Туркистон ва Онадўли ўртасидаги маънавий-маданий алоқалар тарихи асрларга туташган бўлиб, бу ришталарнинг энг ёрқин ва унутилмас сиймоларидан бири шубҳасиз Саййид Шамсиддин Муҳаммад ал-Бухорийдир. Ислом оламида “Амир Султон” номи билан шуҳрат қозонган бу улуғ зот нафақат Бухорои шарифнинг илмий муҳитида камол топган забардаст олим, балки Усмонли империясининг энг шонли даврларида султонларга йўлбошчилик қилган маънавий раҳнамо ҳамдир.
Унинг ҳаёт йўли Бухородан бошланиб, Мадинаи Мунаввара орқали Бурсага туташгани рамзий маънога эга. Амир Султон нафақат Султон Йилдирим Боязиднинг куёви ва маслакдоши, Усмонли хонадони вакилларининг маънавий пири бўлган тариқат пешвосидир. Унинг Онадўли тупроғига нақшбандия тасаввуф мактабининг нафасини олиб кириши ўша даврдаги сиёсий ва ижтимоий ҳаётда туб ўзгаришларга олиб келди.
Шайх Шамсуддин Муҳаммад ибн Али Ҳусайний тахминан 1369 йилда таваллуд топган. Бухорода туғилганлиги учун “Муҳаммад Бухорий”, Йилдирим Боязиднинг куёви бўлганлиги учун “Амир Султон” ҳамда саййидлар авлодидан бўлганлиги сабаб “Амир Бухорий” номлари билан машҳур бўлган. Отасининг исми Али Ҳусайн. Шайх Шамсуддин Муҳаммад Бухорий 1390 йилда Бурсага кўчиб келади ва Йилдирим Боязиднинг қизи Ҳунди Хотун билан турмуш қуради.
Шайх Шамсуддин Муҳаммад Бухорий ёшлик чоғида улуғ машойихлар хизматида бўлган. Сўнг Рум (Анадолу) ўлкасига келиб, Бурса шаҳрида қўним топган. Шайх Садриддин Қонавий ҳазратларининг “Мифтоҳ ул-ғайб” (Ғайб калити) номли китоби орқали тасаввуф илмини Мавлоно Фанорийдан ўрганган.
Усмонли манбаларида келтирилишича, Йилдирим Боязидхон қизи ўзининг хос боғи тарафига кетаётиб, арава пардасининг орасидан у кишини кўриб қолади. Бу пайт Шайх Шамсуддин Муҳаммад Бухорий Бурсага илк келган кезлари бўлиб, ҳозирда дафн этилган жойи ўрнига чодирларини қураётган палла эди. Шунда қиз ўз энагасига қуйидагича хитоб қилади: “Тушимда Фахри Олам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мени ушбу зотга никоҳладилар ва “Сенинг дунё ва охиратдаги жуфтинг будур”, деб буюрдилар”, дея кўрсатди.
Маликанинг кўнглида шайхга нисбатан бир туйғу ғолиб келиб, боғга боришдан кўра саройга қайтишни афзал кўради. Отаси Султон Боязид Валахия томонларда юришда бўлгани сабаб, у қайтиб келгунча сабр қилолмай, эртаси куни вакилини шайх ҳузурига юборади. Шундан сўнг ҳидоят шиорли шайх билан шариат қоидаларига кўра никоҳландилар. Шайх Шамсуддин Муҳаммад Бухорий ҳам табассум қилиб, худди ушбу воқеа қиссаси ўзига ҳам аён бўлганини сўзлайди. Илоҳий йўл билан маълум бўлган ушбу сирни ўз муридларига ҳам билдиради.
Шайх Шамсуддин Муҳаммад Бухорий насабининг улуғлиги ҳақида ҳикоя машҳур бўлиб, мўътабар китобларнинг бирида шундай битилган:
Шайх Шамсуддин Муҳаммад Бухорий ҳаж қилган йилларида Ҳазрат Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Равзаи Мутаҳҳараларига (покиза қабрларига) боради. “Сурра” (юборилган эҳсонлар) ва садақаларни тақсимлаш вақтида Мадина саййидлари билан бирга ҳозир бўладилар. Лекин улар (Мадина саййидлари) улуғ шайхнинг оддий дарвешона хирқасига боқиб, гўё унинг насаби тўғрилигига шубҳа қилгандек бўлдилар ва тенглик юзасидан эҳсондан баҳраманд бўлишига рози бўлмайдилар.
