Воқеалари йўқ тарих
Унга 2010 йилда дуч келгандим. Айланиб ўтиб кетишнинг сира иложи бўлмаганди. Унда ўзбек мумтоз адабиётининг юз йилдан бери ҳайрон ҳолатда ўтирган икки улуғ ижодкорини кўргандим. Уларни бундай аҳволда учратган ёлғиз мен эмас эканман. Улар бир асрдан бери воқеалари йўқ тарих ҳудудидан чиқолмай юрган Бобораҳим Машраб ва Рўзибой Машраб эди. Орадан ўн беш йил ўтиб, бугун яна йўлим шу ерга келиб тақалди. Қани, нимадир ўзгардимикан? Юрт ўтмишидан икки Машраб бобога тегишли воқеалар топилдимикан? Воқеалари йўқ тарихнинг аҳволи кейин нима кечди?
* * *
Қашқадарёда хизмат сафарида юрганимда Қарши – Чироқчи катта йўли ёқасида бир тил-адабиёт ўқитувчиси қуримизга келиб қўшилди. Салом-аликдан сўнг “Сизни танидим, ўн йилча олдин “Машраб” китобингизни ўқигандим. Ундаги маълумотлар, мулоҳазалар менда ва бошқа домлаларда ҳам кучли таассурот қолдирганди. Бироқ орадан шунча вақт ўтган бўлишига қарамай уларнинг илмга ҳеч қандай фойдаси, таъсири кўринмади. Дарсликларга бирор ўзгариш киритилмади, Бобораҳим Машрабга оид маълумотлар ўша эски ҳолича турибди. Ҳозиргача ўқувчиларимга бу мавзуда дарс ўтишга қийналаман. Тадқиқотчиларнинг ҳақиқатга ёпишмай турган кўплаб талқинлари ва тарихий воқеалари ўз ўрнини тополмай ҳар тарафга сочилиб кетган... Ўқитувчининг аҳволини ўзингиз тасаввур қилиб олаверинг. Ёш авлодга бундай маълумотларни бериш – уларни алдаш деб ўзимдан норози бўлавераман” деганди у.
Ўша йўл ёқасида икки Машраб ҳақидаги гурунг анча чўзилди. Воқеалари йўқ тарих... Келинг, бугун унга биргаликда назар ташлайлик. Балки ўша воқеаларни улар йўқ жойлардан қидириб юргандирмиз.
Домланинг изтироби
Мендан бирйўла икки Машраб тўғрисида батафсил маълумот беришни сўрашди. Журналнинг битта сонида бир мақола билан бу ишни уддалаб бўлмас экан. “Менга қолса, журналнинг бир сонини тўлиқ шу мавзуга бағишлардим”, – деди дўстимиз Фурқат Мели. Лекин бизда бундай имконият йўқ.
2025 йил апрель ойида Ислом цвилизацияси марказида амалга оширилиши мўлжалланган тадқиқотларнинг медиалойиҳасига таклиф қилиндим. Унда “Бобораҳим Машраб ҳаёти ва ижодий мероси” деган мавзу бирламчи қўлёзма манбалар асосида янгича илмий талқинлар билан ёритилиши сўралганди. Мактабда дарс берувчи ўша тил-адабиёт ўқитувчисининг изтироблари кўнглимда яна қўзғалди. Ҳа, қани 2010-2011-йиллари “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида Бобораҳим Машраб шахси ва ижодига оид бўлган баҳс-мунозаралардан кейин бу мавзуда қандай янгиликлар, кашфиётлар бўлди экан? Бу жуда муҳим ва қизиқ.
2011–2015-йиллардан кейин юртимизда ушбу мавзуда айрим тадқиқотлар ўтказилиб, бир қанча мақола ва китоблар чоп қилинибди. Тўртармоқда улар кутилганидан хийла кўп чиқди. Туркиялик қардош олимлар ҳам айниқса кейинги 25 йилда Бобораҳим Машраб ҳаёти ва ижоди мавзусида сермаҳсул ижод қилган экан. Тадқиқотлар кўламининг ниҳоятда кенглиги сабабли бу мақолада фақат шоирнинг ҳаёти ёритилишига тўхталамиз. Хўш, турк олимлари бу ҳассос шоирнинг ўзбек мумтоз адабиётидаги ўрнини қандай тасаввур қилади? Балки улар шоир таржимаи ҳолини баъзи муҳим янгиликлар билан тўлдиргандир?
