Алп Эр Тўнга ўлдими?
Эсиз, дунё қолдими?
Фалак ўчин олдими?
Энди юрак йиртилур...
Эмди йурек йиртилур...
Бўри бўлиб улидилар,
Ёқа йиртиб турдилар,
Йиғлаб-сиқтаб юрдилар...
Йиртип яка урлаю...
Йиртип яка урлаю...
Урлаю, урлаю-ю... оҳ... тушида алаҳсиб, ичикиб отасини қўмсаб йиғлаётган гўдакдай, олис саҳролар, даврон довонларидан шамол учириб келаётган қорнинг совуқ эпкинидай, туш ва ҳуш орасида ранглари чаплашиб кетаётган вақт ва манзилнинг оралиқ бир қуюни руҳимга бостириб киради. Сўзлар маъносини унча англамайман, аммо англамаганим сари бу йўқловнинг юки, оғир, қайғули залвори кўнглимни эзади, қаддимни бука боради.
Токи, бу нидо энг қадимги китобдан эканини билгунимча, бўлаётган воқелик тушида эканини билгунча гангиб турган норасида каби шу ҳолда тураман. Бу кўҳна ганж – “Девону луғотит турк”даги бир марсия эканини англагунимча... лекин англагач, йўқлаётган ва йўқланаётган зотларнинг кимлигини англаганимдан сўнг руҳимда ёрқин бир дард энди бошқа равишда нишона беради.
Бехосдан халқнинг илдиз, қон-қардошлик тўғрисидаги содда, бойир бир ибораси тилимга келади: “Сигирнинг шохига урсанг, туби сирқирайди”. Бу иборани илк бор нима муносабат билан эшитганим ёдимдамас, аммо ичимда “сигирнинг туби қаери, нега сирқирайди, бу нима дегани?” деган сўроқ тургани эсимда. Мен Маҳмуд Қошғарийга, у марсия ёзган туркий халқларнинг бошбобоси Алп Эр Тўнгага нақадар яқинлигимни шу содда ибора орқали, туйқус теран ҳис этаман. Гўё ул зотлар билан орамизда минг йиллар йўқдек. Аммо ичимдаги кечимни ифодалаб беришга сўз йўқ ҳали...
* * *
Товуш ва сўз. Сўзнинг матнга дўниш мўъжизаси. Тошга, терига, сопол парчасига, қоғозга битилган сўзлар қолди. Авлодлар алмашаверди. Тождорлар довруқ солиб келдилар, миноралар, қасрлар бунёд этдилар. Вақт шамоли уларнинг ўзларини ҳам, йиққан молу давлатини ҳам, қурган қасрларини ҳам учириб, тарих қаърига улоқтирди. Уларнинг ёди, хотираси ҳам ўчди. Ўчмаганлари – фақат номи ва шуҳрати қолганлари оддий терига, хитойи қоғозга битилган сўз орқали бизга етиб келди. Қанча тошлар селларда оқди, дарёларга ғарқ бўлди, қанча қоғозу терилар кул бўлиб кетди.
Аммо ёзилгани яшаб қолди. Сўз яшаб қолди. “Девону луғотит турк” қолди. Асрларнинг қоялари ортидан баланд бўйлари кўриниб, муҳташам, қуламас илоҳий обидадай бўлиб шу китоб қолди.
Инсоният бир бутун ҳолида, пайдо бўлиб, онгли ҳаётини бошлаган бобокалони ва бугунги авлодлари билан қўшиб олганда битта, танҳо йўловчидир. Бу йўл одами босган манзилларида кўпни кўрди. Адашди, йўлидан тойди, сўнг уни қайта топди. Сўқмоқ очди, уни манзил сари элтадиган улуғ йўлга айлантирди. Гоҳо манзил ўзгариб турди, муқаддас деган тутумлари ҳам ўзгарди. Йўловчи адашганини англаб, янгидан йўл очмоққа уринди ва қай маънода муяссар ҳам бўлди. Бу олис сафарда унга энг катта ҳамроҳ тафаккурини ёритиб турган сўз бўлди. Сўзда сеҳр, шеърда ҳикмат бор демишлар. Шу илоҳдан томган сеҳр башар юзини ёруғ этди. Сўздан китоблар бино бўлди.
* * *
Бу қандай китоб ўзи?
“Мен бу китобни махсус алифбо тартибида туздим, ҳикматли сўзлар, сажълар, мақоллар, қўшиқлар, ражаз ва наср деб аталган адабий парчалар билан безадим”, – дейди Маҳмуд Қошғарий ўзининг ўлмас асари ҳақида.
