ХIII-ХV асрлар Марказий Осиё халқлари этник тарихида муҳим тарихий давр саналади. Мўғуллар империяси, Амир Темур ва Темурийлар ҳукмронлиги йилларида Мовароуннаҳрда, асосан, маҳаллий туркий ва сўғдий халқлар билан бирга барлос, жалойир, қавчин, арлот, сулдуз, баҳрин, найман каби ўнлаб кўчманчи ва ярим кўчманчи халқлар истиқомат қилган. Шунингдек, сабабларга кўра, минтақага турли ўлкалардан ҳам аҳолининг маълум бир қисми (асосан, олиму фозиллар, уста, ҳунарманд, меъмор, наққош ва бошқалар) кўчириб келтирилди. Ўз навбатида, минтақадан уруш ва бошқа сабаблар билан маҳаллий аҳоли бошқа ўлкаларга олиб кетилди. Бу ўзига хос “кўчириш сиёсати” асосан ҳукмрон доира хоҳиш-иродасига кўра амалга оширилди. Мазкур этно-сиёсий ҳолатга ҳам ўзининг сезиларли таъсирини ўтказди. Олиб келинган ва олиб кетилганларнинг бир қисми кейинчалик ўз юртига қайтиб кетган бўлса, қолган қисми Мовароуннаҳр маҳаллий аҳолиси билан аралашиб, ўзбек халқи этник таркибининг янада бойишига хизмат қилди.
Тарихда бирон-бир ҳудудда турғун туриб, бошқа этник гуруҳларнинг аралашишидан холи шаклланган этнос бўлмаган. Энг қадимги даврдан то ҳозирга қадар маълум гуруҳ этнослар бир ҳудуддан бошқа ҳудудга кўчиб бориб, ерли халқ билан аралашган ва янги этник уюшмани ташкил этган. Бу жараён айрим ҳолларда кўчувчи халқнинг ўз хоҳиши билан, бошқа ҳолларда ҳукмрон доиранинг сиёсати туфайли ёки табиий-географик ҳодисалар сабабли амалга ошган. ХIII-ХV асрларда ҳам халқларнинг кўчиш жараёни давом этган ва бу кўп жиҳатдан мустамлака сиёсатнинг намунаси эди.
1219–1221-йиллардаги тўқнашувлардан сўнг Хоразмшоҳлар империяси тугатилгач, Чингизхон ва ворислари айрича “кўчириш сиёсати”ни амалга оширди. Мўғуллар даврида ўнлаб турк-мўғул этнослари икки дарё оралиғи ҳудудларига келиб ўрнашди. Шунингдек, Мовароуннаҳрдан минг-минглаб маҳаллий аҳоли вакиллари қўшни ўлкаларга мажбуран кўчирилди. Бу эса минтақадаги этник жараёнларга жиддий таъсир кўрсатди.
“Кўчириш сиёсати”дан мўғуллар бошқарувда сиёсий тўлғама сифатида ҳам фойдаландилар. Натижада минтақада уларга қаршилик кўрсатган халқлар кўчирилиб, ўлкаларда тинчлик ўрнатилди. Бу жараён мўғулларнинг дастлабки ҳарбий юришлари давриданоқ авжига чиқди. Хусусан, Чингизхон ва ўғиллари Шарқий Туркистонни ишғол этгач, Мовароуннаҳр ва Хуросондаги кўпгина шаҳарларнинг мусулмон аҳолисини шарққа кўчириб, Бешбалиқдан Хонбалиққа (Пекин) қадар чўзилган шимолий Хитой минтақаларига жойлаштирдилар. Шунингдек, Чингизхон ворислари даврида ривож топган Туркистон-Хитой тижорати ҳам Хуросон ва Мовароуннаҳр савдогарларини бу ерга жалб қилди. Натижада, бу ҳудудда Мовароуннаҳрнинг шаҳар ва қишлоқлари номи билан боғлиқ касабалар, хусусан, Пекинга яқин жойда самарқандлик мухожирларнинг “Самарқанд” номли касабаси пайдо бўлди.