Кейинги йилларда Туркияда машрабшунослик соҳаси етакчиларидан бирига айланган Сади Гедик ўз тадқиқотида Машрабнинг таваллуд санаси илмий адабиётларда 1640/1641, 1653, 1657 йиллар билан кўрсатилиши ва улар орасида 1640 йил тўғрироқ деб қабул қилинганини таъкидлайди[1]. Бу маълумотга Машраб Кошғарда етти йил Офоқхожа хонақоҳида таълим олгани ва 1711 йили Маҳмуд қатаған томонидан ўлдирилганини қўшимча қилади[2].
“Турк адабиёти асарлари луғати”нинг (ТААЛ) охирги жилдида ҳам Машрабнинг туғилиш ва ўлиш саналари юқоридаги каби берилган[3].
Иброҳим Акча мақоласида Сади Гедик маълумотига таяниб Бобораҳим Машрабнинг туғилган санаси 1640/1641, 1650, 1653, 1657 йиллар билан кўрсатилиши ва 1640 йил тўғрироқ экани, шоир 1711 йили Балх ҳукмдори Маҳмуд қатаған томонидан ўлдирилганини ёзади[4].
Туркия олимларининг кўриб чиқилган ўндан ортиқ ишида Бобораҳим Машраб ҳаётига доир деярли бир хил маълумотлар берилгани аниқ бўлди. Улар Машраб таржимаи ҳоли борасида профессор Исматулла Абдуллаев, Жалолиддин Юсупов ва улар йўналишидаги ўзбек адабиётшунослари ишларига таяниб, фикр билдирган экан.
Қидирувда давом этдик ва Афғонистонда ҳам шундай аҳволга дуч келдик. Улар ҳатто Балхда Бобораҳим Машраб қабрига пона тош ўрнатиб, шоир 1640 йилда туғилганини ёзиб қўйишибди. Бу манзараларни кўриб, домланинг изтироблари менга тўлиқ кўчиб ўтди. Мазкур маълумотларнинг ҳаммаси биздан борган. Улар арзирли бирор янги ахборот қўша олмаган.
Машрабга элтувчи йўл
Яна 2010-2011-йиллардаги боши берк кўчалар ҳикоясига[5] қайтамизми? Ўшанда бу саналарнинг бирортаси ҳам тўғри эмаслиги айтиб бўлинган. Машраб таваллудига оид энг машҳур 1640 йилда шоирнинг отаси ҳам туғилмаган бўлса керак. Тадқиқотчилар доим оммага тақдим қиладиган юқоридаги уч-тўрт сана атрофида устози Бозор охунд ҳали дунёга келмаган эди, бу аниқ. Йўқ, биз ҳақиқатан ҳам ҳануз Машраб ҳузурига олиб бормайдиган йўлларда юрган эканмиз. Нималарнидир нотўғри қилаяпмиз ва бу хатолар энди дунё бўйлаб тарқалаяпти. Акс ҳолда бир асрдан кўпроқ вақт катта бир миллат нохуш чалкашликларга бу қадар узоқ вақт ўралашиб қолмасди. Тадқиқотчилар қайта-қайта такрорлайдиган “фалончи Бобораҳим Машраб масаласини узил-кесил ҳал қилиб қўйди” каби гаплардан тезроқ узоқлашиб, ойнага қараб ўзимизни бир кўриб олайлик. Нима қилаяпмиз ўзи?
Ундай бўлганда ҳозир ҳеч ким бир нечта сана уюмига термулиб, “Буларнинг қайси бири тўғри?” деб бош чангаллаб ўтирмасди. Ўқитувчилар ўқувчиларнинг саволларига жавоб беролмай, изза бўлмасди.
