Миллат характерини шакллантирадиган ўйинлар – нега болалар ўйин ўйнаши керак?


Сақлаш
14:34 / 22.05.2026 13 0

Атрофга қарасангиз, бахтли болалик учун ҳамма нарса бор: ўйин майдончалари, хилма-хил тўгараклар, эрта ривожлантириш марказлари, ранг-баранг китоб ва ўйинчоқлар... Аммо болаларнинг аксариятига буларнинг ҳеч бири қизиқ эмас. Уларнинг фикри-хаёли гаджетларда. Мактабга бораётганда, ерости йўлларида, машинада, кафеларда биз бутун вужуди билан телефон ичига кириб кетган болаларни кўришга одатланиб ҳам қолдик, ҳатто. Ваҳоланки, бизнинг болалигимизда иккита бола тўпланган жойда, албатта, ўйин бўлар, кейин яна болалар қўшилар ва шу тариқа кечгача қандай вақт ўтганини сезмасдик.

 
Ҳозирги давр билан қиёсласам, болалигимизда (90-йиллар) бир тузук-қуруқ ўйинчоқ ҳам бўлмаган. Шунинг учун дарахт шоҳи милтиқ, лой – пластилин, барглар – пул, баъзан “Хола-хола” ўйнаганда эса масаллиқ вазифасини ўтаган.  Дарвоқе, миллий ўйинлардан “Оқ теракми, кўк терак”, “Ланка”, “Арқон тортиш”, “Беш тош”, “Ким олади”ларни эслайман. Ўйин ўйнашдан олдин бир-биридан аразлаб турган ёки янги қўшилиб, ўзини четга тортиб турганлар ҳам яқин бўлиб кетарди. Ўйинлар бизга ўзаро тил топишиш, бир-биримизнинг характеримизни ўрганиш, ўз жисмоний имкониятларимизни ўрганишга ёрдам берган. Энг асосий фойдаси эса ота-онамиз бизни, яъни болаларни “нима билан банд қилиш” ҳақида ўйламаган. Умуман, ҳозирги болаларнинг ҳаётидан деярли буткул чиқиб кетган ва бефойда машғулот сифатида қараладиган ўйинларнинг тарихий, ижтимоий, тарбиявий аҳамияти юқори бўлган.


Ўйинларнинг тарихий аҳамияти


Қадимги даврларда ўйинлар ҳозиргидан анча кенгроқ вазифаларни бажарган, - дейди тарихчи Нодир Сафаров. – Бу тарбия, ҳарбий таълим, сиёсат ва диний ритуалларни ўзида бирлаштирган жиддий ижтимоий институт эди. Агар ўша даврда ўйинлар бўлмаганида, инсониятнинг яшаб қолиши ва маданий ривожланиши сўроқ остида қоларди.


Бу тизимнинг замирида, энг аввало, кундалик ҳаёт ва урушга доимий жанговар тайёргарлик вазифаси ётган. Қадимда ўйинларни фақат болалар эмас, балки кўпроқ катталар ўйнаган. Кураш, камончилик, от чопиш ёки найза улоқтириш каби баҳслар эркаклар учун жисмоний тонусни ушлаб туришнинг асосий воситаси бўлган. Тўғрироғи, уруш машқлари билан ўйин ўртасидаги чегара деярли сезилмаган.


Шу сабабли ҳам, катталар ўртасидаги мусобақалар доим сиёсий характерга ва ижтимоий мавқени белгилаш кучига эга бўлган. Бу баҳсларда ғолиб чиқиш жамиятда катта обрў ва эътироф келтирган, шахснинг етакчилик фазилатларини исботлаган. Аёллар эса мавсумий байрамлар ва маросимларда ижтимоий алоқаларни мустаҳкамловчи ритуал ўйинлар, қўшиқ ва рақслар орқали иштирок этишган. Ўйин бутун бир жамоани жипслаштирувчи куч вазифасини бажарган.