Мовароуннаҳр қўлга киритилгач, мўғуллар маҳаллий аҳолини, хусусан, тожикларнинг аксариятини Шарқий Туркистон ва шимолий Хитой ҳудудларига кўчирди [10: 190–213]. Натижада Мовароуннаҳрда форсийзабон аҳоли камайиб, турклашиш жараёни кучайди. Шарқий Туркистон ва шимолий Хитой ҳудудига кўчирилган Ўрта Осиёнинг маҳаллий аҳолиси вакиллари эса қисқа фурсатда хитойлашдилар. Улар орасида мўғуллар билан бирга келиб жойлашган турк-мўғул қабилалари ҳам бор эди. Хитойлашиб улгурган мазкур этнослар “дўнган”лар номини олди. “Дўнган”лар таркибида эроний унсурлар ҳам кўп бўлган. Хусусан, биргина Хоразмдан мазкур ҳудудга 100 мингдан ортиқ оила кўчирилган эди. Хитой ва унга туташ ҳудудларга келтирилган этнослар орасида ўрта осиёликлар кўпчиликни ташкил этган ва улар са-му-женлар деб номланган. Улар ҳокимият амалдорлари сифатида мўғуллардан кейинги юқори мавқени эгаллаган эдилар.
Кўчиришнинг навбатдаги тўлқинлари мўғуллар босқинидан кейин Чиғатой (1224–1242) ва авлодлари даврида ҳам давом эттирилди. Бу баъзида улус ҳукмдорлари томонидан амалга оширилган бўлса, бошқа ҳолларда Чиғатойзодаларнинг ўзаро кураши ҳам минтақадан маҳаллий этносларнинг асир сифатида қўшни ўлкаларга олиб кетилишига сабаб бўлди. Жумладан, Чиғатойзода Мисур Мовароуннаҳрга ҳужум қилиб, Самарқанд, Бухоро, Кеш ва Термиз аҳолисининг маълум қисмини асир олди ва Ғазна, Шибирғон ҳамда Фаробга жойлаштирди. Кебекхон (1309, 1318–1326) Хуросонда ҳокимиятни қўлга олгач, мазкур халқларни Балх ва унинг атрофларига кўчиради. Яна бир Чиғатойзода Ясавур (у Чиғатой улусининг сўнгги хони Қозонхоннинг отаси эди) Кебекхон даврида Хуросон амирлари ёрдамида Мовароуннаҳрга бостириб кириб, халқини асир олди. Хуросон амирлари Мовароуннаҳр шаҳарлари, жумладан, Самарқанд, Бухоро ва Кешдан 50 мингдан ортиқ оилани асир олиб қайтдилар. Асирларнинг салмоғини уларни Амударёдан кечиб ўтишига уч ой кетганидан ҳам билиш мумкин. Айни шу даврда Жўжизода Бобо Ўғул Жўжи улуси ҳукмдори Ўзбекхонга (1312–1342) қарши курашиб, Хоразмга бостириб кирди ва шаҳарларни вайрон қилиб, 50 мингга яқин асирни Хуросонга жойлаштирди[11:315-316]. Чингизийларнинг бу каби курашлари натижасида Мовароуннаҳр ва Хоразмнинг маҳаллий аҳолиси сон жиҳатидан камайиб бораверди. Шуни таъкидлаш жоизки, кўчирилганларнинг аксарияти манзилга етмасдан йўлларда очлик ва касалликдан вафот этган.
Ўз навбатида мазкур даврда Онон, Керулен ва Ила водийси бўйларидан бир қанча турк-мўғул қабилалари Мовароуннаҳрга кўчириб келтирилди. Фазлуллоҳ Рашидиддиннинг (вафоти 1318 йил) ёзишича, Чиғатой билан бирга Мовароуннаҳрга келиб ўрнашган қабилаларнинг салмоғи Дувахон даврида (1281–1307) бир баробарга ортган. Мовароуннаҳрга кўчирилган турк-мўғул уруғ-қабилаларининг энг йириклари – барлос, жалойир, қавчин, арлот, сулдуз, баҳрин, найман ва бошқалар эди.
Мўғулларнинг икки томонламали “кўчириш сиёсати” Мовароуннаҳр аҳолисининг этник ҳолатига жиддий таъсир кўрсатиб, шаклланган ўзбек элати таркибини бутунлай ўзгартириб юбора олмади. Улар шаклланган этнос таркибини бойитди, уруш ва ундан кейинги йилларда минтақада кескин камайиб кетган аҳолини ҳажман кўпайтирди.