Бизни Машрабга олиб борадиган йўл қаерда?
Аслида доим шу йўлнинг ёқасида турибмиз, лекин ҳалигача унга ҳеч ким бир марта ҳам кириб кўрмаган. Шоирнинг қачон яшагани, кимлигини билмасдан унинг ҳаёти ва ижоди тўғрисида гапириш, номидан девонлар тузиб чоп қилиш, жилд-жилд монографиялар ёзиш мумкинми?
“Зид” қиссаси
Қаршимизда мавзуга тегишли, ҳаммага маълум иккита йўл турибди. Биринчиси бирламчи тарихий қўлёзма манбалар, иккинчиси тадқиқотчиларнинг шу пайтгача ёзган мақолалари, асарлари, мактаб ҳамда олий ўқув юртлари учун тайёрланган дарсликлар ва яна бошқалар. Биринчиси ростдан ҳам саноқли, ҳозирча иккинчисининг саноғига етолмадим. Улар юзлаб, балки мингга яқинлашиб қолар. Кимдир айни шу дамда уларнинг рўйхатини тузаётгандир ҳам.
Деярли барча машрабшунослар тадқиқотларида кўпинча биринчи туркумга мансуб асарлар “Бобораҳим Машраб ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот берувчи тарихий манбалар кўп эмас. Борларида ҳам ахборотлар ниҳоятда кам ва бир-бирига зид” қабилида қисқагина таърифланади. Аммо ўша “зид” ҳолатларни бугунгача бирорта тадқиқотчи батафсил таҳлил қилиб, ёритиб бермаган. Эҳтимол, бирламчи манбаларда ўша “зид” йўқдир. Улардаги маълумотларга ҳозиргача нотўғри ёндашилган ва “зид” қиссаси тадқиқотчилар ижоди бўлса-чи?
Асрлар оралаб... Машраб мозаикаси
Бу тасвир Бобораҳим Машраб ҳаёти ва ижоди парчалари... Уни тиниқроқ кўриш учун уч асрни оралаб ўтишга тўғри келади. Яқинлашиб борганинг сари бу мозаикада қалбида бир булбул тинимсиз сайраётган дарвеш қиёфаси кўрина бошлайди.
XVII аср.
Малиҳо Самарқандийнинг “Музаккирул-асҳоб” тазкираси, 1688–1693-йилларда тузилган. Муаллиф ёзади: “Машраб – Раҳимбобо қаландарнинг тахаллуси, у асли Андижон вилоятидандир. Ёшлигида фазилат ва камолот истаб Наманган вилоятига борди. Зийрак ва тиришқоқлиги сабабли у ерда ўқишига эътибор қаратишди. Эндигина илм ўрганган ёшгина пайтида[6] Самарқандга келди. Бир неча муддат шу ерда яшаб, яна Наманганга қайтиб кетди. У ердан Кошғар, Бадахшон ўлкаларига йўл олди ва Балхдан Самарқандга қаландар либосида қайтиб келди.
Ушбу сафарида у пишиқ шеърлар ёзадиган бўлди. Қуйидагилар унинг шундай мукаммал шеърларидан, таърифга ҳеч муҳтож эмас”[7].
XVIII аср.
Асрлар тузган мозаикада бу юз йилликнинг қадама тошлари ўрни бўш турибди. Улар қидирилмоқда.
XIX аср.
1. “Қиссаи Шоҳ Машраб”, “Девона Машраб” асари, у бошқа номлар билан ҳам аталади. “Музаккирул-асҳоб”дан кейин Бобораҳим Машраб ҳақида маълумот берувчи иккинчи муҳим ва йирик манба. Жалолиддин Юсупов шахсий кутубхонасида унинг ҳижрий 1250 йили (1834/1835) кўчирилган қадимий нусхаси 3-рақам билан сақланаётганини ёзади[8].
“Қиссаи Машраб” XIX асрнинг иккинчи ярмида халқ орасида машҳур бўлган ва кўп тарқалган. Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасида унинг қирққа яқин нусхасини аниқладик. Улар орасида энг қадимийси 11836-рақам билан сақланаётган нусха (112 варақ) ҳижрий 1257 йили (1841) Челак мавзесида кўчирилган[9].
