Илмдан эрмакгача – Фалсафадан айрилган мусиқанинг бугуни


Сақлаш
17:37 / 18.05.2026 27 0

Оллоҳ инсонни қалб билан яратди. Бу қалбга дард ҳам, қувонч ҳам жо бўлди. Бу икки қарама-қарши туйғу мудом курашдадир. Ана шу кураш асносида булут ва қуёш нурларининг тўқнашувида чақин ҳосил бўлган каби дилнинг туб-тубида исён ҳам, шукроналик туйғулари ҳам пайдо бўлади. Бу кечинмалар юракка теран ва сирли илҳомни ташлаб ўтадики, бу гоҳо шеър, гоҳида мусиқа шаклида намоёндир. Изтироб ва дард маълум маънода инсоннинг инсон эканлигига далил, унинг мукаррам зот экани, бир сўз билан айтганда, унинг мазмуни ва моҳиятидир. 

 

Инсон шу боис олий ва юксак хилқат, унинг туйғуларида кечаётган дард ва изтироблар аслида қалбнинг исёни, ўзини излаш йўлидаги курашларидир! Муҳаббат инсон қалбининг халоскори, у туйғулар оғушида эврилади, тобланади ва қайта-қайта ёнади. Бу эврилишлар нолаларга айланиб, инсон қалбида мусиқа тароналарини яратади. Инсон қалби шу тароналар орқали эркка талпинаверади. Мусиқа қалбнинг тили, сўзга кўчолмаган дарду қувончнинг ифодаси. У қалбнинг нозик жавҳари, тирик ҳаётидир. Бусиз кўнгиллар қаттиқлашади, туйғулар ўлими авж олади. Узоқ вақт давомида фалсафада мусиқага қатъий таъриф берилмади ва мусиқа деганда товушларнинг тартибли кетма-кетлиги (ритми) тушунилиб, буларнинг фалсафага алоқаси йўқ деган қараш шаклланди. Ёки унинг тарихий-назарий таълимотлари унутилди. Фалсафадан йироқлашган мусиқа инсон учун маиший, оддий лаззат объектига айланди. Ачинарлиси, мусиқага илм сифатида эмас, эрмак деб қаралди.

 

Бошқача айтганда, мусиқа қўшиқ нолалари билан уйғунлашган, техник воситаларда сайқалланган жозиба майдонига тортилди. Бироқ на мусиқа, на адабиёт, на том маънодаги ҳар қандай санъат шунчаки эрмак учун мавжуд эмас, улар жамиятнинг анча чуқур эҳтиёжларига жавоб берадиган ўз фалсафасига эга.

 

Мусиқа ва фалсафа уйғунлиги инсоннинг руҳий-маънавий дунёсини бойитиш, уларда ҳаётий мақсадларни шакллантириш каби муаммоларни ойдинлаштиради. Мусиқа наво берса, фалсафа ғоя беради. Иккаласининг уйғунлиги эса қалбнинг тирик ҳаётидир.

 

Фалсафа – тафаккур манбаи, ғоя мусиқа орқали инсон руҳий оламининг қатламларига кириб боради. Қалбни ҳаёт реалликлари билан ҳамоҳанг бўлган мувозанатга етаклайди. Бундай яхлитлик инсонда яратувчанлик, садоқат, адолат, мардлик ва жасорат туйғуларини уйғотади. Мусиқа нафақат оҳанглар ва наволар мажмуи, унда инсон қалбининг чуқур ва баъзида ўзи англаб етмаган ички кечинмалари ётади. Юзага кўтарилган ҳис-туйғулар эса фалсафадан нажот топади.

 

Мусиқа фалсафаси олам манзараси билан боғлиқ ҳодиса, у қадимги давр ва ҳозирги замон файласуфлари нуқтаи назаридан ҳам алоҳида олинган санъат туридан кўра каттароқ, чунки унинг манбаи олам борлиғи, коинотнинг тубида мавжуддир. Иккинчидан, мусиқа санъати ҳодисалари инсон томонидан яратилган товуш ғоялари бўлиб, улар у ёки бу тарзда олам ҳақидаги тасаввурни ифодалайди, табиат ва инсон ҳақиқатини қамраб олади.