“Кўчириш сиёсати” Амир Темур ва Темурийлар даврида ҳам давом этди. Аммо кўлами, мақсади билан мўғуллар давриникидан тубдан фарқ қилган. Темурий ҳукмдорлар қўшни ўлкаларга қарши олиб борган курашлари натижасида маҳаллий халқларни асир қилиб, Мовароуннаҳр шаҳар ва қишлоқларига келтирганлар. Бу сулола давридаги “кўчириш сиёсати”нинг фарқи минтақага асосан олиму фузалолар, ҳунармандларнинг кўчирилганида кўринади. Шунингдек, уларнинг кўлами мўғуллар асир қилган этнослар ҳажмидан анча кам эди.
Бу даврда кўчириб келтирилганлар, асосан, Олд Осиё мамлакатларидан эди. Хусусан, 1388 йил Форс шоҳи Шоҳ Шужў амири Алоуддин иноқ киши-қароси ва Форс ҳунармандлари билан Самарқандга кўчирилди. Амир Темурнинг Табризга, Озарбойжонга, Хоразмга, Олтин Ўрдага, Ҳиндистонга, Румга қилган юришлари натижасида ҳам кўплаб халқлар Самарқанд ва унинг атрофларига келтириб жойлаштирилди.
Бу жараённи Темурийзодалар ҳам давом эттиришди. Жумладан, Умаршайх Мирзо Қошғарни эгаллагач, у ернинг аҳолиси ва аслзодаларини Ўзганга келтирди ва улар учун Работи Сарҳанг номли касаба бунёд этди.
Кўчириб келтирилганларнинг умумий сони испан элчиси Клавихо эсдаликларида юз мингдан ошиқроқ бўлгани қайд этилган. Уларнинг асосий қисмини юқорида таъкидлаганимиздек, ҳунармандлар ва номдор кишилар ташкил қилган. Масалан, Соҳибқирон Дамашқдан ҳар хил ипак мато тўқийдиган усталарни ва бошқа ҳунармандларни кўчирган. Ҳирот тарихчиси Фасиҳ Ҳавофийнинг (1375–1442) ёзишича, Амир Темурнинг Хоразмга қилган сўнгги ҳарбий сафарида юрт оқсоқоллари ва номдор кишилар кўчирилган. Улар асосан, Самарқандга ва Зарафшон воҳасига жойлаштирилган. Кўчирилганлар кейинчалик, Мовароуннаҳрнинг маҳаллий аҳолисига аралашиб кетган бўлса-да, уларнинг баъзилари этник номини кейинги асрларда ҳам сақлаб қолган.
Бу даврнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, Амир Темур мўғуллар даврида Мовароуннаҳрдан кўчирилган халқларнинг авлодларининг маълум қисмини қайтариб келган. Хусусан, мўғуллар даврида Хитойнинг турли ҳудудларига жойлаштирилган ўрта осиёликларнинг бир қисми ўлкаларига қайтган. Шу тариқа 1200 дан ортиқ са-му-женлар Хитойдан Самарқандга келтирилган. Х.Алан Темурийлар даври тарихига оид манбаларига асосланиб, қайтарилганлар юз минг атрофида бўлган, дейди. Аммо қайси манбаларга асослангани ҳақида тўхталмайди.
Амир Темур ва Темурийлар даврида ҳам Мовароуннаҳрдан турли истилолар туфайли маҳаллий аҳоли вакиллари бошқа ўлкаларга асир сифатида олиб кетилган. Жумладан, Олтин Ўрда хони Тўхтамишхон истилолари ҳам минтақа халқларининг қисман камайишига сабаб бўлди. Хусусан, у Табризнинг юз мингга яқин аҳолисини қатл этиб, икки юз мингга яқин озарбойжонликни асир олган. Шунингдек, у Амир Темурнинг Эрондалигидан фойдаланиб, Кеш ва Нахшабга ҳужум қилиб, воҳадан кўпгина асирлар билан ортга қайтади.