 


Болаларга келсак, ўша давр ўйинлари муҳим тарбиявий ролга эга бўлганини кўриш мумкин. Қадимги болалар виртуал оламда эмас, реал ҳаётда, кундалик юмушлар ва ҳал қилинадиган вазифалар ичида улғайган. Бола ўйин жараёнидаёқ ўзининг келажакдаги ижтимоий ролини — овчи, жангчи, ҳунарманд ёки уй бекаси бўлиш кўникмаларини ўзлаштирган. Шу билан бирга, жамоада ишлаш, интизом ва катталарга ҳурмат каби хулқ-атвор қоидалари ҳам айнан шу ўйинлар воситасида сингдирилган.
Тарихан ўйинлар ва халқлар характери ўртасидаги боғлиқлик икки томонлама бўлган: бир томондан, ўйинлар жамиятнинг турмуш тарзи, қадриятлари ва характери таъсирида шаклланган бўлса, иккинчи томондан
ўйинларнинг ўзи ҳам вақт ўтиши билан одамларда маълум бир фазилатларни тарбиялаган ва мустаҳкамлаган.


Халқнинг характери ва турмуш тарзи, одатда, олдинроқ пайдо бўлган. Масалан, Марказий Осиёнинг кўчманчи халқларида отлиқ юриш, ов қилиш, чидамлилик ва ҳарбий маҳорат муҳим аҳамиятга эга бўлгани учун куч, чаққонлик ва отни бошқариш маҳорати билан боғлиқ ўйинлар ҳамда мусобақалар юзага келган. Кўпкари каби анъанавий ўйинлар чорвачилик ва ҳаракатчанликка асосланган жамият турмуш тарзини акс эттирган. Ўтроқ деҳқончилик цивилизацияларида эса кўпроқ стратегик ва интеллектуал ўйинлар ривожланган. Масалан, шахмат ҳисоб-китоб, бошқарув ва давлатчилик тафаккури қадрланган муҳитда пайдо бўлган.
- Миллий ўйинларимиз боланинг қон-қонига ўзбекона қадриятларни, урф-одат ва менталитетни сингдиради. Бола арқон тортаркан, курашаркан ёки лойдан нимадир ясаркан, ўзлигини англайди, - дейди психолог Акобир Абдуллаев.


Компьютер ва виртуал ўйинларда эса миллийлик йўқ. Улар болани ҳеч қандай ватан ёки маданиятга боғланмаган глобал ижтимоий маҳсулотга айлантириб боради. Бу эса бора-бора бизнинг асрлар давомида шаклланган менталитетимиз йўқолишига ва болаларимиз онгида биз учун буткул ёт бўлган тушунчалар пайдо бўлишига замин яратади.

 
“Қизим 5та тўгаракка боради, ёзда яна тил ўрганишга бермоқчиман”
Биз фарзандларимизнинг биздан кўра бахтлироқ бўлишини истаймиз. Аммо буни қандай амалга оширишни билмаймиз. Шунинг учун кўп ҳолларда маркетинг қурбонига айланибми ёки трендлар ортидан қувибми, боламизни турли тўгараклар-у, тил марказларига қатнаш билан банд қилиш – энг тўғри ечим деб ўйлаймиз. Бироқ психолог Акобир Абдуллаевнинг бу борадаги фикрлари бироз бошқача: 

- Инсон ривожланаркан, ҳар бир босқичда етакчи фаолият бўлади. Болалик ёшида бу – ўйин. Ўсмирликда – ўйин ва ўқиш, ўспиринликда – ўқиш ва меҳнат. Болани фақат китоб ўқиш ёки тўгараклар билан банд қилиш унинг эрта ривожланишига ёрдам бериши мумкин, лекин кун тартибидан ўйинни буткул олиб ташлаш хато. Ўйинларсиз боланинг болалиги қолмайди, болалик бахти йўқолади.

