Театр санъати узоқ тарихга эга. Хусусан, Туркистонда XVI–XVIII асрлардаёқ халқ театрлари майдонга келган бўлса-да, профессионал театрнинг вужудга келиши ХIХ аср охири – ХХ аср бошларига тўғри келади. Бу ўлкада вужудга келган жадидчилик ҳаракати билан боғлиқ. Зеро, айнан жадидлар мустамлака зулми остида эзилган, мудроқ халқнинг онгига эрк ва ҳуррият ғояларини пайванд қилишда мактаб, маориф, матбуот ва бадиий адабиёт билан бир қаторда театрни ҳам жуда муҳим омил деб ҳисоблаганлар. Шунинг учун жадидлар Туркистонда Европа андозасидаги театр санъатини яратишга алоҳида эътибор бердилар.
1914 йил 27 февралда Тошкентнинг Янги шаҳардаги “Колизей” томошохонасида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш” пьесаси илк бора намойиши олдидан, яна бошқачароқ таърифланса, ўлкада миллий театр пардаси илк марта очилишидан аввал саҳнага Мунаввар қори Абдурашидхонов чиқиб, театрнинг “ибратхона” экани, унга енгил-елпи қарамаслик, актёрлар эса “бир табиби ҳозиқ мисоли” эканликларидан қисқача ваъз сўйлаб, бутун жамоани буюк маданий ҳодиса билан табрик этади. Бинобарин, шу куни ўзбек миллий театрига тамал тоши қўйилади.
Аксарият жадидлар сингари театр санъатини “улуғлар мактаби”, “ибратхона” деб билган Ҳожи Муин 1914 йилда Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмасидан таъсирланиб Нусратулла Қудратилла билан бирга “Тўй” номли 4 пардали пьесасини намойиш қилади. Бу пьеса тез орада машҳур бўлиб кетган ва ўша давр саҳнасида энг кўп қўйиладиган драмалардан бирига айланган.
Хожи Муин Шукрилло ўғли (1883–1942).
Таъкидлаш жоизки, жадид театри репертуарига назар ташлаган киши ҳар бир саҳна асарида шу даврдаги халқ ва жамият ҳаётининг фавқулодда муҳим ва долзарб масалаларига урғу қаратилганини кўради. Худди шундай, “Тўй” пьесасида ҳам фарзандини ўқитиш, билимли қилиб ўстириш ўрнига дабдабали тўй қилиб, охири хонавайрон бўлган бойнинг ачинарли тақдири саҳнага олиб чиқилган.
Ҳожи Муиннинг уйи. Самарқанд шаҳри.
1914 йил 22 декабр куни кечаси машҳур “Колизей”да (ҳозирда бу бино Ўзбекистон Касаба уюшмалари саройи бўлган) “Тўй” пьесаси асосида яратилган спектакль халқ талабига биноан иккинчи маротаба намойиш қилинган.
Театр кечасининг масъул мудири “Садойи Турукистон” газетасининг ношири ва муҳаррири Убайдулла Хўжаев, режиссёр З.Боязидский, суфлёр эса Қудратилла Юнусов бўлган.
Ушбу томошо миллий театр ва матбуот ривожига катта ҳисса қўшган тошкентлик тараққийпарвар бой, Мунаввар қорининг маслакдошларидан бири бўлган Убайдулла қори Эрғозиевнинг бевосита ҳомийлигида ташкил этилган.
Томошо учун чипталар сотишда Абдулҳаким Саримсоқов, Комилбек Норбеков, Ҳасанхўжа Ҳоний, Эшонхўжа Ҳоний, мулла Муборак Сиддиқ Муҳаммедов, Каримбек Норбеков, Абулқосим Зиёмуҳамедов, мулла Исҳоқ Инъомҳожи ўғли, Маҳмудхўжа Муҳаммадраҳимхўжа ўғли, Муҳаммадғози Юнусов ва Мирҳамид Усмонбоевлар жонбозлик кўрсатганлар.
Мазкур томошонинг тафсилотларини ўз даврининг етук тараққийпарвари, моҳир журналист Абдурауф Музаффарзода “Садойи Туркистон” газетасининг 1915 йил 2 январда чиққан 54-сонидаги “Миллий кечамиз” сарлавҳали мақоласида баён қилади.
Абдурауф Музаффарзода асли Татаристонда Сенгилевская уезди, Старо-Тимошенко қишлоғида 1889 йилда туғилган. Тақдир тақозосига кўра 1914 йилнинг бошларида Туркистонга келиб, шу ерларда паноҳ топган. У “Садойи Туркистон” газетаси таҳририятига ишга келган пайтда эндигина 25 баҳорни қаршилаган навқирон йигит эди.