Деярли барча тадқиқотчилар “Қиссаи Машраб”ни халқ китоби туркумидаги асарлар қаторига қўшади[10]. Улар, албатта, тарихий асар ё тазкиралар даражасида бирламчи манба вазифасини ўтай олмайди. Бироқ ўтмиш ё бирор мавзуни тадқиқ этишда улардан ҳам фойдаланиладиган алоҳида тоифадаги бадиий-тарихий манбалар гуруҳини ташкил қилади. “Қиссаи Машраб” асари чоп этилган[11]. Унда ҳикоя қилинган воқеаларда Бозор охунд (1660/1665–1730), Офоқхожа (1625–1693), Мавлавий Шариф (1615–1697), Кунтайжу–Ғалдан Бушуқту (в. 1697), Оқбўтабий (в. 1727), Хожамподшоҳ–Ҳасанхожа (1690 – 1728), Хонимподшоҳ (в. 1694), Маҳмудхон (тахм. 1646–1731) каби тарихий шахслар иштирок этган. Уларнинг ҳаммаси Машраб билан суҳбатлашган. Тадқиқотчи шоир ҳаётидаги кўп ҳодисаларда уларни учратади. Ушбу мавзуни ёритишда бу шахслар тарихи ва уларга оид ҳар қандай маълумот жуда муҳимдир.
Қиссада бирорта тарихий сана қайд этилмаган. Ҳикояларда бўрттириш ҳолатлари, ўйлаб топилган лавҳалар ҳам учрайди. Улар аслида ўқувчига “машраб мақоми”ни тушунтириш, унга хос хусусиятларни очиш ҳамда ўқирманлар қизиқишини орттириш учун хизмат қилади.
Қиссадан парча: “Алқисса, Машраб шу чиққанларича юруб, Хўжанд шаҳриға дохил бўлдилар. Хўжандга Оқбўтабий ҳоким эрди. Шоҳ Машраб кўкнорхонаға туштилар. Хўжанд шаҳриға шуҳрат бўлдики, “Хожамподшоҳни[12] Машраб деган бир муриди келибдур” деб улуғ-кичик, тамом Хўжанд халқи Машрабни кўргани келдилар. Кўрдиларки, бир қаландари қави ҳайкал, қизил юзлук, шаҳло чашм, пайваста абру, сочлари фатила-фатила гарданлариға тушган, муҳаббат майиға ғарқ бўлган, итларини бўйнида олтун халқа уруғлуқ, халойиқ Машрабни бу ҳолда кўруб, ҳайрон қолдилар. Шул соат Оқбўтабийға хабар еттики, “Машраб деган бир девона қаландар келибдур”[13].
Иккинчи парча: “Подшоҳ Маҳмудхон навкарлари бирла отланиб келди. Қараса, тахтни усти нажосатға ботибдур. Маҳмудхон айди: “Эй Машраб, бу нима қилганингиз?”. Шоҳ Машраб айдиларки: “Хўб қилдим. Ман сани тахтингга ўлтурсам нима бўлубдур? Сан юртга ўлтурдинг”. Подшоҳ Маҳмудхон бу сўзни эшитиб дарғазаб бўлуб дедики: “Эй жаллодлар, бери келинглар!”. Дарҳол жаллодлар келиб дедилар: “Тақсири подшоҳим, нимага амр қилурсиз? Кимни умрини паймонаси тўлубдур?”. Подшоҳ айди: “Машрабни олиб бориб дорға осингизлар!”. Филҳол, жаллодлар шоҳ Машрабни тутуб, қўлларини маҳкам боғладилар. Анда шоҳ Машраб айдиларки: “Эй подшоҳ, сан ҳам уч кундин сўнг оламдин ўтарсан”. Анда жаллодлар шоҳ Машрабни дорга олуб борурда тамоми халойиқ орқаларидин навҳаву зори қилиб борур эрдилар. Шоҳ Машраб жонлариға айдиларки: “Эй жон, киши маъшуқини кўргани борурда ҳам қўрқарму?”[14].