 

Мусиқий тафаккур маданияти ижтимоий-тарихий фаолият субъектлари дунёқарашининг энг чуқур негизлари билан боғлиқ. У дунёнинг ўзига хос модели сифатида ҳаракат қилиш имкониятига эга. Дунёқараш маънавий ижодкорлик ва айниқса мусиқа санъатини англаш жараёнидаги асосий ролини тушунишга олиб келади. Мусиқий асарлар воқеликни ва инсоннинг ўзини бадиий образларда англашга ёрдам беради ва шу билан одамлар дунёқарашига сезиларли таъсир кўрсатади. У ривожланишнинг шундай юқори даражасига эришадики, натижада дунёни, инсонни ва унинг дунёга муносабатини ифодалаш қобилиятига эга бўлиб, фалсафанинг таркибий қисмларидан бирига айланади. Зотан, мусиқа шахснинг ўзини намоён қилиш усули бўлиб, бу ўз навбатида фалсафий дунёқарашига ҳам таъсир кўрсатади.

 

Мусиқа фалсафасига мурожаат қилиш дунёнинг космологик ва замонавий манзаралари нуқтаи назаридан инсон дунёқараши қийматини тушуниш демакдир. Биз, замонавий файласуфлар ва санъатшунослар учун мусиқа санъати дунёвий маконда хаос шаклнинг абадий ифодаланган универсал ритм ва гармониясини кўрамиз. Бизнинг мусиқамиз – коинотнинг умумий қонуни, буюк ритм, онгимиз томонидан идрок этилаётган оҳанглар композицияларидир. Зотан, ҳар бир мусиқий асарда инсон камолоти ривожининг ўзига хос ички қонуниятлари мавжуд.

 

Антик давр файласуфларининг ҳар қандай ҳаракатланувчи нарса товуш чиқариши керак ва товуш чиқаради, дунё товуш чиқарувчи космосдир деган фикрлари эскиргани йўқ. Қадимги дунёнинг натурфалсафий манзарасида мусиқа уйғун ташкил этилган жарангдор коинот сифатида тасаввур қилинган. Илк антик даврда олам манзараси илоҳий уйғунлик тушунчаси билан боғланиб, дунёқараш тизимини ташкил этган, унда мусиқа фалсафаси ўз ўрнига эга бўлган. Мусиқа воситасида туйғулар ва қалбнинг руҳий тузилишини бошқариш зарур деб ҳисобланган, чунки мусиқа коинотнинг космик ритми ва космик уйғунликнинг тимсоли бўлиб, унинг моҳияти инсоннинг дунёқарашини шакллантиради.  

 

Қадимги давр олимлари нуқтаи назаридан мусиқанинг мафкуравий таъсири аввало инсонда у ёки бу ахлоқий муносабатларни шакллантиришда деб қаралади. Конфуций Бирор мамлакатнинг подшоҳлиги ободми, ахлоқи соғломми, шуни билмоқчи бўлсанг, унинг мусиқасига қулоқ сол дейди. Мусиқа нафақат инсоннинг ички психологик ҳолатига чуқур таъсир кўрсатиши, балки унинг мафкураси ва дунёқарашини ҳам ифодалаши қадимдаёқ кузатилган.

 

Мусиқа инсоннинг ҳиссий дунёсига, унинг туйғуларига, онгли ва онгости соҳасига ҳукмронлик билан кириб бориш, психологик кайфиятга таъсир қилиш қобилиятига эга санъат бўлиб, уни жуда кенг диапазон чегараларида кўриш мумкин. Инсоният тўплаган мусиқий бойликларни табиий ва тўғри тушуниш ва севиш кўпинча инсоннинг ҳаёт йўлида муқаррар равишда юзага келадиган кўплаб мураккаб ва қийин муаммоларга муносабатини белгилайди. Дард ва изтиробларнинг инсон қалбида исёнга айланиши ҳам шундан. Бинобарин, Бах ва Чайковскийни севмаслик учун руҳиятни англамаслик керак. Моцарт билан Глинкани яхши кўрадиган ва тушунадиган одам ҳеч қачон ахлоқ соҳасида виждонсиз ва ифлос бўлолмайди. Мақом нолаларидан маст бўлган инсон доимо эл қайғуси билан яшайди.

 

Фалсафа ва мусиқанинг ўзаро боғлиқлиги масаласи бугунги кунда ҳам долзарб бўлиб қолмоқда. Энди у нафақат фалсафа, балки сиёсат майдонига ҳам кириб келади. Аниқроғи, мусиқанинг кучидан сиёсий мақсад йўлида фойдаланиш амалиёти ишга туширилади.