Шунда Шайх Шамсуддин Муҳаммад Бухорий бу туҳматдан ор қилиб: “Эҳсонни олсак, баробар оламиз. Агар шубҳангиз бўлса, сизлар билан бирга Равзаи Мутаҳҳарага бориб салом берайлик. Қайси биримизнинг саломимизга жавоб қайтарсалар, ўшанинг насаби собит бўлур. Акс ҳолда даъвонгиз шунчаки такаббурлик бўлиб қолур”, деди-да, иттифоқ бўлиб саййидлар билан бирга Набавий алайҳиссаломнинг мунаввар қабрларига борадилар. У ерда йиғилган барча саййидлар бир-бир бандалик арзи билан салом бердилар. Аммо Ҳазрат Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) улардан ҳеч бирининг саломига жавоб бермадилар. Шайх Шамсуддин Муҳаммад Бухорий салом бериб, яъни “Ассалому алайкум я жадди” (Ассалому алайкум, эй бобожоним) деганлари ҳамоноқ покиза қабрдан “Ва алайкумассалом я валади” (Ва алайкум ассалом, эй фарзандим) деган садо эшитилди. У зотнинг шон-шарафи улуғлигини билиб, Макка ва Мадина саййидлари таъзим ва эҳтиром кўрсатишга киришдилар.
Шайх Шамсуддин Муҳаммад Бухорийнинг ҳаётида рўй берган воқеалардан бири Усмонли султони Йилдирим Боязиднинг ҳидоят йўлига қайтиш воқеасидир. Мунжимбоши Аҳмад ибн Лутфуллоҳнинг “Жомеъ ад-дувал” асарида ёзилишича, Султон Боязид 1396 йил Никопол шаҳри яқинида Венгер қироли Сигизмунд бошчилигидаги француз, итальян, инглиз, испан, чех ва бошқалардан иборат бўлган салибчилар устидан улкан ғалабага эришади. Бу ғалабадан кейин Султон Боязид Бурсада катта жоме масжиди қуришни буюради. Ҳали қурилиши якунланмаган жомеъни кўздан кечиргани борганида, ёнида куёви Шамсиддин Муҳаммад Бухорий ҳам бор эди. Султон шайхдан: “Ушбу бино сизнинг табиатингизга мувофиқ ва маъқул келдими?” деб сўрайди. Шунда Шайх Шамсуддин Муҳаммад Бухорий: “Бино ниҳоятда гўзал ва мустаҳкамдир, бироқ унинг ҳар тўрт тарафида биттадан майхона қурилса, комил бўлар эди”, деб жавоб берди.
Султоннинг ранги ўзгариб: “Бу Аллоҳнинг уйи-ку! Қандай қилиб унинг ёнида шароб ва фисқу фужур маскани бўлиши мумкин?” дейди. Шунда шайх дедилар: “Эй Султон! Ҳақиқат шуки, Аллоҳнинг уйи мўминнинг қалбидир, уни турли гуноҳлар ва шароб ичиш билан ифлослантирмадингизми?”. Шайхнинг ушбу танбеҳона жавобидан сўнг султон ғафлат уйқусидан уйғониб, ўша заҳоти тавба ва инобат қилди. Шундан сўнг Султон Боязид шароб ичишни ва кўнгилочар мажлисларга боришни тўхтатиб, гуноҳ ишлардан тийилди.
Шайх Шамсуддин Муҳаммад Бухорийнинг хайрли ишларидан яна бири Султон Боязид ҳузурига келган Амир Темур элчиларининг ҳаётини сақлаб қолганидир. Амир Темур ва Султон Боязид ўртасидаги элчилик алоқаларидан бирида Соҳибқирон Султон Боязидга қуйидаги мазмунда мактуб юборади: “Туркман Қора Юсуф ҳожилар йўлида чексиз бузғунчиликлар қилгани учун, уни қўлга олиб, муносиб жазо бериш қатъий қарор қилинган эди. Мазкур Қора Юсуф ва собиқ Бағдод ҳокими Аҳмад Жалойир бир муддат Миср султонига паноҳ излаб бордилар. Энди эса иттифоқ бўлиб, сизнинг ҳузурингизга содиқлик тушунчаси билан кетдилар. Рум вилоятини фатҳ қилишни кечиктириб, сизга ихтиёр берамиз-ки: ё мазкур Қора Юсуф ва Аҳмад Жалойирнинг каллаларини олиб, одамларимизга топширасиз, ёки иккисини ҳам кишанлаб, маҳбус ҳолда юборасиз. Агар “Улар бизга паноҳ сўраб келганлар, султонларнинг олийжаноб одатларига кўра уларни ҳимоя қилиш бизга лозимдир” деб жавоб қайтарсангиз, у ҳолда уларни ўз тасарруфингиздаги Рум мулкидан қувиб чиқаринг. Токи бизнинг талабимизга ёрдам бериб, шиддатли қўшинларимизнинг фитна ва фасод йўлига киришининг олдини олган бўласиз.