2. Абдулазиз Наманганийнинг (в. 1857)[15] “Тазкираи Мажзуб” асари ҳам юқорида зикр этилган манбалар қаторидан ўрин олади. У асрлар тузган Машраб мозаикасига ўзгача тус беради. Ундан шу пайтгача тадқиқотларда етарлича фойдаланилмагани кишини ҳайрон қолдиради. У “Музаккирул-асҳоб” ва “Қиссаи Машраб” асарлари маълумотларини жуда ажойиб лавҳалар билан тўлдиради. Улар Малиҳо ҳикоясининг ўзига хос давомидир. ЎзФА ШИ қўлёзмалар хазинасида ушбу тазкиранинг 1337, 2662/2-рақамларда иккита нусхаси сақланади.
Тазкирадаги Машрабга оид ўша ғаройиб лавҳалар:
Қутлов
Бир куни девона Машраб мулла Лутфуллоҳ билан суҳбат қилди. Эшон Шаҳид ҳозир Қаршида ётибди. Мулла Лутфуллоҳ девона Машрабга “Сизга муборак бўлсин” деди. Девона унга “Ўзларига ҳам қутлуғ бўлсин” деб жавоб қайтарди.
Шундан уч йил ўтиб Машраб ва ўн бир йил кейин мулла Лутфуллоҳ шаҳид бўлди[16].
Бу девоналарнинг девона қилувчи суҳбати эди.
Баланд мартаба
Бир куни девона Машраб бир ниҳолга суянди, у эгилди. Кимдир “Эй девона, у эгилиб қолди” деди. У “Эгилган улуғ бўлади” деди. Байт:
Баланд мартаба излай десанг, тавозе қил,
Ки кўзни устида жой олмади эгилмай қош.
Сарварлик истар эрсанг, афтодалик шиор эт,
То тушмайин аёға, чиқмади боша бода.
У ниҳол тол эди. Охири эгилган ўша ниҳол ўсиб, ёнидаги тепалик билан баробар бўлди. Айтишларича, у ҳалиям гуркираб турганмиш. Мавлавий бу ҳодиса хусусида деди: “Машраб Аллоҳни таниган киши экан. “Эгилган улуғ мартабали бўлар” деб у аслида Расулуллоҳ ҳадисини адо этди”[17].
Мирзо Баҳодур ва мулла Бозор воқеаси
Мулла Бозор Наманганий одатда туннинг аввалида ухларди. Уйқудан туриб, таҳажжуд намозини адо этарди-да, бир соатча “Ҳидояи шариф”ни ўқир ва кейин Каломи шарифни тиловат қиларди. Бир кеча тиловат пайтида ғайбдан “қуръонхонлигингдан безор бўлдим” деган овоз эшитди. Уч кеча шундай овоз келиб, у ақл-ҳушини йўқотди ва Бухоро тарафга равона бўлди. Бухорода ошпазга шогирд тушди.
Мирзо Баҳодур бир куни Регистонга келиб айланди ва ошхонага кирди. Ошпаз лалида ош келтирди. У ошдан бир сиқим еди ва қолганини ошпазга қайтариб берди. “Ошингни ол, нима қилишни ўзинг биласан. Бир шогирдинг учун келдим” деди. Ошпаз шогирдларини ҳазратнинг ҳузурига келтирди. Охунд мулла Бозорни таниди, ўзи билан олиб кетди. Манзилга етгач, мулла Бозор икки-уч ой унинг хизматида бўлди[18].
Бу ҳикоя биз кўраётган мозаикадаги энг қимматли қадама қизил ёқутдир. Энди тасвир кенгайиб ва тиниқлашиб, Машраб ёнида бошқа улуғлар қиёфаси ҳам пайдо бўла бошлади.