 

Бу воқеалар 1980-йилларда, шўро давлати коммунизм ғалабаси сари шахдам одимлаётган қаттол даврларда авжига чиқади. Босқинчилик, зўравонлик билан эришилган зафарларни кўр-кўрона мадҳ этувчи бақироқ, жасоратга чорловчи қўшиқлар яратилади. Улар партия раҳнамоларига сиғиниш, яратилган эркинлик учун ҳамду сано ўқишга қаратилганлиги билан Ғарб тарғиботидан ажралиб турса-да, муддаоcи билан катта фарқ қилмайди.

 

...Бирлаштирди мангу халқлар ихтиёри,

Совет иттифоқи, яша ва гулла!.

 

Бундай қўшиқлар оҳанги бизнинг миллий мусиқамизга шу даражада ёт эдики, ўзлигини таниган ҳар қандай инсон бу ҳолатдан нафратланмаслиги мумкин эмас. Қуйидаги мисраларга эътибор қилинг:

 

Бепоён юртимнинг бир гулбоғи,

Москвадан нур олган бахт маёғи,

Бахтлисан қардошлик оиласида

Тепангда ҳилпирар эрк байроғи.

 

Бундай қўшиқлар орқали ўз бахтини куйлаган ёш авлод бахтиёр эканига ва бу бахт Москов туфайли эканига асло шубҳа қилмасди ва ҳақиқий бахт нима эканини билмасдан ўтиб кетарди. Бу кўп жиҳатдан мустабид тузум учун ўз самарасини берди. Унинг ортидан катта-катта санъат арбоблари етишиб, бутун бир қўшиқ куйловчи қуллар армияси ташкил этилди.

 

Ҳаёт тўғрисида маълум бир тасаввурга эга бўлмаган беғубор болалик давриданоқ ёшларни қуллик руҳида тарбиялаш жамиятнинг бош мақсади эди. Бу мақсадни кўнгилдагидек амалга ошириш учун барча воситалар, жумладан, мусиқа ва қўшиқ санъати ишга солинди. Шоир ва ёзувчилар, бастакорлар ушбу мақсадни амалга оширишга сафарбар этилди. Ғариблашган, асосий қутлуғ вазифасидан узоқлаштирилган мусиқа сиёсий восита сифатида ижтимоий ҳаётимизнинг барча жабҳаларига кириб борди. У бизни эрта тонгдан шавкатли меҳнатга, битмас ва ҳеч қачон ушалмас истиқбол сари даъват этар эди.

 

Ливерпулнинг афсонавий Bitlz рок-гуруҳининг ташкил этилишидан кўзланган асл мақсад бугун ҳеч кимга сир эмас. Бу гуруҳ Билдерберг яширин клуби томонидан янги дунё тартиботини яратишга уриниш самараси бўлиб, у оммавий тафаккурни назорат қилишда мусиқани мукаммал намуна воситасига айлантиради.

 

Bitlz шунчаки 1960-йиллар бошидаги оддий гуруҳ эмас. Бу шунчаки ёшларнинг эски ижтимоий тизимга қарши ўз-ўзидан кўтарилган исёни ҳам эмас, балки инглиз ҳукумати томонидан пухта ишлаб чиқилган (Британия Психологик уруш бюросининг махфий раҳбарлигида) аҳолига турли кучли бузғунчи элементни киритиш режасининг натижаси. Бу аҳолининг катта гуруҳи номақбул деб ҳисоблаган ўзгаришларни қабул қилган қатламнинг ёрқин намунаси эди. Режа Марказий разведка бошқармаси, Буюк Британиянинг МИ-6 ва Тависток институти[1] тажрибаси асосида амалга оширилади, улар руҳий ҳолатни бузадиган кучли наркотик моддаларни тарқатишни ташкил этади.

 

Кейинчалик бу оламшумул ҳодиса битломания номи билан машҳур бўлди. Bitlz АҚШга келганидан сўнг ҳеч ким америкаликларнинг бутун бир авлодига келтирган маданий фалокат кўлами қанчалик катта эканлигини тасаввур ҳам қила олмаган[2]. Америка ёшларига қарши эълон қилинмаган маданий уруш даврида 1967 йилда Тависток институти миллионлаб ёшларни фестивалларга жалб қилиб, очиқ ҳавода рок концертлар уюштириш амалиётини жорий қилади. Бу концертларда галлюциноген препаратлар, шунингдек, Bitlz томонидан тарғиб қилинаётган ЛСД[3] наркотик дорилари бемалол тарқатилган[4].