“Бу асарга ниҳоятда юксак баҳо беришимиз керак, чунки у китоблардан олиб ёзилмаган, балки жонли материални шахсан кузатишга асосланган... Муаллиф берган маълумотлар, археологик кашфиётлар бу маълумотларнинг аксариятини исбот этмоқда”, – деган тилшунос олим Виктор Беляев.
Гарчи Маҳмуд Қошғарий асарга “Туркий сўзлар девони” деб ном берган бўлса-да, тил ҳақидаги бу қомус 200 дан ортиқ дори тури, 30 дан ортиқ касаллик ва унга шифо бўлувчи даво унсурлари, улар ҳақидаги ноёб хабарлар берилган ажойиб тиббий қўлланма ҳамдир.
“Девону луғотит турк” – адабиёт намунаси. Намунаки, бизга муаллифларининг аксарияти номаълум бўлган 764 мисра – 289 та тўртлик ва иккилик(байт)дан, гўзал насрий матнлардан иборат адабий ёдгорлик.
Китоб ҳали бугунги кунда мавжуд бўлган, бу шаҳардан бошқасига сафар қилиш учун оддий воситаларнинг ҳеч бирови бўлмаган бир замонда эл оралаб, юртларни пиёда кезиб, халқларнинг 318 та мақоли ва ҳикматли сўзлари йиғилган ажойиб этнографик манба ҳам ҳисобланади.
Сайёҳлар Миср эҳромларига боқиб лол бўладилар. Бир уюм тошнинг нимаси ҳайратли? Ҳа, гап тошда эмас, уни тартиб билан тахлай олган, улкан эҳром пайдо қилолган инсон илми ва матонатида. Ҳайрат шу заҳмат ва илмгадир.
Аммо бундан салкам 1000 йил аввал 8 мингдан ортиқ сўздан бино бўлган, бирор бузғунчи портлатиб юбора олмайдиган (2001 йили Бомиёндаги Будданинг энг қадимги ҳайкаллари жоҳиллар томонидан портлатилган эди!) тилнинг буюк обидаси қошидан ҳайрон қолмай ўтадилар.
Ваҳоланки “Девон...”даги тилда сўйлашган, Қошғарийни маҳлиё қилган одамларнинг кимлиги, турмуши, ҳаёт даражаси, сўйлашув тарзи шу китобда яшаб қолган, ўзлари эса, табиийки, йўқ.
Ўзларини Алп Эр Тўнга авлоди санаган қорахоний подшолар даврида яратилган бу асар ўша машҳур шоҳликлар тарихини ўзида сақлаб келди.
Бу китоб – китобларнинг бобоси! Айнан тарихга бағишланмаган бўлса-да, халқлар тили тарихини ўзида жам этган. Тилнинг тарихи эса ўша халқларнинг ўтмишига калитдир.
Бу китоб кўҳна конга ўхшайди. Минг йил бурун очилгану ҳануз авлодлар ундан дуру жавоҳир теради. Бир қарасанг, тугаб қолгандай, аммо яна ковласанг, яна олтин чиқаверади. Олтойдан, Сибирнинг бепоён даштларидан тортиб Ҳимолай этакларигача, Болосоғуну Хитой, Қошғардан араб диёрларигача ястанган улкан кон бу. Шу манзил-маконларда яшаган ва яшаб келаётган туркий қавмнинг катта-кичик миллату элатларидан тўраган ҳар бир жоннинг бу конда улуши бор, бу конга кўшиши ҳам бор.
Шоир Шерзод Комил Халил “Биз йўқ бўламиз” номли ҳикоясида Сибир ўлкасида яшаган керек деб аталувчи халқ ҳақида ёзган. Қачонлардир юз минглаб нуфусга эга бўлган кереклар узоқ вақт мобайнида рус тили ўпқонига ютилиб кетади. Бутун бошли халқдан икки киши – кекса она ва рус йигити билан турмуш қуришга жазм қилган қизи қолган. Кампир йиғлайди. Очлик ё йўқчиликдан эмас – унинг уйи, нафақаси, кичикроқ бўлса-да мулки бор – тили йўқолиб кетаётганидан хун бўлиб йиғлайди. Ва асар муаллифига “Сизлар юртингизда неча кишисизлар, ўзбеклар кўпми?” деб савол беради. Адиб, албатта, ўзбеклар ҳақида мамнуният билан маълумот беради. Кампир тағин йиғлайди: “Энди биз йўқ бўлиб кетамиз. Қизим ҳам ўрисга тегаяпти. Фарзанд кўрса фарзандлари керекча гапирмайди. Биз йўқ бўламиз...”.