Яна бир мўғул хони Увайсхоннинг ўғли Эсон Буға (Юнусхоннинг акаси) ҳам Андижонни қўлга киритгач, аҳолисини асир қилиб, маълум қисмини Қошғарга элтади. ХVI аср тарихчиси Муҳаммад Ҳайдар дуғлотнинг “Тарихи Рашидий” асарига кўра, булар бироздан сўнг мўғуллашиб кетганлар.
Кўчиришнинг кейинги тўлқинлари ХV аср охири ХVI аср бошларига тўғри келади. Шайбонийхон (1451–1510) юришлари даврида ҳам маҳаллий аҳоли ҳамда ярим кўчманчи этнослар Мовароуннаҳрнинг Самарқанд, Ҳисор, Қундуз ва бошқа ҳудудларидан чиқиб қўшни вилоятларга, хусусан, Қобулга [12:116] жойлашган. Мирзо Бобур (1483–1530) билан бирга кўплаб туркий ва турклашган этнослар Қобул ва Ҳиндистон ҳудудларига бориб ўрнашади. Уларнинг кейинги авлодлари мазкур ҳудудларда истиқомат қилишди. Жумладан, 1881 йилги халқ сайимида биргина Деҳли ёнида ва Равал Пандеда 23 593 киши чиғатой (туркий этнос – У.С.), 12 137 барлос деб қайд этилгани ҳам сўзимизни исботлайди.
Бу даврда шунингдек, минтақа доирасида ҳам “кўчириш сиёсати” амалга оширилди, яъни Мовароуннаҳр шаҳар ва қишлоқларининг маълум аҳолиси бир шаҳардан иккинчисига ўтказилди. Хусусан, 781/1379-1380 йилдаги Хоразм юришидан кейин Амир Темур шаҳар аҳолисининг аслзодаларини ва машҳур кишиларни Кешга кўчирган бўлса, 1388 йилги сўнгги жангдан кейин қалъа деворларини ер билан текислатиб, арпа эктирди (Амир Темур Хоразмни шу аҳволда ташлаб қўймади, албатта. У Дашти Қипчоқ юришидан қайтгач, Мусика қавчинни (Ханки қавчиннинг ўғли) Хоразмга юборди ва у ерда иморат қуришни буюрди) ва аҳолисини Самарқандга келтирди. Хоразмликларнинг маълум қисми кейинчалик юртига қайтган бўлса-да, қолган қисми эса кўчиб борган шаҳар ва қишлоқларда “Урганжий”, “Хоразмий” каби жой номларини ташкил этиб, турғун яшаб қолдилар.
Мовароуннаҳр халқларининг “кўчириш сиёсати” икки буюк сулола (Чингизийлар ва Темурийлар) даврида ҳам давом этди. Чингизийлар минтақадан юз минглаб аҳолини асир сифатида олиб чиқиб, қўшни минтақаларга жойлаштиришди. Бу жараён сўнгги Чиғатойзодалар давригача, шунингдек, Амир Темур ва Темурийлар замонида ҳам амалга оширилди. Мўғуллар ўлкадан маҳаллий этносларни олиб чиқиши ва ўзаро урушлардаги қирғинлар натижасида Мовароуннаҳр аҳолиси қисман камайди. Чингизийлар камайиб кетган ерли халқ таркибини Онон, Керулен ва Ила водийси бўйларидан келтирилган турк-мўғул этнослари ҳисобига тўлдиришди.
Амир Темур ва Темурийлар даврида Мовароуннаҳрга Олд Осиёнинг турли мамлакатларидан асосан олиму фозиллар ва ҳунармандлар кўчириб келтирилди. Улар Самарқанд ва Зарафшон бўйларига жойлаштирилди. Кўчириб келтирилганлар орасидаги илм вакилларига пойтахт ва унга қўшни шаҳарларда фаолиятини давом эттириши учун барча имкониятлар яратилди. Темурийлар олиму фозилларга ҳомийлик қилдилар. Кўчириб келтирилганлар қўли билан Мовароуннаҳрда ўнлаб меъморий иншоотлар бунёд этишди.