3. Бу манба Рўзибой Машрабнинг (тахм. 1775–1871) “Олдимга кел” радифли мухаммаси, 1871 йилдан олдин ёзилган. Унда ҳаммаям бир қарашда Бобораҳим Машрабни кўравермайди. Бу мухаммаснинг нусхаларидан бири Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасида 4566-рақам билан сақланаётган “Мабдаи нур” асарининг охирида берилган. Ундан парча:
Шукрким, маҳбуби ҳақман мустафо ўғлим деган,
Муртазо энгим тутуб, бул мени фарзандим деган,
Кўзи кўр жондин боқиб, жононони кўрдим деган,
Асли исмим Рўзибой Мавлавий ўғлум деган,
Машраби Соний талаб бўлсанг, мани олдимга кел.
Рўзибой бу сатрларда ўқувчига ўзини “Иккинчи Машраб” деб танитиб, олдинроқ яна бир машҳур Машраб яшаб ижод қилганидан хабар бераётир.
4. Бу манба яқинда топилди. У “Қиссаи Машраб” асари матни охирига қўшиб қўйилса, биз тасвирини тўлиқ кўришга уринаётган мозаика тугалланган мукаммал тасвирга айланади. Хуллас, ҳозир ихтиёримизда Машраб қиссасининг машҳур қаҳрамони Маҳмудбий қатағаннинг қабртоши сурати турибди. У биз бўм-бўш деб таъкидлаган XVIII асрга тегишли бўлса керак. Ҳали уни ҳар томонлама ўрганишни охирига етказганимиз йўқ. Унда қуйидаги форсча битик бор:
Тарихи вафоти Маҳмудбий
З-онки шариъ зеб соли рихлаташ,
Буд “шаръа(н) оқибат” Маҳмудбий.
Таржимаси:
Маҳмудбий вафоти тарихи
“Шаръа(н) оқибат” Маҳмудбий
Кетар йилининг зийнати бўлди.
Матндаги сана яширинган “شرعا عاقبت” жумласи рақамга айлантирилганда ҳижрий 1144 йил (милодий 1731) ҳосил бўлади. Бу маълумот Мажзуб Наманганийнинг Машраб (1731) ва мулла Лутфуллоҳнинг (1739) шаҳид бўлиши ҳақидаги ҳикояси, Машраб устози Бозор охунд вафотига (1730) атаб ёзган “Булбул би рафт аз боғи илм” тарихи, “Қиссаи Машраб” воқеалари билан ҳайратланарли мос келади! Мана сизга Машраб мозаикаси...
Бирламчи қўлёзма манбалардан йиғилган барча маълумотлар умумлаштирилганда Бобораҳим Машраб тахминан 1673 йилда туғилиб, 1731 санада шаҳид этилгани маълум бўлаяпти. Уч асрлик узоқ масофани оралаб ўтиш осон кечмади, бироқ бирламчи манбалар билан биргаликда у сурурли бўлди. Аслида юз йиллик улкан тадқиқотлар тепалиги Машрабни биздан тўсиб турган экан.
Кечиринг, шу жойдан бу ёғига ўтолмай қолдим. Ё мен ниманидир хато қилаяпманми? 2014 йилда Мажзуб тазкирасини ўқиб, Абдумуталлиб Фаҳмий жанобларининг Машраб 1711 йилда вафот этгани ҳақидаги маълумотига қаттиқ шубҳаланиб қолгандим. У шу пайтгача кўнглимда юрарди. Ҳар нарсанинг вақти-соати бор экан. Ҳозир менда “воқеалари йўқ тарих” бирдан ғойиб бўлди. Қотиб қолган саҳнада ҳаракат бошланди. Уч юз йил олдинги қаҳрамонлар бўш турган тарихни воқеалар билан тўлдира бошлади...
Мақола бошида Бобораҳим Машрабнинг фақат ҳаётига тўхталамиз дегандик. Ишни тугаллашга ҳали улгурмадик. Ўзаро “зид” эмас, бу манбалар уюшиб, бир ёқадан бош чиқариб турибди-ку!