“Девону луғотит турк” – тириклик суви. Тилини йўқотаётган ҳар қайси туркий бу сеҳрли сувдан ичиб аждарҳо заҳридан тузалган ботирдай ўзини қайта ўнглай олади. Кереклар каби йўқолиб кетиш хавфининг олдини олади бу асар.
Ўз ўрнида бир қарз гап ҳам бор: биз бугун ҳар ким ўз молини мақтаётган, тилини устун санаётган, турли восита ва шаклларда ўз урф-таомилини олиб келаётган долғали даврдамиз. Бу пайтда бизни асраб қоладиган энг асосий куч тилдир. Тилсиз миллат эса йўқ миллат.
* * *
“Девону луғотит турк” – туркий тиллар ҳақидаги Маҳмуд ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад ал-Қошғарий томонидан 1071 – 1072-йилларда якунланган қомусий асар бўлиб, у ўз давридаги туркий тилларнинг луғавий, грамматик ва маданий жиҳатларини қамраб олган. Шу маълумотнинг ўзиёқ киши кўксини тўлдириб, тўлқинлантириб юборади. Ҳали айрим халқлар авратини ёпишга фаҳми етмай турган бир паллада ижтимоий ҳаёт, моддият ҳақида эмас, тил ҳақида, адабиёт, тиббиёт илмлари ҳақида шундай улкан обида вужудга келди. Бу дафина эса биз туркийларга тегишли. Гап келганда айтиш керакки, тил, адабиёт, илм, умуман маънавият бирламчи бўлмоғи керак. Тангри берган ризқни топиб ейиш учун ҳам илм керак. Маҳсулотини сотиш учун ҳам тил лозим. Сулҳ тузиш учун ҳам маънавият зарур. Қолганларини эпласа бўлади.
...Асарда туркий тилларнинг грамматикаси, луғавий бирликлари, ижтимоий ҳаёти, тарихий ва маданий хусусиятлари, шунингдек, туркий халқларнинг турмуш тарзи, қадриятлари ва дунёқараши ҳақида қимматли маълумотлар келтирилган.
Асар араб алифбоси ва тилида ёзилган. Қизиқ, туркий тиллар тақдири ҳақидаги шоҳ асар бошқа тилда яратилди. Нечун? Бу саволнинг жавоби жуда оғир. Ваҳоланки, халқларнинг сўзлашиб турган жонли тили бор эди. Хоразм, Сўғд ёзув-алифбоси мавжуд эди. Аммо ҳукмрон тил арабча бўлгани боис шундай қилишга мажбур бўлган. Ўзбекистон миллий энциклопедиясида келтирилган маълумотга кўра, Қошғарий 8 мингдан ортиқ туркий сўзни тўғри талаффуз қилиш мақсадида арабча ҳаракатлар(ҳарфлардаги ост-уст ишоралар – зер-забар)дан фойдаланган. Бунда, албатта, муаллиф анча қийинчиликка дуч келган. Чунки арабчадаги алиф, вов, ё товушларини берадиган белгилар билан туркий товушларни тўлиқ бериб бўлмас эди. Туркийдаги чўзиқ ва қисқа унлилар, юмшоқ ва қаттиқ товушлар учун муаллиф махсус белгилар(ҳаракатлар)ни қўллайди ёки сўз бошидаги чўзиқликни икки алиф билан кўрсатади ёки икки хил талаффуз қилинадиган сўзларга икки хил ишора қўяди: азуқлуқ, эритмак сўзларидаги з ва р ҳарфлари устига ҳам касра, ҳам замма ишорасини қўйган. Демак, бу сўзлар ўша даврда икки хил талаффуз этилган: азиқлуқ – азуқлуқ, эритмак – эрутмак каби. Арабча ҳарф билан кўрсатиш мумкин бўлмаган туркий талаффузни “Девону луғотит турк”да изоҳлаб, таърифлаб ўтган. Асарда аввало отлар, сўнг феъллар изоҳланади. Сўзлар тартиби уларнинг таркибидаги ҳарфларнинг орта боришига (2 ҳарфдан 7 ҳарфгача) қараб тузилган.