Спектакль намойишида иштирок этган муаллифнинг ёзишича, кечага томошабин кўп келган, татар, қозоқлар ҳам бўлган. Бу сафар фожеа, яъни драма янада таъсирли ва табиийроқ ўйналган.
Асосан Тошкент ёшларидан иборат актёрлар жамоаси фожеа қаҳрамонлари образига бутун вужудлари билан кирганлар. Уларнинг сафида Абдулла Авлоний, Бадриддин Аъламов, Муллашоҳ Раҳимшоҳ Иноятов (хотин роли), Мусажон Миразимовлар бўлган. Музаффарзода уларнинг ижросини қуйидагича таърифлайди: “Бу афандиларнинг ҳаракатларини, юриш ва турушларини нақадар танқид кўзи ила қарасам ҳам табиий ҳаракатка эътироз бератургон ўринлари йўқ даражада оз чиқди. Биноан алайҳ бу афандиларни ман труппанинг қаҳрамон аъзолари, миллатнинг энг муқтадар (иқтидорли) актёрлари деб танийман. Ҳозирда труппада бу афандиларга айрича аҳамият берилса керак”.
Абдусамиъ қори Зиёев Маҳмуд ролин ўйнади. Тиётр кунида оёқлари ила алам тортдиғи учун (яъни оёғи оғриб турган бўлган) анинг роли танқиддан маъофдур (авф этиларлик). Кичикроқ ролларни ўйновчилардан Бадалхўжа Саййидхўжаев, Ҳасанхўжа Ҳоний, Турсунтош Муҳаммедоф афандилардир. Бу роллар кичик бўлсалар ҳам ўйновчиларнинг кутулгандан зиёда маҳорат кўрсатишлари ила аҳамият касб этадурлар.
Булардан бошқа баъзи кичик ролларини Эшонхўжа Ҳоний, Сиддиқ Авлоний, Башарулла Хўжаев, Муҳаммадхон Пошшахўжаев, Миржалил Каримов ва бошқа афандилар ўйнадилар. Булар албатта яхши чиқдилар. Хизматчи ролини Қудратуллоҳ қори Исматуллаев афанди ўйнади. Бу рол кўб бўлса ҳам енгилдир. Шунинг учун жуда яхши чиқди.
... Артистларни ҳаммасини миллий ҳамиятлари ва саҳнада кўрсатгон муваффақият ва маҳоратлари ила қувват-қувват табрик этуб келар кунларда миллатнинг энг муқтадир актёрлари ва энг кучли тиётр труппаси бўлишларин хоҳлайман. Ва идоранинг моддий ва маънавий тараққийсига хизмат қилишлари учун самимий ташаккурларимни арз этаман. Яшангиз афандилар! Доимо масъуд (саодатли) ва бахтиёр ўлароқ яшангиз!”.
Ҳаваскор театр актёрлари жамоаси (1915).
Спектаклдан кейин Абдураҳмон Акбаров томонидан ифодали қилиб шеърлар ўқилган. Кейин турли миллий шеърлар хор бўлиб куйланган. Авлонийнинг тўй, кўкнори ва қиморбозлар ҳақидаги шеърлари томошабинларга кучли таъсир қилган. Хорни Абдусамиъ қори идора қилган.
Халқ ушбу “Миллий кеча”дан жуда мамнун бўлган, кўтаринки кайфиятда тарқалганлар.
Бундан 100 йилдан ошиқ давр илгари яратилган асарларда жўнлик, ибтидоийлик унсурлари бўлиши табиий. Аммо ХХ аср бошларида ёзилган аксар саҳна асарларида жамият ҳукмига ҳавола этилган оғриқли муаммолар бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган.
Афсуски, 1917 йилдан кейин жадидлар большевиклар томонидан сиқувга олиниб, жадид театрига шўро даври ғоялари ва қаҳрамонларини олиб киришга мажбур этилган. Душманлар бу билангина кифояланиб қолмай, 1929-1930-йилларда уларни “миллатчилар” ва “аксилинқилобчилар” деган айблар билан қатағон қила бошладилар. Шундай қилиб, ўзбек театрининг “жадидлар даври”га нуқта қўйилди.
Ҳозирги ўзбек театри ана шу жадид театрининг мустаҳкам пойдевори устига қурилгани шубҳасиздир.
Мурод ЗИКРУЛЛАЕВ,
Қатағон қурбонлари хотираси давлат
музейи директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари
Адабиёт
Фалсафа
Тарих
Тарих
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