Шунингдек, Арзинжон ҳокимининг ўз меросий мулкини тортиб олиб, қалъасини забт этибсиз. Бу томонга самимият билан унинг калитини юборинг. Токи “Мулкни Ўзимиз хоҳлаган кишига берамиз” хитобига дучор бўлмагайсиз. Мабодо, қаҳрли аскарларимиз уруш ўтини ёқса, ногаҳоний чақмоқ каби офат обод мамлакатларингизга етса, кекса-ю ёш “Биз Аллоҳникимиз ва Унга қайтгувчимиз” дейиш билан овора бўлиб, ўзингизда хотиржамлик тополмай қоласиз. Ва Арзинжон волийси ҳам ўзининг покиза табиати билан давлатимиз кунларида ўз меросий мулкига эга бўлиб, мадҳ-у сано йўлидан юрсин. Акс ҳолда, у томонга азиматимиз муқаррар ва у ерларни фатҳ этиб, ғорат қилишга ҳаракатимиз такрорий бўлишини билинг”.
Мана шундай мазмундаги мактублар билан икки марта элчилар келиб, Амир Темурнинг истакларини Султон Боязидга етказдилар. Бу каби мактублар Султоннинг жаҳл отига минишига сабаб бўлади. Ҳатто, элчиларни қатл қилиш ҳақида фармон бериш даражасига етди. Аммо Саййид Шамсуддин Муҳаммад Бухорий, Саййид Муҳаммад Фанорий ва бошқа нуфузли вазирлар ҳамда амирлар иттифоқ бўлиб, элчиларни ўлимдан қутқариб қолдилар ва “Ҳукмдорлар одатига кирмаган бундай ишнинг, яъни элчиларни ўлдиришнинг хотимаси хайрли бўлмайди” дея султоннинг қатл ҳукмига монелик қилдилар.
Манбаларда Шайх Шамсуддин Бухорий Амир Темур элчилари ҳаётини сақлаб қолгани каби Амир Темур қўшини Бурсага етиб келганида бу халқни талон-тарож ва қатлдан қутқариб қолганлиги баён қилинади. Бурса халқи Амир Темур қўшинидан қўрқиб, Шайх Шамсуддин Бухорий ҳузурига одам юбориб, Амир Темурдан омонлик тилашни илтимос қилади. Шайх Шамсуддин Бухорий бир муридини Соҳибқирон ҳузурига юбориб, Бурса халқига омонлик сўрайди. Амир Темур ҳам шайх ҳазратларининг муборак хотири учун Бурса халқига омонлик беради.
Шайх Шамсуддин Бухорий 1429 йилда вафот этади. Қабри ва мақбараси Бурсадаги Амир Султон жомеъси яқинида жойлашган. Онадўли дарвишларининг улуғ пири бўлган шайх вафотидан кейин унинг мақбараси асрлар давомида дарвишларнинг асосий зиёрат масканларидан бирига айланади. Шайх Шамсуддин Бухорий ҳаётлик чоғларида ҳам тўрт томондан минглаб дарвишлар келиб, илм истаб унинг даргоҳида хизматда бўлган.
Шайх Шамсуддин Бухорий вафотидан кейин бир мўжизавий воқеа содир бўлади. Шайх Бобо Юсуф ҳаж ибодати учун Мадинаи Мунавварага бориб, Пайғамбар алайҳиссалом қабрларини зиёрат қилган вақт Равзаи Мутаҳҳаранинг ташқарисида бир ҳасса турар, уни хизматчилар доим муҳофаза қилар эдилар. Тасодифан, Оламлар Фахри (Муҳаммад с.а.в.) тушларида ёки маънавий ҳолатда ўша ҳассани Шайх Бобо Юсуфга бердилар ва шундай буюрдилар: “Ушбу ҳассани олиб, уни уч бўлакка бўлгин. Бир бўлагини Бурсадаги Саййид Муҳаммад Бухорий (Амир Султон) мозорига, бирини Анқарадаги Шайх Ҳожи Байрам Валийнинг нурафшон марқадига (қабрига), учинчи бўлагини эса фалон улуғ шайхнинг латиф қабрига олиб бориб қўйгайсан”.
Хулоса қилиб айтганда, Амир Султон Шамсиддин Бухорийнинг ҳаёти ва фаолияти Туркистон ҳамда Онадўли ўртасидаги маънавий бирликнинг энг юксак чўққисидир. У шунчаки султоннинг маслаҳатгўйи ёки куёви бўлиб қолмай, балки Туркистоннинг илмий салоҳияти ва тасаввуфий мактабини Усмонли давлатида кенг ёйган авлиёлардан. Унинг шарофати билан турк султонларининг маънавий камолоти юксалди, кўплаб мусулмонларнинг жон-у моли сақлаб қолинди. Бугунги кунда ҳам Бурса шаҳридаги Амир Султон мажмуаси зиёратчилар билан гавжумлиги, у зот қолдирган мероснинг асрлар оша ўз қадрини йўқотмаганидан далолат. Бу улуғ зотнинг меросини ўрганиш, нафақат тарихимизни бойитади, балки қардош халқлар ўртасидаги муштарак илдизларни англашда ҳам муҳим маёқ бўлиб хизмат қилади.
Абдуллажон УСМОНОВ,
ЎзР ФА Тарих институти таянч докторанти
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Ватандош
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