Шунингдек, Амир Темурнинг хатти-ҳаракатлари натижасида бу даврда Чингизийлар томонидан асир олиниб, бошқа ўлкаларга жойлаштирилган этносларнинг авлодлари Мовароуннаҳрга қайтарилади. Натижада қўшни ўлкалардан кўчирилганларнинг тарихий макони билан боғлиқ янги жой номлари (жумладан, Боғдод, Дамашқ ва бошқалар) пайдо бўла бошлади.
Севинч УЛАШОВА,
тарих фанлари доктори, доцент
Фойдаланилган манбалар ва адабиётлар
1. Alan H. Bozkırdan Cennet Bahçesine Timurlular (1360-1506). – İstanbul, 2007.
2. Barfield T. The Perilous Frontier. – Oxford, 1989.
3. Barthold V.V. Turkestan down to the Mongol Invasion. – London, 1928.
4. Bretschneider E. Mediavel Researches From Eastern Asiatic Sourcces. I. – London, 1967.
5. Ch’en Y. Western and Central Asians in China under the Mongols/ trans. L.C.Goodrich. – Los Angeles, 1966.
6. Dardess J.W. Conquerors and Confucians. Aspects of Politcal Change in Late Yüan China. – New York, 1973.
7. Haenisch E. Steuergerichtsame der chimesischen Kloster unter der Mongolenherrschaft // ZDMG. XCV. – Р. 317-319;
8. Peter B. Golden. Türk halklari tarihine giriş/ çev. O.Karatay. Ankara, 2002.
9. Puncab Census. Vol. I. – Calcutta, 1881.
10. Togan Z.V. Hwarezmische Sätze in einem arabischen Fiqhwerke // Islamica. III. – Leipzig, 1927. – S. 190-213.
11. Togan Z.V. Umumi Türk Tarihine Giriş. С. 1. En Eski devirlerden 16 asra kadar. – İstanbul, 1981.
12. Тоган З.В. Умуми Тüрк Тариҳине Гириş. С. 1. Эн Эски девирлерден 16 асра кадар. – İстанбул, 1981.
13. Улашова С.У. Шарқ манбаларида Чиғатой улуси ҳукмдорлари. Монография. – Т.: Алфраганус университети, 2025. – 314 б.
14. Бобур. Бобурнома. – Т.: Ўзбекистон, 2008.
15. Грумм-Грижимайло Г.Е. Описание путешествия в Западный Китай. Т. ИИ. – СПб., 1899.
16. Клавихо Руи Гонсалес де. Дневник путешествия в Самарканде к двору Тимура (1403-1406 гг.) / Подлинный текст с переводом и примечаниями, составленными под редакцией И.И.Срезнаевского. – СПб., 1881.
17. Мирзо Муҳаммад Ҳайдар. Тарихи Рашидий. – Т., 2010.
18. Муиниддин Натанзий. Мунтахаб ут-таворихи Муиний /Форс тилидан таржима, сўз боши ва изоҳлар муаллифи: Ғ.Каримий. – Т.: Ўзбекистон, 2011.
19. Низомиддин Шомий. Зафарнома / Форс тилидан ўгирувчи Ю. Ҳакимжонов. Таржимани қайта ишлаб нашрга тайёрловчи ва масъул муҳаррир А.Ўринбоев. – Т., 1996.
20. Равшанов П. Қашқадарё тарихи. – Т., 1995.
21. Рашидиддин. Жомеъ ат-таворих / Топкапи саройидаги (Туркия) қўлёзма. № 1518.
22. Сафаров Г. Очерки по истории Китая. – М., 1933.
23. Тизенгаузен В.Г. Сборник материалов относящихся к истории Золотой орды. Т. ИИ. – М.-Л.: Наука, 1941.
24. Улашова С.У. ХIII-ХV асрлар манбаларида Мовароуннаҳрдаги этник жараёнлар. Монография. – Т.: Фирдавс-шоҳ, 2023. – 206 б.
25. Фасих Хавафи. Муджмал-и Фасихи / Перевод, предисловие, примечания и указатели Д.Ю. Юсуповой. – Т.: Фан, 1980.
26. Шарафуддин Али Яздий. Зафарнома / Сўз боши, изоҳ ва кўрсаткичлар муаллифлари: Ашраф Аҳмад, Ҳ.Бобобеков. – Т.: Шарқ, 1997.
Таълим-тарбия
Тарих
Тарих
Дин
Ватандош
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