 

Кейинчалик бу тажриба кўплаб давлатларнинг сиёсий амалиётига ҳам кириб келди.

 

Ҳар бир давр ва унинг сиёсий мафкураси айниқса қалблар жиловланганда, руҳият қафасда тутилганда мусиқа фалсафасига таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Маддоҳликка кўниккан кўнгил ва чорасиз қолган қалб қанчалик фарёд чекмасин, гўдак ингроғидек маъсум қолади. Фақат эркин жамият инсон руҳи парвозига малҳам бўлади.

 

Бугун юртимизда бўлаётган ўзгаришлар миллатимизнинг маънавий, руҳий  камолотга эришаётганининг ёрқин далилидир. Бироқ, юқорида таъкидланганидек, бизнинг қалбларимизни ҳар лаҳзада чалғитувчи қўшиқлар жаранги таъқиб этмоқда. Шу сабаб биз ҳамон қалби яраланаётган авлод сифатида руҳий қулликдан тамоман қутула олдик дея оламизми? Модомики, мажруҳ қалбларимизни тирилтирадиган қўшиқлар бугун жуда зарур. Бундай қўшиқлар, шубҳасиз, XXI аср пўртанасида бурканиб яшаётган ўзбек қалби ҳақида бўлмоғи шарт. Зеро, шеър, қўшиқ ҳам мустақиллик мафкурасининг бир қисмидир. Албатта, адолат юзасидан айтиш лозимки, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида ҳуррият ва эрк ғоялари билан суғорилган кўплаб қўшиқ ва мусиқалар яратилди.

 

Аммо шу орада кириб келган бозор сиёсати мусиқа санъатининг ҳам бозорини вужудга келтирди. Бу бозор истеъмолчилик кайфияти билан улғаяётган янги авлоднинг майлларини қондирувчи, шаҳвоний ҳиссиётларини уйғотувчи, миллий эркинлик чегараларини тан олмайдиган янги жозибадор туйғулар майдонини кенгайтиришга қаратилди. Бир пайтлар Ғарб бошлаб берган анъаналар бўй-басти билан янги авлод ҳаётига кириб келди. Бемаъни қилиқлар, беўхшов ҳаракатлар, ҳайқириқ нолалар, мазмунсиз сўзлар, савиясиз шеърлар, аралаш тилли қўшиқлар авжга чиқди. Энг ачинарлиси, энди уларнинг ғоявий бирлашган улкан армияси вужудга келмоқда. Боз устига ОАВ ва яна интернет тармоқлари беандиша чиқишларни трендга айлантираяпти. Мусиқа қанча очиқ, шаккок ва дағал бўлса, шунча шуҳрат келтирувчи фазилат деб қаралмоқда. Камтарлик, уят ва орият ожизлик тамғасига айланди. Мен бу ҳолатни шайтонлар базмига ўхшатаман.

 

Аммо ўзбек жамиятида ҳис-туйғулар кураши ҳали охирига етгани йўқ. Унга қарши турувчи маданий қалб қатлами ҳам мавжуд. Парадокс шундан иборатки, инсоннинг қалб исёни эзгулик ва ёвузлик ўртасида кечадиган доимий тўқнашувларни ёдга солади. Бу майдонда ҳурликдан азият чекканлар ҳам исён қилади, эркинликка эришганлар ҳам исён қилади. Ана шу исёнда инсон қалби ўз мувозанатини излайди. Мувозанат қалбнинг озиғи бўлмиш миллий маърифат билан тўйинсагина ҳукмрон ҳакамга айланади. Акси бўлса, бўшлиқ ўпқонига тушган қалб ўз майлларини қондиришнинг янги, айни пайтда қандай бўлса-да жозибадор, эрмакталаб манбаларини излайди. Инчунин, қалб жаҳолати вайронкор кучдир! У нафақат инсонни, алал-оқибат жамиятни ҳам таназзулга тортади.   

 

Бугун ривожланган технологиялар даври яна бир янги – сунъий интеллект даврини олиб кирмоқда. Албатта, ақл ва меъёр билан ишлатилса, бу нарсанинг фойдали томонлари кўп. Лекин унинг хавфи инсон туйғуларини ифода этиш, ундан-да кенгроқ тафаккур қилиш имкониятини вужудга келтирмоқда. Инсоният жамиятида унинг ўрнига техниканинг фикрлаши одам туйғусини ўлдириши мумкин бўлган хатарларни келтириб чиқармоқда. Бир неча ўн йилдан сўнг миллионлаб куйларни таҳлил қилган алгоритм қандай руҳий реакцияларни келтириб чиқаришни олдиндан айтиб беришни ўрганади. У бизнинг ҳаяжонимизни дарҳол пайқайди ва умуман инсон психологияси ҳақида билганларига асосланиб, қайғули кайфиятимизга мос келадиган ва кечинмаларимизга ҳамоҳанг композицияларни яратади.