* * *
Асарнинг ягона ва энг қадимги қўлёзмаси 1226 йилда котиб Муҳаммад ибн Абу Бакр кўчирган нусха бўлиб, у 1915 йилда Туркиянинг Диёрбакр шаҳридан топилган. Қўлёзма Истанбул миллий кутубхонасида сақланади. “Девон...”нинг биринчи ношири ва туркчага таржимони Рифат Билге ҳисобланади. Ўзбекистонда эса профессор Солиҳ Муталлибовнинг 35 йиллик меҳнати натижасида 1960 – 1963-йилларда ўзбек тилида уч жилд ҳолида нашр этилган.
“Девон...”да муаллиф ўзи тузган доира шаклдаги харита ҳам мавжуд. Дунёнинг тасвири. Қошғарий англаган, тасаввур қилган жаҳон харитаси. Харитада мамлакат, шаҳар, қишлоқ, тоғ, чўл, довон, денгиз, кўл, дарё ва ҳоказоларнинг номлари ёзилган. Унга ёзилмай қолган бир қанча номлар асар матнида изоҳланган. Харита асосан ҳозирги шарқий яримшарга тўғри келади.
Дунёнинг табиий қитъалари миллион йилларки муқим турибди, аммо хариталар ўзгариб кетаяпти. Бу узлуксиз, бетиним жараён. Қошғарий тузган харитага қараб, битта олимнинг дунёни англаш даражаси, берган мўл-кўл ҳосили нақадар улканлигини бироз ҳис этарканман, “Қошғарий бобо бир ўзи бутун бошли академиянинг ишини қилган экан” деб иқрор бўламан. Аждоддан авлодга ахборот ва белгиларни генлар ташийди. Минг йил аввалги умумтуркий маданий қадриятларни нордай ташиган, бизгача етказиб келган улуғ аждодга берганим бу баҳо менимча муболаға эмас.
* * *
Қанча товуш бор бу тирикликда... баргнинг шовуллаши, арининг ғўнғиллаши, сувнинг шилдираши, қуш, айиқ, чақмоқ, довул... ва жимликнинг товуши... бу товушларнинг ҳеч бири бежиз эмас, шунчаки, бесабаб мавжуд эмас. Аммо содда бир нақл бор: бозорда одам кўп, ҳар ким таниганига салом беради. Шу боис туркийнинг товуши, “Девон...” қатларидан жаранглаётган, гуррос солиб, айқириб ўтаётган қадим ва навқирон туркийнинг товуши бизга қадрдон.
Қошғарий девон охирида “Бу китоб умримни охирига етказди” деб ёзган. Демак, олим бу китобга бутун умрини, ҳаётини бағишлаган.
“Девон...”дан олинган мана бу садоларга қулоқ беринг. Шу садолар тинмасин, дунё тургунча бақамти, дунёда катта сон ва сифатни ташкил этувчи туркийлар, хоссатан, ўзбеклар садоси тинмасин ва каминанинг сўзларига ҳам шу сатрлар, нақллар хулоса бўлсин:
Тоқиш ичра уриштим,
Улуғ бирла қапиштим,
Тўкуз атин жапишдим,
Айдим эмди ал Утар.
Жангда рақибнинг улуғи билан қашқа отда урушдим. Унга ўқ отдим ва унга “Мендан буни ол, Утар деб унга ўқ отдим” (Утар – киши номи).
Ятнинг яғлиқ тикусиндан ўзнунг қанлиғ узруқ жир – ётнинг ёғли овқатидан яқинларингнинг мушти яхши.
Қутсуз қузуғқа кирса, қум яғар – бахтсиз қудуққа кирса, қум ёғар.
Қиш қонуқи ўт – қишнинг зиёфати олов.
Ўт тутунсиз болмас, жигит жазуқсиз болмас – ўт тутунсиз бўлмас, йигит гуноҳсиз бўлмас.
Тилин тугмишни тишин жазмас – тил билан боғланган тиш билан ечилмас.
Оғлан иши иш болмас, оғлақ мунгузи сап болмас – болалар ишини иш деб бўлмайди, эчки шохи соп бўлмайди.
Бир тилки терисин икила сонмас – бир тулки териси икки бор шилинмас.
Эрдам баши тил – одобнинг боши тил.
Шодмонқул САЛОМ
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2026 йил 1-сон.
“Эрдам баши тил...” мақоласи
Адабиёт
Санъат
Дин
Таълим-тарбия
Жараён
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