Ғавғолар манзили
Бу ХХ аср. Унинг дастлабки йиллариданоқ ғавғолар бошланганди – Нил Ликошин (1902), Абдумуталлиб Фаҳмий (1906), Василий Вяткин (1923), Абдурауф Фитрат (1930), Пўлат Қаюмов (1959), Ғафур Ғулом (1959), қолганларини ҳам ўқувчиларнинг ўзлари яхши билади. Муҳсин Зокиров ва қўлёзмаси сувга тушиб, дарёда “оқиб кетган” Исҳоқ Боғистонийнинг “Тазкираи қаландарон”и бу майдонда қандай ҳунарлар кўрсатмади? Улар ҳатто дарсликларга бўйнига чиройли тилла қўнғироқ осилган бир эчкини қўйиб юборди...
Муҳтарам ўқувчи! Ушбу ёзилганларни тасвирга айлантириб, Машрабнинг тариқатдаги силсиласини ҳам сизга тақдим қиламиз. Мозаика бўлса, мозаика-да! Бир кўринг. Ҳикоянинг қолганини кейин давом эттирамиз.
Абдусаттор ЖУМАНАЗАР,
ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги
Шарқшунослик институти катта илмий ходими
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2026 йил 1-сон.
[1] Gedik, S. ve Alıcı, L. (2018). Baba Rahîm Meşreb’in Elifnâmeleri, Jass Studies-The Journal of Academic
Social Science Studies, Doi number: http://dx.doi.org/10.9761/JASSS7449, Number: 65, Spring I 2018. – Р.125.
[2] Sadi Gedik. Son Dönem Çağatay Şairi Baba Rahim Meşreb’in Kitab-ı Mebde-i Nur Mesnevisi’nin Dil Özellikleri. On Language Characteristics of Last period Chagatai Poet Baba Rahim Mashrab’s Kitab-ı Mabda-i Nur Masnavi. – S.1370. //https://turkishstudies.net/turkishstudies?mod=makale_tr_ozet&makale_id=15147; Baba Rahim Meşreb’in Kitâb-ı Mebde-i Nûr Mesnevîsi (İnceleme-Metin-Gramer-Dizin). Hazırlayan Sadi Gedik. – Ankara, 2010. – 1403 s.
[4] İbrahim Akça. Baba Rahîm Meşreb Menâkıb-nâmesi’nde Geçen Şiirlerdeki Acem Kaynaklı Mitolojik Şahıslar. Turkish Academic Research Review – Türk Akademik Araştırmalar Dergisi, 2021. – Б.940.
[5] Абдусаттор Жуманазар. Машраб. – Т.: Академнашр, 2015. –126-134-бетлар.
[6] Матнда Машраб “соҳиби маҳосин” бўлган вақти алоҳида таъкидланади. Бу иборани профессор Абдурауф Фитрат ўзбек тилига “соқол-муйлаби ниш урган пайти” деб ўгирган.
[7] Музаккирул-асҳоб. ЎзФА ШИ. №58/1. – 237а-б.
[8] Юсупов Ж. Ҳақиқий Машрабни излаб /Меҳрибоним қайдасан. – 363-б.
[9] Қиссаи Машраб. ЎзФА ШИ. №11836. – 108б-б.
[10] Бу туркумда “Зуфунун қиссаси”, “Бобо Равшан қиссаси”, “Мирзо Адҳам қиссаси”, “Иброҳим Адҳам қиссаси” каби яна бир қанча асарлар бор.
[11] Қиссайи Машраб. – Т.: Наврўз, 2014. – 252-б.
[12] Хожамподшоҳ дейилганда одатда Офоқхожанинг кенжа ўғли назарда тутилган.
[13] Қиссаи Машраб. – 153 – 154-б.
[14] Қиссаи Машраб. –243-б.
[15] Тазкираи Қаюмий. –183-б. Баъзи муаллифлар у 1849 санада вафот этганини таъкидлайди.
[16] Тазкираи Мажзуб. ЎзФА ШИ. №1337. – 55а-б.
[17] Кўрсатилган асар. – 55а-б.
[18] Кўрсатилган асар. – 68а-б.
Адабиёт
Санъат
Дин
Таълим-тарбия
Жараён
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