 

Алгоритм азоб-уқубатларимизнинг чуқурлигини англашга ёрдам берганидан сўнг бизга тасалли бера оладиган дунёдаги ягона қўшиқни тавсия этади. Эҳтимол, бизнинг онг остимиз уни бахтли болалик хотираларимиз билан боғлайди. Шундай қилиб, сунъий интеллект туйғулар билан тўқилган мусиқий онг остидаги сезги ва ҳиссиётларни ўлдиради. Агар мусиқа ҳақиқатан ҳам инсонда ҳис-туйғуларни уйғотишга (ёки уларни бошқаришга) мўлжалланган бўлса, мусиқачилар учун алгоритм билан рақобатлашиш жуда қийин, ҳатто имконсиз бўлади. Инсон туйғулари технологиянинг қулига айланади. Унинг қалби исён қилмай қўяди. Нафрат ва муҳаббат йўқолади...

 

Ҳозирги замон кишисининг дунёни ҳис этиши ва тушуниши жуда мураккаб, кўп қиррали, динамик ва зиддиятлардан иборатдир. Шу билан бирга, замонавий жамият ҳаётидаги аксарият қарама-қаршиликлар, муаммолар инсоннинг ушбу мураккаб маънавий дунёси ҳисобга олинмаганлиги билан боғлиқ. Бу айниқса ўз фаолиятининг асосий соҳаларини ислоҳ қилиш йўлига кирган Ўзбекистон жамияти ҳаётининг ҳозирги ҳолатида яққол намоён бўлмоқда. Мутлақо равшанки, жамият модернизациясининг муваффақияти бевосита унинг инсонпарварлигига, иқтисодий-ҳуқуқий муносабатлар, ижтимоий алоқалар ва сиёсий жараёнларнинг субъектив-экзистенциал таркибий қисмини ҳисобга олиш иродасига боғлиқ. Шу боис ижтимоий-тарихий фаолият субъектларининг маънавий дунёсини, индивидуаллигини тушунишда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиш, инсонларнинг дунёни англашини ўрганишнинг янги концепцияларини шакллантириш нафақат назарий аҳамиятга, балки эстетик долзарбликка ҳам эга.

 

Ислоҳотларнинг самараси ва пировард натижаси инсон руҳиятида эврилаётган туйғулар хосиятига боғлиқ. Бунда мусиқа маданияти ва айниқса мусиқий тафаккурнинг ривожланганлиги инсон маънавий дунёсининг энг муҳим қисми сифатида ифодаланади. Мусиқа туйғулар, фикрлар калейдоскопининг ифодаловчиси бўлишидан ташқари, мусиқий тафаккурнинг ўзи умуман инсоннинг дунёни ҳис қилиши ва тушунишида асосий омиллардан бири бўлиб, жамият барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади. Шу муносабат билан фалсафий фаолиятда бугун мусиқий тафаккурнинг ролини ўрганишнинг янги ёндашуви, янги даражаси зарур.

 

Тўлқин АЛИМАРДОНОВ,

сиёсий фанлар доктори, профессор

 

Маънавий ҳаёт журнали, 2026 йил 1-сон.

Мусиқий тафаккур жумбоғимақоласи



[1] Тависток инсон муносабатлари институти 1947 йилда Лондонда ташкил этилган Британия нотижорат тадқиқот ташкилотидир. У ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш учун психоанализ, гуруҳ динамикаси ва ташкилий ҳаракатларни ўрганишга ихтисослашган. Институт психология, социология ва бошқарув соҳасидаги тадқиқотлари билан машҳур бўлиб, кўпинча яширин тадқиқотларда иштирок этади.

[2] Эстулин, Д. Секреты Бильдербергского клуба / Д. Эстулин; пер. с исп. И. В. Жук. Минск: «Попурри», 2009. С. 31-32.

[3] ЛСД диэтиламид лизергин кислотаси. Тақиқланган психоделик наркотик.

[4] Даниэл Эстулин. Тавистокский институт. Минск, 2014. С.67.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 34753
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//