 
Экспертнинг таъкидлашича, айниқса, ўғил болаларни фақат уйда китоб ўқиш ва тўгаракларга бориб-келиш билан чеклаб қўймаслик керак. Акс ҳолда уларда ижтимоийлашув пасайиб кетади, жамоага қўшилишда қийинчиликлар юзага келади. Бола тинимсиз илм олсаю, аммо бу билимларни ишлатадиган, ҳаётга татбиқ қиладиган жонли ижтимоий муҳитдан (яъни тенгдошлари даврасидан) узилиб қолса, бу мутлақо тескари эффект бериши мумкин.
 
Яқинда бошимдан ўтган бир воқеа бу фикрни яққол исботлади. 11 яшар ўғлим каратэ машғулотида йиқилиб, оёғи лат еди ва умрида биринчи марта гипсда юриш тажрибасини бошидан ўтказди. Икки ҳафта давомида уйда, тўрт девор ичида ўтириш унинг руҳиятига қанчалик ёмон таъсир қилганини она сифатида жуда яхши ҳис қилдим. Ниҳоят гипс ечилган куни унга: «Хоҳласанг, бироз кўчага чиқиб, болалар билан ўйнаб кел», дедим. Бир соатгина кўчада югуриб келган ўғлимни кўриб танимай қолдим: аввалги тушкунликдан асар ҳам қолмаганди. Юзига қон югурган, кўзлари чақнаб турибди, оғзи қулоғида. Шу оддий воқеанинг ўзи тенгдошлар билан очиқ ҳавода ўйнаш бола учун қанчалик ҳаётий зарурлигини кўрсатиб берди.

 
Очиқ ҳаво ва жамоавий спорт: келажакдаги карьера пойдевори


Ҳозир кўчага чиққан болалар ҳам кўпинча ёнма-ён ўтириб, яна ўша телефонга тикилиб ўтирганига гувоҳ бўламиз. Ваҳоланки, миллий ва жамоавий ўйинлар боланинг бевосита интеллектуал ва психик ривожланишига хизмат қилади. Машҳур француз психологи Жан Пиаже айтганидек, боладаги ҳаракатчанлик унинг интеллектуал ривожланишига тўғридан-тўғри ижобий таъсир қилади. Жонли ўйинлар болада қарор қабул қилиш ва лидерлик кўникмаларини ривожлантиради.

 
Энг қизиғи, кўп ота-оналар: «Бола кўчага чиқса, ким биландир муштлашиб, безори бўлиб кетади», деб қўрқишади. Психологик тажрибалар эса бунинг тамомила аксини кўрсатмоқда. Агар бола ичидаги табиий агрессия ва энергияни соғлом йўл билан
жисмоний ўйинлар, югуриш, бақириш, арғимчоқ учиш орқали чиқариб ташламаса, бу энергия ичга ютилади, йиғилади ва вақти келиб носоғлом, хавфли агрессияга айланади. Худди шу ҳаракатсизлик боладаги салбий импульсларни ошириб, пировардида бир-бирига реал зарар етказиш ҳолатларигача олиб бормоқда.
 
Бундан ташқари, виртуал компьютер ўйинлари асосан индивидуалликка, яъни ёлғизликка йўналтирилган. Бола экран қаршисида битта ўзи ўтиради – унда на мулоқот кўникмаси, на бошқа одамга нисбатан эмпатия (ҳамдардлик) шаклланади. Бизнинг миллий ва жамоавий ўйинларимиз эса ўзаро келишиш ва бир-бирига ёрдам бериш асосига қурилган. Волейбол ёки футбол каби жамоавий ўйинларнинг индивидуал ўйинлардан устун жиҳати ҳам шунда – улар болада жамоага мослашиш, ўз фикрини етказа олиш ва бошқаларни эшитиш қобилиятини шакллантиради. Бу кўникмалар боланинг келажакдаги профессионал ҳаётида сув ва ҳаводек зарур. Бугунги кунда йирик компаниялар ишга қабул қилишда номзоднинг фақат дипломига эмас, балки «soft skills», яъни жамоада ишлай олиш, киришимлилик ва хушмуомалалик қобилиятига урғу бермоқда. Жамоавий ўйинлар эса айнан шу хусусиятларни болаликданоқ бепул шакллантириб берувчи энг зўр мактабдир. Масалан, «Арқон тортиш»да жамоа «бир организм» бўлиб ҳаракат қилмаса, рақибни енга олмайди. Ёки «Оқ теракми, кўк терак» ўйинида рақиб занжирни узиб кетмаслиги учун жамоадошлар бир-бирининг қўлини маҳкам ушлаши шарт. Бу амалда корпоратив бирдамликни ўргатади.

