ҳам, бу кичик гуруҳнинг асл мақсадини ҳам мутлақо пайқамайди. Ваҳоланки, уруш майдонида қаршисидаги кишининг душман эканини сезишдан кўра муҳимроқ вазифа йўқ эди. Амир Темур эса бу вазиятни кўриб, кутилмаган бир хулосага келади. У қароргоҳга қайтаётиб, Абдулжабборга қараб, бу қўшин бугун тунда қочишини айтади. Ҳақиқатдан ҳам, ўша тунда Мамлук султони Насир Фараж ва унинг амирлари кутилмаганда ваҳимага тушиб, ўз жойларини ташлаган ҳолда қочиб кетишади.


Кейинчалик Мавлоно Абдулжаббор Соҳибқирондан бу сирни қандай қилиб олдиндан билганини сўрашганида, Амир Темур шундай жавоб беради: “Мен уларни кузатиш учун борганимда, уларнинг бирорта ҳам айғоқчи-қоровулини кўрмадим. Шунда уларга янада яқин бордим ва диққат билан кузатдим – қарасам, улар тарқоқ ҳолда тоифа-тоифа бўлиб олишибди. Уларга келганимни билдиришни хоҳладим ва ҳамроҳимга буюрдим: у бориб уларнинг олдидан ўтди ва қайтиб келиб, менга худди подшоҳларга хизмат қилингандек, юксак эҳтиром билан хизмат қилди. Улар эса буни мутлақо пайқашмади.


Ҳолбуки, мен уларнинг душманиман! Ваҳоланки, урушаётган томон учун ўзи урушаётган душманидан кўра муҳимроқ нарса йўқдир. Билдим-ки, улар менга эътибор беришмаяпти ва шунга қарамай ҳар бир тоифа фақат ўз-ўзига жипслашиб қолибди – англадим-ки, улар фақат ўзларини ташвишга солаётган бир иш ичидалар. У иш эса фақат қочишдир! Улар ҳозир фақат қандай қилиб қочиб қутулиш ҳақида қайғурмоқдалар”.


Мавлоно Абдулжаббор Хоразмий орқали бизгача етиб келган ушбу нодир факт Амир Темурнинг нақадар буюклигини кўрсатиш билан бирга, у душманнинг ташқи тартибсизлигидан уларнинг ички қўрқувини, бепарволигидан эса уларнинг яқин соатлардаги мағлубиятини башорат қилган. Бу илмий нуқтайи назардан вазиятни реал вақт ичида баҳолашнинг энг ёрқин тарихий намунасидир. Мавлоно Абдулжабборнинг ушбу хотиралари Ибн Халдун каби буюк олимни ҳам ҳайратга солгани бежиз эмас, чунки бу ерда амалий тажриба ва юксак назарий тафаккур бир нуқтада бирлашган.


Абдулжаббор ибн Нўмон Амир Темур билан биргаликда жуда кўп олимлар билан баҳс-мунозараларга киришди. Бу баҳс-мунозараларда ўзининг юксак истеъдоди билан у ердаги олимларни ҳам эътирофига сазовор бўлган. Амир Темурнинг имоми, таржимони ва маслаҳатчиси бўлган Абдулжаббор ибн Нўмон 1403 йил вафот этади.


Хулоса ўрнида айтиш жоиз, Соҳибқирон Амир Темур ўз даврининг энг етук илмий ва диний намояндаларини ўз ҳузурида жамлаган бўлиб, улар орасида ҳанафий фиқҳининг забардаст олими Мавлоно Абдулжаббор ибн Нўмон алоҳида мавқега эга эди. Мавлоно Абдулжаббор Соҳибқирон ташкил этган мажлисларда нафақат моҳир таржимон ва одил ҳакам, балки диний-ҳуқуқий масалалар бўйича энг яқин маслаҳатгўй сифатида ҳам танилган. Энг муҳими, у Амир Темур шахсияти ва ҳарбий маҳоратига оид бизгача етиб келган кўплаб ноёб маълумотларнинг асосий етказувчиси сифатида тарихимизда ўчмас из қолдирди.
 
         

 Элёрбек ТУРДИМИРЗАЕВ,
ЎзР ФА Тарих институти кичик илмий ходими

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 35100
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//