“Ҳамнет” фильми бизга қай тарзда яшаб қолишни ўргатади?


Сақлаш
17:55 / 22.05.2026 20 0

Ўлмас асарлар қандай дунёга келади? Биз кўпинча бу жараённи илҳом париларининг ташрифи ёхуд илоҳий учқун билан боғлашга ўрганиб қолганмиз. Аммо Хлоя Чжаонинг шу йил Оскар олган фильми – “Ҳамнет” бу романтик қарашларни хотиржамлик билан четга суради. Фильм инсоният тарихидаги машҳур пьесалардан бирининг яралиш тарихини очиқ кўрсатади: Энг кучли ва ўлмас асарлар аслида ожизлик, руҳий қулашдан қутулишнинг ягона чораси сифатида туғилади.

 

 

“Нега бундай? Нима учун бу фильмни кўриш керак” – мақолада айнан шу саволларга жавоб қидирамиз.

 

Вабо

 

Барчаси қандай юз берди? Таҳлилга шўнғишдан олдин, воқеалар фонига қисқача назар ташлайлик. Фильм воқеалари ХVI аср охирида Англияда бўлиб ўтади. Асар марказида – ёш, ҳали дунёга танилмаган Уилям ва унинг рафиқаси Агнес (Энн Хетеуэй). Уларнинг сокин, кўздан нари ҳаёти қишлоққа қўрқинчли вабо (қора ўлат) кириб келиши билан парчаланади. Вабо уларнинг 11 ёшли эгизак фарзандларидан бири – Ҳамнетни олиб кетади. Фарзанд доғи оила муҳташамлигига путур етказади: Агнес Стратфорддаги уйида мазкур дард билан яккама-якка қолади, Уилям эса Лондон театридаги ишларини давом эттиради. Бутун фильм ана шу йўқотиш қандай қилиб оилани ҳалокат ёқасига келтиргани ва якунда адабиёт тарихидаги энг буюк трагедиялардан бири“Ҳамлет”нинг ёзилишига туртки бўлгани ҳақида ҳикоя қилади.

 

Мотамнинг икки қутби

 

Айтайлик, сизнинг ҳам ўн бир ёшли ўғлингиз тўсатдан вафот этди. Ўлим ҳеч қандай мантиққа бўйсунмайди, у рухсат сўрамайди ва изоҳ бермайди. Фильмда онанинг мотами жуда таъсирланарли ва томошабинга руҳан оғир таъсир ўтказа олади. Агнес боланинг кийимларидан унинг исини ахтаради, қоронғу қабрда болам совуқ қотяпти деган ўйдан ўртанади. У воқеликнинг шафқатсиз юзига тик қарайди, шу орқали қайғуни яшаб ўтади.

 

 

Лекин ота нима қилади? Уилям Шекспир бу “мантиқсизлик” билан юзлашишни истамайди. Айнан шу нуқтада психологиядаги “сублимация” жараёни ишга тушади. Зигмунд Фрейд бу тушунчани инсоннинг ичидаги қабул қилиб бўлмас даражадаги оғриқ ва деструктив (бузувчи) энергияни ижтимоий мақбул, юқори мақсадларга, дейлик санъатга йўналтириш деб таърифлаган. Жондан азиз боласини тупроққа қўйган ота ўзини ақлдан озишдан қандай қутқаради? У дарди билан курашмайди, балки уни қоғозга кўчиради.

 

Саҳнадаги қурбонлик

 

Ўлим унинг энг қадрли бойлигини тортиб олди, у қоғоз устида ўлим ва тартибсизлик дахл қилолмайдиган, қонунларини фақат ўзи белгилайдиган мутлақо параллел олам яратади. Аммо бир савол туғилади: аёл мудҳиш реалликда фарзанд қабрини қучоқлаб ётган бир пайтда, эрнинг Лондондаги ёғоч саҳнага қочиб кетиши – қанчалик тўғри? Агнеснинг наздида Уилям уларнинг шахсий фожиасини, боланинг ўлимини йиғилган оломонга томоша қилиб сотяпти.

 

 

Лекин тарих саҳифаларида муҳрланган, асарнинг асл дардини очиб берувчи қизиқ бир факт бор. Уилям Шекспир бу пьесани илк бор намойиш этганда Ҳамлетнинг эмас, балки ўлдирилган отани, яъни Арвоҳ ролини ижро этган. Бунинг сабаби психологик бурилишдагина эмас эди. Воқеликда Ҳамнет вабо туфайли жон таслим қилаётганда, отаси унинг ёнида бўлмаган ва боласи билан хайрлашолмаган.

 

Реалликда ўғил жон таслим қилган, ота қабр устида йиғлаб турибди. Саҳнада эса аксинча, ота ўлдирилган, ўғил тирик ва отасининг қасоси билан яшаяпти. Қарангки, уста драматург пьесада реалликни юз саксон даражага ўзгартириб ташлайди. Виждон қийиноғида ўртанган, боламнинг ўрнига мен ўлсам бўлмасмиди, деб фарёд урган ота санъат орқали ўғли билан ўрин алмашади! У ўзини қоронғу гўрга тиқади (Арвоҳга айланади) ва гарчи қоғозларда бўлса-да, ўғлига ҳаёт (Ҳамлет) бахш этади.

 

Ичимиздаги йўқотишлар билан яшаш

 

Хўш, мозий чангларига кўмилган бу фожиа, парда ортидаги бу таҳлил бугун, айни шу дамда матнни ўқиб турган ўқувчига нима беради? Еру кўкни остин-устун қилмоқчи бўлган, аммо гоҳо ҳаёт зарбаларидан карахт бўладиган биз – замондошларга нима сўйлайди?

 

 

Барчамиз ҳаёт деб аталмиш карвонда ниманидир ёки кимнидир йўқотамиз. Буюк орзуларимиз парчаланади, ёшлигимиз бизни тарк этади, жон қадар севганларимиз кафтимиздан сувдек тўкилиб кетади. Барчамизнинг ичимизда кичкина, ўлиб кетган ўзимизнинг “Ҳамнет”ларимиз бор.

 

 

Биз ўша йўқотишлар гирдобида нима қиляпмиз? Реалликнинг совуқ деворига бош уриб қотиб қоляпмизми ёки ичимизда емирилаётган алам ва депрессияни қандайдир интизомга, буюк бир лойиҳага, абадий қоладиган қадриятга сублимация қила оляпмизми? Оғриқларимиз ич-ичимиздан еб битирадиган фойдасиз хаос бўлиб қоляптими ёки биз ўз қисматимизнинг муаллифига айланиб, ундан қандайдир маъно қура оляпмизми?

 

“Ҳамнет”ни шунчаки кўзёш тўкиладиган навбатдаги ғамгин филм сифатида томоша қилиш адолатсизлик. Бу асар инсон қалбини парчалайдиган оғриқни қандай қилиб яшаш энергиясига айлантириш бўйича сокин ва оғриқли бир дарсликдир. Агар ичингизда мудҳиш фожиалар шахсиятни парчалаш ўрнига уни қандай қилиб юксакликка олиб чиқиши ҳақида савол бўлса ёки агар сиз бирон марта “нега яратамиз, нега ёзамиз?” деб ўйлаган бўлсангиз, бу фильмни албатта кўринг.

 

Самандар ЭРКИНЖОНОВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Дин

16:05 / 22.05.2026 0 20
Ҳаким Термизий ўгитлари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 34856
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//