Илм-фан нима дейди?


Бу гаплар шунчаки қуруқ тавсиялар эмас, уларнинг замирида жиддий тиббий ва психологик тадқиқотлар ётибди.


Тиббий факт: 2019 йилда АҚШда ўтказилган йирик илмий тадқиқот (Dose–Response Relationship of Outdoor Exposure and Myopia Indicators) болаларнинг кўз хиралашиши (миопия) ва уларнинг очиқ ҳавода ўтказадиган вақти ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик борлигини исботлади. Кунига камида 2 соат вақтини кўчада, очиқ ҳавода ўтказадиган болаларда кўз ожизлиги юзага келиш хавфи нақд 50% га камаяр экан. Сабаби – очиқ ҳавода мия кислородга тўйинади ва табиий ёруғлик кўз мушакларини ривожлантиради.
 
АҚШдаги Толедо университети (University of Toledo) олимлари «Ўйинчоқлар
миқдорининг болалар ўйини сифатига таъсири» мавзусида қизиқ тадқиқот ўтказишди.
 
Улар кичик ёшдаги болаларни икки хил шароитда кузатишди: бир гуруҳга 16 та, иккинчи гуруҳга эса бор-йўғи 4 та ўйинчоқ берилган. Натижа ҳаммани ҳайратда қолдирди: олдида атиги 4 та предмети бор болалар ҳар бир буюм билан уч баробар узоқроқ ва сифатлироқ ўйнашган. Танлов камлигидан боланинг мияси фантазияни ишга солишга мажбур бўлган. Оддийгина ёғоч кубик ўйин давомида гоҳ телефонга, гоҳ машинага, гоҳ самолётга айланган. Болалар буюмларнинг яширин имкониятларини кашф қилишган. Хонаси 16 та тайёр ўйинчоққа тўла болалар эса бир жойда чалғимай ўтиролмаган. Улар у ўйинчоқни бунисига алмаштириб, тез чарчашган ва диққатни жамлаш қобилияти сустлашган.

 
Бу ғояни Европа тажрибаси ҳам тасдиқлайди. 1990-йилларда Германияда «Ўйинчоқсиз боғча» (Der Spielzeugfreie Kindergarten) номли машҳур тажриба ўтказилган. Бир нечта боғчалардан 3 ойга барча тайёр пластик ўйинчоқлар олиб ташланиб, болаларга фақат оддий стол, стул, қути ва адёллар қолдирилган. Дастлабки кунлардаги карахтликдан сўнг, болаларнинг креативлиги кескин ошган: улар стуллардан поездлар ясаб, мураккаб ролли сюжетларни ўйлаб топишган. Тажриба якунида бу болаларнинг мустақиллиги ва вазиятларга мослашувчанлиги тенгдошларидан анча юқорилаб кетган.
 
Биз – ота-оналар фарзандимизнинг порлоқ келажагини таъминлаш илинжида уни ўйинчоқлар, чексиз ғамхўрлик, тўгараклар ва гаджетлар билан ўраб ташлашга уринамиз, аслида эса унга шунчаки бироз зерикиш имконини бериш кифоя.
 
Болаларимизни гаджетлардан буткул узиб қўйишнинг иложи йўқ, балки бунинг кераги ҳам йўқдир. Аммо уларнинг кун тартибига оддий жонли ўйинлар, тоза ҳаво ва тенгдошлари билан мулоқотни қайтариш – куч ва маблағ талаб қилмайдиган, лекин жуда муҳим иш.

 

Висола ҚАРШИБОЕВА,
журналист

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Дин

16:05 / 22.05.2026 0 20
Ҳаким Термизий ўгитлари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 34856
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//